Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Интеллектуал мулк объектларига оид муҳофаза ҳужжатларининг амал қилиш муддатини узайтириш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Интеллектуал мулк объектларига оид муҳофаза ҳужжатларининг амал қилиш муддатини узайтириш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти иловага мувофиқ тасдиқлансин:
муҳофаза ҳужжатларининг амал қилиш муддатини узайтириш шартлари ва муддатлари;
муҳофаза ҳужжатларининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги аризани Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига (кейинги ўринларда — ваколатли орган) топшириш тартиби ва шартлари;
Олдинги таҳрирга қаранг.
аризани резидентлар учун — давлат хизматлари маркази, ваколатли органнинг махсус ахборот тизими ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали, норезидентлар учун — давлат хизматлари маркази, ваколатли органнинг махсус ахборот тизими орқали топшириш;
(1-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 июлдаги 375-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.07.2026 й., 09/26/375/0726-сон)
давлат хизматини кўрсатишда ариза берувчи томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунида белгиланган миқдорларда патент божини тўлаш тартиби;
аризани ваколатли орган томонидан кўриб чиқиш тартиби ва муддатлари.
2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А.Д. Ташкулов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 1 август,
468-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 августдаги 468-сон қарорига
ИЛОВА
Интеллектуал мулк объектларига оид муҳофаза ҳужжатларининг амал қилиш муддатини узайтириш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Регламент Ўзбекистон Республикасининг «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги, «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги, «Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги ва «Селекция ютуқлари тўғрисида»ги қонунларига асосан интеллектуал мулк объектларига оид муҳофаза ҳужжатларининг (патент, гувоҳнома) амал қилиш муддатини узайтириш бўйича давлат хизматини (кейинги ўринларда — давлат хизмати) кўрсатиш тартибини белгилайди.
2. Давлат хизмати Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (кейинги ўринларда — ваколатли орган) томонидан кўрсатилади.
3. Қуйидаги интеллектуал мулк объектларига оид муҳофаза ҳужжатларининг амал қилиш муддати ваколатли орган томонидан узайтирилиши мумкин:
ихтиро;
фойдали модель;
саноат намунаси;
селекция ютуғи;
товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгиси (кейинги ўринларда — товар белгиси);
географик кўрсаткич;
товар келиб чиққан жой номи.
4. Давлат хизмати мазкур Регламентга 1-иловага мувофиқ схема бўйича кўрсатилади.
2-боб. Муҳофаза ҳужжатларининг амал қилишини узайтириш муддатлари
5. Патент бериш ҳақидаги талабнома топширилган санадан эътиборан ихтиро патенти йигирма йил мобайнида амал қилади.
Қўлланилиши учун белгиланган тартибда тегишли давлат ташкилотидан рухсатнома олиниши лозим бўлган дори воситаси ёки пестицидга тааллуқли ихтиро патентининг амал қилиши ихтирога талабнома бериш санасидан бошлаб маҳсулотни қўллаш учун биринчи рухсатнома олинган санага қадар ҳисобланадиган муддатга узайтирилади. Бунда ихтиро патентнинг амал қилишининг узайтириладиган муддати беш йилдан ошмаслиги керак.
6. Патент бериш ҳақидаги талабнома топширилган санадан эътиборан фойдали модель патенти беш йил мобайнида ва саноат намунаси патенти ўн йил мобайнида амал қилади.
Фойдали модель ва саноат намунаси патентининг амал қилиш муддати ваколатли орган томонидан тегишлича уч йилга ҳамда беш йилга узайтирилиши мумкин.
7. Селекция ютуғи патентининг амал қилиш муддати селекция ютуғи тегишли давлат реестрида рўйхатга олинган санадан эътиборан йигирма йилга тенг.
Ток, ёғочбоп, манзарали, мевали ва ўрмон дарахтларининг навлари, шу жумладан, уларнинг пайвандтаглари учун бу муддат йигирма беш йилни ташкил этади.
Селекция ютуғи патентининг амал қилиш муддати кўпи билан ўн йилга узайтирилиши мумкин.
8. Товар белгисига доир гувоҳнома ва географик кўрсаткич ёки товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома талабнома берилган санадан эътиборан ўн йил мобайнида амал қилади.
Мазкур банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган гувоҳномаларнинг амал қилиш муддати ҳар сафар ўн йилга узайтирилиши мумкин.
3-боб. Аризани бериш ва кўриб чиқиш тартиби
9. Интеллектуал мулк объектларига оид муҳофаза ҳужжатларининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги аризалар интеллектуал мулк объектига бўлган ҳуқуқ эгаси ҳисобланган юридик ва жисмоний шахс (кейинги ўринларда — ариза берувчи) томонидан бевосита ёки вакили (патент вакили ёки ишончли шахс) орқали берилади.
10. Ихтиро патентининг амал қилишини узайтириш тўғрисидаги ариза ваколатли органга патентни бериш санасидан ёки патентнинг амал қилиши давомида маҳсулотни қўллаш учун биринчи рухсатнома олинган санадан олти ой ўтгунига қадар, мазкур муддатларнинг қайси бири кечроқ тугашига боғлиқ ҳолда берилади.
Фойдали модель ва саноат намунаси патентининг амал қилишини узайтириш тўғрисидаги ариза ваколатли органга патентнинг амал қилиши тугагунга қадар сўнгги уч ой ичида ёки қўшимча давлат божини (патент божи) тўлаш шарти билан патентнинг амал қилиши тугагандан кейинги олти ой ичида берилади.
Селекция ютуғи патентининг амал қилишини узайтириш тўғрисидаги ариза ваколатли органга патентнинг амал қилиши тугагунга қадар сўнгги уч ой ичида ёки патентнинг амал қилиши тугагандан кейин олти ой ичида қўшимча патент божини тўлаш шарти билан берилади.
Товар белгисига доир гувоҳнома ва географик кўрсаткич ёки товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза гувоҳнома амал қилаётган охирги йил мобайнида ёки қўшимча патент божи тўлаш шарти билан гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугагандан кейинги олти ой мобайнида берилади.
11. Интеллектуал мулк объектларига оид муҳофаза ҳужжатларининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги аризалар мазкур Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклда берилади.
Ариза битта интеллектуал мулк объектига тегишли бўлиши ва унда хорижий исмлар ва номларнинг транслитерацияси келтирилиши лозим.
12. Дори воситаси ёки пестицидга тааллуқли ихтиро патентининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги аризага қўлланилиши учун тегишли давлат ташкилоти томонидан берилган рухсатнома (гувоҳнома) илова қилинади.
Рухсатнома (гувоҳнома) патентланган ихтиро формуласида тавсифланган маҳсулот билан идентификация қилиш имкониятини берадиган маҳсулот, унинг рўйхатга олинган рақами ва ушбу маҳсулотни қўллаш учун биринчи рухсатнома (гувоҳнома) олинган сана тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим.
13. Вакил орқали берилган аризага вакилнинг ваколатларини тасдиқлайдиган ишончнома илова қилинади. Ишончнома оддий ёзма шаклда расмийлаштирилади.
Ишончнома ариза билан бир вақтда тақдим этилади.
Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ариза ваколатли органда рўйхатга олинган патент вакили орқали берилади.
14. Давлат хизматидан фойдаланишда:
Олдинги таҳрирга қаранг.
резидентлар — давлат хизматлари маркази, ваколатли органнинг махсус ахборот тизими (кейинги ўринларда — ахборот тизими) ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали;
(14-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 июлдаги 375-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.07.2026 й., 09/26/375/0726-сон)
норезидентлар — ахборот тизими орқали ваколатли органга ариза беради.
Ариза берилгандан кейинги босқичлардаги барча ҳаракатлар ахборот тизими орқали амалга оширилади.
15. Аризани ахборот тизими ёки ЯИДХП орқали беришда ариза шакли тўлдирилганидан сўнг ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, аризани тасдиқлайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ариза берувчи давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этганда, ариза давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, ариза берувчи томонидан тасдиқлангандан сўнг ваколатли органга электрон шаклда юборилади.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 июлдаги 375-сонли қарорига асосан иккинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.07.2026 й., 09/26/375/0726-сон)
Юридик шахс номидан ариза ташкилот раҳбари ёки бошқа ваколатли шахс томонидан тасдиқланади.
16. Давлат хизматини кўрсатишда Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунида назарда тутилган миқдорда патент божи тўланади ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тақсимланади.
Патент божи ягона биллинг тизими орқали электрон шаклда тўланади.
17. Ариза берувчи томонидан аризани тасдиқлашнинг рад этилиши, шунингдек, давлат хизматини кўрсатиш учун патент божини тўламаслик давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос бўлиб ҳисобланади.
Давлат хизматини кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.
18. Ваколатли орган аризани қабул қилиб, рўйхатга олгандан сўнг ариза берувчига аризанинг қайд рақами ва келиб тушган санаси кўрсатилган хабарномани тегишли равишда ахборот тизими ёки ЯИДХП орқали автоматик тарзда юборади.
19. Ариза ваколатли органга келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун муддат ичида кўриб чиқилади.
Аризани кўриб чиқиш давомида зарур ҳужжатларнинг мавжудлиги ва мазкур Регламентда белгиланган талабларга мувофиқлиги текширилади.
20. Текширув давомида зарур ҳужжатларнинг мавжуд эмаслиги ёки аризага илова қилинган ҳужжатлар белгиланган талаблар бузилган ҳолда расмийлаштирилганлиги аниқланганда ёхуд патент божи тўловига аниқлик киритиш зарурати вужудга келганда ариза берувчига сўровнома юборилади.
21. Сўровнома юборилган санадан эътиборан уч ой ичида ариза берувчи зарур ҳужжатларни тақдим этиши ва (ёки) кўрсатилган камчиликларни бартараф этиши лозим.
Ариза берувчига сўровнома юборилганда аризани кўриб чиқиш муддати тўхтатиб турилади.
Сўровномага белгиланган муддатда тўлиқ жавоб тақдим этилмаганда ариза чақириб олинган деб ҳисобланади.
22. Тақдим этилган ҳужжатлар белгиланган талабларга мувофиқ бўлганда ваколатли орган муҳофаза ҳужжатининг амал қилиш муддатини узайтиради ва бу тўғрисидаги маълумотларни тегишли давлат реестрига киритади.
Ариза берувчига муҳофаза ҳужжатининг амал қилиш муддати узайтирилганлиги тўғрисидаги хабарнома муҳофаза ҳужжатига илова шаклида ахборот тизими орқали юборилади.
23. Тақдим этилган ҳужжатлар белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган ҳолларда, шунингдек, патент божи тўланмаганда (тўлиқ тўланмаганда), ваколатли орган муҳофаза ҳужжатининг амал қилиш муддатини узайтиришни рад этади.
Бунда ваколатли орган томонидан ариза берувчига муҳофаза ҳужжатининг амал қилиш муддатини узайтириш рад этилганлиги тўғрисидаги ҳуқуқий асослар кўрсатилган хабарнома юборилади.
24. Муҳофаза ҳужжатининг амал қилиш муддати узайтирилганлиги тўғрисидаги маълумотлар расмий ахборотномада эълон қилинади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
25. Ариза берувчи аризага алоқадор иш юритиш билан ахборот тизими орқали танишиб чиқиши мумкин.
26. Сўровнома ва хабарномалар ваколатли орган томонидан QR-код (матрик штрихли код) қўйиш орқали тасдиқланиб юборилади.
27. Ваколатли органнинг муҳофаза ҳужжатининг амал қилиш муддатини узайтиришни рад этиш бўйича ҳаракатлари юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги ва «Судлар тўғрисида»ги қонунлари.
28. Мазкур Регламент талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2155-моддаcи.
Интеллектуал мулк объектларига оид муҳофаза ҳужжатларининг амал қилиш муддатини узайтириш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
1-ИЛОВА
Интеллектуал мулк объектларига оид муҳофаза ҳужжатларининг амал қилиш муддатини узайтириш бўйича давлат хизматини кўрсатиш
СХЕМАСИ
Олдинги таҳрирга қаранг.

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Ижро муддати

1-босқич

Ариза берувчи

Давлат хизматидан фойдаланиш учун давлат хизматлари маркази, ваколатли органнинг ахборот тизими ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза беради.

Заруратга кўра

2-босқич

Ариза берувчи

Муҳофаза ҳужжатининг амал қилиш муддатини узайтириш учун патент божини тўлайди.

Ариза бериш билан бир вақтда

3-босқич

Ваколатли орган

1. Аризани қабул қилади.

2. Аризанинг қайд рақами ва келиб тушган санаси кўрсатилган хабарномани ариза берувчига юборади.

Патент божи тўланганидан сўнг автоматик тарзда

4-босқич

Ваколатли орган

1. Аризани кўриб чиқади.

2. Муҳофаза ҳужжатининг амал қилиш муддатини узайтиради ва бу тўғрисидаги маълумотларни тегишли давлат реестрига киритади.

Ариза келиб тушган санадан бошлаб 15 кун ичида

5-босқич

Ваколатли орган

Ариза берувчига муҳофаза ҳужжатининг амал қилиш муддати узайтирилганлиги тўғрисидаги хабарномани муҳофаза ҳужжатига илова шаклида ахборот тизими орқали юборади.

Муддатни узайтириш билан бир вақтда

(1-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 июлдаги 375-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.07.2026 й., 09/26/375/0726-сон)
Интеллектуал мулк объектларига оид муҳофаза ҳужжатларининг амал қилиш муддатини узайтириш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
2-ИЛОВА
Интеллектуал мулк объектига оид муҳофаза ҳужжатининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисида
АРИЗА

Ариза келиб тушган сана:

___________________________________________

(ваколатли орган томонидан автоматик тарзда тўлдирилади)

Аризанинг қайд рақами:

___________________________________________

(ваколатли орган томонидан автоматик тарзда тўлдирилади)

Интеллектуал мулк объектига оид муҳофаза ҳужжатининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисида

АРИЗА

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлиги

Ариза берувчи:

_____________________________________________________________________________________________

_____________________________________________________________________________________________

_____________________________________________________________________________________________

_____________________________________________________________________________________________

(юридик шахсларнинг таъсис ҳужжатлари бўйича тўлиқ номи, жойлашган ери ёки жисмоний шахслар учун Ф.И.О. ҳамда яшаш жойи манзиллари кўрсатилади)

Телефон: ____________________

СТИР ёки ЖШШИР

(резидентлар учун):

___________________________

БИМТ ST. 3 стандарти бўйича мамлакат коди

(агар у ўрнатилган бўлса):

___________________________

Интеллектуал мулк объекти тури

Муҳофаза ҳужжатининг рақами

ихтиро

фойдали модель

саноат намунаси

селекция ютуғи

товар белгиси (хизмат кўрсатиш белгиси)

географик кўрсаткич

товар келиб чиққан жой номи

___________________________________________

Илова қилинган ҳужжатлар:

маъмурий регламентнинг 12-бандида назарда тутилган рухсатнома (гувоҳнома);

ҳуқуқий ворисликни тасдиқлайдиган ҳужжат нусхаси;

ишончнома;

бошқа ҳужжатлар (кўрсатилсин).

________________________________________________________________

________________________________________________________________

QR-код

________________________________________________________________

ариза берувчи ёки вакил

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.08.2024 й., 09/24/468/0570-сон; 13.07.2026 й., 09/26/375/0726-сон)