ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ
Ҳуқуқий эксперимент тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 1 июлда қабул қилинган
Сенат томонидан 2025 йил 18 декабрда маъқулланган
Сенат томонидан 2025 йил 18 декабрда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади ҳуқуқий экспериментни ташкил этишга, ўтказишга, унинг натижаларини баҳолашга ва жорий этишга доир муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Ҳуқуқий экспериментнинг қўлланилиш соҳаси
Ҳуқуқий эксперимент давлат бошқаруви соҳасида, ижтимоий, иқтисодий ва ушбу Қонун билан чекланмаган бошқа соҳаларда қўлланилиши мумкин.
Инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини чеклайдиган, бекор қиладиган ёки инсоннинг ҳолатини бошқача тарзда ёмонлаштирадиган ҳолларда ҳуқуқий эксперимент ўтказилишига йўл қўйилмайди.
3-модда. Ҳуқуқий эксперимент тўғрисидаги қонунчилик
Ҳуқуқий эксперимент тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
4-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ваколатли орган — норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган орган ёки мансабдор шахс (бундан норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ваколатига эга бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мустасно);
масъул орган — ҳуқуқий экспериментни ўтказиш ва унинг натижаларини баҳолаш учун масъул этиб белгиланган давлат органи ёки ташкилоти;
экспериментал-ҳуқуқий норма — ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан белгиланган, ижтимоий муносабатларни тартибга солишга қаратилган, муайян ҳудудда ва (ёки) шахслар доираси бўйича чекланган ҳолда, белгиланган вақт оралиғида синовдан ўтказиладиган ҳуқуқий норма;
ҳуқуқий эксперимент — норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ёки ҳуқуқий норманинг самарадорлигини амалда муайян ҳудудда ва (ёки) шахслар доираси бўйича чекланган ҳолда, белгиланган вақт оралиғида синовдан (тажрибадан, апробациядан ва шу кабилардан) ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирлар мажмуи;
ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат — ижтимоий муносабатларни тартибга солишга қаратилган умуммажбурий қоидаларни белгилайдиган, амалда муайян ҳудудда ва (ёки) шахслар доираси бўйича чекланган ҳолда, белгиланган вақт оралиғида синовдан ўтказиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат.
5-модда. Ҳуқуқий экспериментнинг асосий принциплари
Ҳуқуқий экспериментнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
қонунийлик;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг устуворлиги;
жамоат хавфсизлигини, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг устуворлиги;
очиқлик ва ошкоралик;
асосланганлик;
долзарблик.
6-модда. Қонунийлик принципи
Ҳуқуқий экспериментни ташкил этиш, ўтказиш, унинг натижаларини баҳолаш ва жорий этиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, ушбу Қонунга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек ҳуқуқий экспериментнинг бошқа иштирокчилари уларга оғишмай риоя этиши ҳамда уларни бажариши шарт.
Ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларини аниқ ва бир хилда бажаришдан ҳамда уларга риоя этишдан ҳар қандай четга чиқиш, уларнинг сабаблари қандай бўлишидан қатъи назар, қонунийликни бузишдир ва у белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
7-модда. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг устуворлиги принципи
Ҳуқуқий экспериментни ташкил этишда, ўтказишда, унинг натижаларини баҳолашда ва жорий этишда жисмоний ва юридик шахсларни камситишга, бошқа жисмоний ва юридик шахсларга зарар етказган ҳолда бир жисмоний ва юридик шахсга имтиёзлар ёки преференциялар тақдим этишга, уларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини, шунингдек жамият ва давлат манфаатларини бузишга йўл қўйилмайди.
8-модда. Жамоат хавфсизлигини, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг устуворлиги принципи
Ҳуқуқий экспериментни ташкил этишда, ўтказишда, унинг натижаларини баҳолашда ва жорий этишда жамоат хавфсизлигини ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини бузишга, экологияга ва атроф-муҳитга зарар етказишга йўл қўйилмайди.
9-модда. Очиқлик ва ошкоралик принципи
Ҳуқуқий экспериментни ташкил этиш, ўтказиш, унинг натижаларини баҳолаш ва жорий этиш очиқ ҳамда ошкора амалга оширилади.
10-модда. Асосланганлик принципи
Ҳуқуқий экспериментни ўтказишнинг мақсадга мувофиқлиги ва зарурлиги таҳлил қилиниши ҳамда ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки экспериментал-ҳуқуқий нормалар орқали юзага келиши мумкин бўлган эҳтимолий оқибатлар асосланган бўлиши керак.
Ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ташаббус қилишга, тайёрлашга ва қабул қилишга фақат ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг оқибатларини норма ижодкорлигининг бошқа усуллари билан аниқлаш имкони мавжуд бўлмаганда йўл қўйилади.
11-модда. Долзарблик принципи
Ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки экспериментал-ҳуқуқий норма жамият ва давлат учун долзарб аҳамиятга эга бўлган масалани тартибга солишга қаратилган бўлиши керак.
12-модда. Ҳуқуқий экспериментнинг мақсади
Ҳуқуқий экспериментнинг мақсади экспериментал-ҳуқуқий нормаларни муайян соҳага жорий этишдан, ушбу нормаларнинг самарадорлигини таҳлил қилишдан ҳамда уларнинг натижасида юзага келган ёки келиши мумкин бўлган эҳтимолий оқибатларни ўрганиш ва баҳолаш орқали самарали ҳуқуқий нормаларни амалиётга жорий этишдан иборат.
13-модда. Ҳуқуқий экспериментнинг шартлари
Ҳуқуқий экспериментни ташкил этишда, ўтказишда, унинг натижаларини баҳолашда ва жорий этишда қуйидаги шартларга амал қилинади:
экспериментал-ҳуқуқий нормаларни қўллашда юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларнинг олдини олиш ва уларни камайтириш чораларини кўриш;
экспериментал-ҳуқуқий нормалар ҳуқуқий экспериментни жорий этиш мақсадлари доирасида синовдан ўтказилаётганлигини асослаш;
экспериментал-ҳуқуқий нормаларни турлича талқин қилинмайдиган ёки ноаниқликка йўл қўйилмайдиган даражада тушунарли тарзда баён этиш;
ҳуқуқий экспериментни ўтказишда иштирокчиларнинг тенглигини таъминлаш, шунингдек етарлича асосланмаган имтиёзлар, давлат ёрдами берилишига ва чекловлар белгиланишига йўл қўймаслик;
ҳуқуқий экспериментнинг оқилоналиги ва манфаатдор тарафларда белгиланган талабларни бажариш имконияти мавжудлиги;
экспериментал-ҳуқуқий нормалар билан белгиланаётган янги талабларга мослашиш учун етарли вақт берилиши;
ҳуқуқий экспериментни ўтказиш шарт-шароитлари ва молиялаштириш манбалари аниқ ҳамда етарли бўлиши;
ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини, ҳуқуқий экспериментни ўтказиш дастурини ва ҳуқуқий эксперимент якунлари бўйича ҳисоботни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш;
ҳуқуқий эксперимент ва унинг натижалари ҳақида Ҳуқуқий экспериментнинг ягона реестри, оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи, шу жумладан расмий манбалар ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали жамоатчиликни хабардор қилиш;
фақат кучга кирган, ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ёки экспериментал-ҳуқуқий нормани ҳуқуқий экспериментдан ўтказиш;
ҳуқуқий экспериментни тегишли муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солувчи ўзаро тенг ёки юқорироқ юридик кучга эга бўлган ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан ўтказиш;
ҳуқуқий эксперимент қайси даражадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан ўтказилган бўлса, унинг натижаларини ўша даражадаги ёки ундан юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан жорий этиш.
14-модда. Ҳуқуқий экспериментнинг муддатини, ҳудудини ва (ёки) шахслар доирасини белгилаш
Ҳуқуқий экспериментнинг муддати ҳуқуқий экспериментни ташкил этиш, ўтказиш, унинг натижаларини баҳолаш ва жорий этиш учун оқилона сарфланадиган вақт ҳисобга олинган ҳолда олти ойдан уч йилгача бўлган муддатга белгиланади. Ҳуқуқий эксперимент кўрсатилган муддат тугаганидан кейин давом эттирилиши мумкин эмас.
Ҳуқуқий экспериментнинг ҳудуди ҳуқуқий экспериментнинг мазмунидан ҳамда у ўтказиладиган маъмурий-ҳудудий бирликнинг ўзига хос хусусиятларидан ва табиатидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Ҳуқуқий экспериментнинг шахслар доираси ҳуқуқий экспериментнинг мазмунидан ва унда иштирок этадиган шахсларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан холда белгиланади.
Ҳуқуқий экспериментнинг муддатини, ҳудудини ва ушбу ҳудуддаги шахслар доирасини белгилашда тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан маслаҳатлашувлар ўтказилади.
Тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳуқуқий экспериментда иштирок этишга, шу жумладан ҳудудларни ҳуқуқий эксперимент ўтказиладиган ҳудудлар рўйхатига киритишга ёки ундан чиқариш бўйича асослантирилган таклифлар тақдим этишга ҳақли.
15-модда. Ҳуқуқий экспериментнинг ягона реестри
Ҳуқуқий экспериментнинг ягона реестри ҳуқуқий экспериментни ташкил этиш, ўтказиш ва унинг якунлари бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади.
Ҳуқуқий эксперимент ўтказилишини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва ҳуқуқий экспериментни ўтказиш дастури қабул қилинганидан кейин бир иш куни ичида ваколатли орган томонидан қуйидаги маълумотлар билан бирга Ҳуқуқий экспериментнинг ягона реестрига киритилади:
ҳуқуқий экспериментни ўтказишнинг мақсади ва вазифалари;
ҳуқуқий экспериментнинг муддати, ҳудуди ва (ёки) шахслар доираси;
масъул органлар ва уларнинг вазифалари;
ҳуқуқий экспериментнинг ўтказилишини назорат қилувчи давлат органлари;
ҳуқуқий экспериментнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга нисбатан қўйиладиган талаблар ёки мезонлар, шу жумладан баҳолашдан ўтказиладиган кўрсаткичлар.
Ҳуқуқий экспериментнинг ягона реестри ва ундаги маълумотлар барча фойдаланиши учун очиқдир. Бунда ўтказилаётган ҳуқуқий эксперимент юзасидан жисмоний ва юридик шахслар томонидан фикр-мулоҳазалар ва (ёки) таклифлар билдириш имконияти яратилади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ҳуқуқий экспериментнинг ягона реестри оператори ҳисобланади.
2-боб. Ҳуқуқий экспериментни тартибга солиш ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий экспериментда иштирок этиши
16-модда. Ваколатли органнинг ҳуқуқий экспериментни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ваколатлари
Ваколатли орган:
норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилиш тўғрисида;
ҳуқуқий экспериментнинг кўламини кенгайтириш, муддатини узайтириш, уни тўхтатиб туриш ёки муддатидан олдин тугатиш ҳақида;
ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ёки тегишли экспериментал-ҳуқуқий нормаларнинг амал қилишини вақт бўйича, муайян ҳудудда ва (ёки) шахслар доираси бўйича чекланмаган ҳолда қабул қилиш тўғрисида ёки қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида қарор қабул қилади.
Ҳуқуқий эксперимент Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан ўтказилади.
Ваколатли орган қонунчиликка мувофиқ ҳуқуқий экспериментни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
17-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳуқуқий экспериментни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳуқуқий экспериментни ташкил этиш ва ўтказишда вазирликлар ҳамда идораларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;
ҳуқуқий экспериментнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлайди;
масъул органни белгилайди;
ҳуқуқий эксперимент ўтказилишига тўсқинлик қилаётган муаммоларни ҳал этиш ва омилларни бартараф қилиш юзасидан тегишли давлат органларининг ҳамда ташкилотларининг зиммасига вазифалар юклатади, уларга ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга доир кўрсатмалар беради;
ҳуқуқий экспериментни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича вақтинчалик низомни қабул қилади ҳамда давлат органлари ва ташкилотларига услубий жиҳатдан кўмаклашади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ ҳуқуқий экспериментни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
18-модда. Масъул органнинг ҳуқуқий экспериментни ўтказиш ва унинг натижаларини баҳолаш бўйича ваколатлари
Масъул орган:
ҳуқуқий экспериментни ўтказиш ва унинг натижаларини баҳолаш бўйича зарур чоралар кўради;
ҳуқуқий экспериментни ўтказиш ва унинг натижаларини баҳолаш юзасидан давлат ташкилотларига, корхоналар ва муассасаларга мурожаат қилади, маълумотлар олади ҳамда таклифлар билан чиқади;
ҳуқуқий экспериментни ўтказишга ва унинг натижаларини баҳолашга доир йиғилишлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ва бошқа тадбирларни ташкил этади;
манфаатдор тарафлар ўртасида ҳуқуқий эксперимент билан боғлиқ масалалар бўйича сўровномалар ўтказади, шунингдек ҳуқуқий экспериментни ўтказиш ва унинг натижаларини баҳолаш юзасидан статистик маълумотларни йиғади ҳамда маълумотлар базасини шакллантиради;
ҳуқуқий экспериментни ўтказиш бўйича экспертларни, илмий-таҳлилий ишларни амалга ошириш учун илмий ва бошқа ташкилотларни, шунингдек олимлар ва мутахассисларни белгиланган тартибда, шу жумладан шартнома асосида жалб қилади;
манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда ҳуқуқий экспериментга доир стандартларни, қоидаларни қонунчиликда белгиланган тартибда ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди;
ҳуқуқий экспериментни ўтказиш ва унинг натижаларини баҳолаш учун шарт-шароитлар яратиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;
ҳуқуқий эксперимент иштирокчиларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини кўради;
ҳуқуқий экспериментни таҳлил қилади, мониторинг ва ўрганиш ишларини амалга оширади ҳамда унинг натижаларини баҳолайди.
Масъул орган қонунчиликка мувофиқ ҳуқуқий экспериментни ўтказиш ва унинг натижаларини баҳолаш бўйича бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
19-модда. Фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий экспериментда иштирок этиши
Фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари ўз ваколатлари доирасида:
давлат органларининг ёки улар ҳузуридаги ишчи гуруҳларнинг, комиссияларнинг ва жамоатчилик-маслаҳат органларининг мажлисларида кўриб чиқиш учун ҳуқуқий экспериментни ўтказиш дастурларини ва ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, тегишли лойиҳаларга доир таклифларни киритиши;
ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ташаббус қилишда, кўриб чиқишда ва тайёрлашда иштирок этиши;
ҳуқуқий экспериментни ташкил этиш, ўтказиш, унинг натижаларини баҳолаш ва жорий этиш устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши;
ҳуқуқий эксперимент тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришга доир таклифлар киритиши мумкин.
Фуқаролик жамияти институтлари ва фуқаролар масъул орган томонидан ўтказиладиган сўровномаларда, давра суҳбатларида ва экспертлар йиғилишларида иштирок этиши, ушбу институтлар ва фуқароларнинг таклифлари мажбурий тартибда кўриб чиқилиши ҳамда натижалари ҳуқуқий эксперимент якунлари бўйича тайёрланган ҳисоботда акс эттирилиши керак.
3-боб. Ҳуқуқий экспериментни ташкил этиш, ўтказиш, унинг натижаларини баҳолаш ва жорий этиш
20-модда. Ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлашни ташаббус қилиш
Ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлашни ташаббус қилишга фақат, башарти:
кўтарилаётган масалаларни ёки муаммоларни тартибга солишда мақбул ечимларни танлаш учун зарур бўлган маълумотларни бошқа усуллар ёрдамида, шу жумладан тартибга солиш таъсирини баҳолаш орқали олиш мумкин бўлмаса;
ушбу Қонун билан тақиқланмаган муносабатларни яхшилашга, енгиллаштиришга, соддалаштиришга ва самарадорликни оширишга қаратилган бўлса, йўл қўйилади.
Ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлашни ташаббус қилиш қонунчиликка мувофиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ташаббус қилиш ҳуқуқига эга органлар (шахслар) томонидан амалга оширилади.
Ҳуқуқий эксперимент тартибида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳамда унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг лойиҳасини тайёрлашни ташаббус қилишга йўл қўйилмайди.
Жисмоний ва юридик шахслар тегишли давлат органларига ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тўғрисида таклифлар киритишга ҳақли.
21-модда. Ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш ва қабул қилиш
Ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш жараёнида:
ҳуқуқий экспериментни ўтказиш дастури ишлаб чиқилади;
тартибга солиш таъсири баҳолашдан ўтказилади ва баҳолаш натижалари тўғрисида ҳисобот тайёрланади;
ҳуқуқий, коррупцияга қарши ва бошқа зарур экспертиза ўтказилади.
Ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ушбу Қонунда белгиланган ўзига хос хусусиятлар инобатга олинган ҳолда «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги, «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларида ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тайёрланади ва қабул қилинади.
22-модда. Ҳуқуқий экспериментни ўтказиш дастури
Ҳуқуқий экспериментни ўтказиш дастурида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
ҳуқуқий экспериментни ўтказишнинг мақсади ва вазифалари;
ҳуқуқий экспериментнинг муддати, ҳудуди ва (ёки) шахслар доираси ва уларни танлаш асослари. Бунда ҳуқуқий эксперимент ўтказиладиган ҳудудни танлашда ўтказиладиган ҳуқуқий экспериментнинг самарадорлигини таҳлил қилиш ҳамда натижада юзага келган ёки келиши мумкин бўлган эҳтимолий оқибатларни ўрганиш ва баҳолаш имконияти юқори эканлиги инобатга олинади;
ҳуқуқий экспериментни ўтказишнинг асосий босқичлари ва унинг муддатлари;
ҳуқуқий экспериментни ўтказиш учун зарур чора-тадбирлар, зарур бўлган ҳолларда ҳуқуқий экспериментни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича вақтинчалик низомни ишлаб чиқиш муҳимлиги;
ҳуқуқий экспериментни ўтказиш учун зарур бўлган ресурслар, шу жумладан молиялаштириш манбалари ва уларнинг миқдори;
ҳуқуқий эксперимент иштирокчилари ва улар бажариши керак бўлган талаблар;
масъул органлар ва уларнинг вазифалари, шу жумладан моддий-техникавий, молиявий ҳамда бошқа ресурслар билан таъминлаш бўйича вазифалари;
шахснинг мол-мулкига, давлат мудофаасига ва (ёки) хавфсизлигига, қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа қадриятларга зарар етказилиши хавфини баҳолаш ҳамда бундай хавфларни камайтириш чоралари;
ҳуқуқий эксперимент вақтида берилган ваколатлар, ҳуқуқлар ва имкониятлардан фойдаланиш тартиби;
ҳуқуқий экспериментнинг назорат қилиниши, шу жумладан назорат функцияларини амалга оширувчи органлар, шунингдек назорат функцияларини амалга ошириш, ҳуқуқий экспериментни ўтказиш дастурининг қоидаларига риоя этилишини текширишни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби;
ҳуқуқий экспериментнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қўйиладиган талаблар ёки мезонлар, шу жумладан баҳолашдан ўтказиладиган кўрсаткичлар;
экспериментал-ҳуқуқий нормалар ҳамда амалдаги қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солиш ўртасидаги фарқлар тўғрисида ҳуқуқий эксперимент иштирокчиларини хабардор қилиш усуллари;
ҳуқуқий эксперимент жараёни ва унинг натижалари, шу жумладан экспериментал-ҳуқуқий нормалар ҳамда амалдаги қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солиш ўртасидаги фарқлар тўғрисида оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи, шу жумладан расмий манбалар ва ижтимоий тармоқлар орқали хабардор қилиш усуллари.
Ҳуқуқий эксперимент ўтказиш дастурида бошқа зарур маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.
Ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинадиган қонун ҳужжатлари бўйича ҳуқуқий экспериментни ўтказиш дастури Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари билан тасдиқланади.
Ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинадиган қонуности ҳужжатлари бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш дастури тегишли ваколатли органнинг қарори билан тасдиқланади.
23-модда. Ҳуқуқий экспериментни ўтказиш
Ҳуқуқий эксперимент муайян ҳудудда ва (ёки) шахслар доираси бўйича чекланган ҳолда, белгиланган вақт оралиғида ўтказилади.
Ҳуқуқий эксперимент экспериментал-ҳуқуқий нормалар асосида ҳуқуқий экспериментнинг тартиб-таомилларини жорий этиш ва уларнинг натижаларини баҳолаш орқали амалга оширилади.
Ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатда қуйидагилар кўрсатилиши шарт:
ҳуқуқий экспериментни ўтказишнинг мақсади ва вазифалари;
экспериментал-ҳуқуқий нормаларнинг барқарор амалга оширилишини таъминловчи кафолатлар, шу жумладан ҳуқуқий ва молиявий кафолатлар;
ҳуқуқий экспериментнинг шаффофлигини ва унинг натижаларининг ишончлилигини таъминлашга қаратилган кўрсатмалар ҳамда тавсиялар;
ҳуқуқий экспериментнинг муддати, ҳудуди ва (ёки) шахслар доираси.
Масъул орган тегишли ваколатли органга ҳуқуқий экспериментни ўтказиш ва унинг натижаларини баҳолаш ҳолати бўйича ҳар чоракда ҳисоботлар тақдим этади.
24-модда. Ҳуқуқий экспериментнинг натижаларини баҳолаш
Масъул орган ҳуқуқий экспериментни ўтказиш дастурида белгиланган муддатларда ва тартибда ҳуқуқий эксперимент жараёнларини мониторинг қилиш орқали унинг натижаларини баҳолаб боради.
Ҳуқуқий эксперимент мониторинги қуйидагиларни ўз ичига олади:
экспериментал-ҳуқуқий норманинг у қўлланилган соҳага нисбатан таъсирини аниқлашни;
сўровлар юбориш, сўровномалар ўтказиш, фикр-мулоҳазаларни йиғиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида синовдан ўтган экспериментал-ҳуқуқий норманинг самарадорлилик даражасини бошқа усуллар орқали аниқлашни;
экспериментал-ҳуқуқий норма жорий этилганидан кейин қандай ижобий ва салбий оқибатларга олиб келишининг таҳлилини;
жисмоний ва юридик шахсларнинг экспериментал-ҳуқуқий норма юзасидан давлат органларига ҳамда ташкилотларига мурожаатлари таҳлилини;
экспериментал-ҳуқуқий нормани қўллаш амалиёти юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ёки назорат қилувчи органларнинг ушбу соҳадаги назорати таҳлилини;
мурожаатлар ҳамда қабул қилинган қарорлар даврийлигини ҳисобга олган ҳолда суд амалиёти ва статистикасининг таҳлилини;
оммавий ахборот воситаларидаги ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги, шу жумладан ижтимоий тармоқлардаги маълумотларнинг таҳлилини;
экспериментал-ҳуқуқий норманинг ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича статистика маълумотларини тўплашни ва бошқаларни.
Ҳуқуқий экспериментнинг мониторинги ва унинг натижаларини баҳолаш ҳуқуқий экспериментни ўтказиш дастурида белгиланган назорат қилиш ҳамда натижаларни баҳолаш бўйича услубий воситалар орқали амалга оширилади.
Ҳуқуқий экспериментнинг мониторинги ва унинг натижаларини баҳолаш ҳуқуқий эксперимент якунлари бўйича ҳисоботда тўлиқ кўрсатилиши шарт.
25-модда. Ҳуқуқий экспериментнинг натижаларини жорий этиш
Ҳуқуқий экспериментнинг натижаларини жорий этиш ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ёки тегишли экспериментал-ҳуқуқий нормаларни уларнинг амал қилишини вақт бўйича, муайян ҳудудда ва (ёки) шахслар доираси бўйича чекланмаган ҳолда қабул қилиш тўғрисида ижобий хулосага келинганда амалга оширилади.
Ваколатли орган ҳуқуқий эксперимент якунлари бўйича ҳисобот асосида ҳуқуқий эксперимент натижаларини жорий этиш ҳақида қарор қабул қилади.
26-модда. Ҳуқуқий экспериментни ўтказишни тўхтатиб туриш ва тугатиш
Ҳуқуқий эксперимент қуйидаги ҳолларда ваколатли орган томонидан тўхтатиб турилади:
ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат доирасида иш олиб борилмаганда;
ҳуқуқий экспериментни ўтказишда молиявий маблағларнинг мақсадсиз ва самарасиз сарфланиши, шунингдек турли хил суиистеъмолчилик ҳоллари юзага келганда.
Ҳуқуқий эксперимент қуйидаги ҳолларда ваколатли орган томонидан тугатилади:
ҳуқуқий эксперимент бўйича муддатидан олдин ижобий натижага эришилган, деган хулосага келинганда;
ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг бир қисми Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ёки қонунларида белгиланган тартибда бекор қилинганда;
экспериментал-ҳуқуқий нормаларни қўллаш оқибатида юзага келган хавф-хатарларнинг олдини олиш ва уларни камайтириш имкони бўлмаганда.
4-боб. Ҳуқуқий эксперимент якунларини расмийлаштириш
27-модда. Ҳуқуқий эксперимент якунлари бўйича ҳисобот
Ҳуқуқий эксперимент якунланганидан кейин масъул орган томонидан ҳуқуқий эксперимент натижалари бўйича ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ёки экспериментал-ҳуқуқий нормаларни уларнинг амал қилишини вақт бўйича, муайян ҳудудда ва (ёки) шахслар доираси бўйича чекланмаган ҳолда қабул қилиш тўғрисида ёки қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида ўттиз иш куни ичида ҳуқуқий эксперимент якунлари бўйича ҳисобот тайёрланади.
Ҳуқуқий эксперимент якунлари бўйича ҳисоботда қуйидагилар кўрсатилади:
ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ёки экспериментал-ҳуқуқий нормаларни қўллаш амалиёти, ҳуқуқий экспериментнинг ижобий ва салбий оқибатлари, бундай ҳужжатнинг ёки экспериментал-ҳуқуқий нормаларнинг қўлланилишига таъсир ўтказган ижтимоий ҳамда бошқа омиллар, ҳуқуқий эксперимент ўтказилиши муносабати билан қилинган харажатларнинг ва олинган даромадларнинг таҳлили;
ўтказилган ҳуқуқий экспериментнинг самарадорлиги, фойдалилиги ва тежамкорлиги тўғрисидаги маълумотлар;
ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ёки экспериментал-ҳуқуқий нормаларни уларнинг амал қилишини вақт бўйича, муайян ҳудудда ва (ёки) шахслар доираси бўйича чекланмаган ҳолда қабул қилиш мақсадга мувофиқлигининг ёки қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслигининг асослари;
ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки экспериментал-ҳуқуқий нормалар уларнинг амал қилишини вақт бўйича, муайян ҳудудда ва (ёки) шахслар доираси бўйича чекланмаган ҳолда қабул қилинганидан кейин юзага келадиган ижобий ва салбий оқибатларнинг, харажатлар ва даромадларнинг ҳуқуқий эксперимент жараёнида эришилган натижалар ҳақидаги маълумотлар билан асослантирилган прогнози.
Ҳуқуқий эксперимент якунлари бўйича ҳисобот манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари билан келишилади.
Ҳуқуқий эксперимент якунлари бўйича ҳисобот Ҳуқуқий экспериментнинг ягона реестри, оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи, шу жумладан масъул органнинг расмий нашрлари ва расмий веб-сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали жамоатчиликка етказилиши шарт.
Ҳуқуқий эксперимент якунлари бўйича ҳисобот тегишлилигига қараб ваколатли органга киритилади.
28-модда. Ҳуқуқий эксперимент натижаси юзасидан қарор қабул қилиш
Ҳуқуқий эксперимент натижаси юзасидан ваколатли орган ҳуқуқий эксперимент якунлари бўйича ҳисобот асосида қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ёки экспериментал-ҳуқуқий нормаларни уларнинг амал қилишини вақт бўйича, муайян ҳудудда ва (ёки) шахслар доираси бўйича чекланмаган ҳолда қабул қилиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида;
ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ёки экспериментал-ҳуқуқий нормаларни уларнинг амал қилишини вақт бўйича, муайян ҳудудда ва (ёки) шахслар доираси бўйича чекланмаган ҳолда қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида;
ҳуқуқий экспериментни ўтказиш муддатини узайтириш тўғрисида, бунда мазкур муддат ушбу Қонун 14-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган муддат доирасида узайтирилиши мумкин;
ҳуқуқий эксперимент натижаларини инобатга олган ҳолда қонунчиликни такомиллаштириш ҳақида;
ҳуқуқий эксперимент натижаларини инобатга олган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида.
29-модда. Ҳуқуқий эксперимент доирасида берилган имтиёзларнинг ва қабул қилинган маъмурий ҳужжатларнинг эксперимент якунларига кўра амал қилиши
Ҳуқуқий эксперимент доирасида жисмоний ва юридик шахсларга берилган имтиёзлар ҳамда қабул қилинган маъмурий ҳужжатлар, агар қонунчилик ҳужжатларида ушбу имтиёзлар ва маъмурий ҳужжатлар ўз кучини йўқотиши назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқий экспериментнинг амал қилиши муддатида сақланиб қолади.
Ҳуқуқий эксперимент якунланганидан кейин ҳуқуқий эксперимент доирасида берилган имтиёзларнинг ва қабул қилинган маъмурий ҳужжатларнинг амал қилиши муддатини узайтиришга йўл қўйилмайди.
5-боб. Якунловчи қоидалар
30-модда. Ҳуқуқий эксперимент натижаларини эълон қилиш
Ҳуқуқий эксперимент натижалари Ҳуқуқий экспериментнинг ягона реестрида, оммавий ахборот воситаларида, Интернет жаҳон ахборот тармоғида, шу жумладан масъул органнинг расмий нашрларида ва расмий веб-сайтларида ҳамда ижтимоий тармоқларда эълон қилиниши керак.
31-модда. Ҳуқуқий экспериментни молиялаштириш манбалари
Ҳуқуқий экспериментни ўтказишни молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
32-модда. Ҳуқуқий экспериментга доир қонунга хилоф ҳаракатлар ва қарорлар устидан шикоят қилиш
Жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқий эксперимент давомида ўз ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилганлиги устидан қонунчиликда белгиланган тартибда масъул органга ёки ваколатли органга ёхуд бевосита судга шикоят қилиши мумкин.
Юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга шикоят қилиниши бундай шикоятни судга бериш ҳуқуқини истисно этмайди.
33-модда. Ҳуқуқий эксперимент тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Ҳуқуқий эксперимент тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
34-модда. «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш
Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 20 апрелда қабул қилинган «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги ЎРҚ-682-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, № 4, 288-модда; 2022 йил, № 3, 213-модда, № 8, 788-модда, № 10, 983-модда; 2023 йил, № 8, 629-модда, № 11, 923-модда; 2024 йил, № 2, 109-модда, № 9, 955-модда, № 10, 1075, 1076-моддалар; 2025 йил, № 4, 516-модда) 34-моддасининг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ҳуқуқий эксперимент норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ёки ҳуқуқий норманинг самарадорлигини амалда муайян ҳудудда ва (ёки) шахслар доираси бўйича чекланган ҳолда, белгиланган вақт оралиғида синовдан (тажрибадан, апробациядан ва шу кабилардан) ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирлар мажмуидир.
Ҳуқуқий экспериментни ташкил этишга, ўтказишга, унинг натижаларини баҳолашга ва жорий этишга доир муносабатлар «Ҳуқуқий эксперимент тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади».
35-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
36-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
37-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 27 март,
ЎРҚ-1127-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.03.2026 й., 03/26/1127/0280-сон)