Ҳужжат кучини йўқотган " " 14.04.2004
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ГИДРОМЕТЕОРОЛОГИЯ ХИЗМАТИ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг Гидрометеорология хизматини такомиллаштириш тўғрисида»ги 2004 йил 14 апрелдаги 183-сонли қарори билан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган иттифоқ бўйсунишидаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси юрисдикциясига ўтиши тўғрисида» 1991 йил 22 июлдаги қарорига мувофиқ ҳамда республика халқ хўжалигининг гидрометеорология таъминотини яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. СССР Гидрометеорология давлат қўмитасининг Ўзбекистон Республика гидрометеорология бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги гидрометеорология Бош бошқармаси («Бошгидромет») га айлантирилсин.
«Бошгидромет» марказий аппарати ходимларининг сони 24 нафардан иборат этиб белгилансин (хизмат кўрсатувчи ходимлар сони ҳисобга олинмаган ҳолда).
«Бошгидромет» бошлиғига марказий аппаратнинг тузилиши ва штат жадвалини ходимларнинг белгиланган сони ва меҳнат ҳақи фонди доирасида тасдиқлаш ҳуқуқи берилсин.
«Бошгидромет»га уч нафар бошлиқ ўринбосарига, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосари ҳамда 7 кишидан иборат ҳайъатга эга бўлишга рухсат этилсин.
2. СССР гидрометеорология давлат қўмитасининг В.А.Бугаев номидаги Ўрта Осиё минтақавий илмий-тадқиқот гидрометеорология институти ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Экспериментал аэрокосмик асбобсозлик махсус конструкторлик бюроси «Бошгидромет» ихтиёрига берилсин.
3. Белгилаб қўйилсинки, «Бошгидромет» қуйидагиларни амалга оширади:
гидрометеорология соҳасида тармоқлараро бошқарув ва республиканинг бутун ҳудудида табиий муҳитнинг ифлосланиши даражасини кузатиш;
халқ хўжалиги давлат бошқарув органларининг, мудофаа ва хавфсизликнинг, шунингдек, аҳолининг гидрометеорология таъминоти;
вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар томонидан гидрометеорологик ва бошқа геофизик жараёнларга фаол таъсир кўрсатиш бўйича олиб бориладиган ишларни назорат қилиш.
4. Белгилаб қўйилсинки, «Бошгидромет» республика маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган асосий ишлар билан бирга хўжалик шартномалари асосида ихтисослаштирилган гидрометеорология хизмати кўрсатиш ишларини бажариши мумкин.
5. Гидрометеорология хизмати тизимида амал қилувчи қуйидаги имтиёзлар «Бошгидромет» ходимлари учун сақлаб қолинсин:
бориш қийин бўлган станциялар ходимларини бепул овқат билан таъминлаш;
бепул махсус кийим билан таъминлаш;
вафот этган ёки меҳнат қобилиятини йўқотган ҳолларда муассаса ҳисобидан суғурта қилиш;
авиаметеорология бўлинмалари ходимларининг имтиёзли йўл ҳақи.
6. «Бошгидромет» Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги гидрометеоролгия Бош бошқармаси тўғрисидаги Низом лойиҳасини ва ушбу қарорнинг 5-бандида кўрсатилган имтиёзлар бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарорининг Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишилган лойиҳасини бир ой муддат ичида Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.
7. Ўзбекистон Республикасининг тараққиёт истиқболини белгилаш қўмитаси, Ўзбекистон шартнома ва савдо бўйича давлат-акционерлик уюшмаси квоталарни тақсимлашда моддий-техника ресурслари ажратишни, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги эса «Бошгидромет» нинг фаолият кўрсатиши ва моддий-техника базасини ривожлантириш учун зарур бюджет маблағлари ажратишни назарда тутсинлар.
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги «Бошгидромет»га 2 та хизмат автомобилини, шу жумладан, биттасини Ўзбекистон Республикаси Автомобиль транспорти вазирлигининг умумий фойдаланиладиган тизимидан сақлашга лимит ажратсин.
Ўзбекистон Республикаси Автомобиль транспорти вазирлиги ажратилган лимитга мувофиқ «Бошгидромет» га хизмат транспортининг хизмат кўрсатишини таъминласин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. МУТАЛОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 9 март,
110-сон