Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Ёшлар тадбиркорлигини ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларнинг стартап ва бизнес лойиҳалари, ғоя ва ташаббусларини амалга ошириш учун қулай шароитлар яратиш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда хизматлар кўрсатиш фаолиятини рағбатлантириш, шунингдек, ёшларга қўшимча иш ўринларини яратишга йўналтирилган тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида:
1. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси негизида Ёшлар ишлари агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) ҳузурида давлат муассасаси шаклида Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилсин.
2. Қуйидагилар:
Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармасининг асосий вазифалари 1-иловага мувофиқ;
Ёшлар тадбиркорлигини ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ;
Ёшлар тадбиркорлигини ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш инструментлари (кейинги ўринларда – қўллаб-қувватлаш инструментлари) рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки, Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан 100 миллион АҚШ доллари эквивалентига тенг суммага етказилади:
Давлат бюджетидан 2025 йилда ажратиладиган 200 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар;
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг қолдиқ маблағлари ҳамда ушбу жамғарма ҳисобидан тузилган шартномалар бўйича олинадиган маблағлар;
халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, хорижий банклар ва бошқа халқаро молия ташкилотларининг маблағлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;
Жамғарма маблағларини тижорат банклари депозитларига белгиланган тартибда жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
Олдинги таҳрирга қаранг.
а) бизнес лойиҳаларни саралаш ва молиявий қўллаб-қувватлашга тавсия қилиш ҳамда Жамғарма фаолиятини самарали ташкил этиш учун ўз соҳасида юқори натижаларга эришган ҳамда самарали фаолият юритиб келаётган 20 нафар тадбиркордан ва экспертлардан иборат таркибда жамоатчилик асосида фаолият юритувчи кенгаш (кейинги ўринларда – Кенгаш) тузилади.
(4-банд «а» кичик бандининг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 11 февралдаги ПҚ-59-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.02.2026 й., 07/25/59/0135-сон)
Бунда Кенгаш аъзолари таркибининг камида 30 фоизи ёш тадбиркорлар орасидан шакллантирилади ҳамда Кенгашга Агентлик директори раислик қилади;
б) Кенгаш аъзоларининг камида 50 фоизидан кўпроқ овозини тўплаган бизнес лойиҳалар (шу жумладан, ижарага олинган объектда фаолият юритаётган) саралаб олинган ҳисобланади ва Жамғарма ресурслари ҳисобидан қўллаб-қувватланади (бундан 3-иловадаги рўйхатнинг 6-бандида назарда тутилган қўллаб-қувватлаш инструменти мустасно);
в) Жамғарма фаолияти белгиланган тартибда тасдиқланган харажатлар сметасига асосан Кенгаш аъзоларининг камида тўртдан уч қисмидан иборат кўпчилик (малакали кўпчилик) овози билан ҳар йили тасдиқланадиган Жамғарма даромадларини шакллантириш манбалари ҳамда маблағларнинг қўллаб-қувватлаш инструментлари кесимида йўналтирилишини назарда тутувчи молиявий режа асосида ташкил этилади. Бунда:
заруратга кўра мазкур йиллик молиявий режага Кенгаш аъзоларининг худди шундай кўпчилик овози билан қабул қилинадиган қарори асосида белгиланган тартибда ўзгартириш киритилиши мумкин;
молиявий йил якуни бўйича Жамғарма директори томонидан Кенгашга батафсил ҳисобот тақдим этилади;
г) Жамғарма ресурслари ҳисобидан қарорлар, баённомалар, топшириқ хати ва бошқа ҳужжатлар асосида тадбиркорлик субъектлари, нодавлат ташкилотлар ҳамда жисмоний шахслар лойиҳаларини тўғридан-тўғри молиялаштиришга йўл қўйилмайди;
д) Жамғарма ресурслари ҳисобидан ажратилган маблағлар юзасидан ҳисоботлар, шу жумладан, қўллаб-қувватлаш инструментлари ва лойиҳалар кесимида ажратилган маблағлар тўғрисидаги маълумотлар Жамғарма томонидан Ёшлар ишлари агентлигининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади;
е) мазкур қарор қабул қилингунга қадар тузилган ва амалда бўлган Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини тасарруф этиш билан боғлиқ шартномалар бўйича Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари Жамғармага ўтказилади.
Бунда Сурхондарё вилояти ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналаридаги лойиҳаларни молиялаштириш Жамғарма томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги «Сурхондарё вилоятида ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-400-сон қарорида белгиланган тартибда ҳамда унинг 1-бандида кўзда тутилган маблағларнинг молиялаштирилмаган қисми доирасида амалга оширилади;
ж) 3-иловадаги қўллаб-қувватлаш инструментлари бўйича аниқлаштирувчи қўшимча шартлар ва қоидалар Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида белгиланиши мумкин.
5. Белгилаб қўйилсинки, 3-иловадаги қўллаб-қувватлаш инструментлари рўйхатининг 6-бандида назарда тутилган инструмент асосида Жамғарма томонидан қарз ажратиш 2025–2026 йилларда тажриба-синов тариқасида амалга оширилади ва молиялаштириш учун 30 миллиард сўм йўналтирилади. Бунда:
а) мазкур қўллаб-қувватлаш инструменти бўйича лойиҳалар алоҳида ҳисобварақ орқали молиялаштирилиб, қайтган маблағлар ўрнатилган тартибда янги лойиҳаларга йўналтирилади;
б) белгиланган талабларга мувофиқ келадиган ва Кенгаш аъзоларининг камида тўртдан уч қисмидан иборат кўпчилик (малакали кўпчилик) овози билан саралаб олинган бизнес лойиҳалар (шу жумладан, ижарага олинган объектда фаолият юритаётган лойиҳалар) мазкур қўллаб-қувватлаш инструменти орқали молиялаштирилади;
в) Жамғарма томонидан ушбу қўллаб-қувватлаш инструменти орқали ажратилган маблағларнинг мақсадли фойдаланилиши доимий мониторинг қилиб борилади ҳамда ажратилган маблағларни қайтариш бўйича зарурий чоралар кўрилади;
г) Агентлик томонидан ҳар чоракда мазкур қўллаб-қувватлаш инструменти бўйича лойиҳаларга ажратилган қарз маблағларининг ўз вақтида қайтарилиши ўрганиб борилади ва натижаларига кўра қуйидагиларни тўхтатиш масаласи кўриб чиқиш учун Кенгашга киритилади:
ажратилган маблағларнинг қайтарилмаслиги хатарлари юқори бўлган тақдирда ушбу инструмент бўйича янги лойиҳаларни молиялаштириш;
тегишли бизнес лойиҳа учун ажратилган қарз маблағларининг қайтарилмаслиги хавфи юқори бўлган ҳолларда мазкур лойиҳани молиялаштириш.
6. Белгилансинки:
а) Жамғарма кўмагида камида 50 минг нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш унинг фаолиятининг асосий самарадорлик кўрсаткичи ҳисобланади;
б) Жамғарма бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 12 нафардан иборат бўлади;
в) Жамғарма директори Кенгаш аъзолари орасидан умумий овозлари сонининг камида тўртдан уч қисмидан иборат кўпчилик (малакали кўпчилик) овози билан аниқланади ва Агентлик директори томонидан лавозимга тайинланади;
г) Жамғарма ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш разрядлари Агентлик марказий аппарати ходимлари учун белгиланган разрядлардан бир поғона паст миқдорда қўлланади. Бунда:
Жамғарма ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг бошқа шартлари бўйича Агентлик марказий аппарати ходимлари учун белгиланган шартлар татбиқ этилади;
Жамғарма фаолиятини молиялаштириш билан боғлиқ барча харажатлар қонунчилик ҳужжатлари билан унга йўналтириладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
7. Агентлик, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг 4-иловадаги рўйхатга мувофиқ дарё, канал ва соҳил бўйларида хизмат кўрсатиш, кўнгилочар ва дам олиш масканларини ташкил этиш бўйича бизнес лойиҳаларни жойлаштириш учун ўрнатилган тартибда электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариш орқали ер участкаларини ажратиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Бунда ушбу рўйхатда кўзда тутилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари уларнинг ер фонди тоифаси қонунчиликда белгиланган тартибда ўзгартирилгандан сўнг ажратилиши инобатга олинсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари Агентлик билан биргаликда уч ой муддатда 4-иловадаги рўйхатда назарда тутилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган тегишли ер участкаларининг ер фонди тоифаларини ўзгартириш юзасидан Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ва ўрмон фонди ерларининг ер фонди тоифаларини ўзгартириш масалаларини кўриб чиқиш бўйича Ҳукумат комиссиясига белгиланган тартибда таклифлар киритсин.
8. Жамғарма 2025 йилда 3-иловадаги қўллаб-қувватлаш инструментлари орқали Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида магистрал, ички йўллар бўйи ва жамоат жойларида (шу жумладан, сайилгоҳлар, туристик масканлар, гастрономик ва ижод кўчаларида) камида 1 мингта савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш чораларини кўрсин.
Бунда савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, шу жумладан, кўчма савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини (нуқталарини) ташкил этиш учун ер участкалари белгиланган тартибда онлайн аукцион савдоларига чиқарилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 январдаги 18-сон қарори билан тасдиқланган «E-auksion» электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
Солиқ қўмитаси, Туризм қўмитаси, Кадастр агентлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, шу жумладан, кўчма савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини (нуқталарини) жойлаштириш схемасини ишлаб чиқсин;
Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси (К. Куранбаев) билан биргаликда мазкур бандга мувофиқ 1 мингта савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, шу жумладан, кўчма савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини (нуқталарини) жойлаштириш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудлари кесимида тегишли ер майдонлари онлайн аукцион савдоларига чиқарилишини таъминласин.
9. Белгилаб қўйилсинки:
а) дастлабки босқичда 5-иловага мувофиқ туманларда, келгусида бошқа ҳудудларда қишлоқ хўжалиги ерлари ажратилган ёшларга хизмат кўрсатувчи қишлоқ хўжалиги кооперативлари ушбу қарорда назарда тутилган инструментлар асосида қўллаб-қувватланади;
б) Жамғарма томонидан Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги билан биргаликда хорижий тилларни ўзлаштирган ёшлар келгусида уларни қишлоқ хўжалиги ерлари ажратилган ёшлар маҳсулотларини экспорт қилиш жараёнига кенг жалб этиш мақсадида қисқа муддатли курсларда ўқитилади;
в) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 апрелдаги «Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-153-сон қарорига мувофиқ ижарага берилган ер майдонларида юқори даромад келтирувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириб, камида 100 миллион сўм миқдорида даромад олган ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича қуйидаги тартиб жорий этилади:
2022 — 2024 йилларда аҳолига деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ажратилган ер майдонлари тўлиқ хатловдан ўтказилади ва самарасиз фойдаланиш натижасида ўрнатилган тартибда туман ҳокимлиги захирасига қайтарилган бўш ер майдонлари деҳқончилик қилиш учун қонунчиликка мувофиқ онлайн аукцион савдолари орқали ажратилади;
ижарага берилган ер майдонларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш бўйича бизнес лойиҳалар тижорат банклари орқали молиявий қўллаб-қувватланади;
маҳсулотлар ҳосилдорлигини ошириш, янги навларни яратиш, агротехник тадбирларни амалга ошириш ва маҳсулотларни сотиш учун мутахассисларни жалб қилишга кўмаклашилади.
10. Агентликнинг Жамғармага ажратиладиган маблағлар ҳисобидан Жамғарма ҳузурида масъулияти чекланган жамият шаклида устав фонди 10 миллион АҚШ доллари эквивалентига тенг бўлган ёшларнинг истиқболли стартап лойиҳаларини молиялаштирадиган венчур жамғарма (кейинги ўринларда – венчур жамғарма) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Белгилансинки:
а) инкубация ёки акселерация дастурини муваффақиятли якунлаган ёки стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун ўтказилган нуфузли танловларда ғолиб (совриндор) бўлган ёхуд бошқа венчур жамғармаларидан инвестиция жалб қилган стартап лойиҳаларга қуйидаги йўналишлар бўйича венчур жамғарма томонидан 5 миллиард сўмгача инвестиция ажратилади:
истиқболда муваффақиятга эришиш салоҳияти юқори бўлган намунавий моделни (MVP) ишлаб чиқиш жараёнидаги стартап лойиҳага — 500 миллион сўмгача;
Ўзбекистон бозорида муваффақиятли жорий қилинган стартап лойиҳага — 2 миллиард сўмгача;
хорижий бозорга чиқиш имкониятига эга бўлган стартап лойиҳага — 5 миллиард сўмгача;
б) Жамғарма томонидан қуйидаги харажатларни қоплаш учун субсидия ажратилади:
истиқболда муваффақиятга эришиш салоҳияти юқори бўлган стартап ғоянинг намунавий моделини (MVP) яратиш даражасига олиб чиқиш учун хорижий ва маҳаллий экспертлар, менторлар ва тренерларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизигача, бироқ 100 миллион сўмдан ошмаган миқдорда;
стартап лойиҳалар бўйича ўрнатилган тартибда тасдиқланган йўналишлардаги ўқув курсларида ўқиш ва сертификат олиш ҳамда нуфузли акселерация ва инкубация дастурларида иштирок этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизигача бўлган, бироқ 20 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган миқдорда;
патентлаш ҳамда интеллектуал фаолият натижалари ва савдо белгиларини рўйхатдан ўтказиш.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 11 февралдаги ПҚ-59-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.02.2026 й., 07/25/59/0135-сон)
12. Кенгашга аъзоларининг камида тўртдан уч қисмидан иборат кўпчилик (малакали кўпчилик) овози билан қабул қилинадиган қарорига мувофиқ қуйидаги ваколатлар берилсин:
бизнес лойиҳаларнинг самарадорлик кўрсаткичлари паст бўлган ҳолларда тегишли қўллаб-қувватлаш инструментлари бўйича молиялаштиришни тўхтатиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
халқаро юридик, аудиторлик, инвестиция маслаҳатчилари, консалтинг компаниялари, юқори малакали маҳаллий ва хорижий экспертлар (консультантлар)ни ҳамда мутахассисларни шартнома асосида Жамғарма фаолиятига жалб этиш;
(12-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 11 февралдаги ПҚ-59-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.02.2026 й., 07/25/59/0135-сон)
ёшлар ўртасида тадбиркорликни оммалаштириш, ёшлар тадбиркорлиги учун қулай муҳит яратиш билан боғлиқ тадқиқотларни ўтказиш учун илмий-тадқиқот муассасаларига тўғридан-тўғри шартномалар асосида буюртма бериш.
13. Қуйидагилар:
а) Савдо-саноат палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари:
Жамғарма томонидан қўллаб-қувватланадиган бизнес лойиҳаларнинг ривожланишига кўмаклашиш учун шахсан масъул этиб белгилансин;
ҳар чоракда юқори қўшилган қиймат яратувчи бизнес лойиҳаларни молиялаштириш учун Жамғармага таклифлар киритиб борсин;
б) Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур қарорнинг 4-банди «д» кичик бандига мувофиқ Жамғарма ресурслари ҳисобидан ажратилган маблағлар юзасидан ҳисоботлар Агентликнинг расмий веб-сайтида ўз вақтида ҳамда тўлиқ эълон қилиб борилишини назорат қилсин.
14. Агентлик:
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
ҳар йили йил якунлари бўйича бозор талабидан келиб чиққан ҳолда Жамғарма томонидан бизнес лойиҳаларни молиялаштириш миқдорлари ва шартларига ўзгартиришлар киритиш ҳамда бошқа қўллаб-қувватлаш инструментларини жорий қилиш юзасидан таклифлар киритиб борсин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ёшлар ишлари агентлиги директори А.З. Саъдуллаев белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, масъул вазирлик ва идоралар ҳамда ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 14 февраль,
ПҚ-60-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПҚ-60-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармасининг асосий вазифалари
Қуйидагилар Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармасининг асосий вазифалари ҳисобланади:
ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган бизнес лойиҳалар, шунингдек, ёшлар иштирокидаги ва қишлоқ хўжалиги ерлари ажратилган ёшларга хизмат кўрсатувчи қишлоқ хўжалиги кооперативлари лойиҳаларини (кейинги ўринларда – бизнес лойиҳалар) қўллаб-қувватлаш;
ички ва ташқи бозорларда талаб кўп бўлган юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳасидаги бизнес лойиҳаларни молиялаштириш;
кооперация алоқалари асосида ёшлар томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни (хизматлар кўрсатишни) ривожлантириш орқали бизнес лойиҳаларга кўмаклашиш;
стартап, рақамли, инновацион, яшил ва ресурс тежамкор тамойиллар ҳамда ёндашувларга асосланган бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;
ёшлар иштирокида шаклланиб келаётган миллий брендларни янада ривожлантиришга кўмаклашиш;
бизнес лойиҳаларни тижорат ва хизмат кўрсатиш бинолари (майдонлари) билан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда таъминлаш;
инкубация ёки акселерация дастурини муваффақиятли якунлаган ҳамда стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун ўтказилган нуфузли танловларда ғолиб (совриндор) бўлган стартап лойиҳаларни молиялаштириш;
ёшларнинг истиқболда муваффақиятга эришиш салоҳияти юқори бўлган стартап ғояларининг намунавий моделини (MVP) яратиш, халқаро инкубация ёки акселерация дастурларида иштирок этишини молиявий қўллаб-қувватлаш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистонда фаолият юритаётган кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларини тизимли ривожлантириш, уларни йирик бизнес даражасигача олиб чиқиш, миллий брендларни халқаро бозорларга олиб чиқиш мақсадида «BIZCOMBINATOR» лойиҳасини амалга ошириш.
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 11 февралдаги ПҚ-59-сонли қарорига асосан ўнинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.02.2026 й., 07/25/59/0135-сон)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПҚ-60-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ёшлар тадбиркорлигини ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш бўйича
ЧОРА-ТАДБИРЛАР РЕЖАСИ

Т/р

Чора-тадбир номи

Амалга ошириш механизми

Ижро муддати

Молиялаштириш манбалари

Масъул ижрочилар

1.

Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) фаолиятини ташкил этиш.

1. Жамғарма фаолиятини йўлга қўйиш, жумладан тузилмаси ва уставини тасдиқлаш.

2. Жамғармани замонавий талабларни инобатга олган ҳолда зиммасига юклатилган вазифаларни самарали амалга оширадиган ва профессионал даражада бажарадиган малакали мутахассислар билан тўлдириш чораларини кўриш.

2025 йил февраль

-

Ёшлар ишлари агентлиги,

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

3. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини Жамғарма ҳисобига ўтказиш.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги,

Ёшлар ишлари агентлиги

2.

Жамғарма кенгаши фаолиятини йўлга қўйиш.

Бизнес лойиҳаларни саралаш ва молиявий қўллаб-қувватлашга тавсия қилиш ҳамда уларнинг самарадорлигини баҳолашни ташкил этиш учун юқори натижаларга эришган ҳамда самарали фаолият юритиб келаётган 20 нафар тадбиркордан иборат таркибда жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Жамғарма кенгашини (кейинги ўринларда — Кенгаш) тузиш.

Бунда:

Кенгаш аъзолари таркибини, шу жумладан улар сонининг камида 30 фоизини ёш тадбиркорлар орасидан шакллантириш;

шакллантирилган Кенгаш аъзолари таркибини Ёшлар ишлари агентлиги директори томонидан тасдиқлаш;

Кенгаш аъзолари орасидан Жамғарма директорини уларнинг умумий овозлари сонининг камида тўртдан уч қисмидан иборат малакали кўпчилик овози билан аниқлаш ҳамда Агентлик директори томонидан лавозимга тайинлаш.

2025 йил февраль

-

Ёшлар ишлари агентлиги,

Давлат хавфсизлик хизмати,

Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси

3.

Жамғарма фаолиятини тартибга солувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш.

1. Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси фаолиятини тартибга солувчи, шу жумладан қуйидагиларни назарда тутувчи низомни тасдиқлаш ҳақидаги Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш:

Жамғарма маблағларини шакллантириш тартиби;

Жамғарма маблағлари ҳисобидан бизнес лойиҳаларни молиялаштириш тартиби.

2. Қарор лойиҳасини белгиланган тартибда келишиш.

2025 йил март

-

Ёшлар ишлари агентлиги,

Жамғарма,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Адлия вазирлиги

3. Қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

2025 йил апрель

4.

Ёшлар тадбиркорлигини ва уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлашнинг Жамғарма томонидан қарз ажратиш ҳамда стартап лойиҳалар харажатларини қоплаб бериш инструментлари бўйича тартибни белгилаш.

1. Ёшлар тадбиркорлигини ва уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш инструментларидан Жамғарма томонидан унинг ресурслари ҳисобидан тадбиркорлик фаолияти учун танланган бино ва иншоотларни қуриш, уларни таъмирлаш ва жиҳозлаш учун қарз ажратиш ҳамда стартап лойиҳалар харажатларини қоплаб бериш инструментлари бўйича, шу жумладан қуйидагиларни назарда тутувчи тартибни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш:

товар, иш ва хизматлар етказиб бериш (хизмат кўрсатилганлиги) учун қарз маблағларини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида ўтказиш тартиби;

қарз маблағларини ажратиш билан шуғулланувчи профессионал ташкилотлар (банклар каби) тажрибасини ўрганган ҳолда қарз маблағлари ажратилиши мумкин бўлган ҳамда қарз маблағлари ажратилмайдиган (шу жумладан, аффилланганлик хусусиятига эга алоқалари мавжуд бўлган) ҳолатларни белгилаш;

ажратилган қарз маблағларидан мақсадли фойдаланилиши ҳолатини мониторинг қилиб бориш;

лойиҳаларга ажратилган қарз маблағларининг ўз вақтида қайтарилишини ўрганиб бориш;

молиялаштирилган лойиҳалар бўйича маблағларнинг қайтарилмаслиги хатарлари юқори деб топиладиган ҳолатларни белгилаш, бундай ҳолатларда ушбу инструмент бўйича янги лойиҳаларни молиялаштиришни тўхтатиш;

тегишли бизнес лойиҳа учун ажратилган қарз маблағларининг қайтарилмаслиги хавфи юқори деб топиладиган ҳолатларни белгилаш, бундай ҳолатларда молиялаштиришни тўхтатиш;

стартап лойиҳалар харажатларини қоплаб бериш.

2. Қарор лойиҳасини белгиланган тартибда келишиш.

2025 йил март

-

Ёшлар ишлари агентлиги,

Жамғарма,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Адлия вазирлиги

3. Қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

2025 йил апрель

5.

Ёшлар тадбиркорлиги лойиҳаларининг самарали амалга оширилиши ҳамда ривожланишига кўмаклашиш.

1. Юқори қўшилган қиймат яратувчи ёшлар тадбиркорлиги лойиҳаларини молиялаштириш учун Жамғармага таклифлар киритиб бориш.

2. Жамғарма томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари қўлланилган бизнес лойиҳалар амалга оширилиши ва ривожланишига кўмаклашиш.

Доимий

-

Савдо-саноат палатаси,

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлиги

6.

Қишлоқ хўжалиги ерлари ажратилган ёшларга хизмат кўрсатувчи қишлоқ хўжалиги кооперативлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш.

1. Дастлабки босқичда белгиланган 26 та туманда қишлоқ хўжалиги ерлари ажратилган ёшларга хизмат кўрсатувчи қишлоқ хўжалиги кооперативларини аниқлаш.

2025 йил март

-

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,

Ёшлар ишлари агентлиги

2. Қишлоқ хўжалиги ерлари ажратилган ёшларга хизмат кўрсатувчи қишлоқ хўжалиги кооперативларини белгиланган инструментлар асосида қўллаб-қувватлаш.

Доимий

Жамғарма

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари

3. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шу жумладан мева-сабзавот экспортига кенг жалб этиш мақсадида хорижий тилларни ўзлаштирган ёшларни экспорт амалиёти бўйича қисқа муддатли курсларда ўқитиш.

Ёшлар ишлари агентлиги,

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги

4. Мева-сабзавот экспорти амалиёти бўйича ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган ёшларни тўлов асосида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигида тузилган марказий экспорт штаби ва экспортчи корхоналар фаолиятига жалб қилиш, заруратга кўра уларнинг республика ҳудудлари ва хорижга чиқиш ҳамда яшаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизимини ривожлантириш жамғармаси маблағлари

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги

7.

Магистрал, ички йўллар бўйида ва жамоат жойларида (шу жумладан, сайилгоҳлар, туристик масканлар, гастрономик ва ижод кўчаларида) камида 1 мингта савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш.

1. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида магистрал, ички йўллар бўйида ва жамоат жойларида (шу жумладан, сайилгоҳлар, туристик масканлар, гастрономик ва ижод кўчаларида) камида 1 мингта савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш бўйича лойиҳаларни аниқлаш.

2025 йил давомида

Жамғарма

Ёшлар ишлари агентлиги,

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари

2. Савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини жойлаштириш схемасини ишлаб чиқиш.

2025 йил февраль

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари

Солиқ қўмитаси,

Туризм қўмитаси,

Кадастр агентлиги,

Автомобиль йўллари қўмитаси

3. Магистрал, ички йўллар бўйида ва жамоат жойларида 1 мингта савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, шу жумладан кўчма савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш учун ер майдонларини онлайн аукцион савдоларига чиқариш.

2025 йил март

-

4. Электрон онлайн аукцион савдолари орқали магистрал ва ички йўллар бўйидан, жамоат жойлари ва кўчалардан талабгорларга савдо ва хизмат кўрсатиш учун ер майдонларини ажратиш.

2025 йил давомида

-

5. Белгиланган қўллаб-қувватлаш инструментлари орқали Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида магистрал, ички йўллар бўйида ва жамоат жойларида (шу жумладан, сайилгоҳлар, туристик масканлар, гастрономик ва ижод кўчаларида) ташкил этиладиган савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш.

Жамғарма

Ёшлар ишлари агентлиги,

Савдо-саноат палатаси

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

8.

Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган, бўш турган ер майдонларида, шу жумладан, соҳил ва каналлар бўйида тадбиркорларнинг бизнес лойиҳаларини жойлаштириш орқали хизмат кўрсатиш, савдо-кўнгилочар ва дам олиш масканларини ташкил этиш.

1. Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган, бўш турган ер майдонларида, шу жумладан, соҳил ва каналлар бўйида зарур инфратузилмани яратиш.

2025 йил давомида

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари

2. Ушбу ҳудудларда тадбиркорларнинг бизнес лойиҳаларини жойлаштириш орқали хизмат кўрсатиш, савдо-кўнгилочар ва дам олиш масканларини ташкил этишга кўмаклашиш.

-

3. Тадбиркорлик субъектларини белгиланган тартибга мувофиқ Жамғарма маблағлари ҳисобидан қўллаб-қувватлаш.

Жамғарма

Ёшлар ишлари агентлиги,

Савдо-саноат палатаси,

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

9.

Жамғарма ресурслари ҳисобидан ажратилган маблағлар юзасидан ҳисоботларни эълон қилиб бориш.

1. Жамғарма ресурслари ҳисобидан ажратилган маблағлар юзасидан ҳисоботлар, шу жумладан қўллаб-қувватлаш инструментлари ва лойиҳалар кесимида ажратилган маблағлар тўғрисидаги маълумотларни Ёшлар ишлари агентлигининг расмий веб-сайтида эълон қилиб бориш.

Ҳар чоракда

-

Жамғарма,

Ёшлар ишлари агентлиги

2. Агентликнинг расмий веб-сайтида Жамғарма томонидан молиявий ҳисоботлар ўз вақтида ҳамда тўлиқ эълон қилиб борилишини назорат қилиш.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

10.

Илғор хорижий мамлакатлар тажрибаларини ўрганган ҳолда замонавий касблар дастурларини халқаро стандартларга мослаштириш.

1. Илғор хорижий мамлакатлар тажрибаларини ўрганган ҳолда замонавий касблар рўйхатини шакллантириш.

2025 йил февраль

-

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги,

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги,

«Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази» лойиҳа офиси

2. Ушбу рўйхатдаги касбларнинг ўқув дастурларини халқаро стандартларга мослаштириш чораларини кўриш.

Режа-графикка мувофиқ

11.

Ёшларни замонавий касбларга ўқитиш марказлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш.

1. Ёшларни замонавий касбларга ўқитиш марказини ташкил этиш истагида бўлган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш.

2. Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифлар киритиш.

2025 йил май

-

Ёшлар ишлари агентлиги,

Савдо-саноат палатаси,

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари

12.

Ёшлар тадбиркорлигини ва уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш инструментларини такомиллаштириш.

1. Ёшлар тадбиркорлигини ва уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш инструментлари асосида молиялаштириш самарадорлигини таҳлил қилиш.

2. Таҳлиллар натижалари юзасидан қўллаб-қувватлаш инструментларини такомиллаштириш, шу жумладан мавжудларини қайта кўриб чиқиш ва янги инструментларни жорий этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш.

2025 йил декабрь

-

Ёшлар ишлари агентлиги,

Жамғарма,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

13.

Жамғармага ер майдонлари ажратиш орқали давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш.

Жамғармага доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ер майдонларини ажратиш орқали келгусида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш.

2025 йил апрель

-

Ёшлар ишлари агентлиги,

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари

14.

Ёш тадбиркорлар муаммоларини ўрганишга қаратилган илмий-тадқиқотлар ўтказиш.

Ёш тадбиркорлар муаммоларини ўрганишга қаратилган социологик ва илмий-амалий тадқиқот ўтказиш, уларнинг фаолиятида юзага келаётган муаммо ва тўсиқларни бартараф этиш ҳамда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича Жамғармага таклифлар киритиб бориш.

2025 йил давомида

-

Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти

15.

Венчур жамғарма томонидан ёшларнинг истиқболли стартап лойиҳаларини молиялаштириш тартибини белгилаш.

1. Венчур жамғарма томонидан ёшларнинг истиқболли стартап лойиҳаларини молиялаштиришнинг, шу жумладан қуйидагиларни назарда тутувчи тартиби юзасидан Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш:

инкубация ёки акселерация дастурларини тан олиш мезонларини белгилаш;

стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун ўтказилган нуфузли танловларни аниқлаш тартиби.

2. Қарор лойиҳасини белгиланган тартибда келишиш.

2025 йил март

-

Ёшлар ишлари агентлиги,

Жамғарма,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Адлия вазирлиги

3. Қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

2025 йил апрель

16.

Истиқболда муваффақиятга эришиш салоҳияти юқори бўлган стартап ғояни реализация қилиш учун ғоя эгалари ва салоҳиятли инвестор тадбиркорларни ўзаро бирлаштирувчи дастурни амалга ошириш.

Дастур иштирокчиларини рўйхатга олиш, янгиликларни ёритиб бориш, молиявий кўмак олиш учун мурожаат қилиш (ариза юбориш), стартап ғоя эгаларига салоҳиятли инвестор тадбиркорларни топиш ҳамда ушбу дастур фаолиятини самарали ташкил этиш билан боғлиқ бошқа маълумотларни жойлаштиришга мўлжалланган махсус платформани ишга тушириш.

2025 йил декабрь

Жамғарма

Жамғарма,

Ёшлар ишлари агентлиги,

Рақамли технологиялар вазирлиги

Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПҚ-60-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ёшлар тадбиркорлигини ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш инструментлари
РЎЙХАТИ

Т/р

Қўллаб-қувватлаш чораси

Тақдим этувчи ташкилот / молиялаштириш манбаи

Қўллаб-қувватлаш чораси тақдим этиладиган субъектлар

Фойдаланиш муддати

I. Кредитлар ажратиш*

1.

Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) ресурслари ҳисобидан тадбиркорлик лойиҳаларига** тижорат банклари орқали Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада 100 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар ажратиш.

«Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ, АТ «Алоқабанк», тижорат банклари / Жамғарма

1. Якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти сифатида фаолият юритувчи ёш фуқаролар.

2. Деҳқончилик ва ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланадиган ёшлар.

3. Ижтимоий солиқ тўлаган ўзини ўзи банд қилган ёш фуқаролар.

4. Таъсисчиси ёш фуқаро бўлган юридик шахс ташкил этган ҳолда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари.

2 йиллик имтиёзли давр билан 7 йилгача

Бунда лойиҳа хусусиятидан келиб чиқиб, кредитнинг 50 фоизгача қисми айланма маблағларни тўлдириш учун очиқ кредит линияси асосида ҳар 12 ойда сўндириш шарти билан 24 ойгача муддатга ажратилиши мумкин.

Ҳар 1 йилда сўндириш шарти билан 5 йилгача

2.

Жамғарма ресурслари ҳисобидан тадбиркорлик лойиҳаларига тижорат банклари орқали Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада 100 млн сўмдан юқори, бироқ 500 млн сўмдан ошмаган миқдорда имтиёзли кредитлар ажратиш.

1. Якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти сифатида фаолият юритувчи ёш фуқаролар.

2. Деҳқончилик ва ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланадиган ёшлар.

3. Таъсисчиси ёш фуқаро бўлган юридик шахс ташкил этган ҳолда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари.

2 йиллик имтиёзли давр билан 7 йилгача

3.

Жамғарма ресурслари ҳисобидан тадбиркорлик лойиҳаларига тижорат банклари орқали Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада 500 млн сўмдан юқори, 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар ажратиш.

1. Таъсисчиси ёш фуқаро бўлган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар.

2. Яратиладиган иш ўринларининг камида 50 фоизига ёшларни ишга жойлаштиришни назарда тутувчи лойиҳани амалга оширувчи юридик шахс ташкил этган ҳолда фаолият кўрсатувчи кичик тадбиркорлик субъектлари.

2 йиллик имтиёзли давр билан 7 йилгача

4.

Жамғарма ресурслари ҳисобидан минитрактор, культиватор, агротехник тадбирларни амалга ошириш, маҳсулотларни саралаш, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ускуналарини харид қилиш ва суғориш тизимлари (қудуқлар бурғилаш) лойиҳалари учун қишлоқ хўжалиги кооперативларига тижорат банклари орқали Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар ажратиш.

1.Аъзоларининг учдан икки қисмидан кўпроғини ёшлар ташкил этувчи қишлоқ хўжалиги кооперативлари.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 апрелдаги «Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-153-сон қарорига мувофиқ қишлоқ хўжалиги ерлари ажратилган ёшларга хизматлар кўрсатувчи қишлоқ хўжалиги кооперативлари.

II. Компенсациялар тақдим этиш

5.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 ноябрдаги «Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-193-сон Фармонида белгиланган тартиб ва шартлар асосида ажратиладиган кредитлар ва лизинглар бўйича компенсация тақдим этиш.

«Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 ноябрдаги «Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-193-сон Фармонида белгиланган шартларга жавоб берадиган тадбиркорлик субъектлари.

3 йилгача муддатга

III. Жамғарма томонидан қарз ажратиш*** ҳамда стартапларни молиявий қўллаб-қувватлаш

6.

Жамғарма томонидан унинг ресурслари ҳисобидан тадбиркорлик фаолияти учун бино ва иншоотларни қуриш, таъмирлаш, жиҳозлаш, шунингдек, бино ва иншоот, ишлаб чиқариш фаолияти учун хомашё, технология ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 минг бараваригача миқдорда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан қарз ажратиш.

Жамғарма

1. Таъсисчиси ёш фуқаро бўлган юридик шахс ташкил этган ҳолда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари.

2. Яратиладиган иш ўринларининг камида 50 фоизига ёшларни (шу жумладан, «Ёшлар дафтари»га кирганларни) ишга жойлаштириш бўйича лойиҳани амалга оширувчи юридик шахс ташкил этган ҳолда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари.

Бунда рўйхатнинг ушбу позициясида кўзда тутилган субъектлар:

Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги шкаласи бўйича камида «ББ» (61 — 75 балл) кўрсаткичга эга;

ажратиладиган маблағ қийматининг 125 фоизидан кам бўлмаган миқдордаги мол-мулкни гаров таъминоти сифатида тақдим этган;

камида 12 ойдан ортиқ муддат давомида фаолият кўрсатаётган;

харид қилинадиган товар ва хизматлар қийматининг тўртдан бир қисми миқдорида Жамғарма даромадини қўшган ҳолда ажратиладиган жами қарз маблағларини тенг улушларда бўлиб-бўлиб қайтариш юзасидан келишувга эришилган бўлиши лозим.

Ҳукумат қарорига мувофиқ рўйхатнинг ушбу позициясида кўзда тутилган субъектларга нисбатан қўшимча талаблар белгиланиши мумкин.

1 йиллик имтиёзли давр билан 5 йилгача муддатга

7.

Инкубация ёки акселерация дастурини муваффақиятли якунлаган ёки стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун ўтказилган нуфузли танловларда ғолиб (совриндор) бўлган ёхуд бошқа венчур жамғармаларидан инвестиция жалб қилган:

истиқболда муваффақиятга эришиш салоҳияти юқори бўлган намунавий моделни (MVP) ишлаб чиқиш жараёнидаги стартап лойиҳага — 500 миллион сўмгача;

Ўзбекистон бозорида муваффақиятли жорий қилинган стартап лойиҳага — 2 миллиард сўмгача;

хорижий бозорга чиқиш имкониятига эга стартап лойиҳага — 5 миллиард сўмгача инвестиция ажратилади.

Венчур жамғарма / Жамғарма

Стартап лойиҳани амалга ошириш истагини билдирган ўн саккиз ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси кейинчалик юридик шахс ташкил этган ҳолда ёки таъсисчи ёш бўлган юридик шахс мақомидаги тадбиркорлик субъекти.

-

8.

Истиқболда муваффақиятга эришиш салоҳияти юқори бўлган стартап ғоянинг намунавий моделини (MVP) яратиш даражасига олиб чиқиш учун хорижий ва маҳаллий экспертлар, менторлар ва тренерларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизигача бўлган қисмини, бироқ 100 миллион сўмдан ошмаган миқдорда қоплаб бериш.

Жамғарма

Стартап лойиҳани амалга ошириш истагини билдирган ўн саккиз ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси.

-

9.

Стартаплар бўйича ўрнатилган тартибда тасдиқланган йўналишлардаги ўқув курсларида ўқиш ва сертификат олиш ҳамда нуфузли акселерация ва инкубация дастурларида иштирок этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизигача бўлган, бироқ 20 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган миқдорда тўлаб бериш.

Жамғарма

Стартап лойиҳани амалга ошириш истагини билдирган ўн саккиз ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси.

Бунда йўналишлар рўйхати Стартап экотизимини ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан тасдиқланади.

-

10.

Ёшлар технопарки ва олий таълим ташкилотларида Тадқиқот ва ишланма марказларида (R&D center) синовдан ўтказиш учун саралаб олинган истиқболли лойиҳаларга намунавий модель (MVP) яратиш харажатларининг 50 фоизигача қисми, бироқ 50 минг АҚШ долларидан ошмаган миқдордаги харажатлар учун маблағ ажратиш.

Жамғарма

Бунда ҳар йили саралаб олинган 10 тагача истиқболли лойиҳалар учун маблағ ажратилади.

-

11.

Стартап-студиялар, инкубация ва акселерация марказларини ташкил этиш учун 1 йиллик имтиёзли давр билан 5 йилгача муддатга 5 миллиард сўмгача фоизсиз қарз (ссуда) ажратиш

Жамғарма

Юридик шахс ташкил этган ҳолда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари.

Бунда қарз (ссуда) стартап-студиялар, инкубация ва акселерация марказларини ташкил этиш бўйича режа Жамғарма кенгаши томонидан маъқулланганда ажратилади.

1 йиллик имтиёзли давр билан

5 йилгача муддатга

12.

Маҳаллий инкубация ёки акселерация дастурларида иштирок этиш билан боғлиқ бадал тўловлари учун ойма-ой жами базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдоригача грант ажратиш.

Жамғарма

Стартап лойиҳани амалга ошириш истагини билдирган ўн саккиз ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси.

Бунда тўловлар ойма-ой ажратилади.

-

13.

Ёшларнинг стартап лойиҳаларини патентлаш ҳамда тадбиркорлик билан боғлиқ интеллектуал фаолият натижалари ва савдо белгиларини рўйхатдан ўтказиш харажатларини қоплаб бериш.

Жамғарма

Ўн саккиз ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаросига стартап лойиҳаларини патентлаш ҳамда тадбиркорлик билан боғлиқ интеллектуал фаолият натижалари ва савдо белгиларини рўйхатдан ўтказиш харажатларини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида қоплаб берилади.

-

14.

«Ёш тадбиркорлар» чемпионатининг энг яхши 100 тагача бизнес ва стартап лойиҳаларининг ҳар бирига 1 миллиард сўмгача инвестиция киритиш.

Венчур жамғарма / Жамғарма

Ўтказиш тартиби Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси кенгаши томонидан тасдиқланадиган «Ёш тадбиркорлар» чемпионатининг энг яхши 100 тагача бизнес ва стартап лойиҳаларига инвестиция киритилади.

-

15.

«Ёш тадбиркорлар» чемпионати натижалари бўйича стартап ва бизнес лойиҳаларни брендга айлантириш мақсадида молиявий ва маркетинг хизматлари бўйича экспертларнинг харажатларини тўлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача миқдорда маблағ ажратиш.

Жамғарма

«Ёш тадбиркорлар» чемпионати натижалари бўйича ғолиб ёки совриндор бўлган стартап ва бизнес лойиҳалари эгалари.

-

16.

Ўзбекистон бозорида муваффақиятли жорий қилинган ва хорижий бозорга чиқиш имкониятига эга бизнес лойиҳаларга улуш киритиш ва 5 миллиард сўмгача инвестиция ажратиш.

Жамғарма

Таъсисчиси ёш фуқаро бўлган юридик шахс ташкил этган ҳолда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари.

-

17.

Олис ва чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда хорижий тилларга ўқитиш бўйича таълим хизматлари кўрсатишни ташкил этиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 320 бараваригача миқдорда фоизсиз қарз (ссуда) ажратиш.

Жамғарма

1. Қарз ажратишда қуйидаги талаблар белгиланади:

якка тартибдаги тадбиркор бўлган ёш фуқаро ёки юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектининг ёш таъсисчиси хорижий тиллар бўйича камида С1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатни олганига икки йилдан ошмаган бўлиши;

қарз олувчи субъектлар билан Жамғарма ижро этувчи органи ўртасида аффилланганлик ҳолати бўлмаслиги.

2. Қарз қуйидаги субъектларга ажратилади:

якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти сифатида фаолият юритувчи ёш фуқароларга;

устав фонди (устав капитали)нинг камида 50 фоизи қарз ажратилиши вақтида ёш бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаросига (фуқароларига) тегишли бўлган юридик шахс ташкил этган ҳолда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларига.

6 ойлик имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга

Изоҳ:
* 1 — 4-бандлардаги инструментлар бўйича ажратилган кредит маблағлари мақсадсиз ишлатилганлиги аниқланганда ушбу маблағларга нисбатан тижорий фоиз ставкалари татбиқ этилади ва тижорат банки томонидан муддатидан олдин тадбиркорлик субъектидан ундириш чоралари кўрилади. Бунда мазкур шартлар кредит шартномасида назарда тутилади ва кредит бўйича фоиз тўловлари тўланганлиги ҳолатидан қатъи назар тижорий фоиз ставкалари асосида қайта ҳисоб-китоб қилинади.
** Тадбиркорлик лойиҳаси — саноат, хизматлар, савдо ва умумий овқатланиш, туризм, ҳунармандчилик, касаначилик, заргарлик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ҳамда қайта ишлаш, шунингдек, замонавий савдо марказлари ҳамда уларга туташ ҳудудларда ишлаб чиқариш бинолари (ангар ва цехлар)ни қуриш йўналишларида тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш ва кенгайтириш (модернизация қилиш).
*** Жамғарма томонидан унинг ресурслари ҳисобидан қарз ажратиш 2025-2026 йилларда тажриба-синов тариқасида амалга оширилади ҳамда уни молиялаштириш учун 30 млрд сўм йўналтирилади. Мазкур инструмент орқали лойиҳаларни молиялаштириш алоҳида ҳисоб-варақ орқали амалга оширилиб, ундан қайтган маблағлар белгиланган тартибга мувофиқ янги лойиҳаларга ажратилади.
(3-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 11 февралдаги ПҚ-59-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.02.2026 й., 07/25/59/0135-сон)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПҚ-60-сон қарорига
4-ИЛОВА
Дарё, канал ва соҳил бўйларида хизмат кўрсатиш, кўнгилочар ва дам олиш масканларини ташкил этиш бўйича бизнес лойиҳаларни жойлаштириш учун ўрнатилган тартибда электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариш орқали ажратилиши назарда тутилган ер участкалари
РЎЙХАТИ

Т/р

Ҳудуд номи

Ер участкаси жойлашган туман (шаҳар) номи

Объект номи

Ер участкаси майдони

(гектар)

1.

Қорақалпоғистон Республикаси

Нукус шаҳри

«Дўстлик» канали бўйи

23,5

2.

Андижон вилояти

Андижон шаҳри

«Нодирабегим» истироҳат боғи кўли бўйи

8,1

3.

Бухоро вилояти

Жондор тумани

Зарафшон дарёси бўйи

4,2

4.

Жиззах вилояти

Жиззах шаҳри

Сангзор канали бўйи

5,5

5.

Қашқадарё вилояти

Қарши шаҳри

Айрум канали бўйи

0,5

6.

Навоий вилояти

Навбаҳор тумани

Зарафшон канали бўйи

10,0

7.

Наманган вилояти

Чортоқ тумани

Катта Наманган канали бўйи

1,0

8.

Самарқанд вилояти

Ургут тумани

Ўрамас канали бўйи

23,0

Нарпай тумани

Нарпай канали бўйи

1,6

9.

Сирдарё вилояти

Гулистон шаҳри

«Дўстлик» канали бўйи

2,0

10.

Сурхондарё вилояти

Денов тумани

Қизилсув дарёси бўйи

14,0

11.

Тошкент вилояти

Қибрай тумани

Ёшлар сайилгоҳи

0,6

12.

Фарғона вилояти

Фарғона шаҳри

Янги Ўзбекистон массивидаги экошаҳар ҳудуди

0,15

13.

Хоразм вилояти

Урганч шаҳри

Шовот канали бўйи

4,8

Изоҳ: ушбу рўйхатга тегишли ҳудуддаги аҳоли қизиқиши ва тадбиркорларнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги таклифларига асосан Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўзгартириш киритилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПҚ-60-сон қарорига
5-ИЛОВА
Қишлоқ хўжалиги ерлари ажратилган ёшларга хизмат кўрсатувчи қишлоқ хўжалиги кооперативлари фаолият юритадиган туманлар
РЎЙХАТИ

Т/р

Ҳудуд номи

Туман номи

1.

Қорақалпоғистон Республикаси

Кегейли тумани

Амударё тумани

2.

Андижон вилояти

Асака тумани

Балиқчи тумани

3.

Бухоро вилояти

Ғиждувон тумани

Жондор тумани

4.

Жиззах вилояти

Шароф Рашидов тумани

Зарбдор тумани

5.

Қашқадарё вилояти

Қарши тумани

Ғузор тумани

6.

Навоий вилояти

Навбаҳор тумани

Қизилтепа тумани

7.

Наманган вилояти

Янгиқўрғон тумани

Норин тумани

8.

Самарқанд вилояти

Жомбой тумани

Ургут тумани

9.

Сирдарё вилояти

Сайхунобод тумани

Сардоба тумани

10.

Сурхондарё вилояти

Олтинсой тумани

Ангор тумани

11.

Тошкент вилояти

Қуйи Чирчиқ тумани

Бўка тумани

12.

Фарғона вилояти

Фарғона тумани

Ёзёвон тумани

13.

Хоразм вилояти

Боғот тумани

Гурлан тумани

Изоҳ: ушбу рўйхатга ёшлар ва тадбиркорлик субъектлари талаблари асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимликлари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги таклифларига асосан Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўзгартириш киритилиши мумкин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.02.2025 й., 07/25/60/0150-сон; 13.02.2026 й., 07/25/59/0135-сон)