|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 24.12.2025
|
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУЛКИ ҚЎМИТАСИ ҲУЗУРИДАГИ ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИ ФАОЛИЯТИНИ МУВОФИҚЛАШТИРИШ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ МАРКАЗИ бош директорнинг
буйруғи
Қимматли коғозлар бозорида инвестиция воситачисининг фаолияти тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 13 мартда 1108-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2025 йил 18 сентябрдаги 22-мҳ-сонли «Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестридан чиқариш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3677, 22.09.2025 й.) асосан 2025 йил 24 декабрдан давлат реестридан чиқарилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги ва “Биржа ва биржа фаолияти тўғрисида”ги Қонунлари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 30 мартдаги 126-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази тўғрисидаги низомга мувофиқ буюраман:
1. Қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси фаолияти тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
3. Ушбу буйруқ кучга кирган кундан бошлаб 1997 йил 25 мартда Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази томонидан тасдиқланган Инвестиция воситачилари тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 326, 2 апрель 1997 йил), шунингдек 2000 йил 20 октябрдаги 10-2000-сонли (10.11.2001 йилдаги рўйхат рақами 326-1), Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази томонидан тасдиқланган Инвестиция воситачилари тўғрисидаги низомга 1-сонли ўзгартириш ва қўшимчалар ўз кучини йўқотган деб тан олинсин.
Бош директор М.С. ЮНУСМАТОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 7 февраль,
2002-01-сон
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази бош директорининг 2002 йил 7 февралдаги 2002-1-сонли буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачисининг фаолияти тўғрисида
НИЗОМ
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикаси “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 8 июндаги 285-сонли «Тошкент» Республика фонд биржасининг самарали фаолият кўрсатишини ва қимматли қоғозлар бозори инфраструктурасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори билан қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиларининг фаолиятини тартибга солади.
§ 1. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом мақсадларида қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
инвестиция воситачиси — мижознинг топшириғига биноан, мижоз номидан ва унинг ҳисобидан қимматли қоғозларга доир битимлар ҳамда операцияларни амалга оширувчи қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси;
брокер — фонд биржасининг аъзоси бўлган, мижоз топшириғига асосан ва унинг ҳисобидан биржа битимлари тузувчи инвестиция воситачиси;
(1-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази бош директорининг 2018 йил 30 октябрдаги 2018-12-сонли буйруғи (рўйхат рақами 1108-5, 30.11.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.12.2018 й., 10/18/1108-5/2254-сон — 2019 йил 2 мартдан кучга киради)
дилер — фонд биржасининг аъзоси бўлган ўз номидан ва ўз ҳисобидан биржа битимлари тузувчи инвестиция воситачиси;
мижоз — қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачисининг хизматларидан фойдаланувчи депонент ёки бошқа шахс;
манфаатлар тўқнашуви – инвестиция воситачиси ва (ёки) мехнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси асосида ўз фаолиятини олиб борувчи унинг ишчилари (бундан кейин — ишчилар), ва инвестиция воситачиси мижозининг ўртасидаги инвестиция воситачиси ва (ёки) унинг ишчиларининг мижозга зарар келтирувчи ва мижоз учун салбий оқибатларга олиб келувчи ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасидаги мулкий ва бошқа манфаатларининг тўқнашуви;
қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи — Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги.
(1-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директорининг 2019 йил 26 февралдаги 2019-04-сонли буйруғи (рўйхат рақами 1108-6, 06.03.2019 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.03.2019 й., 10/19/1108-6/2718-сон)
11. Банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга тижорат банклари ва суғурта фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга суғурталовчилар қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси сифатида профессионал фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга. Бунда, тижорат банклари ва суғурталовчилар томонидан қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш учун алоҳида лицензия олиш талаб қилинмайди.
§ 2. Инвестиция воситачиси фаолиятини амалга оширишнинг умумий талаблари
2. Инвестиция воситачиси қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширишда:
мижозларнинг қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотишга буюртма бериш, ўтказиш борасидаги топшириқларини виждонан ҳамда уларнинг келиб тушиши тартибида бажариши;
мижозларга шартнома тузиш ва ижро этиш билан боғлиқ барча керакли маълумотларни етказишга, тузилган битимлар ва қилинган операциялар бўйича мижозларга ҳисобот бериши;
манфаатлар тўқнашувида, шу жумладан дилерлик операцияларини қўшиб олиб бориш билан боғлиқ бўлган ҳолатларда, мижозга низо келиб чиқиши ҳақида дарҳол хабардор қилиш ва уни мижоз фойдасига ҳал қилиш учун барча зарур чораларни кўриши;
инвестиция воситачиси томонидан тегишли топшириқ олингунига қадар мижоз хабардор қилинмаган инвестиция воситачиси ва унинг мижози ўртасида манфаатлар тўқнашуви натижасида юзага келган зарарни ўрнини қоплаши;
мижозлар топшириғи асосидаги битимларни инвестиция воситачисининг ўз дилерлик операцияларига нисбатан устивор равишда амалга ошириши;
мижозни қимматли қоғозларга доир битимлар ва топшириқларни билан боғлиқ таваккалчиликлар ҳақида хабардор қилиши;
мижозларга қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчиларининг қоидаларига мувофиқ, қимматли қоғозларни мустақил равишда сотиб олиш ва сотиш имконини бериши, бунда битимларнинг оқибатлари учун инвестиция таваккалчиликлари бўйича жавобгарлик мижозларнинг ўзларига юкланади;
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонуни.
қимматли қоғозларнинг уюшган савдосида амалга ошириладиган қимматли қоғозлар билан операцияларда, қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари қоидаларига риоя қилиши;
қимматли қоғозлар билан операцияларнинг ички ҳисобини юритиш, шунингдек қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, ўз тартиб-таомилларига ва қоидаларига мувофиқ ички назоратни ташкил этиши ва амалга ошириши;
ўз маблағларининг миқдори қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланган ўз маблағларини етарли даражада бўлишлик мейёрига мувофиқлигини таъминлаши;
хар бир мижознинг қимматли қоғозлари ва пул маблағлари ҳисобини юритиши, қимматли қоғозларга доир битимлар ва операцияларни мижоз билан тузилган шартномага мувофиқ амалга ошириши керак;
номинал сақловчи сифатида ўз мижозларининг қимматли қоғозлари бўйича даромадларни тўлиқ ва ўз вақтида, шу билан бирга қимматли қоғозлар муомаладан чиқарилганда номинал қийматини олишда ёрдам кўрсатиши керак.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази бош директорининг 2018 йил 30 октябрдаги 2018-12-сонли буйруғига (рўйхат рақами 1108-5, 30.11.2018 й.) асосан хатбоши билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.12.2018 й., 10/18/1108-5/2254-сон — 2019 йил 2 мартдан кучга киради)
21. Инвестиция воситачилари эмиссиявий қимматли қоғозларнинг жойлаштирилмаган қисмини сотиб олиш мажбуриятини олиб ёки олмаган холда эмитент номидан эмиссиявий қимматли қоғозларни сотиш тўғрисида шартномалар тузиши мумкин;
3. Қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси сифатида профессионал фаолиятни амалга оширишда:
а) тегишли лицензиясиз қимматли қоғозларга доир битимларни тузиши;
б) мижозлар билан уларнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқларини чекловчи шартномалар тузиши;
(3-банднинг «б» кичик банди Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 27-боби.
в) тақиқланган битимлар ёки қонун талабларининг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган битимларда иштирок этиши;
г) инвестиция воситачига тегишли бўлган қимматли қоғозларнинг қиймати тўлиқ тўлагунига қадар уларга доир битимлар тузиши, бунда неттингдан фойдаланиш мустасно;
д) мижозларга қимматли қоғозларга инвестиция қилишдан даромадни кафолатлаши;
е) мижозларнинг қимматли қоғозларини жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиши, агар қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи ушбу қимматли қоғозларни эмиссиясини тўхтатган бўлса;
ж) қимматли қоғозлар бозорида тегишли профессионал фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга эга бўлмаган қимматли қоғозлар бозори иштрокчиларининг профессионал хизматларидан фойдаланган ҳолда қимматли қоғозлар билан битимлар тузиши (қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолият билан шуғулланувчи тижорат банклари ва суғурталовчи компанияларнинг профессионал хизматларидан фойдаланиш ҳолатларидан ташқари);
з) мижозларнинг қимматли қоғозлар ва инвестиция воситачининг банк ҳисоб-варақасидаги маблағларидан мижоз топшириғисиз ишлатиш, бунда шартномада махсус қайд этилган ҳоллар мустасно;
и) қимматли қоғозлар бозорида ҳийла-найранг ишлатиши, маҳфий ва инсайдер ахборотдан фойдаланиши;
к) қимматли қоғозлар ва уларга доир нархлар тўғрисида қасддан бузиб кўрсатилган ахборотни тақдим этиш орқали қимматли қоғозларни сотиб олишга ёки сотишга ундаши тақиқланади.
31. Мижознинг талабига биноан инвестиция воситачиси:
а) давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатдан кўчирма нусхасини;
б) инвестиция воситачиси сифатида қимматли қоғозлар бозорида профессинал фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиянинг кўчирма нусхасини;
в) устав фонди, ўз маблағлари ва захира фонди тўғрисида ахборотларни;
г) битимларни тузиш ва бошқа хизматлар учун дилерлик (ставкалар) тўлови, комиссион мукофотлар ва бошқа йиғимларнинг нархлари ва тўловларнинг миқдорини;
д) мижоз оладиган қимматли қоғозлар чиқарилишининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги ахборотларни;
е) мижоз оладиган қимматли қоғозларнинг эмиссия рисоласидаги ахборотларни, шунингдек ушбу қимматли қоғозларнинг инвестор томонидан маълумот тақдим этиш тўғрисида талаб қўйилган санадан олдинги олти ҳафта давомидаги нархлари ҳақидаги маълумотларни;
ж) қимматли қоғозларга доир ўз номидан ва мижоз ҳисобидан амалга оширилган битимларнинг натижалари бўйича ҳисоботни шартномада келишилган муддатлар ва шаклда тақдим этади.
(31-банднинг «ж» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази бош директорининг 2018 йил 30 октябрдаги 2018-12-сонли буйруғи (рўйхат рақами 1108-5, 30.11.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.12.2018 й., 10/18/1108-5/2254-сон — 2019 йил 2 мартдан кучга киради)
32. Инвестиция воситачиси қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органини икки иш куни ичида ёзма шаклда:
бир чорак давомида фақат бир эмитентнинг қимматли қоғозлари билан операциялар амалга оширилганлиги тўғрисида;
бир эмитентнинг қимматли қоғозлари билан бир марталик операция, агар бу операция бўйича қимматли қоғозларнинг сони мазкур қимматли қоғозлар умумий сонининг камида 15 фоизини ташкил этган бўлса, хабардор қилади.
Инвестиция воситачиси Ўзбекистон Республикасининг қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ахборотни ҳам ошкор қилиши шарт.
(3.2-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонунинг 6-боби.
33. Инвестиция воситачиси томонидан инвестиция воситачиси сифатидаги фаолиятни тўхтатиб туриш, тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган ёки у тугатилган тақдирда, тегишли ахборот қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан икки иш куни ичида оммавий ахборот воситаларида ва фонд биржасининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Инвестиция воситачиси сифатида ўз фаолиятини тўхтатиб тураётган, тугатаётган ёки тугатилаётган инвестиция воситачисида ҳисоби юритилаётган қимматли қоғозлар мижознинг қарорига кўра бир ҳафталик муддатда бошқа инвестиция воситачисига ўтказилади, бундай қарор мавжуд бўлмаган тақдирда эса, қимматли қоғозларнинг эгаси танлаган инвестиция воситачисига қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланган муддатларда кейинчалик ўтказиш учун Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсига (фаолиятни тўхтатиб туриш ҳоллари бундан мустасно) ўтказилади.
Юридик шахсни — инвестиция воситачисини тугатиш қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи мазкур бандда кўрсатилган ҳаракатлар якунланганлигини ёзма равишда тасдиқлаганидан кейингина амалга оширилиши мумкин.
§ 3. Брокерлик фаолиятини тартибга солиш
5. Брокер мижоздан куйидаги маълумотларни тақдим этишни талаб қилишга хақли:
а) қимматли қоғозларни сотиб олиш бўйича битим тузишда мижознинг тўлов қобилияти;
б) қимматли қоғозларнинг ва уларга бўлган мулк ҳуқуқининг мавжудлиги — уларни сотиш шартномасини тузишда;
в) қимматли қоғозларга учинчи шахслар олдида мажбуриятлар юклатилганлиги ёки ушбу қимматли қоғозлар тақдим этадиган ҳуқуқларнинг амалга оширилиши тўҳтатилиши ёхуд имконсизлигини келтириб чиқарувчи эмитентнинг молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлиқ мижозга маълум бўлган вазиятларнинг мавжудлиги;
г) мижознинг лаёқати – жисмоний шахснинг ўз ҳаракатлари билан эга бўлиш ва фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш, ўзи учун фуқаролик бурчларини вужудга келтириш ва уларни тўлиқ ёки қисман бажариш лаёқати;
д) мижозлар раҳбарларининг ваколатлари — юридик шахсларнинг манфаатларини ифодалаш ва ушбу юридик шахслар учун ҳуқуқий оқибатларга олиб келадиган ҳаракатларни амалга оширишга қонуний ҳуқуққа эгалиги;
е) брокерлик хизматлари орқали битимни амалга оширишни ҳоҳлаган мижознинг ҳисобварағида турган қимматли қоғозлар учун тўлиқ тўловни.
6. Узайтириш имконияти билан бир йилга тузиладиган шартнома асосида инвестиция воситачиси мижозларга:
мижознинг номидан ва ҳисобидан брокерлик хизматларини;
ўз номидан, лекин мижознинг хисобидан брокерлик хизматларини;
депозитар хизматлар кўрсатади.
Инвестиция воситачиси мижозга депо ҳисобларини электрон шаклда ва бошқа алоқа воситалари орқали очишга, қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотиш бўича буюртмаларни қабул қилишга, шунингдек мижозларга бошқа хизматлар кўрсатишга ҳақли;
Брокер, топшириқни бошқа шахсга ўтказилиши холларидан ташқари (ишониб топшириш), унга берилган топшириқни шахсан бажаради. Брокерларга битимни амалга оширишни ишониб топшириш фақат брокерлар учун амал қилади.
7. Брокерлик хизматларини амалга ошириш жараёнида, инвестиция воситачиси мижоз билан тузилган шартномага асосан уюшган савдоларда қимматли қоғозларни сотиб олиши ва сотиши учун ўз мижозларига пул маблағлари ва қимматли қоғозлар кўринишидаги карзни бериши мумкин.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази бош директорининг 2018 йил 30 октябрдаги 2018-12-сонли буйруғи (рўйхат рақами 1108-5, 30.11.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.12.2018 й., 10/18/1108-5/2254-сон — 2019 йил 2 мартдан кучга киради)
71. Брокер мижоз томонидан унга берилган пул маблағларини ўз манфаатлари йўлида ишлатишга ҳақли, агарда бу кўрсатилган маблағлар эвазига унинг топшириқларини бажаришни ёки мижознинг талабига биноан уларни қайтаришни кафолатловчи, мижоз билан тузилган шартномада назарда тутилган бўлса.
72. Брокерга пул маблағларини ўз манфаатлари йўлида ишлатиш ҳуқуқини берган мижозларнинг пул маблағлари, шундай ҳуқуқни бермаган мижозларнинг пул маблағлари турган хисобварақ (ҳисобварақлар)дан алоҳида ҳисобварақ (хисобварақлар)да туриши керак. Брокер ўз маблағларини ушбу хисобга ўтказиши мумкин эмас, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда уларни мижозларга қайтариб бериш ва (ёки) мижозларга қарз бериш холлари бундан мустасно.
(7.2-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги Қонуни.
73. Инвестиция воситачиси мижоз-норезидент билан тузилган шартномага асосан, қимматли қоғозларни сотиб олиш (сотиш)да мижоз-норезидентнинг номидан ва ҳисобидан хорижий валюталарни сотиб олиш (сотиш) учун тижорат банкларига буюртмалар топширишга ҳақли.
(73-банд Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази бош директорининг 2018 йил 30 октябрдаги 2018-12-сонли буйруғига (рўйхат рақами 1108-5, 30.11.2018 й.) асосан киритилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.12.2018 й., 10/18/1108-5/2254-сон — 2019 йил 2 мартдан кучга киради)
8. Мижоз билан тузиладиган шартномада брокер қуйидаги барча шартларни назарда тутиши керак:
а) шартнома тури;
б) хизмат тури — қимматли қоғозларни сотиб олиш ёки сотиш, қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш, шунигдек, мижознинг талабига кўра брокернинг ваколатига кирадиган бошқа қўшимча хизматлар;
г) қимматли қоғозлар билан битимлар ва операцияларга доир ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўз зиммасига олиш бўйича мижоз мажбуриятлари;
д) қимматли қоғозларни ўтказиш ва уларни тўлаш муддати ва усули;
е) инвестиция воситачисига воситачилик ҳаққининг миқдори ва уни тўлаш муддатлари;
ж) томонлар жавобгарлиги.
9. Томонлар зарур деб ҳисоблаган шартноманинг бошқа шартлари томонларнинг ихтиерига кўра белгиланади.
10. Мижознинг кўрсатмаси бўйича бир нечта битимларни бажариш ёки бир нечта юридик ҳаракатларни амалга оширишда томонлар пул маблағларини ёки қимматли қоғозларни мижоз томонидан шартнома бўйича мажбуриятларини тўлиқ бажармагунга қадар вақтинчалик брокернинг хисобларида сақлаб туриши шартномада кўрсатилган бўлиши мумкин.
12. Брокер:
а) агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, мижозларнинг биринчи талаби бўйича топшириқлар бажарилиш холати хақида барча маълумотларни беришга;
б) агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, битим тузилгандан сўнг дарҳол мижозга, мижоз кўрсатмаси бўйича қимматли қоғозлар олди-сотдисини тасдиқловчи шартнома нусхаларини ёки бошқа ҳужжатларни юборишга, тузилган битимлар шартлари ҳақида маълумот беришга;
в) агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлмаса, кўрсатмани бажариш учун тузилган битимлар бўйича барча олинганларни мижозга кечиктирмасдан юборишга;
г) қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари талабларига мувофиқ мижозларнинг қимматли қоғозларини ва пул маблағларини сакланишини ва алохида ҳисобини таъминлашга, амалга оширилган операциялар бўйича мижозга ушбу мижоз учун тайёрланган даврий хисобдорликни, мижознинг хисобидаги пул маблағлари ва қимматли қоғозларнинг ҳаракати (комиссия миқдори ва брокернинг бошқа мукофотлар тўғрисидаги маълумотларини ўз ичига олган) кўчирмаларни ва бошқа ҳужжатларни қонунчилик ва тузилган шартномага мувофиқ тақдимга этишга;
д) номинал сақловида бўлган қимматли қоғозлар эгалари — мижозларга қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни амалга ошириш учун, қиматли қоғозлар эмитенти ёки унинг агенти томонидан тақдим этилган, маълумот ва ҳужжатларни тақдим этишга;
е) хар бир мижознинг пул маблағлари ҳисобини юритиш, шартномада кўрсатилган асосларга мувофиқ ва фақат мижоз кўрсатмаси бўйича битимлар тузиш ва операцияларни амалга ошириш, тузилган битимлар ва қилинган операциялар тўғрисида хисобот беришга мажбур.
ж) депозитар тизимдаги ўз мижозлари тўғрисидаги маьлумотларни долзарблаштириш, шунингдек уч йил ва ундан ортиқ вақт мобайнида алоқага эга бўлмаган мижозлар билан ўзаро муносабатларни ўрнатиш чораларини кўришга мажбур.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази бош директорининг 2018 йил 30 октябрдаги 2018-12-сонли буйруғига (рўйхат рақами 1108-5, 30.11.2018 й.) асосан «ж» кичик банд билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.12.2018 й., 10/18/1108-5/2254-сон — 2019 йил 2 мартдан кучга киради)
§ 4. Дилерлик фаолиятини амалга ошириш тартиби
13. Дилерлик фаолиятини амалга ошираётган инвестиция воситачиси қимматли қоғозлар олди-сотди битими тузишда ўз мажбуриятларини виждонан бажариши лозим;
14 Олди-сотди битимини тузаётган инвестиция воситачиси (дилер) ўз номидан ва ўз маблағлари хисобидан қимматли қоғозларни сотиб олиш ва (ёки) сотиш нархларини оммавий равишда эълон қилиш йўли орқали уларнинг эълон қилинган нархлари бўйича сотиб олиш ёки сотиш мажбурияти билан:
а) қимматли қоғозларни сотиб олишга ва сотишга буюртмаларни савдолар тизимида ҳар куни эълон қилишга;
(14-банднинг «а» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази бош директорининг 2018 йил 30 октябрдаги 2018-12-сонли буйруғи (рўйхат рақами 1108-5, 30.11.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.12.2018 й., 10/18/1108-5/2254-сон — 2019 йил 2 мартдан кучга киради)
б) олдин эълон қилинган нархлар ва қимматли қоғозлар сонига мувофиқ, қимматли қоғозларни сотиб олиш ёки сотиш таклифи билан мурожат қилган шахслар билан битим тузиш ва бундай операцияларни амалга оширишдан бош тортмасликка мажбурдир.
(14-банднинг «б» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази бош директорининг 2018 йил 30 октябрдаги 2018-12-сонли буйруғи (рўйхат рақами 1108-5, 30.11.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.12.2018 й., 10/18/1108-5/2254-сон — 2019 йил 2 мартдан кучга киради)
15. Диллер ўзининг веб-сайтида ва савдолар ташкилотчисининг веб-сайтида сотиб олинаётган ва (ёки) сотилаётган қимматли қоғозларнинг минимал ва максимал сонини эълон қилишга ҳақли.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази бош директорининг 2018 йил 30 октябрдаги 2018-12-сонли буйруғи (рўйхат рақами 1108-5, 30.11.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.12.2018 й., 10/18/1108-5/2254-сон — 2019 йил 2 мартдан кучга киради)
§ 5. Якунловчи қоидалар
16. Инвестиция воситачисининг қимматли қоғозлар бозоридаги фаолияти устидан назорат қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.
17. Инвестиция воситачиси мазкур Низом талабларига амал қилмаганлиги учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
(17-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1741-моддаси.