Қарорга кўра, 2026 йил 1 октябрдан бошлаб электротехника саноати корхоналари учун:
айланма маблағлар билан таъминлашга тижорат банклари орқали қуйидаги шартларда кредитлар ажратилади:
“Савдони ривожлантириш компанияси” акциядорлик жамияти (Компания) маблағлари ҳисобидан 2 йил муддатгача 3 ойлик имтиёзли давр билан йиллик 6 фоиз (шундан 2 фоиз банк маржаси) ставкада битта тадбиркор учун кўпи билан 5 млн АҚШ доллари миқдорида;
кредитнинг 50 фоизига, бироқ 20 миллиард сўм эквивалентидан ошмаган миқдорда “Бизнесни кафолатлаш миллий компанияси” АЖ ҳисобидан кафиллик, қолган қисмига – корхона томонидан ликвидли мол-мулк, суғурта полиси, экспорт шартномаси (келгусидаги пул тушумларига талаб ҳуқуқи асосида) ва/ёки бошқа турдаги таъминот тақдим этилади;
биржа савдолари орқали мис хомашёсини харид қилишда ҳисоб-китоб қилишнинг қуйидаги тартиби жорий қилинади:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 октябрдаги ПҚ–304-сон қарорининг 6-бандига мувофиқ ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилмаган қисми ҳисобидан Компания томонидан “Ўзсаноатэкспорт” АЖга тўғридан-тўғри 40 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилади;
биржа савдоларида мис хомашёсини харид қилишда 25 фоиз тўлов корхона томонидан, қолган 75 фоиз тўлов “Ўзсаноатэкспорт” АЖ томонидан 3 кун ичида амалга оширилади. Бунда битта тадбиркорлик субъектининг “Ўзсаноатэкспорт” АЖ олдидаги қарздорлиги 3 млн АҚШ долларидан ортиқ бўлишига йўл қўйилмайди;
корхоналар томонидан “Ўзсаноатэкспорт” АЖ олдидаги мажбуриятини таъминлаш учун суғурта полиси тақдим этилади;
“Ўзсаноатэкспорт” АЖ томонидан амалга оширилган 75 фоиз миқдоридаги тўлов корхоналар томонидан 90 кун ичида қайтарилади. Бунда кечиктириб тўлаш имконияти берилган ҳар бир кун учун йиллик 6 фоиз ставкада фоиз ҳисобланади.
Қарорга кўра, 2026–2028 йилларда электротехника саноатида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларига тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлар бўйича “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ томонидан Кредит фоиз харажатларини компенсация қилиш жамғармаси ҳисобидан, кредит миқдоридан қатъи назар, унинг 20 млрд сўм эквивалентидан ошмаган қисми бўйича:
барқарорлик рейтинги ва ҳудуд тоифасидан қатъи назар, барча тоифадаги тадбиркорлик субъектларига 3 йил муддатга қуйидаги миқдорларда компенсация тақдим этилади:
фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг икки бараваридан ортиқ бўлмаган миллий валютадаги кредитларнинг асосий ставкадан 4 фоиз пункт юқори қисми, бироқ 10 фоиз пунктдан ошмаган миқдорда;
хорижий валютадаги кредитлар фоиз ставкасининг 6 фоиздан юқори қисми, бироқ 5 фоиз пунктдан ошмаган миқдорда;
компенсация “2+1” тамойили асосида дастлабки икки йилга тақдим этилади, маҳсулот (хизмат)ларни реализация қилишдан тушган йиллик тушум аввалги йилнинг мос даврига нисбатан 15 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда ошган тақдирда, компенсация учинчи йилда ҳам тўлаб берилади.
Электротехника, электроника ва робототехника соҳаларида сўнгги 3 йилда “Forbes Global 2000” халқаро рейтинги ва халқаро етказиб бериш занжирларига кирган ҳамда киритадиган инвестиция ҳажми камида 50 млн АҚШ доллари бўлган таянч инвесторларни (Anchor Investor) жалб этиш мақсадида:
инвестиция шартномасида қўшилган қийматни 3 йилда 40 фоиздан ошириш ҳамда йиллик фойданинг камида 3 фоизини илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига йўналтириш мажбурияти назарда тутилади;
республикада халқаро тажрибага мувофиқ ташкил этилган махсус иқтисодий зоналардан бинолар “тайёр ҳолда топшириш” модели бўйича (электр тармоғи, газ, сув, тозалаш иншоотлари, темир йўл коммуникациялари билан таъминланган ҳолда) ажратилади;
инвесторларга ер солиғи, мол-мулк солиғи, фойда солиғини тўлашдан 10 йил муддатга озод этиш тарзидаги имтиёзлар тақдим этилади.