|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 26.12.1995
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ДАВЛАТ МУЛКИНИ ДАВЛАТ ТАСАРРУФИДАН ЧИҚАРИШ ВА ХУСУСИЙЛАШТИРИШДАН ТУШАДИГАН МАБЛАҒЛАРНИНГ ТУШИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ ВА УЛАРНИ ТЎЛАШ, ТАҚСИМЛАШ, ҲИСОБГА ОЛИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Mаҳкамасининг 1995 йил 26 декабрдаги 475-сон «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан тушадиган маблағларни тўлаш, тақсимлаш ва улардан фойдаланиш масалаларига оид баъзи қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Давлат мулки объектларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлардан оқилона ва самарали фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан тушадиган маблағларнинг тушишини назорат қилиш ва уларни тўлаш, тақсимлаш, ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги илова қилинаётган Вақтинчалик низом тасдиқлансин.
2. Давлат мулки объектларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар сарфланишининг қуйидаги миқдорлари белгилаб қўйилсин:
Ўзбекистон Республикаси ички қарзини қоплаш учун — 20 фоиз;
халқ хўжалиги тузилмасини қайта қуришни маблағ билан таъминлаш учун — 40 фоиз;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш эҳтиёжлари учун — 15 фоиз;
белгиланган тартибда тасдиқланган давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш дастурларида назарда тутилган бошқа мақсадлар учун — 25 фоиз, шу жумладан қимматли қоғозлар бозори инфраструктурасини яратиш, шакли ўзгартирилган корхона ва ташкилотлардан давлат мулки улуши эгасининг бошқарув вазифаларини амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун «Ўздавжамғарма»га — 0,5 фоиз.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат мулки жамғармаси давлат мулкини хусусийлаштиришдан тушадиган ва ички қарзни қоплашга йўналтирилиши лозим бўлган вақтинча бўш маблағларни банк депозитларига ўтказиш, вазирликлар, идораларга, мулкчилик шаклидан қатъи назар, вақтинча молиявий жиҳатдан қийналаётган айрим корхона ва ташкилотларга тўлаш, мулк билан таъминлаш ва қайтариш шарти билан қисқа муддатли қарзлар бериш учун фойдаланиш тажрибасини амалиётда қўлласин.
4. «Ўздавжамғарма» ҳудудий бошқармаларининг ишлашлари учун зарур шароитларни таъминлаш мақсадида:
«Ўзшартномасавдо» давлат уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда уларни анжомлар ва ускуналар билан таъминлаш масалаларини кўриб чиқсинлар ва ҳал қилсинлар;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги енгил хизмат автомашиналарини сақлаш учун лимит ажратсин, «Ўзавтотранс» давлат корпорацияси ва «Тошшаҳартранскорхона» давлат уюшмаси эса ажратилган лимит доирасида уларга хизмат кўрсатишни таъминласинлар.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 23 август,
425-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
1993 йил 23 августдаги 425-сон қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
Давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва
хусусийлаштиришдан тушадиган маблағларнинг тушишини
назорат қилиш ва уларни тўлаш, тақсимлаш, ҳисобга олиш
тартиби тўғрисида
хусусийлаштиришдан тушадиган маблағларнинг тушишини
назорат қилиш ва уларни тўлаш, тақсимлаш, ҳисобга олиш
тартиби тўғрисида
ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Вақтинчалик низом «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат мулки жамғармасини ташкил этиш тўғрисида» ги Фармонига ва Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 10 ноябрдаги 518-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат мулки жамғармаси тўғрисидаги Низомга мувофиқ ишлаб чиқилган.
2. «Ўздавжамғарма»нинг маблағлари қуйидагилар ҳисобига таркиб топади:
давлат мулки объектларини (уй-жой фондидан ташқари) давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар;
давлат корхоналари ва ташкилотларининг ижараси учун тўловлар;
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси томонидан янгидан таъсис этилаётган ҳамда ташкил этилган акционерлик жамиятларининг акцияларини сотишдан олинадиган даромадлар;
давлатга тегишли бўлган акциялар бўйича олинадиган дивидендлар.
3. «Ўздавжамғарма»нинг маблағлари:
Ўзбекистон Республикаси ички қарзини қоплашга;
республика халқ хўжалиги тузилмасини қайта қуришни маблағ билан таъминлашга;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ҳудудларни ижтимоий —иқтисодий ривожлантириш эҳтиёжларига;
белгиланган тартибда тасдиқланган давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш дастурларида назарда тутилган бошқа мақсадларга йўналтирилади.
4. Мазкур бўлимнинг 2-бандида кўрсатилган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Тошкент шаҳар бошқармасининг операция бўлимидаги «Ўздавжамғарма»нинг 000746106 МФО 172682116-сон махсус счётида тўпланади. Шундай счётлар «Ўздавжамғарма»нинг ҳудудий бошқармалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларида ҳам очилади.
5. Мазкур Вақтинчалик низомда хусусийлаштириш объектларининг сотувчилари деб Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари тушунилади.
6. Хусусийлаштирилаётган объект бўйича ҳисоб-китоб шакллари ва муддатлари давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш комиссиялари томонидан «Ўздавжамғарма» нинг вакиллари иштирокида белгиланади, Давлат мулки қўмитаси ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан тасдиқланади ва сотувчи билан харидор ўртасида тузиладиган олди-сотди шартномасида акс эттирилади.
II. Давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан тушадиган маблағларнинг тушишини назорат қилиш ва уларни тўлаш, тақсимлаш, ҳисобга олиш тартиби
1. «Ўздавжамғарма» ҳудудий бошқармаларининг махсус счётларига маблағларни ўтказиб сотувчи (юридик шахс) томонидан тўлов топшириғи орқали амалга оширилади. Жисмоний шахслар ушбу счётга маблағларни хусусийлаштириш объектларини сотиш шартлари билан белгиланган тартибда ўтказадилар.
2. Тўловчилар тўлов ҳужжатларида «Ўздавжамғарма» ҳудудий бошқармаси махсус счётининг реквизитларини, мазкур Вақтинчалик низомнинг 1-бўлими 2-бандига мувофиқ тўловнинг номи, маблағлар ўтказилишининг асоси (олди-сотди шартномаси, кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан ижара шартномасининг ёки улар ўрнини босадиган бошқа ҳужжатнинг рўйхатга олиш рақамини, хусусийлаштириш объектининг номини кўрсатишлари шарт. Тўловчининг тўлов топшириғини тўлдириш учун зарур бўлган «Ўздавжамғарма» ҳудудий бошқармаси махсус счётининг рақами ва бошқа банк реквизитлари хусусийлаштириш объектининг олди-сотди шартномасида ёки унинг ўрнини босадиган бошқа ҳужжатда келтирилади.
3. Ҳудудий бошқармалар махсус счётларининг кредит сальдоси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ижрочи аппаратларига қолдириладиган 15 фоиз чиқариб ташланган ҳолда ҳар ойнинг 25-кунида Марказий банк муассасалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Тошкент шаҳар бошқармасининг операция бўлимидаги «Ўздавжамғарма» нинг 000746106 МФО 172682116-сон махсус счётига ўтказилади.
4. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан «Ўздавжамғарма» нинг махсус счётига тушган маблағлар 1-бўлимнинг 3-бандида кўрсатилган йўналишлар ва меъёрлар бўйича қуйидаги тартибда тақсимланади:
тушган маблағларнинг 20 фоизи «Ўздавжамғарма» нинг махсус счётида тўпланади ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Марказий банк томонидан белгиланган тартибда ва муддатларда республика ички қарзини қоплашга йўналтирилади;
40 фоизи — Молия вазирлиги ва «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси таклифларига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг, вазирликлар ва идораларнинг буюртмаларига кўра Ҳукуматнинг қарорларига мувофиқ халқ хўжалиги тузилмасини қайта қуришни маблағ билан таъминлашга йўналтирилади;
15 фоизи — «Ўздавжамғарма» билан Давлат мулки қўмитаси томонидан белгиланадиган тартибга мувофиқ ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш эҳтиёжларига йўналтирилади;
25 фоизи — Ҳукумат қарорларига мувофиқ давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш дастурларида назарда тутилган бошқа мақсадларга йўналтирилади.
5. Мазкур бўлимнинг 4-бандида назарда тутилган йўналишлар бўйича маблағларнинг ажратилиши республика бюджетидан маблағларни ажратиш тартибига мувофиқ амалга оширилади.
6. Маблағларнинг тушиши ва улар ҳаракатининг ҳисоб-китоби бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи ҳақидаги амалдаги Низомга мувофиқ Давлат мулки жамғармаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан олиб борилади.
7. «Ўздавжамғарма» нинг ҳудудий бошқармалари маблағлар тушиши ва улар ҳаракатининг ҳисоб-китобини тармоқлар бўйича алоҳида-алоҳида ва маблағлар тушишининг манбалари бўйича ҳар бир хусусийлаштириш объекти бўйича олиб борадилар.
Хусусийлаштиришдан олинадиган маблағларнинг тушиши ва уларнинг ҳаракати ҳақидаги шу йўсиндаги маълумотлар «Ўздавжамғарма» нинг ҳудудий бошқармалари томонидан ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 1-куни ҳолатига кўра ва 5-кунидан кечиктирмай «Ўздавжамғарма» га ва маҳаллий статистика органига топширилади.
8. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан тушадиган барча маблағларга солиқ солинмайди.
9. Давлат мулки жамғармаси ва унинг ҳудудий бошқармалари:
хусусийлаштириш объектларини сотиб олувчилардан уларга Давлат мулки қўмитаси ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан бериладиган олди-сотди шартномаларига ёки улар ўрнини босадиган ҳужжатларга мувофиқ маблағларнинг тўлиқ ва ўз вақтида тушиши устидан назоратни амалга оширадилар;
банкнинг хизмат кўрсатувчи муассасалари билан келишган ҳолда банкдаги махсус счётлардаги маблағларнинг ҳаракати тўғрисида тегишли кўчирмаларни олиб хусусийлаштиришдан олинадиган маблағларнинг тушиши устидан кундалик назоратни амалга оширадилар;
хусусийлаштиришдан тушган маблағларни, шу маблағларни турли олувчилар ўртасида белгиланган тартибда ўз вақтида ва тўла ҳажмда тақсимлашни амалга оширадилар.
10. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан чет эл валютасида тушадиган маблағлар белгиланган тартибда «Ўздавжамғарма» нинг махсус валюта счётига ўтказилади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда тақсимланади.
III. Хусусийлаштириш объектларининг сотувчилари,
харидорлари ва уларга хизмат кўрсатувчи банк
муассасаларининг жавобгарлиги
харидорлари ва уларга хизмат кўрсатувчи банк
муассасаларининг жавобгарлиги
1. Хусусийлаштирилаётган давлат корхоналари ва ташкилотларининг харидорлари маблағларнинг тўлиқ ва ўз вақтида тушиши учун қонунчиликка мувофиқ жавобгардирлар.
Объектларни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш учун белгиланган муддатларда тўланмаган пул маблағлари ҳар бир кечиктирилган кун учун 0,5 фоиз миқдорида қўшиладиган пеня билан сўзсиз ундириб олинади.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари тегишли тарзда расмийлаштирилган олди-сотди шартномалари ёки уларнинг ўрнини босадиган ҳужжатларни «Ўздавжамғарма»га, унинг ҳудудий бошқармаларига топширадилар.
3. Харидор томонидан олди-сотди шартномаси талабларининг бажарилишини «Ўздавжамғарма», унинг ҳудудий бошқармалари назорат қиладилар.
4. Банк муассасалари «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ тегишли тарзда расмийлаштирилган ва ўз вақтида тақдим қилинган тўлов ҳужжатлари бўйича маблағларнинг тўғри, ўз вақтида ва тўлиқ тушиши ҳамда ўтказилиши учун жавобгардирлар.