Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги 283-сон қарори билан тасдиқланган Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида
Ташқи савдо операциялари доирасида активларни репатриация қилиш талабларини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги 283-сон қарори билан тасдиқланган Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилсин:
ташқи савдо операциялари бўйича активларни репатриация қилиш таъминланмаганлиги учун молиявий жарималар қўллаш амалиётини тартибга солиш ва дебиторлик қарздорликларни ҳисоблаш тартибига аниқлик киритиш;
молиявий жарима қўлланилгандан кейин 120 кун муддатда активлар репатриация қилинган тақдирда, тўланган жарима суммасининг 75 фоизини қайтариб бериш тартибини жорий этиш.
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси раиси Ш.Д. Кудбиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 7 сентябрь,
551-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 7 сентябрдаги 551-сон қарорига
ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги 283-сон қарори билан тасдиқланган Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар
1. 27-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«27. Ташқи савдо контрактлари бўйича активлар репатриация қилинишини (чет элдан хорижий валютадаги маблағлар келиб тушишини ёки ушбу Низомда кўрсатилган божхона режимларида товарлар республикага олиб кирилиши ва расмийлаштирилишини, ишлар бажарилиши ва хизматлар кўрсатилишини ёки маблағларнинг қайтарилишини) мазкур Низомнинг 23, 24 ва 241-бандларида белгиланган муддатларда таъминламаган хўжалик юритувчи субъектлар Ўзбекистон Республикасининг «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонунининг 111-моддасида белгиланган жаримани тўлайдилар.
Қуйидаги ҳолларда ташқи савдо операциялари бўйича дебитор қарздорлик муддати ўтган ҳисобланмайди:
асбоб-ускуналарни ва (ёки) бутловчи қисмларни етказиб бериш муддатлари уларнинг техник тавсифларига ҳамда ўзига хос хусусиятига қараб бир юз саксон кундан ортиқ этиб белгиланган импортга оид контрактлар бўйича етказиб бериш муддати даврида;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида тузилган импортга оид контрактларда ёки маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битимларни амалга ошириш доирасида бошқарувчи қўмита томонидан тасдиқланган импортга оид контрактларда белгиланган муддатлар бузилмаган бўлса;
инвестиция лойиҳалари доирасида тузилган контрактлар бўйича лойиҳалаштириш, асбоб-ускуналар ва эҳтиёт қисмларни етказиб бериш, шунингдек, асбоб-ускуналарни ўрнатиш ҳамда қурилиш-монтаж ишлари билан боғлиқ бўлган ишларни (хизматларни) кўрсатиш юзасидан импортга оид контрактларда белгиланган муддатлар бузилмаган бўлса».
ўн тўққизинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
йигирманчи — йигирма саккизинчи хатбошилар тегишлича ўн тўққизинчи — йигирма еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
йигирма тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги суд ҳужжати қонуний кучга киргандан сўнг 120 кун ичида аризада кўрсатилган ташқи савдо контрактлари бўйича тўлиқ миқдорда активлар репатриация қилиниши таъминланган тақдирда — тўланган жарима суммасининг 75 фоизи қайтариб берилади».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.09.2024 й., 09/24/551/0706-сон)