ONLINE TRANSLATE
Hujjat pasporti
Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш орқали уларнинг аҳоли саломатлиги ва мамлакатимиз генофондига салбий таъсирини бартараф этиш стратегик чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 06.05.2024 йилдаги ПФ-73-сон

Фармонга мувофиқ:

1) Илғор хорижий тажриба, халқаро, шу жумладан БМТ экспертларининг хулоса ва тавсиялари асосида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024 – 2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегия (Миллий стратегия) тасдиқланди;

Миллий стратегия доирасида қуйидаги мақсадларга эришиш барча давлат органлари ва ташкилотларнинг устувор вазифаси сифатида белгиланди:

аҳоли, айниқса хотин-қизлар ва ёшларда «гиёҳвандликка қарши иммунитет»ни, ўқувчи ва талабалар орасида кучли таъсир қилувчи дориларни истеъмол қилишга муросасиз муносабатни шакллантириш, таълим муассасаларида психофаол моддалар тарқалишининг олдини олишга қаратилган янги таъсирчан тарғибот-ташвиқот ва тарбиявий-профилактик механизмларни жорий этиш;

аҳолига сифатли наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини янги усуллар асосида ривожлантириш, гиёҳвандлик ва заҳарвандликнинг барвақт профилактикаси, диагностикаси, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитацияси тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган манзилли чораларни амалга ошириш;

гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар ҳамда прекурсорларнинг (гиёҳвандлик воситалари) ноқонуний айланмасининг янгича, айниқса интернет тармоғидаги усулларига барҳам бериш, бу борадаги тезкор-қидирув, тергов ва эксперт-криминалистик чоралар комплексини, биринчи навбатда рақамлаштириш орқали ривожлантириш ва бошқалар;

2) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги (Агентлик) фаолиятининг асосий йўналишлари белгиланди;

3) Қуйидагилар:

Агентлик Давлат комиссиясининг мувофиқлаштирувчи органи ҳисобланиши ҳамда унинг фаолиятини ахборот-таҳлил жиҳатидан таъминлаб бориши;

Агентлик юридик шахс ҳуқуқларига эга бўлган давлат органи бўлиб, ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси олдида ҳисобдор эканлиги;

Агентлик қайта ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил марказининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланиши;

Агентлик директори ҳамда унинг ўринбосарлари мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, ижтимоий ҳимоя ва тиббий хизмат кўрсатиш тартиби бўйича тегишинча Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси ўринбосари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси шўъба мудирига тенглаштирилиши;

Агентликнинг раҳбарлари ва ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги раҳбарлари ва ходимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, ижтимоий ҳимоя ва тиббий хизмат кўрсатиш тартиби қўлланилиши белгиланди;

4) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлигининг тузилмаси тасдиқланди;

5) Агентликка қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

маҳаллий ва хорижий олимлар ҳамда юқори малакали, шу жумладан ахборот технологиялари соҳасидаги мутахассисларни шартнома асосида тадқиқотлар олиб бориш ва дастурий таъминотни амалга оширишга жалб қилиш;

тадқиқотлар олиб бориш ва кадрлар тайёрлаш бўйича халқаро ташкилотлар, жамғармалар, маҳаллий ва хорижий тадқиқот марказлари ва таълим муассасалари билан белгиланган тартибда шартномалар тузиш;

ноширлик фаолиятини амалга ошириш, ахборот-таҳлилий шарҳлар, маърузалар, илмий-таҳлилий ахборотномалар ва бошқа нашрларни чоп этиш;

Агентликка юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида тегишли давлат органлари ва ташкилотлардан зарур статистик, таҳлилий ва бошқа маълумотларни сўраш ва олиш.