1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.15.00.00 Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари / 01.15.03.00 Маҳаллий ижроия органлари (Ҳокимликлар) (шунингдек, 02.04.00.00га қаранг);
2.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.04.00.00 Маҳаллий ижроия органлари (Ҳокимликлар) (шунингдек, 01.15.03.00га қаранг) / 02.04.02.00 Ҳокимни тайинлаш ва тасдиқлаш. Ваколатлари;
3.12.00.00.00 Ахборот ва ахборотлаштириш / 12.05.00.00 Иш юритиш (штамплар, бланкалар)]
[ТСЗ:
1.Давлат ва жамият қурилиши / Давлат ҳокимияти органлари. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВИЛОЯТЛАРИ, ШАҲАРЛАРИ ВА ТУМАНЛАРИ ҲОКИМЛИКЛАРИ АППАРАТЛАРИДА ИШ ЮРИТИШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА ТЎҒРИСИДА
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 29 мартдаги 140-сонли «Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш юритиш ва ижро назоратини ташкил этиш бўйича норматив ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси вилоятлари, шаҳарлари ва туманлари ҳокимликлари аппаратларида иш юритиш бўйича Йўриқнома тасдиқлансин (илова қилинмоқда).
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ушбу Йўриқномани ҳокимликлар аппарати ходимларининг ўрганишларини ташкил этсинлар ҳамда амалий ишда уларга қатъий риоя қилинишини таъминласинлар.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бош архив бошқармаси Йўриқномани жорий қилишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларига тегишли ташкилий услубий ёрдам кўрсатсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудий-ташкилий ва Умумий бўлимларига юклансин.
5. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1985 йил 27 февралдаги 110-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. МУТАЛОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 18 август,
424-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 18 августдаги 424-сон қарори билан ТАСДИҚЛАНГАН
Ўзбекистон Республикаси вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари аппаратларида иш юритиш бўйича
ЙЎРИҚНОМА
1. Умумий қоидалар
1.1. Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари аппаратларида ҳужжатларни тайёрлаш ҳамда улар билан ишлаш тартибини белгилайди.
Махфий ҳужжатлар ва «Хизматда фойдаланиш учун» устхатли ҳужжатлар билан ишлаш тартиби махсус йўриқномалар билан белгиланади.
Фуқароларнинг таклифлари, аризалари ва шикоятлари бўйича иш юритиш умумий иш юритишдан алоҳида ҳолда юритилади.
1.2. Ҳокимлар зиммасига иш юритишни компьютерлаштириш, рационализациялаш ва механизациялаш ҳисобига бошқарувчилик меҳнатининг унумдорлигини оширишга ва уни арзонлаштиришга ҳар томонлама ёрдам бериш вазифаси юкланади,
Ҳокимликнинг бутун аппарати бўйича иш юритишга раҳбарлик қилиш ва бу ишнинг аҳволи учун масъулият ҳокимнинг биринчи ўринбосари зиммасига юкланади.
Аппарат бўлинмаларида иш юритишни ташкил этиш ва тўғри юритилиши учун жавобгарлик ҳокимлик умумий бўлимининг мудири, бўлинмаларда ҳужжатларнинг сақланиши ва улар билан ишлаш бўйича жавобгарлик эса тегишли бўлим ҳамда хизматлар раҳбарлари зиммасига юкланади.
1.3. Ҳокимликнинг умумий бўлими раҳбарият кўрсатмасига биноан ҳокимлик аппарати ходимларини Қонунлар, Олий Мажлис қарорлари ва бошқа ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари ҳамда келган бошқа ҳужжатлар билан таништиради, янги қабул қилинган ходимларни ҳокимлик тузилмаси, Иш юритиш бўйича йўриқнома, ички меҳнат тартиби қоидалари ва ҳокимлик фаолиятини тартибга солувчи бошқа ҳужжатлар билан таништиради.
2. Бошқарувчилик фаолиятини ҳужжатлаштириш
2.1. Амалдаги қонунчиликка ва ҳокимнинг ваколатига мувофиқ ҳокимлик аппаратида қуйидаги бошқарувчилик ҳужжатлари тайёрланади: ҳокимнинг қарор ва фармойишлари, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларининг қарорлари, ҳоким ва унинг ўринбосарлари топшириқлари.
2.2. Масалаларни халқ депутатлари Кенгашлари сессияларида ва Кенгашлар комиссиялари мажлисларида, ҳокимлик раҳбарияти йиғилишларида муҳокама қилиш натижалари баённомаларда қайд этилади.
2.3. Юқори органлар, ижро этувчи аппарат бўлимлари ва бошқа ташкилотлар билан хизмат алоқалари хатлар ёзиш йўли билан амалга оширилади. Ахборотни шошилинч юбориш зарур бўлган ҳолларда телефонограммалар ёки телеграммалар тузилади.
2.4. Вилоят, шаҳар, туман ҳокими қарор ва фармойишларни, халқ депутатлари Кенгаши қарорларини, мажлис баённомаларини, юқори ташкилотларга юбориладиган хизмат хатларини имзолайди. Ҳокимнинг қарорлари ва фармойишлари иловаларига ижро этувчи томонидан виза қўйилади ҳамда тегишли бўлим ва хизматлар раҳбарлари томонидан имзоланади.
Халқ депутатлари Кенгаши сессияларининг баённомалари ҳоким ва сессия котиби томонидан имзоланади.
Ёзма ахборотларга, маълумотномаларга ахборот ва маълумотнома тусидаги бошқа ҳужжатларга ижро этувчи томонидан виза қўйилади ҳамда улар тегишли бўлим ва хизматлар раҳбарлари томонидан имзоланади.
3. Ҳужжатларни расмийлаштириш
3.1. Ҳужжатнинг ҳар бир тури (қарор, фармойиш, баённома, хат, ёзма ахборот, маълумотнома ва шу кабилар) қатъий белгиланган реквизитлар мажмуига (таркибий қисмларга) ҳамда уларни жойлаштиришнинг стандарт тартибига эга бўлиши керак.
*Корхона ва ташкилотларнинг умумий классификаторига мувофиқ ҳокимлик коди тўғрисидаги маълумотларни «Ўзистиқболстат» давлат қўмитасининг маҳаллий бошқармаларидан олиш мумкин.
Ҳужжат бланкида «Ташкилий-кўрсатма ҳужжатлари тизими. Ҳужжатларни расмийлаштиришга талаблар» 6.38 — 90 рақамли давлат стандартига мувофиқ реквизитлар таркиби ва уларни жойлаштириш тартиби бўлиши керак.
Бланкларнинг иккита тури: хатлар бланки ва кўрсатма ҳужжатларни, баённомалар ва шу кабиларни расмийлаштириш учун умумий бланк босмахона усулида тайёрланади.
Ҳужжатларнинг аниқ турлари бланкларини тайёрлашга, агар бундай ҳужжатлар бир йилда 200 дан кўпроқ тузиладиган бўлса, йўл қўйилади.
Қарор ва фармойишларнинг бланклари реквизитларни варақнинг энига, бошқа хизмат ҳужжатлариники эса бурчакда жойлаштирилишини ҳисобга олиб тайёрланади.
Бланкларда Ўзбекистон Республикасининг давлат герби акс эттирилади.
Ҳужжатлар бланкларида четки бўш жойлар бўлиши керак: чап томонда — 20 мм; юқорида — камида 10 мм; ўнг ва пастда камида — 8 мм.
3.4. Икки ва ундан ортиқ бетларда расмийлаштириладиган ҳужжатларда иккинчи ва ундан кейинги бетлар рақамланиши керак. Бетлар рақамлари варақнинг юқориги бўш жойи ўртасига «бет» (б) сўзисиз ва тиниш белгиларсиз араб рақамлари билан қўйилади.
3.5. Ҳужжат турининг номи ҳар бир ҳужжатда кўрсатилиши керак (хатлар бундан мустасно).
3.6. Ҳужжат сарлавҳаси қисқа бўлиши ва матн мазмунини аниқ ифодалаши керак. Сарлавҳани ҳужжат номи билан мувофиқлаштириб шакллантириш тавсия этилади; масалан: қарор (нима тўғрисида) «Корхонани рўйхатга олиш тўғрисида»; баённома (ниманинг) «Кенгаш комиссияси мажлисининг...»
3.7. Ҳужжатлар ташкилотларга, таркибий бўлинмаларга ёки аниқ мансабдор шахсга йўлланади. Ташкилот ва таркибий бўлинма номи бош келишикда кўрсатилади, масалан:
Ҳужжат тўрттадан ортиқ манзилга юбориладиган ҳолларда жўнатиш рўйхати тузилади ва ҳар бир ҳужжатда фақат битта олувчининг номи кўрсатилади.
Агар ҳужжат алоҳида шахсга юборилса, у ҳолда аввал олувчининг почта манзили, сўнгра исми ва отаси исмининг бош ҳарфлари, фамилияси кўрсатилади, масалан:
700114, Тошкент, Юнусобод, 19-даҳа, 6-уй, 3-хонадон. А. А. Юсуповга
Ҳукумат ташкилотлари ва доимий корреспондентларга юбориладиган ҳужжатларда почта манзили ёзилмайди.
3.8. Санани расмийлаштиришда араб рақамларидан фойдаланилади, улар билан йилнинг охирги икки рақами, кун, ойнинг тартиб рақами кўрсатилади, масалан: 94.09.01.
Молиявий тусдаги маълумотларга эга бўлган ҳужжатлар матнларида саналарни расмийлаштиришнинг сўзрақамли усулидан фойдаланишга йўл қўйилади: 1994 йил 15 ноябрь.
3.9. Ҳужжат лойиҳасини ички келишиш (таркибий бўлинмалар, мансабдор шахслар билан) виза билан расмийлаштирилади. Виза шахсий имзони, унинг маъносини, яъни исми ва отаси исмининг бош ҳарфлари ҳамда фамилияни, виза қўйилган сана ёзувларини ўз ичига олади. Зарур ҳолларда виза қўйган шахснинг лавозими кўрсатилиши мумкин.
Ҳужжатга оид фикрлар ва унга қўшимчалар алоҳида варақда баён этилади. Масалан:
Умумий бўлим мудири (шахсий имзо) С. М. Мирзаев
Фикрлар илова қилинади
94.24.05.
Қарорлар, фармойишларнинг биринчи нусхасига виза қўйилади, бошқа ҳужжатларда визалар ҳокимлик аппаратида қоладиган нусхаларнинг олд томонига қўйилади.
3.10 Ташқи келишиб олиш (бошқа ташкилотлар билан) келишув устхати, келишув маълумотномаси ёки қарор лойиҳасининг коллегиал орган йиғилишидаги муҳокамаси баённомасини тақдим қилган ҳолда расмийлаштирилади.
Келишув устхати «имзо» реквизити тагига ёки ҳужжат охирги варағининг орқа томонига қўйилади ва «Келишилган» сўзи, ҳужжат келишилган шахс лавозимининг номи (ташкилот номи ҳам), шахсий имзо, унинг маъноси, санадан иборат бўлади, масалан:
Келишилган
Фарғона вилоят ҳокимлиги
молия бўлимининг мудири
(шахсий имзо, исми ва отаси исмининг бош ҳарфлари,
фамилияси)
94.10.05
Агар келишув коллегиал орган билан ёки хат орқали амалга оширилган бўлса, у ҳолда келишув устхати қуйидаги шаклда бўлади:
Келишилган
Касаба уюшмаси қўмитасининг
94.10.04 даги йиғилишининг
25-сон баённомаси
ёки
Келишилган
Ўзбекистон Республикаси Молия
вазирлигининг 94.15.10 даги
01 — 4/135-сон хати
3.11. «Имзо» реквизити таркибига: ҳужжатни имзолаётган шахс лавозимининг номи (агар ҳужжатлар бланкда расмийлаштирилмаётган бўлса тўлиқ ва бланкда тузилган ҳужжатларда қисқартирилган ҳолда) шахсий имзо ва унинг маъноси киради, масалан:
Тошкент вилояти ҳокими (шахсий имзо, исми ва отаси исмининг бош ҳарфлари ва фамилияси)
Ҳужжат бир неча мансабдор шахслар томонидан имзоланса, уларнинг имзолари эгаллаб турган лавозимларга мувофиқ изчилликда кетма-кет жойлаштирилади.
Ҳужжат тенг лавозимли бир неча шахс томонидан имзоланса, уларнинг имзолари бир хил даражада жойлаштирилади.
Ҳоким узоқ вақт бўлмаган ҳолларда ҳужжатларни унинг биринчи ўринбосари ёки ҳоким вазифасини бажариш зиммасига юкланган масъул ходим имзолайди. Бунда ҳужжатни имзолаган шахснинг ҳақиқий лавозими ва унинг фамилияси албатта кўрсатилади. Ҳужжатни «учун» кўмакчисини қўллаб ёки лавозим номи олдига қия чизиқ чизиб имзолашга йўл қўйилмайди.
3.12. Ҳоким ёки унинг ўринбосарлари томонидан тасдиқланиши лозим бўлган ҳужжат тасдиқлаш устхатига эга бўлиши керак, у «ТАСДИҚЛАЙМАН» сўзи, ҳужжатни тасдиқлаётган шахс лавозимининг номи, шахсий имзо, исми ва отаси исмининг бош ҳарфлари, фамилия ва санадан иборат бўлади, масалан:
Тасдиқлайман
Тошкент вилояти ҳокими —
Имзо (имзонинг ёйилмаси
исми ва отаси исмининг бош ҳарфлари,
фамилияси)
94.17.05.
Агар ҳужжат коллегиал орган томонидан имзоланса, у ҳолда тасдиқлаш устхати «ТАСДИҚЛАНГАН» сўзи, ҳужжатнинг бош келишикдаги номи, унинг санаси ва рақамидан иборат бўлади, масалан:
3.13. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини тасдиқлайдиган, пул маблағлари ва моддий бойликларни сарфлаш ҳолларини қайд этадиган, шунингдек, илова этилаётган рўйхатда (1-илова) назарда тутилган ҳужжатларда ҳоким ёки унинг ўринбосарлари имзоси гербли муҳр билан тасдиқланади. Муҳр изи ҳужжатни имзолаган шахс лавозими номининг бир қисмини қамраб олиши керак. Муҳр сақланадиган жой ва уни сақлаш учун масъул шахс ҳоким томонидан белгиланади.
3.14. Ҳужжатни ижро этиш бўйича топшириқлар ҳоким, унинг ўринбосарлари ёки таркибий бўлинмалар раҳбарларининг резолюцияси (кўрсатмаси) шаклида берилади. Резолюция таркибига қуйидаги элементлар албатта киритилади: ижро этувчи (ёки ижро этувчилар) нинг фамилияси; топшириқнинг мазмуни; ижро этиш муддати (зарур бўлган ҳолларда); раҳбарнинг шахсий имзоси; резолюция санаси. Масалан:
Б. М. Мирзабоевга
94.05.12 гача туман бюджети лойиҳасини
тайёрлашингизни сўрайман.
(имзо) Р. ОБИДОВ
94.03.11.
3.15. Ҳокимликда ҳужжатнинг ўтиши унга тегишли белгиларни қўйган ҳолда амалга оширилади.
Ҳужжатнинг келиб тушганлиги тўғрисидаги белги (рўйхатга олиш) белгиси ҳужжат биринчи варағининг қуйидаги ўнг қисмига қўйилади.
Ҳужжатнинг назоратга олинганлиги тўғрисидаги белги ҳужжат биринчи варағининг чап томонидаги бўш жойга қўйилади ва «Назорат» сўзи ёки «Н» ҳарфи билан белгиланади.
Ҳужжатларнинг ижро этилганлиги ва унинг йиғмажилдга қўйилганлиги тўғрисидаги белгида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак: агар ижро этилганлигини тасдиқловчи ҳужжат йўқ бўлса, ижро этилганлиги тўғрисида қисқача маълумот, бундай ҳужжат бор бўлса, унинг санаси ва рақами; «Йиғмажилдга» сўзи, йиғмажилдлар номенклатураси бўйича мазкур ҳужжат сақланадиган йиғмажилд рақами; ҳужжат йиғмажилдга қўйиш учун йўлланган сана; ижро этувчининг имзоси.
«Йиғмажилдга» белгиси ҳужжат бўйича ишнинг якунланганлигидан далолат беради.
Ҳар бир ҳужжатда бевосита ижро этувчи тўғрисида белги бўлиши керак. Белги ҳужжатни ижро этувчи (тузувчи) нинг ҳужжатнинг барча нусхалари охирги варағининг олд томонидаги пастки чап бурчакка ёки агар жой қолмаган бўлса, унинг орқа томонига ёзилган фамилияси ва хизмат телефони рақами каби маълумотларни қамраб олиши керак, масалан:
Ҳошимов 77 11 68.
Маълумотларнинг машинага ўтказилганлиги тўғрисидаги белги қуйидаги ёзув орқали ифодаланади:
«Ахборот машинага кўчирилди», маълумотларни машинага ўтказиш учун масъул шахс имзоси ва ўтказиш санаси.
3.16 Агар ҳужжатларнинг иловалари бўлса, у ҳолда иловаларнинг борлиги тўғрисидаги белгилар қуйидагича ифодаланади.
Қарорлар, фармойишларда иловаларнинг борлиги тўғрисидаги маълумотлар матнда кўрсатилади, масалан: «Вилоят бюджетининг лойиҳаси 1-иловада кўрсатилган шаклда ишлаб чиқилсин ва тасдиқлаш учун тақдим этилсин».
Кўрсатма берувчи ҳужжатларнинг иловалари ҳужжатнинг биринчи варағи юқоридаги ўнг бурчагида қуйидаги шаклдаги белгига эга бўлиши керак:
Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши сессиясининг
94.12.04 даги 8/2-сон қарорига илова
Қарорга бир нечта илова бўлса, уларга «сон» сўзини ёзмасдан тартиб рақамлари қўйилади (1-илова, 2-илова ва шу кабилар).
Режалар, ҳисоботлар, баённомалар, хатлар ва шу кабиларга иловаларнинг борлиги тўғрисидаги маълумот ҳужжат матнидан кейин имзодан олдин кўрсатилади.
Агар ҳужжат тўлиқ номи матнда қайд этилган иловага эга бўлса, илованинг борлиги тўғрисидаги белги қуйидагича шаклда берилади:
Илова: 8 бет, 1 нусхада.
Агар ҳужжат номи матнда кўрсатилмаган иловаларга эга бўлса, уларнинг номи ҳар бир иловадаги бетлар сони ва неча нусхадалигини кўрсатиб, санаб ўтилиши керак, масалан:
Иловалар: 1. 1995 йилда фойдаланишга топширилиши лозим бўлган объектлар рўйхати, 2 варақ, 1 нусха.
Агар ҳужжатга иловаси бор бўлган бошқа ҳужжат илова қилинса, илованинг борлиги қуйидаги шаклда расмийлаштирилади:
Илова: Тошкент вилоят ҳокимлиги молия бўлимининг 94.15.03 даги 4 — 1/202-сон хати ва унга илова, жами 16 варақ, 1 нусхада.
Агар илова ҳужжатда кўрсатилган барча манзилларга юборилмайдиган бўлса, илова борлиги тўғрисидаги белги қуйидаги шаклда берилади.
Илова: 5 варақ, 1 нусхада, биринчи манзилга.
Агар илова брошюраланган бўлса варақлар сони кўрсатилмайди.
3.17. Ҳужжатнинг нусхаси ҳужжат барча реквизитларининг қайта акс эттирилиши, кўчирма эса ҳужжат бир қисмининг нусхасидир.
Ҳужжатларнинг нусхалари (кўчирмалари) умумий бўлим мудирининг рухсати билан тайёрланади ва берилади. Умумий бўлим фақат ҳокимлик аппаратида тайёрланадиган ҳужжатларнинг нусхаларинигина бериши мумкин.
Ходимларнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдларини тузишда бошқа ташкилотлар томонидан берилган ҳужжатлар ҳамда тегишли масалаларни ҳал қилишда зарур бўлган ҳужжатлар (дипломлар, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар ва шу кабилар) дан нусхалар ва кўчирмалар тайёрлашга рухсат этилади.
Ҳужжатнинг нусхаси (кўчирмаси) ҳокимликнинг умумий бланкида қайта акс эттирилади ва уларнинг асл нусхага мувофиқлигини тасдиқловчи мансабдор шахснинг имзоси билан тасдиқланади.
Агар нусха бланкда эмас, балки ҳужжатнинг бланкда тайёрланган асл нусхасидан кўчирилаётган бўлса, ундан нусха олишда асл нусха бланкидаги матн тўлиқ қайта ифодаланади. Ҳужжат нусхаси биринчи варағининг юқоридаги ўнг бурчагига «Нусха» белгиси қўйилади.
Тасдиқловчи имзо қуйидаги шаклда бўлади:
Тўғри
Умумий бўлим инспектори Имзо Э. М. Мусаева.
94.25.11.
Тасдиқловчи ёзув «имзо» реквизитидан пастроққа қўйилади.
Ҳужжат нусхаси (кўчирмаси) бошқа ташкилотларга юборилганда ёки алоҳида шахслар қўлига берилганда тасдиқловчи ёзув муҳр билан тасдиқланади.
3.18. Ҳокимликларда бланкларнинг сақланиши ҳамда ҳисобини таъминлаш мақсадида ҳар бир тур (қарор, фармойиш, хат) бўйича барча бланкларга тартиб рақамлари қўйилган бўлиши керак. Рақам бланкнинг орқа томонига, юқоридаги ўнг бурчакка қўйилади.
4. Халқ депутатлари Кенгашлари сессиялари, уларнинг доимий ва вақтинчалик комиссиялари мажлислари баённомаларини расмийлаштириш
4.1. Сессиялар, доимий ва вақтинчалик комиссиялар мажлисларининг ҳужжатлари ҳокимлик аппаратининг тегишли бўлим ва хизматлари томонидан тузилади, сўнгра чиқариш ва кейинчалик сақлаш мақсадида баённомаларни расмийлаштириш учун ҳокимликнинг умумий бўлимига топширилади.
4.2. Халқ депутатлари Кенгаши сессияси баённомасини расмийлаштириш
4.2.1. Сессия иш бошланган сана баённома санаси ҳисобланади. Сессиянинг тартиб рақами ва чақириқ рақами баённома тартиб рақамидир, масалан: 12/13. «Кенгаш сессияси» баённома сарлавҳаси ҳисобланади.
4.2.2. Баённома матни кириш ва асосий қисмлардан иборат бўлади. Баённоманинг кириш қисмида Кенгаш депутатларининг умумий сони ва сессия ишида иштирок этаётган депутатлар сони, таклиф этилган мансабдор шахсларнинг умумий сони кўрсатилади. Баённомага депутатларнинг фамилиялари ёзилган сайлов округининг номи ва рақами кўрсатилган рўйхатлари, шунингдек, таклиф этилган шахслар рўйхати улар вакили бўлиб келган муассасаларда эгаллаб турган лавозимлари кўрсатилган ҳолда илова қилинади.
Баённомада сессияни очган депутатнинг исми, отасининг исми, фамилияси, шунингдек, сессия котиби депутатлардан қайси бирининг таклифига мувофиқ сайланганлиги, Кенгаш сессияси котибининг исми, отасининг исми, фамилияси, сайлов округи, сессияда муҳокама этилиши лозим бўлган масалалар санаб ўтилган кун тартиби, асосий ва қўшимча маърузачиларнинг лавозимлари, исмлари, отасининг исмлари, фамилиялари, регламент кўрсатилади.
Баённоманинг асосий қисми кун тартиби бандларига биноан бўлимларга ажратилади. Ҳар бир бўлим: эшитилди — сўзга чиқдилар — қарор қилинди схемаси бўйича ёзилади (2-илова).
Қарор мазмуни баённомада ёзилмайди. Агар қарор қабул қилинган бўлса, баённомага: «Қарор лойиҳаси қабул қилинди» деб ёзилади. Агар лойиҳа пухта ишлашни талаб қилса у ҳолда: «Қарор лойиҳаси киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан асосан қабул қилинди. Лойиҳанинг якуний таҳририга топширилсин ёки «Қарор лойиҳасини кўриб чиқишгача қолдирилсин», «Қабул қилинмасин», «Муҳокама билан чекланилсин» сўзлари ёзилади.
4.2.3. Овоз бериш жараёни хатбошидан акс эттирилади — депутатлардан нечтаси маъқуллаганлиги, қарши чиққанлиги ёки бетараф қолганлиги кўрсатилади. Агар барча депутатлар маъқуллаган бўлса, бир овоздан қабул қилинганлиги ёзиб қўйилади.
Агар сессия жараёни стенография қилинган бўлса, баённомага мазмуни ёзилган стенограмма илова қилинади.
4.2.4. Сессия баённомаси кўпи билан 10 кун муддатда расмийлиштирилиши ва имзоланиши керак.
4.3. Халқ депутатлари Кенгаши доимий ва вақтинча комиссиялари мажлисларининг баённомалари 3-иловага мувофиқ расмийлаштирилади.
4.3.1. Мажлис санаси баённома санаси ҳисобланади.
4.3.2. Йил давомида ўтказилган мажлисларнинг тартиб рақами баённома рақами ҳисобланади.
4.3.3. Баённоманинг кириш қисмида: Кенгаш раиси (ҳоким) нинг, комиссия котибининг исми, отасининг исми, фамилияси, қатнашувчилар таркиби, кун тартиби кўрсатилади.
4.3.4. Баённоманинг асосий қисми: эшитилди — сўзга чиқдилар — қарор қилинди схемаси бўйича ёзилади.
Қарор баённома матнига ёзилади.
4.3.5. Нутқлар баённомага қисқача шаклда ёзилиши мумкин.
5. Халқ депутатлари Кенгашлари қарорларини, ҳокимнинг қарор ва фармойишларини тузиш ҳамда расмийлаштириш (4, 5-иловалар)
5.1. Қарор ва фармойишлар лойиҳалари пухта таҳрир қилинган ҳамда тўғриланган, белгиланган шаклдаги бланкларга машинкада ёзилган бўлиши керак. Қарорларнинг ҳажми, одатда, машинкада ёзилган 3 бетдан, халқ хўжалигининг муҳим масалалари бўйича эса 5 бетдан ошмаслиги керак.
5.2. Қарорлар сарлавҳаси қисқа, асосий мазмунга мос бўлиши ва «Нима тўғрисида» деган саволга жавоб бериши керак.
5.3. Кенгашлар қарорларининг ва ҳоким қарорларининг матни қайд этувчи ҳамда кўрсатма берувчи қисмлардан иборат бўлади.
Қайд этувчи қисмда қарорни қабул қилишдан мақсад ёки унга сабаб бўлган асослар баён қилинади. Унда кўриб чиқилаётган соҳада эришилган муваффақиятлар қайд этилади ва камчиликлар танқидий баҳоланади. Қайд этувчи қисм, шунингдек, қарорни қабул қилиш учун асос бўлган юқори органнинг ҳуқуқий ҳужжатига ишоралардан иборат бўлиши мумкин. Уларда ҳуқуқий ҳужжатнинг, уни чиқарган орган (муассаса) нинг номи, санаси, рақами, сарлавҳаси кўрсатилади.
Агар берилаётган кўрсатмалар тушунтиришларга муҳтож бўлмаса, қайд этувчи қисм бўлмаслиги ҳам мумкин. Бу ҳолда қарор кўрсатма берувчи қисмдан бошланади.
5.4. Қарорнинг кўрсатма қисмида Кенгаш номи кўрсатилади ва «Қарор қилди» сўзлари, агар ҳокимнинг қарори бўлса «Қарор қиламан» сўзлари ёзилади.
Кўрсатма берувчи қисм араб рақамлари билан белгиланадиган банд ва кичик бандларга бўлиниши мумкин.
Агар бандда топшириқ бўлса, у қуйидаги схема бўйича тузилади: кимга, нима қилиш керак, бажариш муддати. Ташкилотлар ва мансабдор шахслар бажарувчилар сифатида кўрсатилиши мумкин. Агар бандда аниқ топшириқ бўлмаса, уни «тасдиқлансин», «маъқуллансин», «маълумот учун қабул қилинсин» ва шу каби сўзларни қўллаган ҳолда баён қилиш мумкин.
Қарорнинг кўрсатма қисмида, зарурат бўлган ҳолларда қарорни қабул қилишда асосланилган юқори органларнинг ҳуқуқий ҳужжатлари келтириб ўтилади.
Юқори орган ҳужжатининг мазмуни мустақил банд сифатида баён қилинади ва «маълумот учун қабул қилинсин», «Амал қилиш учун қабул қилинсин» деб кўрсатиб ўтилади.
Илгари қабул қилинган қарорларни ёки унинг айрим бандларини бекор қилиш ёки ўзгартириш зарур бўлган тақдирда қарорнинг санаси, тартиб рақами, номи келтирилиб, «Ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин» деб ёзилади.
Қарор охирида қарорнинг бажарилишини назорат қилиш юкланган шахс (ҳоким, унинг ўринбосарлари, бошқа мансабдор шахслар) ёки ҳокимлик бўлинмаси, тегишли ташкилот кўрсатилади.
5.5. Қарор лойиҳасига қарор лойиҳасини киритган халқ депутатлари Кенгаши комиссияларининг раислари, депутатлари, ташкилотлар раҳбарлари, бошқа мансабдор шахслар имзолаган, қарорнинг қабул қилиниши зарурлигини асословчи кўпи билан 2 бетдан, муҳим халқ хўжалиги масалалари бўйича эса 4 бетдан иборат тушунтириш хати илова қилинади.
Таклифлар мавжуд меҳнат, моддий ва молиявий ресурсларни ҳисобга олган ҳолда асосланган, амалдаги қонунчиликка мувофиқ бўлиши, уларда ишларнинг аҳволи объектив баҳоланган бўлиши, масалани ҳал қилишга оид мақсад ва чора-тадбирлар кўрсатилган ижро этувчилар ва ижро этишнинг асосли муддатлари, манфаатдор ташкилотларнинг хулоса ва эътирозлари келтирилган бўлиши керак.
5.6. Қарор лойиҳаси мазкур қарор манфаатларига дахлдор бўлган ташкилотлар билан келишиб олинади.
Қарор лойиҳасига қуйидагилар виза қўядилар: ҳокимнинг мазкур масалага мутасадди ўринбосари, ҳокимликнинг тегишли таркибий бўлинмаси раҳбари, манфаатдор ташкилотлар, ижро этувчилар, юрист-маслаҳатчи (бор бўлган жойларда).
Ҳоким қарорлари йил доирасида тартиб бўйича рақамланади.
5.8. Сессия иши бошланган сана Кенгаш қарори санаси ҳисобланади.
5.9. Қарорнинг имзоланган нусхаси умумий бўлимга берилади.
5.10. Қарорга мазкур қарор юборилиши лозим бўлган ташкилотлар, муассасалар, бўлимлар ва мансабдор шахслар рўйхати ёзилган жўнатиш кўрсаткичи илова қилинади. Жўнатишни умумий бўлим амалга оширади.
5.11. Ҳоким қарорлари жамоат ташкилотлари билан биргаликда қабул қилиниши мумкин.
Бундай ҳужжатнинг сарлавҳа қисмида номидан ҳужжат қабул қилинаётган барча ташкилотларнинг тўлиқ номи кўрсатилади. Рўйхатга олиш тартиб рақамлари мазкур ҳужжатнинг индекси ҳисобланади. Ҳужжат лойиҳасини тайёрлаган ташкилот берган рақам биринчи туриши керак, масалан: 163/9, 120/5.
5.12. Кундалик, маъмурий-хўжалик ва шахсий таркибга оид масалаларни ҳал қилиш учун ҳокимлик аппаратида фармойишлар чиқарилади.
Кўрсатилган масалалар бўйича фармойишлар лойиҳасини тайёрлаш қарор лойиҳасига ўхшаш ҳолда, аммо сарлавҳасиз амалга оширилади.
5.13. Зарурат бўлганда фармойиш матнига «мақсадида», «муносабати билан» ва шу каби сўзлар билан тугайдиган қайд этувчи қисм қўшилади.
Фармойиш матни бандларга бўлиниши мумкин, ҳар бир банд ижро этувчини кўрсатишдан бошланади, сўнгра бажарилиши лозим бўлган ҳаракат кўрсатилади.
5.14. Охирги бандда бажаришни назорат қилиш вазифаси юкланадиган ҳокимлик аппаратининг бўлими ва зарур бўлганда — муддат кўрсатилади.
Фармойиш имзоланган сана унинг санаси ҳисобланади.
5.15 Фармойишлар учун бир йил доирасида алоҳида рақамлаш белгиланади. Фармойишнинг тартиб рақамига «ф» ҳарфи қўшилади (масалан: 115-ф). Кадрлар масалалари бўйича фармойишларга «фк» ҳарфлари қўшилган рақам қўйилади (масалан: 118-фк),
6. Ҳужжатлар билан ишлашни ташкил қилиш
6.1. Ҳужжатлар айланишини ташкил қилиш.
6.1.1. Келиб тушадиган ҳужжатларни қабул қилиш ва улар билан дастлабки ишлаш умумий бўлимда марказлашган ҳолда амалга оширилади.
Ҳужжатли конвертлар, шу жумладан, буюртмалари ҳам умумий бўлимда очилади, бунда етказиб беришнинг тўғрилиги, ҳужжатлар ўрамининг бутунлиги текширилади. Шикастланиш, ҳужжатлар ёки уларга иловаларнинг йўқлиги аниқланганда юборувчига дарҳол хабар бериш зарур.
Келиб тушган ҳужжатларнинг конвертлари йўқ қилинади, юборувчининг манзилини ёки ҳужжатнинг жўнатилган ва олинган вақтини фақат конвертлар бўйича аниқлаш мумкин бўлган ҳоллар бундан мустасно.
«Шахсан» ёзувли устхати бўлган ёки жамоат ташкилотларига йўлланган конвертлар очилмайди ва мўлжалланган жойга берилади.
Ҳокимга юқори органларнинг ҳужжатлари, шунингдек, ҳокимлик фаолиятининг ҳокимнинг ҳал этишини талаб қиладиган муҳим масалаларга оид ахборотга эга бўлган хат-хабарлар берилади.
Қолган ҳужжатлар ҳоким ўринбосарларига ва ҳокимлик бўлимларига берилади.
Ҳужжатларнинг бажарилишига доир кўрсатмалар муносабат белгиларида акс эттирилади. Ҳужжатлар кўриб чиқилганидан сўнг муносабат белгисини рўйхатдан ўтказиш варақчаларига киритиш учун умумий бўлимга қайтарилади, сўнгра мўлжалланган жойига етказилади.
Ҳужжатлар билан ишлаш ва уларни жойига етказиш улар келиб тушган кунда ёки ҳужжатлар ишдан ташқари вақтда олинган бўлса, биринчи иш кунида амалга оширилиши керак.
Агар ҳужжатни бажариш билан бир неча ходим банд бўлса, фамилияси муносабат белгисида биринчи бўлиб ёзилган ходим унинг бажарилиши учун масъул ҳисобланади.
Ҳокимликда ҳужжатларнинг у мумий бўлимда рўйхатдан ўтказмай қабул қилинишига йўл қўйилмайди.
6.1.2. Чиқувчи ҳужжатлар билан ишлаш ва уларни жўнатиш умумий бўлим томонидан марказлашган ҳолда амалга оширилади.
Ҳужжатларни жойлашдан олдин уларнинг тўғри расмийлаштирилганлиги, иловаларнинг борлиги, нусхалар сонининг олувчилар сонига мувофиқлиги текширилади. Нотўғри расмийлаштирилган ҳужжатлар бажарувчига пухталаштириш учун қайтарилади.
Буюртма хат-хабарлар бўйича жўнатиш рўйхати тузилади, унга умумий бўлим ходими ўз фамилиясини ва жўнатиш санасини ёзади.
Умумий бўлимга жўнатиш учун келиб тушган ҳужжатлар ўша куни ёки кўпи билан 2 кун муддатда расмийлаштирилиши ва жўнатилиши керак.
6.1.3. Ҳужжатларни ҳокимлик аппарати бўлимлари ўртасида бир-бирига ўтказиш умумий бўлим орқали амалга оширилади.
6.1.4. Умумий бўлим келувчи, чиқувчи ва аппарат ҳужжатлари* ҳисобига доир маълумотларни ҳар ойда, сўнгра бутун йил бўйича умумлаштиради. Фуқароларнинг таклифлари, аризалари ва шикоятлари алоҳида ҳисобга олинади.
* Ҳокимлик масъул ходимлари томонидан тузилган ҳужжатлар назарда тутилмоқда.
6.2. Ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиш.
6.2.1. Ҳужжатлар умумий бўлимда марказлашган ҳолда рўйхатдан ўтказилади. 7-иловага ҳужжатлар умумий бўлимда рўйхатдан ўтказилмайди.
Ҳокимлик аппаратида ҳужжатлар фақат бир марта: келиб тушадиганлар — келиб тушган кунда, чиқувчи ва аппарат ҳужжатлари — имзоланган ёки тасдиқланган кунда, рўйхатдан ўтказилади.
Юқори ташкилотлардан келган ҳужжатлар, ҳисобга олишни, бажаришни ва маълумотнома сифатида фойдаланишни талаб қиладиган (кўрсатма, режа, ҳисоб-статистика, шу каби) ҳокимликнинг ўзида ёзиладиган ва фойдаланиладиган, бошқа ташкилотларга жўнатиладиган ҳужжатлар, шунингдек, фуқароларнинг таклифлари, аризалари ҳамда шикоятлари рўйхатдан ўтказилиши керак.
6.2.2. Келган (юбориладиган) ҳужжат индекси йиғмажилдлар номенклатураси бўйича йиғмажилд индекси ва рўйхатдан ўтказиш рақамларидан иборат бўлади.
Қарорлар, фармойишлар ва баённомалар индекслари бундан мустасно. Ҳар бир ҳужжат тури доирасида уларга бериладиган рўйхатдан ўтказиш рақамлари уларнинг индекслари ҳисобланади.
Навбатдаги ҳужжатга рўйхатдан ўтказиш рақамини беришни рақамланган бланклар ёрдамида амалга ошириш зарур (8-илова), улар келадиган, жўнатиладиган ва аппарат ҳужжатлари учун алоҳида расмийлаштирилади.
6.2.3. Ҳужжатлар рўйхатдан ўтказиш-назорат варақчаларида (9-илова) рўйхатдан ўтказилади. Варақча реквизитларининг таркиби «Назорат белгилари» устунида қўшимчалар («бажарувчилар», «бажарувчи тилхати», «бажарилиши» ва шу кабилар) билан тўлдирилиши мумкин.
Ҳужжатларни варақчаларда рўйхатга олишда мазкур ҳокимликда тузилган ёки бошқа ташкилотдан юборилган ташаббусли ҳужжатлар (сўровлар) гина алоҳида рўйхатдан ўтказилиши керак. Жавоб ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотлар шу варақчада қайд қилинади.
Варақчанинг календарь шкаласидан Ҳужжатларни бажариш муддатларига риоя қилинишини текшириш учун фойдаланилади. Унда ҳужжатдаги топшириқ бажарилиши лозим бўлган сана кўрсатилади.
«Корреспондент» устунида ҳужжатни юборган ёки у юборилаётган ташкилот номи кўрсатилади. Аппарат ҳужжатларини рўйхатдан ўтказишда бу устунга ҳокимликнинг ўзининг номи ёзилади.
«Ҳужжат келиб тушган сана ва унинг индекси» устунига ҳужжат келиб тушган сана ҳамда ҳокимликда унга бериладиган индекс ёзилади.
«Ҳужжат санаси ва индекси» устунига ҳужжат санаси ҳамда ҳужжатга ҳужжатнинг муаллифи — ташкилот берган индекс ёзилади. Юбориладиган хат-хабар ёки аппарат ҳужжатини рўйхатдан ўтказишда бу устунда рўйхатдан ўтказилаётган ҳужжат имзоланган сана ва унинг юбориладиган индекси ёки рўйхатдан ўтказиш рақами кўрсатилади.
«Қисқача мазмуни» устунига ҳужжатнинг тури, унинг сарлавҳаси ёки қисқача мазмуни ёзилади.
«Муносабат белгиси ёки ҳужжат кимга йўлланган» устунига бажариш топширилаётган шахснинг фамилияси, масалани ҳал қилишга доир қисқача аниқ кўрсатма, бажариш муддати, унинг муаллифи ва сана ёзилади.
«Ҳужжатнинг бажарилиши тўғрисидаги белги» устунига масаланинг қандай ҳал этилганлиги, жавоб ҳужжати санаси ва индекси ёзилади. Агар ёзма жавоб бериш талаб қилинмаса, ташаббусли ҳужжатда қўйилган масала қачон, ким томонидан ва қандай ҳал этилганлиги ёзилади.
«Олганлик тўғрисидаги имзо», «сана» устунига бажарувчи ҳужжатни олишда имзо ва сана қўяди.
«Назорат белгилари» устунига бажариш муддатларини назорат қилиш белгилари ёзилади, уларнинг таркибида ҳужжатнинг бажарилиши текширилган саналар ҳамда кечикишнинг аниқ сабаблари бўлиши керак.
6.2.4. Рўйхатдан ўтказиш варақчалари картотекани белгиланган ички қоидаларга мувофиқ юритиш учун зарур бўлган миқдорда тайёрланади.
Маълумотнома варақчасини юритиш мажбурий ҳисобланади. Унда варақчалар рўйхатдан ўтказиш рақамларига кўра олдингидан кейинги муддатларга қараб хронологик тартибда жойлаштирилади.
Маълумотнома варақчасидан ташқари назорат варақчалари, шунингдек, бажарувчилар, ҳудудлар ва шу кабилар бўйича варақчалар ҳам ташкил этилиши мумкин.
Фуқароларнинг хатлари, аризалари, шикоятлари варақчаси уларнинг алифбо бўйича фамилиялари ва рўйхатдан ўтказиш рақамлари тартиби бўйича тузилади.
7. Ҳужжатларнинг бажарилишини назорат қилишни ташкил этиш
7.1. Ҳужжатлар таркибидаги қарорлар ва топшириқларнинг бажарилишини ташкил этиш ҳамда бажариш жараёнини текшириш ҳоким, вазифаларнинг тақсимланишига биноан ҳоким ўринбосарлари томонидан амалга оширилади.
Ҳокимнинг қарорлари ва раҳбарият топшириқларининг бажарилиши устидан бевосита назоратни мазкур ҳужжатларни тайёрлаган бўлим (агар қарорларнинг ўзида бошқача кўрсатма берилмаган бўлса) амалга оширади.
Қарор (топшириқ) нинг тайёрланишини таъминлаган бўлим унинг бажарилишини назорат қилиш шаклини белгилайди (ахборот, ташкилий ишлар режасини тақдим этиш ва шу кабилар).
7.2. Ҳокимлик аппаратида ҳужжатларнинг ўз вақтида бажарилиши устидан назоратни ташкил этишга оид ишларни мувофиқлаштиришни умумий бўлим, назорат инспекцияси амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг қарорлари ва бошқа ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, фармойишлари, топшириқлари, Кенгаш сессиясининг қарорлари, юқори органларнинг қарор ва топшириқлари, депутатларнинг хатлари, фуқароларнинг таклифлари, аризалари, шикоятлари, шунингдек, аниқ топшириқ ва уларни бажариш муддатларига эга бўлган ҳужжатлар албатта назоратга олиниши керак.
Ҳокимнинг, унинг ўринбосарларининг кўрсатмасига кўра бошқа ҳужжатлар ҳам назоратга олиниши мумкин.
7.3. Ҳужжатларни бажариш муддатлари.
7.3.1. Ҳужжатларни бажариш муддатлари намунавий ва якка тартибда бўлиши мумкин.
Бажаришнинг намунавий муддатлари амалдаги қонунчилик ва тахминий рўйхат (10-илова) га мувофиқ назорат қилиниши лозим бўлган ҳужжатларнинг муайян турларига белгиланади.
Қолган ҳолатларда ҳужжатларни бажариш муддатлари одатда 10 кундан ошмаслиги керак.
Бажаришнинг якка тартибдаги муддатлари ҳокимликлар раҳбарлари томонидан энг муҳим ҳужжатлар учун белгиланади ёки ҳужжатнинг ўзида кўрсатилади. Бажаришнинг якка тартибдаги муддатлари ҳокимликлар раҳбарларнинг муносабат белгиларида қайд этилади.
Агар ҳужжатни бажаришнинг якка тартибдаги муддати ҳужжатларнинг мазкур гуруҳи учун белгиланган намунавий муддатдан фарқ қилса, якка тартибдаги муддат бажариш вақти ҳисобланади.
7.3.2. Бажариш муддати ҳужжат имзоланган (тасдиқланган) санадан бошлаб, бошқа ташкилотлардан келганлари — улар келиб тушган санадан бошлаб календарь кунлар бўйича ҳисобланади.
7.3.3. Ҳужжатларни бажариш муддати уни белгилаган шахс ёки ташкил от томонидангина узайтирилиши мумкин. Бажариш муддатининг узайтирилиши ҳужжат бажарувчи томонидан олинган заҳоти ёки агар бажариш жараёнида белгиланган муддатга риоя қилишнинг имкони йўқлиги аниқланса, муддат тугашидан камида 2—3 кун олдин расмийлаштирилиши керак. Акс ҳолда ҳужжат муддатида бажарилмаган ҳисобланади.
7.3.4. Агар ҳужжат назоратга олинган бўлса, умумий бўлим ёки назорат инспекциясида унга рўйхатга олиш — назорат варақчасининг қўшимча нусхаси тўлдирилади ва у бажариш муддатлари бўйича тузилган назорат картотекасига жойлаштирилади.
Умумий бўлимнинг ёки назорат инспекциясининг назоратни амалга оширувчи ходими ҳужжатни бажарувчига беради; унга бажариш муддатини эслатади; бажариш жараёни ёки натижасини назоратдаги ҳужжат варақчасига ёзиб боради ва ҳокимлик раҳбарларига бажаришнинг аҳволи ва натижаси тўғрисида мунтазам ахборот бериб туради.
7.3.5. Ҳужжатни назоратдан чиқаришни фақат уни назоратга қўйган мансабдор шахс амалга ошириши мумкин.
Директив ва юқори органларнинг ҳужжатлари, ҳокимнинг қарорлари, халқ депутатлари Кенгашининг қарорлари назоратдан тегишли бўлимларнинг уларнинг бажарилиши тўғрисидаги материаллари бўйича ҳоким томонидан чиқарилади.
Ҳокимнинг аниқ топшириқлар берилган ва муддатлари белгиланган фармойишлари назоратдан ҳокимнинг биринчи ўринбосари томонидан бўлимнинг ҳокимнинг тегишли ўринбосари имзолаган маълумотномаси асосида чиқарилади.
Ҳоким ўринбосарларининг топшириқлари назоратдан шу топшириқни берган ўринбосар рухсати билан чиқарилади.
Қолган барча ҳолатларда бўлимларда кўриб чиқилаётган масалалар назоратдан бўлим мудирлари томонидан чиқарилади.
Ҳужжатнинг бажарилганлиги ва назоратдан чиқарилганлиги тўғрисидаги маълумотлар назорат варақчасига ёзилади.
7.3.6. Бажарилиши назорат қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар ва назорат материаллари (бажарилишининг текширилишини ташкил этиш режаси, бажарилиш жараёни ва якунлари тўғрисидаги ахборот) бажариш охирига етмагунгача «Назоратда» деб айтилувчи алоҳида папкада сақланади.
Ҳужжатлар назоратдан чиқарилгандан сўнг ҳужжат ва материаллар номенклатура бўйича тегишли ҳужжатлар йиғмажилдларига солиб қўйилади.
8. Номенклатураларни тузиш ва йиғмажилдларни шакллантириш
8.1.2. Ҳокимликнинг ҳужжатлар йиғмажилдлари йиғма номенклатурасини умумий бўлим тузади. Ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатураси ҳокимлик эксперт комиссияси ва ҳокимлик архив бўлимининг ЭТКси билан олдиндан келишиб олинади, ҳоким ёки унинг ўринбосари томонидан тасдиқланади (11-илова).
Ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатураси ҳокимликнинг вазифаси ва тузилмаси тубдан ўзгарган тақдирда, аммо беш йилда камида бир марта қайта тузилиши ва қайта тасдиқланиши керак.
8.1.3. Ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатурасига ҳокимлик фаолиятини акс эттирувчи барча ҳужжатлар йиғмажилдлари, маълумотнома ва назорат карточкалари, шахсий ҳужжатлар йиғмажилдлари, доимий ва вақтинчалик комиссиялар ҳужжатлар йиғмажилдлари киритилади.
Ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатурасига босма нашрлар, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўпламлари, рисолалар, маълумотномалар, ахборот варақалари, бюллетенлар, кўрсаткичлар, экспресс ахборотлар киритилмайди.
Таркибий бўлинмалар ичида ҳужжатлар йиғмажилдлари аҳамиятига кўра қуйидаги схема бўйича жойлаштирилади:
юқори органларнинг ташкилий-кўрсатма ҳужжатлари;
ҳокимликнинг ташкилий-кўрсатма ҳужжатлари;
баённомалар ва уларнинг материаллари;
режалар;
ҳисоботлар;
маърузалар, шархлар, билдиришномалар;
ёзишмалар;
маълумотномалар, далолатномалар, маълумотлар;
лимитлар, талабномалар;
маълумотнома карточкаси.
8.1.5. Номенклатурадаги ҳужжатлар йиғмажилдлари сарлавҳалари ҳужжатлар таркиби ва мазмунини акс эттириши керак. Номенклатурадаги ҳужжатлар йиғмажилдларининг сарлавҳалари доимий ва вақтинча сақланадиган ҳужжатларнинг йиғмажилдда алоҳида гуруҳланишини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилади.
Ҳар бир сарлавҳада ҳужжатнинг тури, унинг мазмуни кўрсатилиши керак. Ёзишмада — корреспондент (корреспондентлар) кўрсатилади.
Кўрсатма берувчи ҳужжатлар ёки баённомаларни ўз ичига олувчи ҳужжатлар йиғмажилдлари сарлавҳасида ҳужжатнинг асл нусха ёки нусхаси эканлиги кўрсатилиши керак.
Ҳужжатлар йиғмажилди бир масалага тааллуқли, аммо иш юритиш изчиллиги билан ўзаро боғланмаган, ҳар хил турдаги ҳужжатлардан иборат бўлган ҳолларда сарлавҳаларда «ҳужжатлар» атамаси ишлатилади. «Ҳужжатлар» тушунчаси, шунингдек, умумлаштирувчи ҳужжатга (масалан, баённомага) илова ҳужжатларни ҳам англатади.
8.1.6. Ҳужжатлар йиғмажилди индекси икки элементдан: бўлимнинг тартиб рақами ва мазкур таркибий қисм доирасидаги йиғмажилднинг тартиб рақамидан иборат бўлади (0,1 — 1, 01 — 2, 02 — 1 ва шу тартибда).
Йил давомида пайдо бўлган ва назарда тутилмаган йиғмажилдлар номенклатурага қўшимча равишда киритилади. Шу мақсадда номенклатуранинг ҳар бир бўлимида захира рақамлар қолдирилади.
8.1.7. Йил тугалланганда ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатураси охирида очилган йиғмажилдлар сони тўғрисида якуний ёзув ёзилади.
8.2.2. Ҳужжатлар йиғмажилдларининг тўғри шакллантирилганлиги устидан назоратни ҳокимлик аппаратининг умумий бўлими амалга оширади.
8.2.3. Ҳужжатлар йиғмажилдларини шакллантиришда қуйидаги умумий қоидаларга риоя қилиш керак: йиғмажилдга фақат бажарилган, тўғри расмийлаштирилган ҳужжатларни солиш; битта масалани ҳал этишга доир барча ҳужжатларни битта йиғмажилдга солиш; иловаларни асосий ҳужжатлар билан бирга жойлаштириш, йиғмажилдда бир календарь йил ҳужжатларини гуруҳлаш, кейинги йилга ўтадиган йиғмажилдлар бундан мустасно; сақлаш муддатлари доимий ва вақтинча бўлган ҳужжатларни йиғмажилдда алоҳида гуруҳлаш. Йиғмажилдда қайтарилиши лозим бўлган ҳужжатлар, ҳужжатларнинг ортиқча нусхалари, қўлёзмалар тўпланмаслиги керак; йиғмажилд 250 варақдан ошмаслиги керак. Варақлар сони кўп бўлса, иккинчи ва ундан кейинги йиғмажилдлар очилади.
8.2.4. Сессия баённомалари, қарорлари ва уларнинг ҳужжатлари битта йиғмажилдда тўпланади. Ҳокимнинг қарор ва фармойишлари алоҳида йиғилади. Ҳоким фармойишлари унинг кадрлар бўйича фармойишларидан алоҳида расмийлаштирилади. Ҳужжатлар кўрсатма берувчи ҳужжатлар ва баённомалар ичида хронологияси ва тартиб рақамлари бўйича жойлаштирилади.
8.2.5. Ёзишмалар йиғмажилдда календарь йил даври учун аниқ масалалар бўйича гуруҳланади. Жавоб ҳужжати сўров ҳужжатидан кейин жойлаштирилади.
8.2.6. Режалар, ҳисоботлар, сметалар ушбу ҳужжатларнинг лойиҳаларидан алоҳида гуруҳланади.
8.2.7. Шахсий ҳужжатлар йиғмажилдларига ҳужжатлар қуйидаги тартибда жойлаштирилади: шахсий ҳужжатлар йиғмажилдида бор бўлган ҳужжатларнинг ички рўйхати; ишга қабул қилиш тўғрисидаги ариза, йўлланма ёки тақдимнома, бўшаш тўғрисидаги ариза, кадрларни ҳисобга олиш шахсий варақаси, таржимаи ҳол, маълумоти тўғрисидаги ҳужжатлар; ишга тайинлаш, ишдан бўшатиш, иш жойини ўзгартириш, кадрларни ҳисобга олиш варақасига қўшимча.
8.2.8. Ишчилар ва хизматчиларнинг шахсий счётлари йил доирасида мустақил йиғмажилдларда гуруҳланади ва уларда фамилиялар алифбо бўйича жойлаштирилади.
9. Ҳокимлик аппаратида ҳужжатларнинг сақланишини таъминлаш
9.1. Ҳужжатларнинг сақланишини таъминлаш учун ҳокимликда идора архиви ташкил этилади ва ҳокимнинг фармойиши билан идора архивида ҳужжатларнинг сақланиши учун масъул шахс тайинланади.
9.2. Тугалланган ҳужжатлар йиғмажилдлари маълумот олиш ишларида фойдаланиш учун икки йил бўлимда сақланади, сўнгра идора архивига топширилади.
9.4. Доимий ва узоқ муддат сақланадиган (10 йилдан ортиқ) йиғмажилдлар идора архивига топшириш рўйхати бўйича топширилади (12-илова).
Топшириш рўйхати 2 нусхада тузилади. Рўйхатнинг ҳар бир нусхаси охирида архивга ҳақиқий берилган ҳужжатлар йиғмажилдлари сони рақам ва сўз билан ёзилади, қабул қилиш — топшириш ишларини амалга оширувчи шахслар имзолари қўйилади ва сана кўрсатилади.
9.5. Ҳокимлик аппаратида ҳоким фармойиши билан 3—5 кишидан иборат доимий ишловчи эксперт комиссияси (ЭК) ташкил этилиши керак. Ҳоким ўринбосарларидан бири ЭК раиси, ҳужжатларнинг сақланиши учун масъул шахс ЭК котиби этиб тайинланади. ЭК ўзи тўғрисидаги низомга мувофиқ иш юритади ва ўз ишини йиллик режа асосида ташкил этади. ЭК мажлислари зарурат бўлганда, аммо ҳар йили камида икки марта ўтказилади. Мажлислар баённомада қайд этилади.
9.6. Эксперт комиссияси ўз мажлисларида ҳужжатлар йиғма жилдлари номенклатураси, доимий сақланадиган ва шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар йиғмажилдлари рўйхатини, йўқ қилинадиган ҳужжатлар далолатномаларини, шунингдек, ҳокимлик аппаратида ҳам, унинг бўлимларида ҳам ҳужжатларнинг сақланишини таъминлаш масалаларини кўриб чиқиш ҳуқуқига эга. ЭК ҳужжатларнинг айрим турларини сақлаш муддатларини ўзгартиш тўғрисидаги таклифларни кўриб чиқиш ва ҳокимликнинг архив бўлимига таклифлар киритиш ҳуқуқига эга.
9.7. Доимий ва узоқ муддат (10 йилдан ортиқ) сақланадиган, идора архивига топширилган ҳужжатлар йиғмажилдлари камида 3 йилда 1 марта тартибга солиниши керак. Тартибга солишни давлат архивлари ходимлари ҳокимлик билан тузилган шартномага мувофиқ амалга оширадилар. Ҳужжатлар йиғмажилдлари амалдаги тартибга мувофиқ тикилади, расмийлаштирилади, уларнинг рўйхатлари (доимий сақланадиган ва шахсий таркиб бўйича алоҳида) тузилади.
Сақлаш муддати ўтган ҳужжатларга иш юритиш бўйича масъул бўлган ходимлар ЭК аъзолари ва ҳокимлик мутахассислари иштирокида ҳужжатларни йўқ қилиш далолатномаларини белгиланган шаклга мувофиқ тузадилар.
Рўйхатлар, далолатномалар ЭК мажлисида кўриб чиқилади. Сўнгра улар ҳокимликнинг эксперт-текшириш комиссиясига кўриб чиқиш учун берилади. Шундан сўнг рўйхат ва далолатномаларни ҳоким тасдиқлайди.
Далолатномага киритилган йиғмажилдлар ва ҳужжатларни йўқ қилиш тегишли даврнинг доимий сақланадиган йиғмажилдлари рўйхатлари ҳокимлик архив бўлими эксперт-текшириш комиссияси томонидан тасдиқлангандан сўнг амалга оширилади.
9.8. Ҳокимликларнинг давлат архивида сақланиши лозим бўлган ҳужжатлари давлат архивларига:
умумий ҳужжатлар 15 йилдан кейин;
шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар 75 йилдан кейин топширилади.
Реестрлар (чеклар, бюджет топшириклари реестрлари)
Харажатлар сметаси
Маълумотномалар (лимитли, суғурта суммаларининг тўланганлиги тўғрисида, бюджет маблағларидан иш ҳақи учун фойдаланганлик тўғрисида, ҳисобланган ва тўланадиган иш ҳақи тўғрисида ва шу кабилар)
Гувоҳномалар
Устав (низом)
Штат жадваллари ва уларга киритиладиган ўзгартиришлар
Мажлисда қатнашган комиссия аъзолари __________________________________________________ _____________________________________________________________________________________
(рўйхат илова қилинмоқда)
Мажлисга таклиф этилганлардан қатнашгани_______________________________________________ _____________________________________________________________________________________
Фуқароларнинг ариза ва шикоятлари — келиб тушган кундан бошлаб 1 ой муддатда, қўшимча ўрганиш ва текширишларни талаб қилмайдиганлари — зудлик билан, 15 кундан кечикмай;
Юқори органларнинг топшириқ хатлари ва сўров хатлари — уларда кўрсатилган муддатларда ёки 10 кун мобайнида;
Корхоналар, бирлашмалар, муассасалар, ташкилотларнинг хатлари — 10 кун муддатда;
Фуқароларнинг таклифлари — бир ойгача муддатда, қўшимча ўрганишни талаб қиладиганлардан ташқари;
Халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман Кенгаши сессиясида депутатлар томонидан айтилган таклиф ва мулоҳазалар — 10 кун муддатда кўриб чиқилади;
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг таклифлари: кўриб чиқиш натижалари бир ойдан кечикмаган муддатда, халқ депутатлари шаҳар, туман Кенгашининг таклифлари — 10 кундан кечикмаган муддатда маълум қилинади.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши доимий комиссияларининг тавсияномаларини кўриб чиқиш натижалари бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда ёки комиссиялар томонидан белгиланган муддатда маълум қилинади;
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарорлари 10 кун муддатдан кечикмай етказилади;
Халқ депутатлари шаҳар, туман Кенгашининг қарорлари 7 кун муддатдан кечикмай етказилади;
Зудлик билан ҳал этишни талаб қилувчи телеграммалар — икки кунгача муддатда, қолганлари 10 кун мобайнида етказилади.