1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.05.00.00 Республика бюджети / 07.05.05.00 Бюджет ташкилотлари ва муассасаларини молиялаштириш;
«ТАСДИҚЛАЙМАН» Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари Ш. Абдуллаев 20-сон, 1999 йил 2 март
«ТАСДИҚЛАЙМАН» Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Д. Асадов
Пуллик тиббий хизмат кўрсатишга босқичма-босқич ўтаётган даволаш-профилактика муассасаларини молиялаш
ТАРТИБИ
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 22 мартда 679-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
LexUZ шарҳи
Мазкур тартиб Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2024 йил 26 декабрдаги 210-сон, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2024 йил 24 декабрдаги 20-сонли «Пуллик тиббий хизмат кўрсатадиган даволаш-профилактика муассасаларини молиялаш тартибини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 3603, 27.01.2025 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
1. Умумий қоидалар
1.1. Мазкур Тартиб Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастурини амалга оширишга доир асосий чора-тадбирларнинг 26-банди ижроси бўйича ишлаб чиқилган (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 10 ноябрдаги ПФ-2107-сон Фармонига 10-илова).
1.2. Тартиб пуллик хизмат кўрсатишга босқичма-босқич ўтказилаётган давлат даволаш-профилактика муассасаларининг молиявий ресурсларини шакллантиришнинг асосий умумий қоидалари, услублари ва ёндашувларини белгилайди.
1.3. Рўйхатга киритилган даволаш-профилактика муассасалари қуйидагиларни амалга таъминлашлари зарур (юқорида номи қайд этилган Фармонга 3-илова);
ўз фаолиятини бюджетдан тўлиқ таъминланишидан аста-секин ва изчил равишда тиббий хизмат кўрсатиш ҳажмини ўзини ўзи молиявий таъминлаш шароитига, яъни пуллик тиббий хизмат кўрсатишга ўтиш;
пул тўланишининг шаклидан қатъи назар, даволанувчилар замонавий ва малакали тиббий ёрдам олиши учун рад этмай бажариш ва тенг фойдаланиш имконияти;
барча босқичларда аҳолига кўрсатилган хизматнинг юқори сифати ва тиббиёт-санитар стандартларга мувофиқ бўлиши.
1.4. Даволаш-профилактика муассасаларининг пуллик тиббий хизмат кўрсатишга ўтишлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастурида белгиланган муддатлар ва миқдорларга мувофиқ (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 10 ноябрдаги ПФ-2107-сон Фармонига 3-илова), шунингдек аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг қўшимча (давлат томонидан кафолатланганидан ортиқ) турларига бўлган талабдан келиб чиқиб амалга оширилади.
2. Даволаш-профилактика муассасалари фаолиятини молиялаштиришнинг турлари ва манбалари
2.1. Аралаш молиялаштириладиган даволаш-профилактика муассасаларида бир вақтнинг ўзида молиялаштиришнинг икки хил шакли амал қилади — бюджетдан молиялаштириш ва ўзини ўзи молиялаштириш. Икки хил шаклда молиявий маблағлар ҳажмини белгилашда касалликлар тури ва аҳолининг ижтимоий гуруҳлари бўйича тасдиқланган тиббий-иқтисодий стандартларга мувофиқ равишда даволанувчига тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган харажатлар қиймати ётади. Ўзини ўзи молиялащтириш шакли пуллик тиббий хизмат кўрсатишга ўтиш ва уни кенгайтириш билан боғлик равишда ривожланади.
2.2. Аралаш молиялаштириладиган даволаш-профилактика муассасалари молиявий ресурсларининг асосий манбалари қуйидагилар ҳисобланади:
бюджет маблағлари, унинг ҳажми белгиланган тартибда даволанган беморларнинг сони ва хизмат кўрсатиладиган ҳудуднинг аҳолиси сонидан келиб чиқиб белгиланади. ДПМ томонидан сарфланадиган бюджет маблағларининг ҳажми аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш шакллари ривожланиши сари аста-секин камайиб боради;
ушбу корхоналар ва ташкилотларнинг ишчиларига ва уларнинг оила аъзоларига тузилган шартномалар асосида кўрсатилган профилактик ва тиббий хизмат ҳажми учун даволаш-профилактика муассасалар ҳисобига ўтказиладиган маблағлар;
даволаш-профилактика муассасалари томонидан аҳолига давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам кўрсатиш ҳажмидан ортиқ равишда кўрсатилган қўшимча тиббий хизмат учун даволанувчининг (ҳомийлар) тўловлари (даволаш овқатланиши билан);
ҳомийларнинг маблағлари;
қонунчилик ҳужжатлари билан ман этилмаган бошқа манбалар.
(2.2-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
3. Аралаш молиялаштириладиган даволаш-профилактика муассасаларида тиббий хизмат ташкил этиш
3.1. Аралаш молиялаштириладиган даволаш-профилактика муассасаларида тиббий хизмат кўрсатиш Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш тизимини 1998 — 2005 йилларда ислоҳ қилиш давлат дастури, меъёрий-услубий ҳужжатлар, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва тегишли ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқаруви органларининг лицензияларига мувофиқ амалга оширилади.
3.2. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматларнинг, уларнинг шаклидан қатъи назар, ўз вақтидалиги, тўлақонлилиги ва сифатига даволаш-профилактика муассасасининг раҳбари жавобгар бўлади.
3.3. Даволаш-профилактика муассасасининг раҳбари мавжуд бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларни тақсимотчиси бўлиб, уларнинг мақсадли ишлатилиши учун жавобгардир.
3.4. Аралаш молиялаштириладиган даволаш-профилактика муассасаларида барча смета-молия ва бухгалтерия ҳужжатлари, шунингдек даволанувчиларга бепул ва пуллик хизмат кўрсатишни ташкил этиш молиялаштириш манбалари бўйича алоҳида олиб борилади.
3.5. Аралаш молиялаштириладиган даволаш-профилактика муассасаларига тушадиган маблағларнинг алоҳида ҳисобини юритиш учун банк муассасаларида қуйидаги депозит ҳисобварақлари очилади:
а) аҳолига бепул тиббий хизмат кўрсатиш учун бюджетдан тушадиган маблағлар учун — ҳисобварақ;
б) пуллик хизматдан тушадиган маблағларни ҳисобга олиш учун — ҳисобварақ;
в) овқатланиш учун даволанувчиларнинг (ҳомий корхоналар ва ҳ.к.) хусусий тўловларидан келиб тушадиган маблағларни жамлаш учун — ҳисобварақ.
3.6. Бюджетдан молиялаштириш учун даволаш-профилактика муассасасининг даромадлар ва харажатлар сметаси, штатлар жадвали ва бошқа ҳужжатлар белгиланган тартибда ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
3.7. Пуллик тиббий ва бошқа турдаги хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган даромадлар ва харажатлар сметаси, штатлар жадвали ва бошқа ҳужжатлар даволаш-профилактика муассасасининг раҳбари томонидан юқори турувчи соғлиқни сақлаш бошқаруви органи билан келишган ҳолда ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
3.8. Даволаш-профилактика муассасасида даволанувчиларга пуллик хизматлар кўрсатиш ушбу мақсадлар учун ажратилган алоҳида бўлимларда (ёки ихтисослаштирилган пуллик бўлим палаталарида) амалга оширилади.
3.9. Даволаш-профилактика муассасасининг раҳбари ва пуллик тиббий ёки бошқа турдаги хизмат кўрсатувчи бўлинма (ходимлар гуруҳи) ўртасидаги муносабатлар улар ўртасидаги, мижозларга тиббий хизмат кўрсатишни кафолатлашни таъминлаш бўйича томонларнинг мажбуриятлари ва жавобгарликлари аниқ ёритилган, шартнома билан белгиланади.
3.10. Аралаш молиялаштириладиган даволаш-профилактика муассасасида пуллик хизмат кўрсатиш қиймати тиббий хизматнинг ҳар бир турига касалликлар бўйича тиббий-иқтисодий стандартлар, амалдаги меъёрлар ва харажатларнинг жавобгар шахслар томонидан тузиладиган барча турлари калькуляцияси асосида белгиланади. Тиббий хизматга тўловнинг энг кўп қиймати мазкур муассаса томонидан бюджет маблағлари ҳисобига кўрсатилаётган айнан шундай хизматлар қийматидан, қийматнинг 25 фоизидан кўпроқ ортиқ бўлиши мумкин эмас.
3.11. Даволаш-профилактика муассасаси даволанувчилар учун барча тегишли маиший шароитларни ва даволаш-сақлаш режимини ташкил этади, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади, жумладан, беморни ўз вақтида ва малакали даволамаганлиги оқибатида оғирлашишини келиб чиқиши учун моддий жавобгар бўлади.
(3.11-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси.
3.12. Хизматлар тури, уларнинг нархи ва миқдори масалалари бўйича даволанувчи ва даволаш-профилактика муассасаси ўртасидаги муносабатлар мазкур Тартибга илова қилинган Битим ҳисобварағининг шакли бўйича расмийлаштирилади.
3.13. Тиббий хизмат, дори-дармон воситалари ва тиббий маҳсулотлар учун тўловлар шифохона кассасига нақд пул билан ёки муассасасининг ҳисобварағига пул ўтказиш йўли билан олдиндан ёки даволанувчини кузатиш, кўриш ва даволаш даврида тўланиши мумкин. Алоҳида ҳолларда тиббий хизмат учун тўловларни тўлаш муддатлари даволаш-профилактика муассасаси ва даволанувчи ўртасида якка тартибда тузиладиган битимда белгиланиши мумкин.
3.14. Даволаш-профилактика муассасаси кўрсатаётган тиббий хизматнинг ўз вақтидалиги ва сифатини назорат қилиш юқори турувчи соғлиқни сақлаш бошқаруви органи томонидан амалга оширилади.
3.15. Даволаш-профилактика муассасалари ва даволанувчилар ўртасида келиб чиқадиган низоли масалалар ва келишмовчиликлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кўрилади.
(3.15-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
4. Аралаш молиялаштириладиган даволаш-профилактика муассасаларида беморни дори-дармонлар билан таъминлаш
4.1. Бепул тиббий хизмат олувчи беморларни дори воситалари ва тиббий маҳсулотлар билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирликлари томонидан 1999 йил 26 январда тасдиқланган ва Адлия вазирлигида 1999 йил 18 февралда 639-сон билан рўйхатга олинган дори воситалари ва тиббий маҳсулотларни бериш, ҳисобга олиш ва улардан фойдаланиш устидан назорат қилиш Тартибига асосан амалга оширилади.
4.2. Тиббий ёрдамнинг пуллик турларини кўрсатиш учун дори воситалари ва тиббий маҳсулотлар билан таъминлаш шифохона ичидаги дорихона раҳбари, мудирига юклатилади ва уларни «Дори-дармон» давлат акциядорлик бирлашмаси тизимидан, турли мулкчилик шаклидаги дорихоналардан сотиб олиш ёки даволанувчилардан тушадиган маблағлар ҳисобидан таъминотчилар билан тўғридан-тўғри тузиладиган шартномалар бўйича амалга оширилади.
4.3. Дори воситаларини ҳисобга олиш, келиб тушишини ва пулли хизматга ишлатилишини назорат қилиш даволаш-профилактика муассасасининг раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг меъёрий ҳужжатларига мувофиқ тартибда амалга оширилади.
(Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2008 йил 23 апрелдаги 35, 5-сон (рўйхат рақами 679-1, 2008 йил 5 май) қарори билан киритилган ўзгартириш билан. Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)