ONLINE TRANSLATE
Hujjat pasporti
Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, 11.09.2026 йилдаги ЎРҚ-1174-сон

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, таълим ташкилотида вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятлар ўз зиммасига юклатилган шахс томонидан:
 
тарбия ва таълим бериш жараёнида вояга етмаган болага нисбатан жисмоний зўравонлик содир этиш, шунингдек уни камситиш ёки хўрлаш каби ҳаракатларда ифодаланган тарзда таҳқирлаш, башарти жиноят аломатлари, шунингдек белгиланган бошқа ҳуқуқбузарликлар аломатлари мавжуд бўлмаса, –
 
БҲМнинг 1 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.
 
Давлат ёки нодавлат муассасаларининг тўлиқ таъминотида бўлган вояга етмаган болага алимент тўлаши шарт бўлган отани ёки онани алимент тўлашдан озод қилишга йўл қўйилмаслиги кўзда тутилди.
 
Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола фойдасига ота-онадан ёки уларнинг биридан ундирилиши белгиланган алимент миқдорини камайтириш бўйича ишларда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари жалб этилиши белгиланди.
 
Шунингдек, педагогик фаолиятни амалга ошириш жараёнида вояга етмаганларга нисбатан жисмоний ва (ёки) руҳий зўравонликка оид ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахсларнинг 1 йил муддат давомида қуйидаги таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғулланишига йўл қўйилмаслиги белгиланди:
 
мактабгача таълим ташкилотлари;
умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари;
профессионал таълим ташкилотлари;
болалар учун қўшимча таълим ташкилотлари.