Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Волонтёрлик фаолиятини янада оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Мамлакатимизда волонтёрлик фаолиятини янада такомиллаштириш, аҳоли ўртасида волонтёрлик ҳаракатини кенг оммалаштириш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, экология, маданият, ёшлар масалалари, соғлиқни сақлаш каби соҳаларда фуқароларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ушбу йўналишларда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида қарор қиламан:
I. Мақсадлар
1. Қуйидагилар волонтёрлик фаолиятини янада оммалаштиришнинг асосий мақсадлари этиб белгилансин:
(а) аҳоли, айниқса, ёшларда ижтимоий масъулият, ҳамжиҳатлик, ўзаро ёрдам ва раҳм-шафқат туйғуларини кенг шакллантириш;
(б) ижтимоий ҳимояга муҳтожлар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларга беғараз ёрдам кўрсатиш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича хайрия тадбирларини амалга ошириш;
(в) волонтёрларнинг билим ва кўникмаларини (лойиҳа бошқаруви, жамоатчилик билан ишлаш, етакчилик) янада ривожлантириш орқали уларнинг касбий ва шахсий ривожланишига замин яратиш;
(г) давлат органлари ва ижтимоий хизматлар фаолиятига волонтёрларни фаол жалб қилиш орқали давлат дастурлари ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларда уларнинг иштирокини кенгайтириш;
(д) волонтёрлик гуруҳлари ва ташкилотлари ўртасида ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда уларнинг халқаро волонтёрлик ҳаракатларига қўшилишига кўмаклашиш.
II. Волонтёрлик фаолиятини янада оммалаштириш
2. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ўзбекистон волонтёрлари ассоциациясининг «Эзгулик сари қадам» шиори остида волонтёрлик фаолиятини умуммиллий ҳаракатга айлантириш, волонтёрлик соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида:
(а) волонтёрлар иштирокида ижтимоий аҳамиятга молик тадбирлар, лойиҳалар ва акциялар ўтказилишини ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш, волонтёрларни моддий ва маънавий рағбатлантириш;
(б) «Фидойи волонтёр» кўкрак нишонини таъсис этиш;
(в) 5 декабрь — Халқаро кўнгиллилар кунини кенг нишонлаш;
(г) халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар вакиллари иштирокида Осиё волонтёрлари форумини ўтказиб бориш бўйича таклифларига розилик берилсин.
3. Ёшлар ишлари агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда «Фидойи волонтёр» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
III. Институционал ташкилий чоралар
4. Волонтёрлик ҳаракатини оммалаштириш ҳамда кўнгиллилар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича васийлик кенгаши (кейинги ўринларда — Васийлик кенгаши) ташкил этилсин ва унинг таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Қуйидагилар Васийлик кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
(а) аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, спорт, маданият, маънавият ва маърифат, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа соҳаларда волонтёрлик фаолиятини оммалаштириш йўналишларини белгилаш;
(б) волонтёрлар фаолиятини самарали ташкил этиш, уларнинг ижтимоий лойиҳалардаги фаол иштирокини таъминлашга услубий кўмаклашиш;
(в) волонтёрлик фаолияти соҳасида давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.
6. Волонтёрлар ва волонтёрлик гуруҳларини жалб қилган ҳолда амалга ошириладиган фаолият йўналишлари рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин. Бунда 2-иловада кўрсатилган соҳалар бўйича ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари ўз йўналишида волонтёрлик фаолиятини ривожлантиришга масъул ҳисобланади.
IV. Волонтёрлик фаолиятига оид молиявий инструментларни такомиллаштириш
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 20 апрелдаги «Янги Ўзбекистон ёшлари — 2030» стратегиясини тасдиқлаш ҳамда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида«ги ПФ-66-сон Фармонига мувофиқ, Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Волонтёрликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
8. Белгилансинки, Жамғарманинг маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:
(а) ушбу Фармоннинг 2-бандида назарда тутилган тадбирлар билан боғлиқ харажатларни қоплаш;
(б) волонтёрлик лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, грант дастурлари эълон қилиш орқали маблағ ажратиш;
(в) қонунчиликка мувофиқ ташкил этилган ва волонтёрлик фаолиятини амалга оширувчи нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда волонтёрлар гуруҳларининг волонтёрлик фаолияти соҳасига оид лойиҳа ва тадбирларини амалга оширишга кўмаклашиш;
(г) аҳоли орасида волонтёрлик фаолиятини кенгайтириш, бу борадаги фуқаролик ташаббусларини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш;
(д) фуқароларни аҳолининг турмуш сифатини яхшилашга қаратилган турли хил жамоат фаолиятига жалб этиш.
V. Волонтёрликни қўллаб-қувватлаш механизмлари
9. Ёшлар ишлари агентлиги Таълим ва илм-фан вазирлиги, Касбий таълим агентлиги билан биргаликда 2027 йилдан бошлаб аҳоли, айниқса ёшлар ва давлат хизматчиларининг волонтёрлик фаолияти бўйича билим ва кўникмаларини шакллантириш мақсадида:
(а) волонтёрлик қилиш истагидаги ёшлар иштирокида «Service Learning» (ижтимоий хизмат асосидаги таълим) дастури асосида қисқа муддатли ўқувлар ташкил этиш орқали уларнинг волонтёрлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширсин;
(б) давлат олий таълим ташкилотлари талабалари ва техникум ўқувчилари учун «Касбий волонтёрлик» дастурини амалга оширсин. Бунда:
(i) давлат органлари ва ташкилотлари олий таълим ташкилотлари талабалари ҳамда техникум ўқувчиларига таълимдан ташқари вақтларда волонтёрлар гуруҳи таркибида волонтёрлик фаолиятини амалга ошириши учун зарур шароитлар яратилишини таъминлайди;
(ii) талабалар таълим олаётган ихтисослигига мос волонтёрлик дастурида ўз хоҳишига кўра иштирок этади.
10. Касбий таълим агентлиги тажриба-синов тариқасида 2026/2027 ўқув йилида Тошкент шаҳри, Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларидаги биттадан техникумда, 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб талаб ва эҳтиёж таҳлили асосида бошқа ҳудудларда волонтёрлик фаолияти бўйича махсус ўқув курсларини ташкил этсин.
11. Белгилансинки, волонтёрлик фаолияти билан шуғулланувчи шахсларни таълим жараёнида ва ишга қабул қилишда рағбатлантириш мақсадида:
(а) Васийлик кенгашининг тавсияси билан олий таълим ташкилотлари талабалари ва техникум ўқувчилари «ижтимоий фаоллик картаси» маълумотлари асосида ўқишдан бўш вақтларида волонтёрлик фаолиятини амалга ошириши учун ташкилотларга йўналтирилади;
(б) волонтёр сифатида икки йиллик фаолияти давомида ижобий натижаларга эришган волонтёрлардан фаол волонтёрлар гуруҳлари шакллантирилади ҳамда ушбу волонтёрлар Васийлик кенгаши тавсиясига асосан давлат органлари ва ташкилотлари кадрлар захирасига киритилади.
12. Белгилансинки, 2027 йил 1 январдан бошлаб тажриба-синов тариқасида «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларининг ижтимоий ходимлари лавозимига ишга қабул қилишда номзодларнинг малака талаблари бўйича кўрсаткичлари тенг бўлган ҳолларда волонтёрлик фаолияти билан шуғулланган номзодларга устунлик берилади.
13. Ёшлар ишлари агентлиги:
(а) Таълим ва илм-фан вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан биргаликда уч ой муддатда волонтёрлар фаолиятини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
(б) Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда «Волонтёр» ягона электрон платформаси» («volontyor.uz») ахборот тизимини (кейинги ўринларда — Ахборот тизими) қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш чораларини кўрсин:
(i) «ижтимоий фаоллик картаси»ни ишга тушириш орқали ёшлар томонидан амалга ошириладиган волонтёрлик фаолияти тарихини юритиш, волонтёрлик ихтисослашуви даражасини қайд этиш;
(ii) волонтёрлик ташаббускорлиги учун «ижтимоий токен» (рақамли балл) бериш, унинг миқдорини юритиш, ушбу балларни монетизация қилиш ҳамда уни моддий ва бошқа эҳтиёжлар учун сарфлаш имкониятини яратиш;
(iii) волонтёрлик фаолияти соҳаси самарадорлигини баҳолаш ва унинг натижадорлигини аниқлаш;
(iv) волонтёрларнинг фаолияти кўрсаткичлари, волонтёрлик даврида орттирган иш тажрибаси ва кўникмалари ҳақида маълумотларни жамлаш;
(v) волонтёр, волонтёрлик гуруҳи ва волонтёрлик ташкилотлари ҳамда улар фаолияти ҳақидаги маълумотларнинг ягона реестрини юритиш;
(vi) волонтёрлик фаолияти соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар, тадбирлар ва акциялар ҳақида маълумотларни шакллантириш.
VI. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
14. Волонтёрлик фаолиятини янада оммалаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
15. Ёшлар ишлари агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 4-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
17. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 6 ноябрь,
ПФ-240-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 6 ноябрдаги ПФ-240-сон Фармонига
1-ИЛОВА
Волонтёрлик ҳаракатларини оммалаштириш ҳамда кўнгиллилар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича васийлик кенгаши
ТАРКИБИ

1.

А.З. Саъдуллаев

—

Ёшлар ишлари агентлиги директори, Васийлик кенгаши ҳамраиси

2.

Ш.Ш. Мирзиёева

—

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, Васийлик кенгаши ҳамраиси

3.

А.А. Абдухакимов

—

Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси

4.

Э.О. Турдимов

—

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири

5.

Ғ.Ғ. Мирзаев

—

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси

6.

А.И. Икрамов

—

спорт вазири

7.

О.А. Назарбеков

—

маданият вазири

8.

Э.Э. Адилов

—

соғлиқни сақлаш вазири

9.

А.И. Икрамов

—

фавқулодда вазиятлар вазири

10.

И.Р. Махкамов

—

транспорт вазири

11.

Ш.Х. Ходжаев

—

энергетика вазири

12.

О.А. Хасанов

—

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари

13.

К.Н. Ишанходжаев

—

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси кенгаши раиси

14.

Л.Ш. Нигманов

—

Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси бошқаруви аъзоси

15.

О.Ю. Исоқов

—

Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси

16.

Б.М. Бекмуродов

—

«Юксалиш» ҳаракати раиси

17.

Тавсияга кўра *

—

фаол волонтёрлар

18.

Ш.Р. Абидова

—

Ёшлар ишлари агентлиги директорининг маслаҳатчиси, Васийлик кенгаши котиби

Изоҳ.
* Фаол волонтёрлар Васийлик кенгаши тавсияси асосида кенгаш таркибига киритилади.
Васийлик кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 6 ноябрдаги ПФ-240-сон Фармонига
2-ИЛОВА
Волонтёрлар ва волонтёрлик гуруҳларини жалб қилган ҳолда амалга ошириладиган фаолият йўналишлари
РЎЙХАТИ
I. Ижтимоий ҳимоя соҳасида:
1) ёлғиз кексалар, меҳнатга лаёқатсиз шахслар, ногиронлиги бўлган шахслар, давлат таъминотидаги, камбағал ва оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилаларга ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатишда кўмаклашиш;
2) ижтимоий хизматлар муассасалари фаолиятида, шунингдек, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирларда, ижтимоий акциялар ва хайрия лойиҳаларида иштирок этиш.
II. Соғлиқни сақлаш соҳасида:
3) аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган профилактик тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш;
4) донорлик акциялари ва оммавий тиббий кўрикларни ташкил этишда кўмаклашиш;
5) эпидемия, пандемия ва карантин даврида аҳолини хабардор қилиш, ҳимоя ва хавфсизлик чораларини тарғиб қилишда иштирок этиш;
6) бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари (оилавий поликлиникалар ва шифокорлик пунктлари) инфратузилмаси ҳолатини жамоатчилик мониторингидан ўтказишда ҳамда аҳолининг тиббий хатлов жараёнларига тиббиёт олийгоҳларининг юқори курс талабаларини волонтёр сифатида кенг жалб қилиш.
III. Рақамли технологиялар:
7) аҳоли ўртасида рақамли кўникмаларни шакллантиришга қаратилган тренинглар ва маҳорат дарслари ташкил этишга кўмаклашиш;
8) аҳоли, айниқса ёшлар орасида рақамли саводхонликни, шунингдек, интернет хавфсизлиги ва киберхавфсизлик кўникмаларини оширишга қаратилган тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш.
IV. Таълим ва ёшлар сиёсати соҳасида:
9) таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий тадбирларни ташкил этишда иштирок этиш;
10) ёшларни касбга йўналтириш, саводхонликни ошириш ва қўшимча таълим дастурларини амалга оширишда кўмаклашиш;
11) ёшларга оид давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этиш.
V. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида:
12) экологик маданиятни оширишга ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид акциялар, маърифий ва ахборот-тарғибот тадбирларини ташкил этишда кўмаклашиш;
13) ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва ҳудудларни тозалаш ишларида иштирок этиш;
14) табиий ресурслар, сув, ер ва биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш бўйича жамоатчилик назорати тадбирларида кўмаклашиш.
VI. Фавқулодда вазиятлар соҳасида:
15) табиий ва техноген фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш тадбирларида кўмаклашиш;
16) аҳолини эвакуация қилиш, вақтинчалик жойлаштириш ва зарурий ёрдам кўрсатиш тадбирларини амалга оширишда иштирок этиш;
17) жамоатчилик ва ёшларни фавқулодда вазиятларда огоҳлик, фавқулодда ҳаракат қилиш кўникмалари бўйича ўқитиш ва тарғибот тадбирларига кўмаклашиш.
VII. Маданият, маънавият ва маърифат соҳасида:
18) давлат ва умуммиллий байрамлар, маданий-маърифий тадбирларни ташкил этишда иштирок этиш;
19) маданий мерос объектларини асраш ва уларнинг аҳамиятини тарғиб қилиш ишларида кўмаклашиш;
20) аҳоли ўртасида китобхонликни ривожлантириш ва маънавий-маърифий лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш.
VIII. Жамоат тартиби ва ҳуқуқий маданият соҳасида:
21) ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш;
22) йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ахборот-тарғибот акцияларини амалга ошириш.
IX. Спорт ва соғлом турмуш тарзи соҳасида:
23) оммавий спорт тадбирлари ва мусобақалар акцияларини ташкил этишда, шунингдек, аҳоли ўртасида жисмоний фаолликни ошириш ҳамда мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида, иш жойларида ва аҳоли кўп тўпланадиган жойларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш тадбирларида иштирок этиш;
24) спорт муассасалари ва клублар билан ҳамкорликда волонтёрлик лойиҳаларини амалга ошириш.
Изоҳ. Соҳаларнинг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда Васийлик кенгаши томонидан рўйхатга қўшимча йўналишлар киритилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 6 ноябрдаги ПФ-240-сон Фармонига
3-ИЛОВА
Волонтёрлик фаолиятини янада оммалаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар
ДАСТУРИ

Т/р

Чора-тадбирлар номи

Амалга ошириш шакли

Ижро муддати

Масъул ижрочилар

1.

Энг яхши волонтёрлик лойиҳаларини танлаб олиш ва уларни қўллаб-қувватлаш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

Волонтёрлик ҳаракатларини оммалаштириш ҳамда кўнгиллилар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича Васийлик кенгаши баёни

2027 йил январь

Ёшлар ишлари агентлиги,

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси,

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси,

Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси

2.

«Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати» доирасида республиканинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида ватандошлар иштирокида тинчлик волонтёрлари фаолиятини йўлга қўйиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2026 йил ноябрь

Ташқи ишлар вазирлиги,

Ёшлар ишлари агентлиги,

Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси,

«Бутунжаҳон ёшлар офиси» ННТ,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

3.

БМТ Волонтёрлари (UNV) ташкилотининг тўлиқ молиялаштириш дастури (UNV Full Funding Program)да ўзбекистонлик волонтёрларнинг иштирокига кўмаклашиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2027 йил давомида

Ёшлар ишлари агентлиги,

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги,

Ташқи ишлар вазирлиги,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

4.

Соҳавий волонтёрлар фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда уларни ўқитиш мақсадида «Эко-авлод» волонтёрлар ўқув оромгоҳини ташкил этиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2027 йилдан бошлаб доимий

Ёшлар ишлари агентлиги,

Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси,

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси

5.

«Энг фаол волонтёр», «Энг фаол волонтёрлар гуруҳи» ҳамда «Энг фаол волонтёрлик ташкилоти» кўрик-танловларини юқори савияда ташкил этиб бориш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2027 йилдан бошлаб доимий

Ёшлар ишлари агентлиги,

Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

6.

Олий таълим ташкилотлари талабалари учун «Касбий волонтёрлик» дастурини ишлаб чиқиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2026 йил ноябрь

Таълим ва илм-фан вазирлиги,

Касбий таълим агентлиги,

Ёшлар ишлари агентлиги,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

7.

Волонтёрлик қилиш истагидаги ёшлар иштирокида «Service Learning» (ижтимоий хизмат асосидаги таълим) дастури асосида қисқа муддатли ўқувлар ташкил этиш орқали уларнинг волонтёрлик кўникмаларини шакллантириш.

Амалий чора-тадбирлар

2027 йил январь

Ёшлар ишлари агентлиги,

Таълим ва илм-фан вазирлиги,

Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси

8.

Жиззах вилоятида замонавий ёндашувлар асосида «Волонтёрлар боғи»ни ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифларни киритиш

2026 йил ноябрь

Жиззах вилояти ҳокимлиги,

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги,

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси,

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

9.

Хорижий давлатларнинг илғор тажрибаси асосида соҳалар бўйича волонтёрлик фаолиятини оммалаштириш чораларини кўриш.

Бунда аввало аҳоли саломатлигини таъминлаш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида фаолият кўрсатувчи волонтёрлик гуруҳлари фаолиятини йўлга қўйиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2027 йил давомида

Соғлиқни сақлаш вазирлиги,

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси,

Ёшлар ишлари агентлиги,

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

10.

Волонтёрлик фаолиятини оммалаштиришга қаратилган тарғибот тадбирларини амалга ошириш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2027 йил давомида

Ёшлар ишлари агентлиги,

Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси

11.

Фуқаролар ва ташкилотларнинг волонтёрлик фаолиятида иштирок этиш шакллари ва даражасини ўрганишга қаратилган социологик тадқиқотларни ўтказиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2027 йил давомида

Ёшлар ишлари агентлиги,

Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси

12.

Волонтёрлар имижини оширишга қаратилган ижтимоий роликлар яратиш ва ижтимоий реклама кўринишида телеканалларда ёритиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2027 йил давомида

Ёшлар ишлари агентлиги,

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси,

Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 6 ноябрдаги ПФ-240-сон Фармонига
4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 январдаги «Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5630-сон Фармонининг 6-банди қуйидаги мазмундаги «а2» кичик банд билан тўлдирилсин:
«а2) Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари балансидаги бино ва иншоотларни уларда ёшларни спорт, илм-фан, хорижий тиллар ва касбларга ўқитиш, креатив лойиҳаларни амалга ошириш ва бошқа хизматларни кўрсатиш учун ижарага беришдан тушадиган маблағларнинг 100 фоизи (бундан аукцион харажатлари мустасно) тегишли бино ва иншоотнинг балансда сақловчисига».
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июндаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6017-сон Фармонида:
(а) 2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
ёшлар билан боғлиқ соҳа ва йўналишларда ягона давлат сиёсатини, стратегик йўналишлар ва давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
маҳаллаларда ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмларини жорий этиш, улар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш бўйича белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш;
ёшларни Ватанга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш, ўсиб келаётган ёш авлодни илм-фан ва инновацияларга кенг жалб этиш;
ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик профилактикасига қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш;
ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш жараёнида нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлик қилиш;
ёшларнинг интеллектуал ривожланишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш ва бу соҳадаги ишларни мувофиқлаштириб бориш;
ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этиш, замонавий касб-ҳунар, рақамли иқтисодиёт кўникмаларини пухта эгаллашлари учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, уларни иш билан таъминлаш жараёнларига кўмаклашиш;
ёшлар ишлари соҳасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш, халқаро шартномалар тайёрлаш, тузиш ва бажариш ҳақида таклифлар тақдим этиш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини ташкил этиш»;
(i) иккинчи ва тўртинчи хатбошилар чиқариб ташлансин;
(ii) учинчи, бешинчи — ўн тўртинчи хатбошилар тегишинча иккинчи — ўн иккинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
(iii) учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«ёш тадбиркорларнинг халқаро форум ва ярмаркалардаги иштирокини таъминлаш»;
(в) 1-илованинг 1, 3, 4 ва 16-позициялари чиқариб ташлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 апрелдаги «Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6208-сон Фармонининг 8-бандида:
(а) учинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
(б) тўртинчи хатбоши учинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-4768-сон қарорида:
(а) 4-банднинг бешинчи хатбошисидаги «бошқармалари» сўзи «бўлинмалари» сўзи билан алмаштирилсин;
(б) 14-банд қуйидаги мазмундаги ўнинчи — ўн тўртинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:
«ёшларга оид давлат сиёсати стратегияси, йўналишлари ва механизмларини илмий асослаш, ёшлар сиёсати ижроси борасида идоралараро номувофиқликларни аниқлаш, ёшлар ташкилотлари фаолияти, қабул қилинаётган чора-тадбирлар, қарорлар, дастурлар ва режаларнинг самарадорлигини методологик ўрганиш ҳамда уларни ривожлантиришга қаратилган илмий ишланмалар ишлаб чиқиш;
ёшлар маънавияти, ҳаётий устуворликлари ва қадриятлар тизими, миграция жараёнлари билан боғлиқ муаммоларини таҳлил этиш, умуминсоний қадриятларга зид бўлган радикализм, экстремизм, жиноятчилик, гиёҳвандлик, зўравонлик каби иллатларни бартараф этишга қаратилган тадқиқотларни ўтказиш;
ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни маданий, жисмоний ва маърифий жиҳатдан камол топтириш билан боғлиқ тизимли муаммоларни ҳудудлар ва тармоқлар кесимида ўрганиш, шунингдек, ёшлар муаммолари бўйича ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан самарали ечимлар ишлаб чиқиш;
янги авлод ёшларининг ижтимоий-иқтисодий имкониятлари, эҳтиёж ва умидлари, фаровонлик даражаси ҳамда ижтимоий кайфиятини социологик ўрганиш, ёшлар сиёсати борасида халқаро илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш, илғор тажрибаларни ўрганиш;
ёшлар сиёсати ижросига доир статистик маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш, бошқарув вертикалининг барча бўғинларида ёшлар сиёсати ижросини акс эттирувчи Миллий ёшлар индексини юритиш, статистик, демографик ва социологик тадқиқотлар методологиясини ривожлантириб бориш, ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилиши тўғрисидаги миллий маърузани тайёрлаш»;
(i) тўртинчи хатбошидаги «Давлат бошқаруви академияси» сўзлари «Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси» сўзлари билан алмаштирилсин;
(ii) олтинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, моддий рағбатлантириш ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш шартларига кўра Институт директори — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси проректорига, ходимлари — А. Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти ходимларига тенглаштирилади»;
(г) 18-банддаги «Давлат бошқаруви академияси» сўзлари «Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси» сўзлари билан алмаштирилсин;
(д) 19-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Агентлик марказий аппарати учун 8 та хизмат автотранспорт воситасини, шу жумладан, 6 та шахсий бириктирилган хизмат автотранспорт воситаси, 1 та навбатчи автотранспорт воситаси ва 1 та микроавтобус, ҳудудий бошқармалар учун 14 та хизмат енгил автотранспорт воситаси ҳамда Институт учун 1 та хизмат автотранспорт воситасини сақлаш учун лимит белгиласин».
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 20 январдаги «Заковат» интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-96-сон қарорига 2-илова қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 20 январдаги ПҚ-96-сон қарорига
2-ИЛОВА
«Заковат» интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантириш бўйича республика ташкилий қўмитаси таркиби

1.

О.Д. Давлатов

—

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, Ташкилий қўмита раҳбари

2.

А.З. Саъдуллаев

—

Ёшлар ишлари агентлиги директори, Ташкилий қўмита раҳбари ўринбосари

3.

Э.О. Турдимов

—

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири

5.

Ш.Х. Шерматов

—

рақамли технологиялар вазири

6.

С.Б. Шакирова

—

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори

7.

Лавозимига кўра

—

Инновацион ривожланиш агентлиги директори

8.

У.Ш. Хусаинов

—

Бошқарув самарадорлиги агентлиги директори в.б.

9.

А.А. Джурабаев

—

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси

10.

Х.Ғ. Худайбердиев

—

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари

11.

А.М. Абдуллаев

—

«Заковат» интеллектуал клуби» нодавлат нотижорат ташкилоти президенти

12.

Х.Х. Рахманов

—

«Заковат интеллектуал клуби» нодавлат нотижорат ташкилоти директори

13.

Лавозимига кўра

—

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимларининг масъул ўринбосарлари

14.

Лавозимига кўра

—

Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, Ташкилий қўмита котиби

Изоҳлар:
Ташкилий қўмита аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли вазифаларни бажариш юкланган шахслар киритилади;
Ташкилий қўмита ишига келишилган ҳолда бошқа вазирлик, идора ва ташкилотлар, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари раҳбарлари ва мутахассислари жалб қилиниши мумкин».
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 27 июндаги «Ёшларни хорижий тилларга ўқитиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-239-сон қарорининг 2-бандида:
(а) иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
(б) учинчи хатбоши иккинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.11.2026 й., 06/26/240/1104-сон)