7 та боб, 45 та моддадан иборат.
1) Қонуннинг мақсади:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) фаолиятини тартибга солишдан иборат.
2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили мансабдор шахс бўлиб, у давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга оширади.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз фаолияти билан бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шаклларини ва воситаларини тўлдиради. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикасининг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилигини такомиллаштиришга ва уни халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлаштиришга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашади, фуқароларнинг бола ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий маданиятини оширишга ёрдамлашади.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз ваколатларини мустақил равишда ҳамда давлат органларига ва уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга оширади ҳамда ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига ҳисобдордир.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси томонидан имзоланадиган гувоҳнома берилади. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил гувоҳномадан ўз ваколатлари муддати мобайнида фойдаланади.
3) Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, мустақиллик, адолатлилик, инсонпарварлик, камситишга йўл қўймаслик, холислик, очиқлик, бола ҳуқуқларининг устуворлигидан иборатдир.
4) Сайланиш куни йигирма беш ёшга тўлган, камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимига сайланиши мумкин.
5) Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан беш йил муддатга сайланади.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари кўриб чиқиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан киритилади.
6) Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимидан қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан муддатидан илгари озод қилиниши мумкин:
у ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш тўғрисида ариза берган тақдирда;
унинг соғлиғи ҳолати барқарор тарзда бузилган ва бу тиббиёт муассасаси томонидан берилган хулоса билан тасдиқланган тақдирда;
унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда;
у қонунга кўра Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятига номувофиқ бўлган лавозимга сайланган ёки тайинланган тақдирда;
у суднинг қонуний кучга кирган қарори асосида бедарак йўқолган деб топилган ёки вафот этган деб эълон қилинган тақдирда;
у Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотган тақдирда;
у вафот этган тақдирда.
7) Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига оид давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш;
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини бажариш стратегиясини ва бола ҳуқуқлари масалалари бўйича бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;
болалар ҳамда уларнинг қонуний вакиллари ўртасида боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликни тушунтириш;
бола ҳуқуқлари ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолияти ҳақидаги халқаро ҳамда миллий нормалар қоидаларини тарғиб қилиш ва бошқалар.