Ушбу Қонун 5 та боб ва 33 та моддадан иборат.
Қонуннинг мақсади:
Ушбу Қонуннинг мақсади манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Манфаатлар тўқнашуви – шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазият.
Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади ва давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради.
Қонунда манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишнинг асосий принциплари, давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимига алоқадор шахслар деб эътироф этилиши, ходимининг манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш чоғидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда ходимининг фаолиятида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича чекловларни назарда тутади.
Давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг фаолиятида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича чекловларга оид моддада манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш орқали шахсий наф олишга, манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги ахборотни ошкор этиш чоғида маълумотларни яширишга ёхуд била туриб ёлғон ёки нотўғри ахборот тақдим этишга ва бири бошқасига бўйсунувчи ёки бири бошқасининг назоратидаги ташкилотларда ўриндошлик бўйича ишлашга йўл қўйилмаслиги ва бошқа фаолиятлар хусусида сўз боради.
Қонуннинг 2-боби Манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни давлат томонидан тартибга солиш деб номланиб, унда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар, Давлат органлари ёки одоб-ахлоқ комиссияси, шунингдек, Махсус бўлинманинг манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари юзасидан маълумотлар берилган.
3-бобда Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборотни ошкор этишга ва манфаатлар тўқнашувини аниқлашга доир чоралар ҳақида маълумот берилиб, ушбу боб манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш, мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнома, уни тақдим этиш ва кўриб чиқиш тартибига оид нормаларни ўз ичига олади. Шунингдек, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияда қандай маълумотлар берилиши кераклиги, декларацияни тақдим этиш тартибига оид ҳуқуқий маълумотлар тақдим этилган. Ушбу бобнинг яна бир муҳим моддаси Манфаатлар тўқнашувини аниқлаш бўлиб, бу жараён бир қатор манбалардан олинган ахборот ва маълумотлар асосида амалга оширилишини кўзда тутади.
Қонуннинг 4-боби Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича кўрилган чораларни кўриб чиқиш ва текширишдан иборат бўлиб, унда манфаатлар тўқнашувига оид ҳолларга нисбатан кўриладиган чоралар, манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳужжатларнинг махфийлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатлар тўқнашуви ҳоллари тўғрисидаги мурожаатлари ва хабарларини кўриб чиқиш ва ахборотнинг ҳисобини юритиш каби масалаларга урғу берилган. Агар бирор корхона ё ташкилотларда манфаатлар тўқнашувига дуч келинса, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш учун бир қатор чоралар таклиф қилинган. Бунда манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича чоралар давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг розилиги билан кўрилиши керак.