ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
Ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларида авария ва нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш ва инсон ҳаётига хавф солувчи омилларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Республика ҳудудидаги ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларида авария ва нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш, хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш, лицензиялаш, рухсат этиш ва тегишли хулосаларни тақдим этиш соҳасидаги ваколатли давлат органларининг масъулиятини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
а) республикадаги мавжуд 6 196 та суюлтирилган ва сиқилган газ, нефть маҳсулотларини қуйиш шохобчаларида (кейинги ўринларда — ёқилғи қуйиш шохобчалари) ҳамда аҳоли газ баллонларига суюлтирилган газни тўлдириш станциялари ва пунктларида (кейинги ўринларда — газ тўлдириш иншоотлари) ёнғинларнинг олдини олиш ҳамда инсонлар хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳолати хатловдан ўтказилгани;
ўтказилган хатлов якунларига кўра жами 46 737 та, шу жумладан, қурилиш соҳасига оид 2 218 та, ёнғин хавфсизлиги соҳасига оид 7 949 та, саноат ва техника хавфсизлиги соҳасига оид 25 341 та, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасига оид 3 354 та ва белгиланган технологик жараёнларни таъминлашга оид 7 875 та қоидабузарликлар ва камчиликлар аниқлангани;
ўтказилган хатлов давомида жами 7 166 та камчиликлар жойида бартараф этилгани ва 464 та ёқилғи қуйиш шохобчаси фаолияти вақтинча тўхтатилгани;
б) Вазирлар Маҳкамасининг «Табиий газ ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 6 июлдаги 387-сон қарорига мувофиқ:
табиий газ ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда сиқилган газни автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари орқали сотишни тўлиқ рақамлаштирган ҳолда, бевосита тарқатиш устунларидаги («диспенсерлар») орқали табиий газ ҳисобини юритиш, автомобилларнинг техник кўрикдан ўтганини, ёнилғи тури мослигини ёки баллон рўйхатдан ўтказилганини текшириш, шунингдек, уларда ноқонуний фойдаланиш, авария ва нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор «UZINFOCOM» МЧЖ (кейинги ўринларда — «UZINFOCOM» МЧЖ) томонидан табиий газ реализациясини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими — «U-Gas» аппарат-дастурий мажмуаси (кейинги ўринларда — «U-Gas» дастури) ишлаб чиқилгани;
бугунги кунда «U-Gas» дастурида жами 1 553 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (кейинги ўринларда — АГТКШ) рўйхатдан ўтгани, 1 489 таси билан тегишли шартнома тузилгани ҳамда 1 459 та АГТКШда дастур муваффақиятли жорий этилиб, уларнинг ҳисоботларини онлайн кузатиш имконияти йўлга қўйилгани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларига ёнғин хавфсизлиги қоидаларига уларнинг мувофиқлиги бўйича қўйиладиган минимал талаблар 1-иловага мувофиқ;
Ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларига технологик жараёнлар ва асбоб-ускуналарни техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича норматив ҳужжатлар ва қоидаларга уларнинг мувофиқлиги бўйича қўйиладиган минимал талаблар 2-иловага мувофиқ;
Ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларига саноат хавфсизлиги қоидаларига уларнинг мувофиқлиги бўйича қўйиладиган минимал талаблар 3-иловага мувофиқ;
Ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларига экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларига уларнинг мувофиқлиги бўйича қўйиладиган минимал талаблари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки, мазкур қарорга 1 — 4-иловаларда келтирилган минимал талабларга риоя этилиши тегишлича Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан назорат қилинади.
4. Ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларида ортиқча босим остида ишлайдиган ускуналардан хавфсиз фойдаланишни, уларнинг техник ҳолати бўйича тизимли назоратни таъминлаш ҳамда муҳандис-техник ходимларнинг касбий малакасини мунтазам равишда ошириш мақсадида Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси:
а) 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб барча турдаги ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларида, шу жумладан, ёқилғидан ўз эҳтиёжи учун фойдаланадиган объектларда белгиланган хизмат муддати тугаган ёки ишлаб чиқарилган санаси аниқ бўлмаган ортиқча босим остида ишлайдиган ускуналардан фойдаланишни 2030 йил 1 январга қадар чеклаш чораларини кўрсин.
Бунда ушбу жорий этилаётган талаблар кенг жамоатчиликка ва ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларини эксплуатация қилувчи субъектларига етказилишини таъминласин;
б) Рақамли технологиялар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларида ўрнатилган техник қурилмаларни синовдан ўтказиш муддатларини онлайн тарзда назорат қилиш механизмларини такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
в) Ички ишлар вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 сентябга қадар Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг автомобилларга ўрнатилган сиқилган ва суюлтирилган газ баллонларининг техник кўрикдан ўтказилгани тўғрисидаги назорат қилувчи «Автоматлаштирилган ахборот назорат платформаси» маълумотларини «Eco-Himoya» ахборот платформаси ва автотранспорт воситаларига ўрнатилган сиқилган газ баллонларининг техник кўрикдан ўтказилгани тўғрисидаги маълумотларни «U-Gas» дастури билан интеграция қилсин;
г) Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси билан биргаликда 2026 йил 1 сентябрга қадар ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотлари тоифаси, ёқилғининг айланма ҳажми ҳамда шохобчанинг ишлаш режимига боғлиқ равишда муҳандис-техник ходимлар штатларининг минимал сони бўйича белгиланадиган мажбурий нормативларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
д) Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда хавфли ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг раҳбар ва муҳандис-техник ходимларини «Контехназоратўқув» ДМнинг ўқув марказларида бир вақтни ўзида саноат ва ёнғин хавфсизлиги ўқув курсларида ўқитиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқсин ва бажарилишини таъминласин.
5. Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида «U-Gas» дастурий-аппарат мажмуасини жорий этиш, ундан фойдланиш ва уни техник қўллаб-қувватлаш бўйича маъмурий регламент 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Белгилансинки:
а) «U-Gas» дастурининг жорий этилиши АГТКШлар орқали газ сотиш фаолияти билан шуғулланишда мажбурий талаб ҳисобланади;
«U-Gas» дастурини жорий этиш, маъмурийлаштириш (бошқарув жараёнларини, ҳужжат айланишини ёки тизимларни ташкил этиш, тартибга солиш ва назорат қилиш бўйича техник-ташкилий чора-тадбирларни бажариш) ва техник қўллаб-қувватлаш «UZINFOCOM» МЧЖ томонидан амалга оширилади;
«U-Gas» дастурининг маълумотлари табиий газни сотиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши ҳолати тўғрисидаги расмий маълумотлар ҳисобланади ҳамда назорат қилувчи органлар томонидан маъмурий таъсир чораларини қўллаш учун асос бўлиб эътироф этилади.
Бунда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида АГТКШларда ўрнатилган газ тарқатиш устунлари орқали сотилган газ ҳажми газ таъминоти корхонаси ва шохобча ўртасида ҳисоб-китоб учун ўрнатилган ҳисоблагич орқали қабул қилинган газ ҳажмидан ортиқ бўлган ҳолларда, технологик йўқотишларни инобатга олган ҳолда ҳақиқий сотилган газ миқдорлари бўйича тўловлар тўланади;
б) 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларида нефть маҳсулотлари (бензин ва дизель ёнилғиси), суюлтирилган углеводород гази ва сиқилган газни сақлаш сиғимлари ва уларни тарқатиш устунларини ўзида жамлаган, бир жойда ёнма-ён жойлашадиган контейнерларни ўрнатишга қуйидаги талаблар асосида рухсат берилади:
саноат хавфсизлиги талабларига тўлиқ жавоб берувчи, завод усулида тайёрланган ва сертификатланган мулти-ёқилғи («multi-fuel») модулли шохобчалардан фойдаланганда;
суюлтирилган углеводород гази ва сиқилган газни қўйиш шохобчаларида технологик қурилмалар (сиғим, насос, компрессор, тарқатиш устунлари ва бошқа жиҳозлар) бир-биридан белгиланган хавфсиз масофаларда мустақил конструкция ва пойдеворларда саноат хавфсизлиги талабларига жавоб берувчи, ёнғинга қарши ҳимоя тўсиқлари, икки қаватли сиғимлар ва автоматик авариявий блокировка тизимлари билан жиҳозланган тартибда ўрнатилганда.
7. Адлия вазирлиги Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси билан биргаликда:
2027 йил 1 сентябрга қадар ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларида фаолият юритаётган махсус ўқув курсларини тамомлаган ва хавфли ишлаб чиқариш объектларида фаолиятни амалга оширишга рухсат берувчи сертификатларга (рухсатномаларга) эга бўлган муҳандис-техник ходимлар фаолиятини назорат қилиш мақсадида «Лицензия» ахборот тизими ва Ягона миллий меҳнат тизими ўзаро интеграция қилинишини ҳамда уларнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлар (рўйхатга олингани ва чиқарилгани) бўйича автоматик сигнал бериш механизмини йўлга қўйган ҳолда, ушбу қарорнинг 2-бандида келтирилган ваколатли органлар томонидан мониторинг қилиб бориш имкониятини яратсин;
2027 йил 1 январдан бошлаб хавфли ишлаб чиқариш объектларида фаолиятни амалга оширишга рухсат берувчи тегишли сертификатларга (рухсатномаларга) эга бўлмаган мутахассислар билан фаолият юритаётган ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотлари фаолиятини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатиш чораларини кўрсин ҳамда камчиликларни бартараф қилинган кунда автоматик тарзда фаолияти тиклансин.
8. Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси:
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2026 йил 1 декабрга қадар республикадаги нефть ва газ маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи, импорт асосида олиб келувчи ва автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида сотаётган нефть ва газ маҳсулотларини онлайн назорат қилиш тизимини жорий этишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини;
Рақамли технологиялар вазирлиги ва «UZINFOCOM» МЧЖ билан биргаликда 2026 йил 1 августга қадар республикада фаолият кўрсатаётган автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари ва автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида автобензин маҳсулоти ва суюлтирилган газ ҳисоби бўйича бевосита тарқатиш устунларидаги («диспенсерлар») маълумотларни реал вақт режимида тўплаш ва юритиш имконини берувчи ахборот тизимини ишлаб чиқиш ҳамда босқичма-босқич жорий этиш бўйича асосланган таклифларни (молиялаштириш манбаларини белгиланган ҳолда) Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
9. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2026 йил 1 декабрга қадар хорижий тажрибани ўрганиш асосида янги қурилаётган ёки қайта реконструкция қилинаётган хавфли ишлаб чиқариш объектларида мавжуд ер устида суюлтирилган углеводород газини сақловчи, ортиқча босим остида ишлайдиган сиғимларни икки деворли сиғимларга алмаштириш, шунингдек, ер устига ўрнатилган сиғимларни босқичма-босқич ер остига ўрнатиш тартибини белгиловчи шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига зарур ўзгартириш ва қўшимчаларни ишлаб чиқиб амалиётга жорий этсин.
10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
а) ёқилғи қуйиш шохобчалар ва газ тўлдириш иншоотлари жойлашган ҳудудларнинг ҳимоя майдонлари атрофида қонунчилик ҳужжатлари, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган объектлар қурилиши учун ер участкалари ажратилмаслигини алоҳида назоратга олсин;
б) 2026 йил 1 сентябрга қадар инсонлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирадиган, жамоат хавфсизлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, саноат ва ёнғин хавфсизлиги ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, шу жумладан, белгиланган муҳофаза зоналари талабларига жавоб бермайдиган ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотлари реестрини шакллантирсин ҳамда уларни босқичма-босқич хавфсиз ҳудудларга кўчириш юзасидан чора-тадбирларни ишлаб чиқсин.
Бунда:
ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотлари кўчирилган тақдирда, мазкур ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари тадбиркорлик субъектлари ихтиёрига қолдирилади;
фақат АГТКШлар хавфсиз ҳудудларга кўчирилган тақдирда, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда уларга, истисно тариқасида, газ тармоқларига уланишга техник шартлар расмийлаштириб берилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 февралдаги 86-сон «Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори.
Ушбу чора-тадбирлар режасида белгиланган ишларни молиялаштириш Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда келгуси йилларнинг ҳудудларни ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларига киритилишини таъминласин.
11. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотлари ҳудудида кичик ҳажмдаги (300 куб метргача) қўшимча қурилиш ишларини амалга ошириш учун лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашлари томонидан мажбурий тарзда кўриб чиқилиши, келишилиши ва давлат экспертизасидан ўтказилиши, шунингдек, шохобчалар учун лойиҳа-смета ҳужжатлари мураккаблик тоифасига қараб, юқори малакали лойиҳа институтлари томонидан ишлаб чиқилиши талабларини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
12. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Рақамли технологиялар вазирлиги 2026 йил 1 сентябрга қадар Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ҳамда Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси учун барча турдаги шохобчаларда қўлланилаётган ўлчов воситаларини метрологик қиёслаш муддатларини назорат қилиш мақсадида Техник тартибга солиш миллий ахборот тизимидан (TRIS) фойдаланиш имкониятини яратишни таъминласин.
13. «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖ Адлия вазирлиги, Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 августга қадар биржа савдоларининг электрон тизимини «Лицензия» ахборот тизимлари мажмуаси билан интеграция қилиш орқали алоҳида биржа савдо секцияларида суюлтирилган газни харид қилиш учун фақатгина суюлтирилган газни сотишга тегишли лицензияси мавжуд бўлган хўжалик юритувчи субъектлар иштирок этиш тизимини жорий этсин.
Бунда алоҳида биржа савдо секцияларида суюлтирилган газни харид қилиш учун лицензияланадиган фаолият тури билан шуғулланмайдиган, технологик ишлаб чиқариш ва ўз эҳтиёжлари учун суюлтирилган газдан фойдаланувчи суюлтирилган газни қабул қилиш, сақлаш ва тарқатиш учун моддий-техник базага эга бўлган тегишли хўжалик юритувчи субъектлар томонидан алоҳида биржа савдо секцияларида суюлтирилган газни харид қилиниши Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан тақдим этиладиган рўйхатга мувофиқ амалга оширилади.
14. Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси, Энергетика вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамда соҳадаги тегишли ташкилотлар билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмуни ва моҳиятини оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилишини таъминласин.
15. Республика ҳудудидаги ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларида авария ва нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш ҳамда хавфсизлик ва экология талабларига риоя этилишини таъминлаш доирасида:
Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Д.А. Исақулов — ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларида технологик жараёнлар ва асбоб-ускуналарни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва қоидаларга риоя этилишини таъминлаш бўйича;
Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раиси А.В. Рафиқов — ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларида саноат хавфсизлиги қоидаларига мувофиқлигини таъминлаш бўйича;
фавқулодда вазиятлар вазири А.И. Икрамов — ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларида хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига мувофиқлигини таъминлаш бўйича;
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси — ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларига мувофиқлигини таъминлаш бўйича масъул этиб белгилансин ва уларга белгиланган ишларни тизимли, ўз вақтида амалга ошириш бўйича жавобгарлик юклансин.
16. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 6-иловага мувофиқ айрим қарорларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.
17. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 18 июнь,
315-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 июндаги 315-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларига ёнғин хавфсизлиги қоидаларига уларнинг мувофиқлиги бўйича қўйиладиган
МИНИМАЛ ТАЛАБЛАР

Т/р

Талаблар рўйхати ва мазмуни

1.

Қурилиши тугалланган объектни фойдаланишга қабул қилиш ҳақидаги Давлат қабул комиссияси далолатномасининг мавжудлиги.

2.

Давлат ёнғин назорати органларининг ёзма кўрсатмаларида (далолатнома, тавсияномалар маълумотномаси) таклиф этилган ёнғинга қарши тадбирларнинг бажарилгани.

3.

Объект меъёр талабларига асосан ёнғинни ўчиришнинг бирламчи воситалари билан таъминлангани.

4.

Объектда мавжуд бўлган ёнғин ўчириш техникаларининг (мотопомпа) техник ҳолати ва ёнғин ўчириш анжомлари билан тўлиқ жиҳозлангани.

5.

Бино ва иншоотлар ёнғин автоматикаси тизими билан жиҳозлангани ва созлиги.

6.

Ишчи хизматчилар статик электр токи ҳосил қилмайдиган махсус кийим бош билан таъминлангани.

7.

Объектда амалдаги стандартга мувофиқ ёнғин хавфсизлиги бўйича белгилар (огоҳлантирилувчи билдиришномалар ва расмли тасвирлар билан ифодаланган ахборот стендлар) ўрнатилгани.

8.

Ёнғинга қарши сув таъминотининг мавжудлиги ва ишчи ҳолатда бўлиш.

9.

Раҳбар томонидан тасдиқланган ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилгани ва барча ишчи-хизматчиларга таништирилгани, улар ёнғин содир бўлганда ҳаракатланиш тартибларини билишлари.

10.

Раҳбарнинг буйруғи билан ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун жавобгар шахслар тайинлангани.

11.

Раҳбар томонидан тасдиқланган объект ҳудудидан одамлар ва транспорт воситаларини эвакуация қилиш режаси мавжудлиги.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 июндаги 315-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларига технологик жараёнлар ва асбоб-ускуналарни техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича норматив ҳужжатлар ва қоидаларга уларнинг мувофиқлиги бўйича қўйиладиган
МИНИМАЛ ТАЛАБЛАР

Т/р

Талаблар рўйхати ва мазмуни

1.

Фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга ошириш учун фойдаланиладиган муҳандислик коммуникациялари ва технологик асбоб-ускуналарга эгалик ҳуқуқини (кадастр, давлат рўйхатдан ўтганлиги) ва бошқа ашёвий ҳуқуқни (нотариал ва давлат рўйхатидан ўтганлиги) тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжудлиги.

2.

Қурилиши тугалланган объектни фойдаланишга қабул қилиш ҳақида Давлат қабул комиссияси далолатномасининг мавжудлиги.

3.

Шохобчанинг техник паспорти ва тасдиқланган технологик схемаси мавжудлиги.

4.

Шохобча лойиҳаси «Хавфи юқори бўлган объектларни ҳамда потенциал хавфли ишлаб чиқаришларни лойиҳалаштириш» бўйича махсус лицензияга эга бўлган лойиҳа ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилгани.

5.

Шохобча лойиҳасига мутасадди корхона томонидан берилган эксперт хулосасининг мавжудлиги ҳамда буюртмачи корхона томонидан тасдиқлангани.

6.

Шохобчада ўрнатилган технологик асбоб-ускуналар, агрегатлар ҳамда бошқа ускуна ва жиҳозларнинг лойиҳага мувофиқлиги, назорат ва ўлчаш воситаларининг ҳолати ва метрология текширувидан ўтказилгани, маҳсулот сақловчи сиғимларни ташқи атмосфера таъсиридан ҳимоялангани.

7.

Шохобчада ёқилғи миқдорлари бўйича ҳисоб-китоб тизими яратилгани ва ҳисоблаш ускунасининг яроқлилигини тасдиқловчи мутасадди корхоналар томонидан берилган ҳужжатлар мавжудлиги.

8.

Шохобчада белгиланган тартибда келишилган газ тўлдириш регламентининг мавжудлиги*.

9.

Шохобчада маҳсулотни қабул қилиш, сақлаш ва тарқатишда ўз эҳтиёжи ва технологик йўқотишлар миқдори бўйича ваколатли корхона томонидан ишлаб чиқилган услубий қўлланма (методика) мавжудлиги.

10.

Шохобчада маҳсулотларнинг сифати техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқлигини назорат қилиш кимё лабораторияси мавжудлиги ва уларни керакли синов, ўлчаш воситалари, стандарт намуналари билан таъминлангани ёки Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан техник жиҳатдан малакалангани маъқулланган кимё лабораторияси билан тузилган шартномаларнинг мавжудлиги ҳамда сотиладиган ёқилғи маҳсулотларининг сифат кўрсаткичлари бўйича мувофиқлик сертификатининг мавжудлиги.

11.

Шохобчада ишлаётган муҳандис-техник ходимларнинг малакаси оширилгани тўғрисида гувоҳномалари мавжудлиги.

12.

Нефть маҳсулотларини вагон-цистерналардан қабул қилиш учун боши берк темир йўлнинг мавжудлиги, вагон-цистерна ёки автоцистерналардан алоҳида-алоҳида қабул қилиб олишда технологик жиҳозлар билан таъминлангани, уларнинг лойиҳага мувофиқлиги.*

13.

Шохобчада маҳсулотларни қабул қилиш ва тарқатишда қиздириш мослама ва қурилмаларнинг мавжудлиги.*

* Ушбу талаблар корхоналарнинг фаолият турига қараб татбиқ этилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 июндаги 315-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларига саноат хавфсизлиги қоидаларига уларнинг мувофиқлиги бўйича қўйиладиган
МИНИМАЛ ТАЛАБЛАР

Т/р

Талаблар рўйхати ва мазмуни

1.

Хавфли ишлаб чиқариш объекти лойиҳа ҳужжатларининг саноат хавфсизлиги экспертиза хулосаси мавжудлиги.

2.

Хавфли ишлаб чиқариш объектини идентификациялаш бўйича экспертиза хулосаси мавжудлиги.

3.

Хавфли ишлаб чиқариш объектида авария содир бўлганда, бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига ҳамда атроф-муҳитга зарар етказганлик учун фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси мавжудлиги.

4.

Босим остида ишловчи сиғимлар паспортларининг мавжудлиги.

5.

Босим остида ишловчи сиғимларда манометрларнинг ўрнатилганлиги ва метрология текширувидан ўтказилгани.

6.

Босим остида ишловчи сиғимларнинг навбатдаги ички кўрик ва гидравлик синовдан ўтказилгани.

7.

Назорат ўлчов асбоби циферблатида рухсат этилган ишчи босим, сарф ва ҳарорат ва бошқаларга мос бўлган шкалани бўлиб ўтувчи қизил чизиқ мавжудлиги.

8.

Босим остида ишлайдиган сиғимларни ортиқча босимдан муҳофаза қилиш клапанининг паспорти мавжудлиги.

9.

Босим остида ишлайдиган сиғимларни ортиқча босимдан муҳофаза қилиш клапанининг созлиги ва белгиланган муддатда текширилгани.

10.

Муҳандис техник ходим, газ тўлдирувчи, оператор, газ хўжалиги бўйича ишчи-ходим ва чилангарларнинг хавфсиз иш юритиш усуллари бўйича ўқитилиб, аттестация ва даврий билим синовларидан ўтказилгани.

11.

Босим остида ишловчи идишларнинг созлиги ва хавфсиз ишлатилишини таъминлаш бўйича жавобгар шахсларнинг (муҳандис-техник ходим) тайинлангани тўғрисида буйруқ расмийлаштирилгани.

12.

АГҚШ газ ўтказгичлари, сиғимлари (резервуар) ва ускуналарида ўрнатилган сақловчи пружинали клапанларнинг созлиги ва таъсир кучи, бир ойда камида бир марта, уларни қисқа муддатли очиб туриш йўли билан текширилгани.

13.

Сиғимларнинг (резервуар) сақловчи ташлама клапанлари — 6 ойда камида бир марта, қолган ташлама клапанлар — жорий таъмирлашни ўтказиш пайтида бир йилда камида бир марта текширилгани.

14.

Синашдан кейин клапанларнинг тамғаланишига, текшириш натижалари умумий қабул қилинган далолатнома шаклида расмийлаштирилгани ҳамда навбатдаги синов муддати кўрсатилган темирча (бирка) осиб қўйилгани.

15.

Компрессор ва насосларнинг босими ҳайдаш йўлларидаги белгиланган ишчи босимидан кўтарилиб кетганда, электроконтактли манометрлар орқали электрдвигателларни автоматик равишда ўчириш тизимининг мавжудлиги.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 июндаги 315-сон қарорига
4-ИЛОВА
Ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларига экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларига уларнинг мувофиқлиги бўйича қўйиладиган
МИНИМАЛ ТАЛАБЛАР

Т/р

Талаблар рўйхати ва мазмуни

1.

Барча режалаштириладиган ишларни бажариш учун, хусусан, об-ҳавонинг ноқулай шароитларидан ҳимоя қилишни таъминлангани.

2.

Оқава сувларни тўпланмаслиги учун шароитларнинг яратилгани.

3.

Сиғимларнинг герметиклигининг таъминлангани.

4.

Суюлтирилган углеводород гази сақланадиган сиғимлар ва қувурлардаги эҳтимолий чиқиш нуқталарини мунтазам текшириш ҳамда ёриқ ёки шикастланиш аниқланганда зудлик билан бартараф этиш чораларининг кўрилгани.

5.

Омбор ҳудудида атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган моддаларнинг тупроққа ёки сув манбаларига тушишини олдини олиш учун тўсиқ ва изоляция чораларининг таъминлангани.

6.

Омбор ҳудудида ер ости ва ер усти сувларини ифлослантирмаслик учун ёғин сувлари ва технологик оқоваларни тўплаш, тозалаш ҳамда нейтраллаш иншоотларининг мавжудлиги ва самарали ишлаши.

7.

Сув ҳавзаларига ёки ер ости сув қатламларига суюлтирилган углеводород гази, нефть маҳсулотлари ёки бошқа ифлослантирувчи моддаларнинг тушишини олдини олиш мақсадида гидроизоляцияланган захира ҳовузлар ва авариявий тўсиқ тизимлари ўрнатилгани.

8.

Ҳосил бўлган ишлаб чиқариш ва маиший чиқиндиларни вақтинча сақлаш жойларини ташкил этилгани ва ўз вақтида олиб чиқиб кетилиши таъминлангани.

9.

Давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси олингани ва хулоса талабларининг бажарилиши таъминлангани.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 июндаги 315-сон қарорига
5-ИЛОВА
Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида «U-Gaz» дастурий-аппарат мажмуасини жорий этиш, ундан фойдаланиш ва уни техник қўллаб-қувватлашнинг
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Регламент автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида (кейинги ўринларда — АГТКШ) «U-Gaz» аппарат-дастурий мажмуасини (кейинги ўринларда — дастурий мажмуа) жорий этиш, ундан фойдаланиш ва уни техник қўллаб-қувватлаш тартибини белгилайди.
Регламент талаблари тегишли лицензия асосида АГТКШ орқали сиқилган газни сотиш фаолияти билан шуғулланувчи, шунингдек, мазкур фаолиятни амалга ошириш учун биринчи марта лицензия олишни режалаштираётган юридик шахслар, Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор ва назорат қилувчи ваколатли органлар учун мажбурий ҳисобланади.
2. Мазкур Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
«U-Gaz» аппарат-дастурий мажмуаси — Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор «UZINFOCOM» МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган ва АГТКШлар орқали сиқилган газни сотишда унинг ҳисоб-китобини реал вақт режимида бевосита шохобчадаги диспенсерлар орқали назорат қилиш ҳамда қонунчилик ҳужжатлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талаблар ва қоидалар бузилиш ҳолатларини аниқлаш имконини берувчи тизим;
фойдаланувчи — АГТКШ орқали сиқилган газни сотиш фаолияти билан шуғулланувчи ёки мазкур фаолиятни амалга оширишни режалаштирган ҳамда дастурий мажмуани «UZINFOCOM» МЧЖ билан тузиладиган шартнома асосида ўрнатиш (ишга тушириш) истагини билдирган юридик шахслар;
интегратор — дастурий мажмуани ўрнатиб берувчи (ишга туширувчи), унинг узлуксиз ишлашини таъминловчи ҳамда фойдаланувчиларга шартнома асосида тегишли хизматларни кўрсатувчи — «UZINFOCOM» МЧЖ;
назорат қилувчи ваколатли орган — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва қонунчилик ҳужжатлари билан ваколат берилган бошқа орган;
таъминотчи — табиий газни газ узатиш ташкилотидан қабул қилувчи ва тақсимлаш тармоқлари орқали АГТКШда сиқилган газни сотиш фаолиятини амалга оширувчи юридик шахслар билан тузилган шартнома асосида етказиб берувчи ташкилот.
2-боб. Фойдаланувчиларнинг объектларида «U-Gaz» аппарат-дастурий мажмуасини ўрнатиш ва ишга тушириш тартиби
3. Фойдаланувчиларга тегишли бўлган АГТКШларда дастурий мажмуа ушбу Регламентга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ ўрнатилади ва ишга туширилади.
4. Фойдаланувчи дастурий мажмуани АГТКШда ўрнатиш ва ишга тушириш учун интеграторга электрон шаклда электрон калит орқали имзоланган аризани юборади.
5. Тақдим этилган аризалар интегратор томонидан бепул асосда қабул қилинади ва кўриб чиқилади.
6. Аризага қуйидагилар илова қилинади:
солиқ тўловчининг СТИР гувоҳномаси;
фойдаланувчининг низоми (устави);
АГТКШнинг кадастр ҳужжатлари (иловалари ва чизмалари билан бирга);
АГТКШ орқали сиқилган газни сотиш ҳуқуқини берувчи лицензия;
Хавфли ишлаб чиқариш объектида авария юз берган тақдирда, бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига ҳамда атроф-муҳитга зарар етказганлик учун фуқаролик жавобгарлиги суғурта қилингани тўғрисидаги электрон суғурта полиси;
тегишли лицензияга (рухсатнома) эга бўлган ташкилот (электр-техник лаборатория) томонидан фойдаланувчининг объектидаги электр қурилмаларга (заминлагичга) тақдим этилган мувофиқлик ҳужжатлари далолатномаси, куч трансформаторининг синов далолатномаси ва бошқалар);
АГТКШ ижара шартномаси (агар АГТКШ ижара шартномаси асосида фойдаланилаётган бўлса);
АГТКШнинг умумий кўриниши акс этган 2 дона фотосурат;
АГТКШдаги диспенсерларни бошқариш учун ўрнатилган оператор хонасидаги пульт қурилмаси акс этган фотосурат (оператор хонасининг ички томонидан олинган);
АГТКШдаги диспенсер, уларнинг биркалари ҳамда ички қисмидаги платаларнинг фотосуратлари (ҳар бири алоҳида олинган бўлиши керак);
фойдаланувчининг объектида интернет алоқа тармоғи мавжудлиги тўғрисида маълумотнома;
АГТКШда фойдаланадиган ортиқча босимда ишлайдиган қурилмалар (шланглар) навбатдаги синовдан ўтказилгани ҳақида далолатнома;
ортиқча босимда ишлайдиган қурилмалар хавфсизлик клапанларнинг тарировка (калибровка) қилингани тўғрисидаги далолатнома.
7. Фойдаланувчи томонидан дастурий мажмуани АГТКШда ўрнатиш ва ишга тушириш учун интеграторга юборилган ариза уч иш куни ичида кўриб чиқилади.
8. Фойдаланувчи томонидан тақдим этилган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларда камчиликлар аниқланган тақдирда, ушбу камчиликларни кўрсатган ҳолда, уларни бартараф этиш учун интегратор аризани фойдаланувчига дарҳол қайтаради.
9. Камчиликлар бартараф этилгандан сўнг фойдаланувчи томонидан ариза қайта тақдим этилган тақдирда, ариза интегратор томонидан бир иш куни ичида кўриб чиқилади. Бунда аризани қўшимча аниқланган камчиликлар билан қайтаришга қўл қўйилмайди.
10. Фойдаланувчи томонидан киритилган ариза ижобий баҳоланган тақдирда, интегратор бир иш куни ичида фойдаланувчига электрон шаклда шахсий кабинет орқали тегишли хабарнома ва шартнома лойиҳасини (оммавий оферта) имзолаш учун юборади.
11. Модерация жараёни муваффақиятли якунлангач, шартнома электрон ҳужжат айланиш тизимида автоматик тарзда шакллантирилади ҳамда томонларнинг электрон рақамли имзоси (ERI) билан тасдиқланади.
Шартнома томонларнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган кундан бошлаб расман тузилган ҳисобланади.
12. Шартнома расман тузилган кундан бошлаб 5 иш куни ичида интегратор дастурий мажмуани ўрнатиш, ишга тушириш ва созлаш ишларини амалга оширади ҳамда унинг доимий равишда узлуксиз ва барқарор ишлашини таъминлайди.
13. Фойдаланувчи ва интегратор ўртасида дастурий мажмуадан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатлар тузилган шартнома асосида тартибга солинади.
14. Интегратор назорат қилувчи ваколатли органга (ҳудудий бошқармаларга) дастурий мажмуанинг барча функционал имкониятларидан фойдаланиш, шунингдек, доимий назорат ва мониторингни амалга ошириш ҳамда ҳисоботларни шакллантириш учун зарур шароитларни яратиб беради.
15. Интегратор дастурий мажмуадаги маълумотларни сақлаш ва узатишни ҳимоялайди, унинг барқарор ва хавфсиз ишлашини, шунингдек, назорат қилувчи ваколатли органга реал вақт режимида ишончли маълумотлар тақдим этилишини таъминлайди.
3-боб. «U-Gaz» дастурий-аппарат мажмуасини жорий этиш, доимий эксплуатация қилиш ва назоратни амалга ошириш тартиби
16. Фойдаланувчиларга тегишли бўлган АГТКШлар орқали сотиладиган сиқилган газ ҳисоби ҳамда қонунчилик ҳужжатлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талаблар ва қоидалар бузилиш ҳолатларини дастурий мажмуаси орқали назорат қилиш схемаси ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ амалга оширилади.
17. Фойдаланувчи ўзига тегишли бўлган АГТКШда дастурий мажмуани жорий этиш (монтаж қилиш, ишга тушириш ва созлаш ишлари доирасида) учун интеграторга қуйидаги шароитларни яратиб бериш мажбуриятини олади:
интегратор вакилларини АГТКШ ҳудудига тўсқинликсиз киритиш;
АГТКШда ўрнатилган диспенсерлардаги дастурий мажмуага маълумотларни узлуксиз узатиш учун мўлжалланган контроллерлар, коммуникация шлюзлари ва бошқа завод тўпламига кирувчи жиҳозлар тўлиқлигини таъминлаш;
зарурат туғилганда, АГТКШ электр таъминотини ва (ёки) диспенсерлар орқали сиқилган газни сотилишини вақтинча тўхтатиб туриш;
дастурий мажмуани жорий этиш доирасида бошқа талаб этиладиган вазифаларни (монтаж қилиш, ишга тушириш ва созлаш ишлари) амалга ошириш чораларини кўриш.
18. Интегратор дастурий мажмуанинг автоматлаштирилган мониторинг тизими орқали АГТКШлардаги қуйидаги қоидабузарликларни аниқлайди:
АГТКШдаги диспенсерлар орқали сиқилган газни сотиш вақтида газ баллонларига рухсат этилган босимдан ортиқча миқдорда (20 МПа дан юқори) газ тўлдириш;
сиқилган газда ҳаракатланишга мослаштирилган, лекин навбатдаги техник кўрикдан ўтмаган транспорт воситаларини газ баллонларига сиқилган газни тўлдириб бериш;
сиқилган газда ҳаракатланишга мослаштириш учун тегишли рухсатномага эга бўлмаган, техник паспортда кўрсатилган ёнилғи тури талабларига мос келмайдиган транспорт воситаларига ўзбошимчалик билан ўрнатилган газ баллонларига сиқилган газ тўлдириб бериш;
интегратор хизмати учун мавжуд қарздорлик сабабли дастурий мажмуа билан бир иш кунидан ортиқ вақт мобайнида синхронизация жараёни амалга оширилмаётган АГТКШлар ёки улардаги диспенсерларни аниқлаш;
сиқилган газни сотишда газ ҳажмларини қасддан дастурий мажмуадан яширишга уриниш (интегратор томонидан ўрнатилган ускуналарни ўчириб қўйиш, демонтаж қилиш, тизимни айланиб ўтиш йўлларини жорий этиш, лойиҳадан ташқари диспенсерлар ўрнатиш, интернет алоқасини қасддан ўчириш ва бошқалар);
АГТКШ операторининг марказий диспетчерлик ускуналаридан ёки диспенсерлардан тўғридан-тўғри маълумот олиш орқали сотилаётган сиқилган газ нархларини сунъий равишда ошириш;
дастурий мажмуа имконияти доирасидаги ҳамда назорат қилувчи ваколатли орган ваколатларига кирувчи ва амалдаги қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа қоидабузарликлар.
19. Интегратор дастурий мажмуа мониторинг тизими орқали аниқланган қоидабузарликлар тўғрисидаги реал вақт режимида назорат қилувчи ваколатли органларга ва фойдаланувчига электрон шаклда шахсий кабинет орқали тегишли хабарнома юборади.
20. Фойдаланувчи зудлик билан йўл қўйилган қоидабузарликларни бартараф этиши ва назорат қилувчи ваколатли органга мазкур қоидабузарликлар тўлиқ бартараф этилгани тўғрисида бир кун муддат ичида электрон шаклда шахсий кабинет орқали тегишли хабарнома юбориши шарт.
Фойдаланувчи белгиланган муддатда қоидабузарликларни бартараф этиш чораларини кўрмаган ва назорат қилувчи ваколатли органга хабарнома юбормаган тақдирда, назорат қилувчи ваколатли орган фойдаланувчига тегишли бўлган АГТКШда қонунчиликда белгиланган тартибда текшириш ўтказишга ҳамда чора кўришга ҳақли бўлади.
21. Таъминотчи ушбу кўрсатмани олган вақтдан бошлаб 24 соат ичида фойдаланувчига тегишли бўлган АГТКШ табиий газ таъминотини тўхтатиш чорасини кўради ва бу ҳақида назорат қилувчи ваколатли органни хабардор қилади.
22. Назорат қилувчи ваколатли орган кўрсатмасини бажармаслик таъминотчига нисбатан амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик чораларини кўришга асос бўлади.
23. Фойдаланувчи қоидабузарликлар тўлиқ бартараф этилгандан сўнг назорат қилувчи ваколатли органга АГТКШнинг газ таъминотини тиклашга рухсат сўраб хабарнома юборади.
24. Назорат қилувчи ваколатли орган фойдаланувчининг хабарномасига кўра бир иш куни ичида дастурий мажмуа орқали фойдаланувчига тегишли бўлган АГТКШда текшириш ўтказилган кундан кейинги даврда қоидабузарлик ҳолатлари қайд этилган ёки қайд этилмаганини кўриб чиқади ва тегишли хулоса тайёрлайди.
25. Назорат қилувчи ваколатли орган томонидан дастурий мажмуа орқали фойдаланувчига тегишли бўлган АГТКШда текшириш ўтказилган кундан кейинги даврда қоидабузарлик ҳолатлари қайд этилмаган бўлса, у ҳолда мазкур АГТКШнинг газ таъминотини тиклаш юзасидан бир иш куни ичида таъминотчига электрон шаклда кўрсатма юборади ва бу ҳақида фойдаланувчини хабардор қилади.
26. Таъминотчи назорат қилувчи ваколатли органнинг тегишли хулосаси асосида тайёрланган кўрсатмага мувофиқ кўрсатмани олган вақтдан бошлаб 24 соат ичида фойдаланувчига тегишли бўлган АГТКШ табиий газ таъминотини қайта тиклайди.
4-боб. Якунловчи қоидалар
27. Фойдаланувчи ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган ёки тўлиқ тугатган тақдирда, бу ҳақида таъминотчи ҳамда интеграторга 5 кун ичида электрон шаклда шахсий кабинет орқали тегишли хабарнома юборади.
28. Фойдаланувчига тегишли бўлган АГТКШ мулкдори ўзгарганда ёки АГТКШ ижара шартномаси асосида учинчи шахсларга фойдаланишга топширилганда, бир кун муддат ичида фойдаланувчи бу ҳақида назорат қилувчи ваколатли орган, интегратор ва таъминотчини белгиланган тартибда хабардор қилади.
29. Ушбу Регламент талабларининг бузилишида белгиланган тартибда айбдор шахслар амалдаги қонунчиликдаги талабларга мувофиқ жавоб беради.
Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида «U-Gaz» дастурий-аппарат мажмуасини жорий этиш, ундан фойдаланиш ва уни техник қўллаб-қувватлашнинг маъмурий регламентига
1-ИЛОВА
«U-Gaz» аппарат-дастурий мажмуасини ўрнатиш ва ишга тушириш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддати

1-босқич

Фойдаланувчи

«U-Gaz» дастурий-аппарат мажмуасини АГТКШда ўрнатиш ва ишга тушириш учун интеграторга электрон шаклда электрон калит орқали имзоланган ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни юборади.

Ўз ихтиёрига кўра

2-босқич

Интегратор

«U-gaz» электрон тизими орқали юборилган аризани бепул асосда қабул қилади ва кўриб чиқади. Камчиликлар аниқланган тақдирда, уларни бартараф этиш учун фойдаланувчига қайтаради.

Уч иш куни давомида

3-босқич

Фойдаланувчи

Аниқланган камчиликларни бартараф этган ҳолда тизимга аризани қайта киритади.

Ўз ихтиёрига кўра

4-босқич

Интегратор

Қайта киритилган аризани монеликсиз кўриб чиқади. Ижобий деб топилган тақдирда фойдаланувчига электрон тарзда шартнома ҳамда оферта юборади.

Бир иш куни давомида

5-босқич

Фойдаланувчи

Оферта билан танишиб, тасдиқлагандан сўнг шартнома автоматик тарзда тузилади.

Ўз ихтиёрига кўра

6-босқич

Интегратор

Шартнома расман тузилган кундан бошлаб «U-Gaz» дастурий-аппарат мажмуасини ўрнатиш, ишга тушириш ва созлаш ишларини амалга оширади

Шартнома тузилгандан сўнг 5 иш куни ичида

7-босқич

Ҳимояланган маълумотларни сақлаш, узатиш, тизимнинг хавфсиз ишлашини таъминлайди.

Доимий

8-босқич

Назорат қилувчи ваколатли органга (ҳудудий бошқармаларга) «U-Gaz» дастурий-аппарат мажмуасининг барча функционал имкониятларидан фойдаланиш, шунингдек, доимий назорат ва мониторингни амалга ошириш ҳамда ҳисоботларни шакллантириш учун зарур шароитларни яратиб беради.

Шартнома тузилгандан сўнг

Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида «U-Gaz» дастурий-аппарат мажмуасини жорий этиш, ундан фойдаланиш ва уни техник қўллаб-қувватлашнинг маъмурий регламентига
2-ИЛОВА
АГТКШлар орқали сотиладиган сиқилган газ ҳисоби ҳамда қонунчилик ҳужжатлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талаблар ва қоидалар бузилиш ҳолатларини «U-Gaz» дастурий-аппарат мажмуаси орқали назорат қилиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддати

1-босқич

Интегратор

«U-Gaz» дастурий-аппарат мажмуасининг автоматлаштирилган мониторинг тизими орқали АГТКШларда Регламентнинг 18-бандида кўрсатилган қоидабузарликларни аниқлайди.

Доимий равишда

2-босқич

Интегратор

Аниқланган қоидабузарликлар тўғрисидаги реал вақт режимида назорат қилувчи ваколатли органларга ва фойдаланувчига электрон шаклда шахсий кабинет орқали тегишли хабарнома юборади.

1-босқич бажарилгандан сўнг дарҳол

3-босқич

Фойдаланувчи

Йўл қўйилган қоидабузарликларни бартараф этиш ва назорат қилувчи ваколатли органга мазкур қоидабузарликлар тўлиқ бартараф этилгани тўғрисида электрон шаклда шахсий кабинет орқали тегишли хабарнома юборади.

Бир кун муддат ичида

4-босқич

Назорат қилувчи ваколатли орган

Аниқланган қоидабузарликни белгиланган муддатда бартараф этиш чорасини кўрмаган ва назорат қилувчи ваколатли органга хабарнома юбормаган тақдирда, фойдаланувчига тегишли бўлган АГТКШда қонунчиликда белгиланган тартибда текшириш ўтказади ҳамда тегишли чора кўради.

5 иш куни ичида

5-босқич

Назорат қилувчи ваколатли орган

Фойдаланувчига тегишли бўлган АГТКШга вақтинча табиий газ етказиб берилишини тўхтатиш бўйича электрон шаклда таъминотчига кўрсатма юборади.

Бир иш куни ичида

6-босқич

Таъминотчи

Назорат қилувчи ваколатли органнинг кўрсатмасига мувофиқ фойдаланувчига тегишли бўлган АГТКШда табиий газ таъминотини тўхтатиш чорасини кўради ва бу ҳақида назорат қилувчи ваколатли органни хабардор қилади.

Кўрсатмаси олинган вақтдан бошлаб 24 соат ичида

7-босқич

Фойдаланувчи

Қоидабузарликлар тўлиқ бартараф этилгандан сўнг назорат қилувчи ваколатли органга АГТКШнинг газ таъминотини тиклашга рухсат сўраб хабарнома юборади.

Ўз хоҳишига кўра

8-босқич

Назорат қилувчи ваколатли орган

«U-Gaz» дастурий-аппарат мажмуаси орқали фойдаланувчига тегишли бўлган АГТКШда текшириш ўтказилган кундан кейинги даврда қоидабузарлик ҳолатлари қайд этилмаган тақдирда, мазкур АГТКШнинг газ таъминотини тиклаш юзасидан таъминотчига электрон шаклда кўрсатма юборади ва бу ҳақида фойдаланувчини хабардор қилади.

Бир иш куни ичида

9-босқич

Таъминотчи

назорат қилувчи ваколатли органнинг тегишли хулосаси асосида тайёрланган кўрсатмага мувофиқ фойдаланувчига тегишли бўлган АГТКШ табиий газ таъминотини қайта тиклайди.

Кўрсатмани олган вақтдан бошлаб 24 соат ичида

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 июндаги 315-сон қарорига
6-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Саноат хавфсизлигини экспертизадан ўтказиш ва экспертиза хулосасини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2018 йил 2 октябрдаги 784-сон қарори билан тасдиқланган Саноат хавфсизлигини экспертизадан ўтказиш ва экспертиза хулосасини бериш тартиби тўғрисидаги низом 3-бандининг «б» кичик банди иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«хизмат муддати тугаганлиги бўйича (бунда, автомобилларга газ қуйиш (пропан) ва автомобилларга газ тўлдириш компрессор (метан) шохобчалари, газ тўлдириш станциялари (ГТС) ва пунктларида (ГТП) ўрнатилган хизмат муддати тугаган босим остида ишлайдиган сиғимлар экспертизадан ўтказилмайди ва фойдаланишдан чиқарилади);».
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида» 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомда:
а) 40-банд қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«лицензия беришда келишиладиган органлар томонидан ўз ваколатлари доирасида ўтказиладиган ўрганишлар жараёнида лицензия ва рухсат этиш соҳасидаги талаб ва шартлар бузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, бир иш куни ичида бу ҳақидаги хабарнома ва асословчи ҳужжатлар лицензияловчи органга тақдим этилганда»;
б) 25-илова 9-позициясининг учинчи устунида:
«а» кичик банд «лицензиат томонидан нефть, газ (шу жумладан, сиқилган табиий ва суюлтирилган углеводород газини) ҳамда газ конденсатини қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек, амалдаги» сўзларидан сўнг «шаҳарсозлик» сўзи билан тўлдирилсин;
«з» кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«з) сиқилган табиий ёки суюлтирилган углеводород газда ишлашга мослаштирилганлиги тўғрисида тегишли рухсат этувчи ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ва (ёки) навбатдаги техник кўрикдан ўтмаган ёхуд ўзбошимчалик билан сиқилган ва суюлтирилган газ баллонлари бирга ўрнатилган автотранспорт воситаларига, фойдаланиш муддати ўтиб кетган ёки навбатдаги синовдан ўтказилмаган газ баллонларига газ тўлдирмаслик;*»;
«л» кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«л) АГТКШ орқали сотиладиган сиқилган газ сарфи ҳисобини, бевосита газ тарқатиш устунларидаги (диспенсерлар) маълумотларни реал вақт режимида тўплаш ва юритиш имконини берувчи Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор «UZINFOCOM» МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган тизим фаол ҳолатда бўлиши*»;
в) 26-илованинг 9-позицияси «и» кичик банди чиқариб ташлансин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида» 2022 йил 22 февралдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомга 4-илова 9-позициясининг «т» кичик банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 29 мартдаги 169-сон қарори билан тасдиқланган Жисмоний ва юридик шахсларга хулосалар бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг ягона маъмурий регламентида:
а) 2-илованинг 9-позицияси учинчи устуни қуйидаги мазмундаги «г» кичик банд билан тўлдирилсин:
«г) Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 30 июндаги 152-сон қарори билан тасдиқланган Техноген хавф юқори бўлган зоналар давлат кадастрини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ техноген хавфи юқори бўлган зоналар кадастр паспорти ишлаб чиқилганлиги ва давлат реестридан ўтказилганлиги»;
б) 3-илованинг 9-позицияси учинчи устуни қуйидаги мазмундаги «г» кичик банд билан тўлдирилсин:
«г) Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 30 июндаги 152-сон қарори билан тасдиқланган Техноген хавф юқори бўлган зоналар давлат кадастрини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ техноген хавфи юқори бўлган зоналар кадастр паспорти ишлаб чиқилганлиги ва давлат реестридан ўтказилганлиги».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.06.2026 й., 09/26/315/0614-сон)