ONLINE TRANSLATE
Hujjat pasporti
Республикада криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш соҳасида самарали рақамли назорат, таҳлил ва прогнозлаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 06.11.2026 йилдаги ПФ-241-сон

Фармонга кўра, қуйидагиларни назарда тутувчи Ягона криминоген маълумотлар платформаси (Платформа) ишлаб чиқилади ва ишга туширилади:
 
жиноятларнинг объектив ва субъектив сабаблари, масъул идоралар, мансабдор шахслар ҳамда бартараф этиш чораларининг электрон реестрини юритиш, кўрилган чоралар натижаларини инсон омилисиз ойлик, ярим йиллик ва йиллик назорат қилиш;
 
ҳудудлар, маҳаллалар ва жиноят турлари кесимида жиноятчилик динамикасини ярим йиллик ва йиллик прогноз қилиш ҳамда унинг натижалари асосида криминоген вазияти оғир ҳудудларга вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган чораларни назарда тутувчи хабарномалар юбориш ва бошқалар.
 
2027 йил якунига қадар Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида Платформа синов тариқасида ишга туширилиб, 2028 йилдан бошлаб уни республиканинг барча ҳудудларига босқичма-босқич жорий этиш чоралари кўрилади.
 
Ҳар йили қуйидагилар ташкил этилади:
 
аҳоли ўртасида миллий виктимологик сўров;
 
аҳолининг хавфсизлик ҳисси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ишончи бўйича ижтимоий сўров;
 
ёшлар, вояга етмаганлар, аёллар, муқаддам судланган ва пробация ҳисобидаги шахслар, “қизил” тоифадаги маҳаллалар ҳамда бошқа масалалар бўйича манзилли криминологик тадқиқотлар.