Фармонга кўра, 2027 йил 1 июлдан босқичма-босқич тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш орқали касбий фаолият билан шуғулланиш тизими жорий этилади. Бунда:
давлат рўйхатидан ўтказиш тиббиёт ва фармацевтика фаолияти амалга ошириладиган ихтисосликлар номенклатурасига киритилган мутахассисликларга нисбатан татбиқ этилади;
ушбу номенклатура асосида махсус имтиҳон билан ёки махсус имтиҳонсиз давлат рўйхатидан ўтказиладиган мутахассисликлар рўйхати тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг беморга тиббий таъсир кўрсатиш даражасидан келиб чиққан ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.
Давлат рўйхатидан ўтказиш ва касбий фаолият юритишни мониторинг қилиш ҳамда маълумотлардан эркин фойдаланиш имконини берувчи Тиббиёт ва фармацевтика соҳаси мутахассисларининг ягона электрон реестри юритилади.
2030 йилга қадар тиббиёт ва фармацевтика ходимлари мутахассислиги бўйича ихтиёрий тартибда махсус имтиҳон натижаларига кўра ёки малака тоифаларини бериш жараёнида автоматик равишда 5 йил муддатга давлат рўйхатидан ўтказилади.
Фармонга кўра, 2030 йилдан:
тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи фақат давлат рўйхатидан ўтказилган шахсларга 5 йил муддатга берилади;
тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг давлат рўйхатидан ўтмасдан касбий фаолият юритиши тақиқланади;
тиббиёт ва фармацевтика ходимларига малака тоифаси бериш амалиёти бекор қилинади;
2030 йилга қадар берилган малака тоифалари уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар амал қилади ҳамда устамалар ва лавозимга оид ҳуқуқлар тегишли муддат давомида сақланади;
махсус имтиҳон асосида давлат рўйхатидан ўтказиладиган амалдаги тиббиёт ва фармацевтика ходимлари имтиҳондан ўта олмаган тақдирда, 1 йил давомида имтиҳондан қайта ўтиш шарти билан вақтинча давлат рўйхатидан ўтказилади ҳамда шу давр мобайнида иш фаолиятини давом эттиради;
давлат рўйхатидан ўтгандан сўнг ўз мутахассислиги бўйича 3 йил ёки ундан ортиқ узлуксиз ишламаган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг касбий фаолият билан шуғулланишига ихтисослашув курсларини муваффақиятли тамомлагандан ҳамда ўз мутахассислиги бўйича қайта давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг рухсат берилади;
давлат рўйхатидан ўтказилаётган мутахассислиги бўйича камида 20 йил иш стажи ва илмий даражага эга тиббиёт ва фармацевтика ходимлари махсус имтиҳонсиз давлат рўйхатидан ўтказилади.