Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 31 майдаги 408-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
Сўнгги йилларда мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасини рақамлаштириш борасида қатор чоралар кўрилмоқда.
Шу билан бирга, ўқув ташкилотида автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича таълимни битирганлик ҳақидаги ягона намунадаги гувоҳномани инсон омилини чеклаган ҳолда автоматлаштириш тизимларни орқали шакллантириш тартибини жорий этиш зарурати мавжуд.
Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича ўқув ташкилотларини (кейинги ўринларда — ўқув ташкилотлари) тамомлаб, имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган номзодларга мазкур таълимни битирганлик ҳақидаги ягона намунадаги гувоҳноманинг электрон шаклда берилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 июлдаги 393-сон қарорида ўқув ташкилотларида ҳайдовчиликка номзодлар, уларга ҳайдовчиларни тайёрлаш (қайта тайёрлаш) ўқув дастури бўйича ўқишни тамомлагани ҳақидаги бериладиган ягона намунадаги гувоҳномалар тўғрисида электрон маълумотлар базасини юритишни таъминловчи моддий-техник базаси мавжуд бўлиши ҳамда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати автоматлаштирилган Ягона ахборот тизимига (кейинги ўринларда — ЯААТ) ушбу маълумотларни реал вақт режимида киритиб бориш имконияти яратилган бўлиши шартлиги белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
ўқув ташкилотларини тамомлаб, имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган номзодларга таълимни битирганлик ҳақидаги ягона намунадаги гувоҳнома ЯААТнинг «e-avtotaʼlim.uz» модули орқали электрон шакллантирилади (кейинги ўринларда — электрон гувоҳнома);
электрон гувоҳнома автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонлар ўтказиш билан боғлиқ давлат хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига (кейинги ўринларда — тадбиркорлик субъектлари) ЯААТнинг «e-avtotaʼlim.uz» модули орқали реал вақт режимида автоматик тарзда тақдим этилади;
автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олиш истагида бўлган шахс имтиҳонларни топширишда тадбиркорлик субъектларига электрон гувоҳноманинг нусхасини тақдим этиш талаб этилмайди.
3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги уч ой муддатда ягона намунадаги электрон гувоҳнома берилганлигини онлайн вақт режимида текшириш мақсадида ЯААТнинг «e-avtotaʼlim.uz» модулини тадбиркорлик субъектларининг ахборот тизимларига интеграция қилишни таъминласин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 31 майдаги 408-сон қарорига иловага мувофиқ қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
ўқув ташкилотларини тамомлаб, имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган номзодларга таълимни битирганлик ҳақидаги электрон гувоҳномаларни бериш тартиби;
электрон гувоҳномаларнинг шакли ва уларга қўйиладиган талаблар;
электрон гувоҳномаларнинг ҳисобини юритиш тартиби.
5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири А.А. Ташпулатов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 15 октябрь,
642-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 октябрдаги 642-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 31 майдаги 408-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 2-иловада:
а) 43-банддаги «ягона намунадаги гувоҳнома» сўзлари «ягона намунадаги электрон гувоҳнома» сўзлари билан алмаштирилсин;
б) 44-банднинг «а» кичик банди чиқариб ташлансин;
в) 50-банднинг иккинчи хатбошисидаги «ягона намунадаги гувоҳномасига киритилади, имзо ва муҳр» сўзлари «ягона намунадаги электрон гувоҳномасига киритилади, QR-код» сўзлари билан алмаштирилсин;
2. 21-илованинг 6-банд «г» кичик банди чиқариб ташлансин.
3. 3-иловада:
а) 231-банддаги «ягона намунадаги гувоҳномалар» сўзлари «ягона намунадаги электрон гувоҳнома» сўзлари билан алмаштирилсин;
б) 29-бандда:
биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«29. Ўқув ташкилотида автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича таълимни тугатиб, имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган номзодларга ўқув ташкилоти томонидан имтиҳон комиссияси баённомасига асосан таълимни битирганлик ҳақидаги ушбу Низомга иловага мувофиқ ягона намунадаги электрон гувоҳнома шакллантирилади»;
иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
учинчи хатбоши иккинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
в) қуйидаги мазмундаги 291-банд билан тўлдирилсин:
«291. Ягона намунадаги электрон гувоҳномалар ўқув ташкилотлари томонидан автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича таълимни тугатиб, имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган номзодларнинг маълумотлари асосида ДЙҲХХ Ягона ахборот тизимининг «e-avtotaʼlim.uz» модули (кейинги ўринларда — «e-avtotaʼlim.uz» модули) орқали автоматик равишда шакллантирилади.
Ягона намунадаги электрон гувоҳнома автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонлар ўтказиш билан боғлиқ давлат хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига «e-avtotaʼlim.uz» модули орқали реал вақт режимида автоматик тарзда тақдим этилади.
Ягона намунадаги электрон гувоҳномалар учун йиғим ундирилмайди.
Ягона намунадаги электрон гувоҳномаларнинг ҳисоби «e-avtotaʼlim.uz» модули орқали ДЙҲХХ томонидан амалга оширилади»;
г) 31-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«31. Ўқув гуруҳларининг ҳужжатлари ва имтиҳон комиссияси баённомаси белгиланган муддатгача ўқув ташкилотида сақланади. Гувоҳнома ёки сертификат йўқолиб қолган ҳолларда ўқув ташкилоти шахснинг аризаси ва имтиҳон комиссиясининг баённомасига асосан сертификатнинг дубликатини белгиланган тартиб асосида беради ва ягона намунадаги электрон гувоҳномани шакллантиради»;
д) қуйидаги мазмундаги илова билан тўлдирилсин:
«Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
ИЛОВА
Ягона намунадаги электрон гувоҳноманинг
НАМУНАСИ

».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.10.2025 й., 09/25/642/0941-сон)