Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Маҳаллий ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини янги тизим асосида ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида
Маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини кенгайтириш, саноат тармоқлари ва аҳоли истеъмоли учун зарур бўлган маҳсулотларни ўзлаштириш ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтиришда бозор механизмларини кенг жорий қилиш, маҳаллий тадбиркорлик субъектлари ва йирик корхоналар ўртасида саноат кооперациясини тизимли кенгайтириш, давлат харидларида маҳаллий маҳсулотлар харидини рағбатлантириш ҳамда қўллаб-қувватлашни такомиллаштириш мақсадида қарор қиламан:
I. Мақсадлар
1. Қуйидагилар ушбу Фармоннинг асосий мақсадлари этиб белгилансин:
(а) саноат кооперацияси ва давлат харидлари соҳасида ягона бошқарувни жорий этиш орқали яхлит ва мувофиқлаштирилган давлат сиёсати юритилишини йўлга қўйиш;
(б) мамлакатда юқори технологияли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган қўшилган қиймат занжирларини яратиш, ўзлаштириш тавсия этиладиган рақобатбардош маҳсулотларни аниқлаш;
(в) тармоқ корхоналари томонидан бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар ишлаб чиқарилишини ўзлаштириш орқали иқтисодиёт тармоқларининг ташқи омилларга боғлиқлигини камайтириш;
(г) йирик корхоналарнинг ишлаб чиқариш занжирларига кичик ва ўрта бизнес субъектларини кенг жалб қилиш;
(д) маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳисобига маҳсулот таннархини пасайтириш;
(ж) маҳаллий ишлаб чиқаришнинг глобал етказиб бериш занжирларига интеграциялашувини таъминлаш;
(з) ишлаб чиқариш қувватларини технологик янгилаш ва халқаро сифат стандартларини жорий этишга хизмат қилувчи инновацион ечимларни ўзлаштириш;
(и) иқтисодиёт тармоқларида маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва саноат кооперацияси соҳасидаги малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш.
II. Янги бошқарув тизимини яратиш
2. Қуйидагилар:
(а) Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик);
(б) Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги бошқарув кенгаши (кейинги ўринларда — Кенгаш) ташкил этилсин.
3. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг давлат харидлари соҳасидаги вазифалари, функциялари ва ваколатлари Агентликка ўтказилсин.
4. Қуйидагилар:
(а) Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги фаолиятининг асосий йўналишлари 1-иловага мувофиқ;
(б) Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги тузилмасига ўтказиладиган ташкилотлар рўйхати 2-иловага мувофиқ;
(в) Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги бошқарув кенгашининг таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
III. Дастурий чора-тадбирлар
5. Тармоқлар эҳтиёжи ҳамда хорижий тажриба таҳлили асосида, ўрта ва узоқ муддатда маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш дастурларини (кейинги ўринларда — Дастурлар) ишлаб чиқиб, тасдиқлаш амалиёти йўлга қўйилсин. Бунда:
(а) Дастурлар қуйидагилар кесимида шакллантирилади:
(i) драйвер соҳалар (фармацевтика, электротехника, электроника ва робототехника, автомобилсозлик, қурилиш материаллари, газ ва нефть кимёси, енгил саноат, озиқ-овқат саноати);
(ii) юқори инвестиция салоҳиятига эга базавий тармоқлар (энергетика, тоғ-кон саноати, кимё);
(iii) ҳудудлар;
(iv) Кенгаш қарори билан белгиланадиган бошқа соҳалар;
(б) Дастурлар тармоқ ва ҳудудлар томонидан шакллантирилиб, Агентлик билан келишилади ва Кенгаш томонидан тасдиқланади;
(в) Агентлик Дастурларни шакллантириш ва амалга оширишни мувофиқлаштиради ҳамда тармоқ ва ҳудудларга услубий ва амалий жиҳатдан кўмаклашади.
6. Агентлик соҳа ва тармоқларга масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар билан биргаликда 2026 йил 1 июлдан бошлаб Дастурларнинг ишлаб чиқилиши ва Кенгашга киритиб борилишини ташкил этсин.
IV. Янги инструментлар
7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2026 йил 1 июлдан бошлаб:
(а) Агентлик республика ва минтақа бозорини таҳлил қилиб, миллий иқтисодиётга қўшиладиган қиймат занжирларини оширишга хизмат қилувчи ўзлаштириш тавсия этиладиган рақобатбардош маҳсулотлар рўйхатини соҳалар кесимида босқичма-босқич шакллантиради ва эълон қилиб боради;
(б) ўзлаштириш тавсия этиладиган рақобатбардош маҳсулотлар рўйхатига киритилган маҳсулотларни ўзлаштирган тадбиркорлик субъектлари билан ўрнатилган тартибда кафолатли харид шартномалари тузилади ҳамда улар Дастурларга киритилади;
(в) Агентлик томонидан масъул вазирлик ва идоралар, тармоқ ва ҳудудлар билан биргаликда давлат иштирокидаги ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари қўлланиладиган йирик ва аҳамиятли инвестиция лойиҳалари бўйича миллий иқтисодиётга қўшиладиган қийматни қуйидаги мезонлар асосида комплекс баҳолаш амалиёти йўлга қўйилади:
(i) саноат кооперацияси ва қўшилган қиймат занжирларини ривожлантиришга киритиладиган ҳисса;
(ii) яратиладиган қўшилган қиймат ва унинг иқтисодий самараси;
(iii) маҳаллий кадрларни жалб қилиш кўрсаткичи, уларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш режаси;
(iv) кўрсатилаётган хизматлар ва инфратузилмага таъсир;
(v) технологиялар, инновациялар ва илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш;
(г) йирик ва аҳамиятли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳужжатларда (инвестиция битимлари, маҳсулот тақсимотига оид битим, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ва бошқалар) давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари ҳамда кафолатлар билан бирга мазкур банднинг «в» кичик бандида белгиланган мезонлар бўйича кўрсаткичлар назарда тутилади;
(д) Агентлик:
(i) маҳаллий ва хорижий корхоналарнинг давлат харидларида иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш учун «етказиб берувчиларни ривожлантириш» тамойили (vendor development) асосида қўшилган қиймат яратишга қаратилган саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга оширишни ташкил этади;
(ii) хорижий ҳуқуқ эгалари билан ҳамкорлик ўрнатиб, уларнинг ишлаб чиқариш технологиялари трансфери, бренд, товар белгилари ва хизмат кўрсатиш белгиларини маҳаллий тадбиркорлик субъектларига беришга кўмаклашади;
(iii) янги маҳсулотни ишлаб чиқаришни йўлга қўйган тадбиркорлик субъектларига мувофиқликни баҳолашдан ўтказиш, лицензиялаш, рухсат бериш, хабардор қилиш, санитария ва бошқа тартиб-таомиллардан ўтишга кўмаклашади;
(ж) Агентлик ва унинг ҳудудлардаги лойиҳа офислари белгиланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари — Қорақалпоғистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг ўринбосарлари — вилоятлар ва Тошкент шаҳар инвестициялар, саноат ва савдо бошқармалари бошлиқлари билан ҳамкорликда ишларни амалга оширади;
(з) Агентлик директори Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия ҳамда Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясининг доимий аъзоси ҳисобланади;
(и) Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини шакллантиришда маҳсулотларни ишлаб чиқаришда яратилган қўшилган қиймат улуши қўшимча балл берувчи кўрсаткичларга киритилади;
(к) Дастурларга киритилган лойиҳалар доирасида ишлаб чиқариш технологик жараёнида фойдаланиладиган, республикада ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган, тасдиқланган рўйхат бўйича импорт қилинадиган хомашё ва бутловчи буюмлар 3 йил муддатга божхона божидан озод этилади.
V. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш
8. Йирик корхоналарнинг ишлаб чиқариш занжирларига кичик ва ўрта бизнес субъектларини жалб қилиш ва маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида Агентлик ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Саноат кооперациясини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) ташкил этилсин.
9. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2026 йил 1 июлдан бошлаб Жамғарма маблағлари ҳисобидан:
(а) Дастурлар доирасида:
(i) тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини молиялаштириш учун тижорат банклари орқали хорижий валютада йиллик 6 фоиз (жумладан, банк маржаси — 2 фоиз), миллий валютада йиллик 12 фоиз (жумладан, банк маржаси — 2 фоиз) ставкада 10 йил муддатгача, шу жумладан, 2 йиллик имтиёзли давр билан битта лойиҳа учун 10 миллион АҚШ долларигача кредит маблағлари ажратилади;
(ii) янги турдаги юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва мавжуд қувватларни кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар ҳамда айланма маблағларни тўлдиришга тижорат банклари орқали хорижий валютада йиллик 6 фоиз (жумладан, банк маржаси — 2 фоиз), миллий валютада йиллик 12 фоиз (жумладан, банк маржаси — 2 фоиз) ставкада 1 йилгача муддатга битта лойиҳа учун 2 миллион АҚШ долларигача кредит маблағлари ажратилади;
(б) тадбиркорлик субъектларининг хорижий ҳуқуқ эгаларидан ишлаб чиқариш технологиялари трансфери, бренд, товар белгилари ва хизмат кўрсатиш белгиларидан фойдаланиш ҳуқуқини олиш билан боғлиқ харажатларининг 30 фоизигача, бироқ 1 миллион АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда субсидиялар ажратилади;
(в) саноат стартаплари — янги турдаги юқори технологик маҳсулотларни ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизигача, бироқ 10 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдорда ҳар йили энг яхши 10 тагача лойиҳаларга танлов асосида субсидиялар ажратилади.
10. Мазкур Фармоннинг 9-бандида назарда тутилган инструментларни молиялаштириш учун Жамғармага 2026 йилда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 50 миллион АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағлар йўналтирилсин.
VI. Давлат харидларининг самарадорлигини ошириш
11. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2027 йил 1 январдан бошлаб:
(а) кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларининг давлат харидларидаги иштирокини кенгайтириш мақсадида давлат харидларида харид предметини технологик занжирлар, функционал босқичлар ва иш турлари кесимида алоҳида лотларга бўлиш амалиёти жорий этилади. Бунда:
(i) харид предметини битта лотга бирлаштириш фақат иқтисодий самарадорлик, технологик узвийлик ёки эксплуатация хавфсизлиги билан боғлиқ асослар мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади;
(ii) мазкур тартиб маҳаллий ва хорижий иштирокчиларга тенг ва очиқ шартларда қўлланилади;
(б) объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва модернизация қилиш бўйича давлат харидлари ҳамда қиймати 1 миллиард сўмдан юқори бўлган бошқа давлат харидлари, шунингдек, эксплуатация муддати 3 йилдан ортиқ бўлган харид предмети бўйича таклифларни баҳолаш умумий эгалик қилиш қиймати (TCO) усулини қўллаган ҳолда амалга оширилади;
(в) корпоратив харидлар доирасида:
(i) харидлар соҳасидаги мутахассис сифатида фаолият юритишга фақат «профессионал харидор» сертификати мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади;
(ii) корпоратив буюртмачиларнинг харид комиссиялари таркибида камида бир нафар «профессионал харидор» сертификатига эга мутахассис бўлиши шарт;
(iii) харидлар соҳасидаги мутахассисларни ўқитиш ва сертификатлаштириш халқаро сертификатлаштириш ташкилотларининг (CIPS, IFPSM, ITC MLS-SCM, WorldCC ва бошқалар) аккредитациясидан ўтган ўқув дастурлари асосида амалга оширилади;
(iv) сертификатланган мутахассисларнинг ягона электрон реестри Агентлик томонидан шакллантирилади ва у давлат харидлари махсус ахборот портали билан интеграция қилинади;
(г) корпоратив буюртмачиларда «профессионал харидор» сертификатига эга мутахассислар мавжуд бўлмаган тақдирда, 2028 йил 1 январдан бошлаб улар давлат харидларида иштирок этиши тақиқланади;
(д) Кенгаш «профессионал харидор» сертификатига эга мутахассислар мавжуд бўлиши талабини бюджет буюртмачиларига татбиқ этиш муддати ва уларнинг рўйхатини ҳамда ушбу талаб татбиқ этиладиган корпоратив буюртмачилар тоифаларини белгилайди.
12. Белгилансинки:
(а) 2026 йил 1 июлдан бошлаб воситачи-брокер ва (ёки) дилерларга ишлаб чиқарувчилар билан шартнома тузиш орқали улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни давлат харидларида сотиш ҳуқуқи берилади;
(б) 2026 йил 1 апрелдан бошлаб бюджет буюртмачиларининг давлат харидлари доирасида чет эллик етказиб берувчилар билан бир қаторда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирок этганда уларга нисбатан таклиф этилган энг паст импорт товарларининг нархидан қуйидаги миқдорларда нарх преференцияси берилади:
(i) учта ва ундан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчи иштирок этган тақдирда ўн беш фоиз;
(ii) иккита маҳаллий ишлаб чиқарувчи иштирок этган тақдирда ўн икки фоиз;
(iii) битта маҳаллий ишлаб чиқарувчи иштирок этган тақдирда саккиз фоиз миқдорида;
(в) 2026 йил 1 октябрдан бошлаб, бюджет буюртмачиларининг давлат харидлари доирасида маҳаллий хизмат (иш)ларга нисбатан таклиф этилган энг паст импорт хизмат (иш)лар нархидан 15 фоиз миқдорида преференция қўлланилади.
13. 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат харидлари махсус ахборот порталида харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчисининг фаолиятини идоралараро ахборот алмашинуви орқали автоматик тарзда баҳолаш имконини берувчи электрон-скоринг тизими ишга туширилсин. Бунда электрон-скоринг тизими воситасида:
(а) иштирокчиларнинг давлат харидларидаги «юқори», «ўрта», «паст» ва «энг паст» ишончлилик даражалари берилади;
(б) қуйидаги рағбатлантириш чоралари кўрилади:
(i) «юқори» ишончлилик даражасига эга иштирокчилар учун закалат тўлаш талаб этилмайди;
(ii) энг яхши таклифларни танлаш ва тендер савдоларида иштирокчилар томонидан тақдим этилган таклифларга ишончлилик даражасига мутаносиб равишда қўшимча балл берилади;
(iii) давлат харидларида янги рўйхатдан ўтган иштирокчиларга умумий шартларда давлат харидларида иштирок этиш имконияти берилади;
(iv) давлат харидлари соҳасида «энг фаол тадбиркор» танловида давлат харидларидаги ишончлилик даражаси «юқори» бўлган давлат харидлари иштирокчиларининг номзодлари қўллаб-қувватланади;
(в) давлат харидларидаги ишончлилик даражаси «паст» ва «энг паст» бўлган иштирокчиларнинг:
(i) харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этишига рухсат этиладиган давлат харидларининг юқори қийматига нисбатан меъёрлар белгиланади;
(ii) бепул онлайн ўқув курслари орқали малакасини ошириш амалиёти йўлга қўйилади.
VII. Кадрлар сиёсати
14. Агентлик Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Бошқарув самарадорлиги агентлиги ва «Эл-юрт умиди» жамғармаси билан биргаликда йирик ва аҳамиятли инвестиция лойиҳалари доирасида маҳаллий мутахассисларни жалб қилиш режаси, корхоналарнинг талаби ва буюртманомаларига асосан:
(а) маҳаллий ва хорижий таълим ташкилотларида мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;
(б) технологияли ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқариш заводларида мутахассисларнинг малакасини оширишни тизимли равишда йўлга қўйсин.
15. Саноат кооперациясини ривожлантириш, янги рақобатбардош маҳсулотларни ўзлаштиришда бевосита қатнашганлиги учун вазирлик, хўжалик бирлашмалари ва ташкилотларнинг бошқарув, муҳандис-техник ва бошқа ходимларини йиллик бир марта тўланадиган мукофотлар тарзида моддий рағбатлантириш тизими жорий этилсин. Бунда:
(а) ишлаб чиқариши ўзлаштирилган маҳсулот турларини харид қилишга йўналтирилган йиллик маблағлар суммаси (охирги амалга оширилган шартномага мувофиқ) ва мос ҳажмдаги ўзлаштирилган маҳсулот турларининг харид суммаси ўртасидаги ижобий фарқнинг (иқтисод қилинган маблағ) 20 фоизи бир марта тўланадиган мукофотларни тўлаш манбаи ҳисобланади;
(б) кўрсатилган ижобий фарқнинг тўртдан бир қисми корхона раҳбарига тўлаб берилади, тўртдан уч қисмини ходимлар ўртасида тақсимлаш корхона раҳбари томонидан мустақил равишда, ҳар бир ходимнинг лойиҳани амалга оширишдаги шахсий ҳиссасини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.
VIII. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 4-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
17. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги директори белгилансин.
18. Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси О.А. Хакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 4 февраль,
ПФ-17-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 4 февралдаги ПФ-17-сон Фармонига
1-ИЛОВА
Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги фаолиятининг
АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ
1. Маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда давлат харидлари соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш.
2. Соҳа ва тармоқларда хусусий сектор билан кооперация алоқаларини кенгайтириш, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва хизматларни кўрсатиш жараёнига замонавий технологияларни жорий қилиш орқали маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни жадал ривожлантириш.
3. Давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, бирлашмалар ва йирик корхоналар раҳбарларининг маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш, шу жумладан, кафолатли харид шартномаларини тузиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш.
4. Иқтисодиётнинг барча тармоқларида асосий фаолият турлари ва инвестиция лойиҳалари бўйича давлат харидларида миллий иқтисодиётга қўшиладиган қийматни баҳолаш бўйича таклифлар тайёрлаш.
5. Асосий маҳсулот ва хизматлар турлари бўйича импортга қарамликни камайтириш ҳамда валюта маблағларидан самарали фойдаланиш чораларини кўриш.
6. Маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб этган ҳолда тармоқ ва ҳудудларда маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш, йирик инвестиция лойиҳалари ва давлат харидларида маҳаллий маҳсулотлар иштирокини кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
7. Лойиҳа ва инжиниринг хизматлари, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларининг ўзаро боғлиқ тизимини ривожлантириш, замонавий технологияларни трансфер қилиш, инновацияларни ва рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда мавжудларини такомиллаштириш бўйича илғор маҳаллий ва хорижий «R&D» марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш.
8. Тармоқ ва ҳудудларда маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилган ҳолда уларнинг самарадорлигини баҳолаш, тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш.
9. Давлат иштирокидаги йирик ва аҳамиятли инвестиция лойиҳаларида миллий иқтисодиётга қўшиладиган қийматни баҳолаш натижалари қўлланилишини доимий мониторинг қилиш.
10. Маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишни ташкил қилиш.
11. Давлат харидлари соҳасида бюджет маблағларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга қаратилган ягона тизим яратиш.
12. Давлат секторидаги харажатларнинг натижадорлигини доимий мониторинг қилиш ва иқтисодий жиҳатдан асослантирилганлигини баҳолашнинг замонавий усулларини жорий этиш.
13. Давлат харидларини амалга оширишда рақобат муҳитини ривожлантириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун кенг имкониятлар яратиш.
14. Давлат харажатлари соҳасида рақамли технологияларни жорий этиш ва маълумотларни таҳлил қилиш орқали назорат жараёнларида инсон омилини камайтириш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 4 февралдаги ПФ-17-сон Фармонига
2-ИЛОВА
Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги тузилмасига ўтказиладиган ташкилотлар
РЎЙХАТИ
1. «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДМ*.
2. «Ўзбекэкспертиза» АЖ.
3. «Рақамли трансформация маркази» МЧЖ.
Изоҳлар.
Мазкур рўйхатда назарда тутилган ташкилотларда акциядор (иштирокчи, муассис) функциялари Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги томонидан амалга оширилади.
* Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги тузилмасига 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 4 февралдаги ПФ-17-сон Фармонига
3-ИЛОВА
Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги бошқарув кенгашининг таркиби

О.А. Хакимов

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Кенгаш раиси

Ж.А. Қўчқоров

Бош вазир ўринбосари, Кенгаш раиси ўринбосари

Ж.А. Ходжаев

Бош вазир ўринбосари, Кенгаш раиси ўринбосари

Лавозими бўйича

Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги директори

Б.Ф. Исламов

тоғ-кон саноати ва геология вазири

Ж.Т. Мирзамаҳмудов

энергетика вазири

Х.С. Тўрахўжаев

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси

А.Р. Жуманазаров

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори

Д.А. Вахабов

Савдо-саноат палатаси раиси

Лавозими бўйича

Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги директори ўринбосари, Кенгаш котиби

Изоҳ. Кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 4 февралдаги ПФ-17-сон Фармонига
4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 январдаги «Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-14-сон Фармонига 1-иловада:
(а) «1. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги» бўлимида «Иқтисодиёт ва молия вазирлиги» позициясининг «Жами бошқарув штат бирликлари сони» устунидаги «5 618» ва «Давлат бюджети ҳисобидан» устунидаги «5 583» рақамлари тегишлича «5 585» ва «5 550» рақамлари билан алмаштирилсин;
(б) «2. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги» бўлимида «Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги» позициясининг «Жами бошқарув штат бирликлари сони» ва «Давлат бюджети ҳисобидан» устунларидаги «963» рақами «946» рақами билан алмаштирилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 январдаги «Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-4126-сон қарорининг 6-бандида:
(а) тўққизинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
(б) ўнинчи — ўн тўртинчи хатбошилар тегишлича тўққизинчи — ўн учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
(в) тўққизинчи хатбошидаги «0,02» рақами «0,04» рақами билан алмаштирилсин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 31 майдаги «Товар хом ашё биржалари фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 251-сон қарори 8-бандининг бешинчи, олтинчи ва еттинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига — 0,05 фоиз;
Ўзбекистон Республикаси Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига — 0,01 фоиз;
Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг бюджетдан ташқари жамғармасига — 0,04 фоиз».
4. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 майдаги «Бюджет ташкилотлари харажатларини молиялаштириш ва бюджетдан ташқари жамғармаларни шакллантириш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 325-сон қарорига 2-иловада:
(а) 16-позицияда:
(i) еттинчи қатор чиқариб ташлансин;
(ii) «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖ хизматларига воситачилик йиғими» қаторидаги «0.02» рақами «0.04» рақами билан алмаштирилсин;
(б) 17-позициянинг «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖ хизматларига воситачилик йиғими» қаторидаги «0.08» рақами «0.05» рақами билан алмаштирилсин;
(в) қуйидаги мазмундаги 50-позиция билан тўлдирилсин:

«

50.

Ўзбекистон Республикаси Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги

Давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали оператори — «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖнинг давлат харидлари тизимидаги хизматларни кўрсатиш учун олинадиган комиссия йиғимларидан тушган маблағ

20

«Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖ хизматларига воситачилик йиғими

0.01

».

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.02.2026 й., 06/26/17/0117-сон)