1.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.03.00.00 Юридик шахслар / 03.03.02.00 Юридик шахсларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш. Юридик шахсларни давлат рўйхатига олиш;
2.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.01.00.00 Тадбиркорлик тўғрисидаги қонунчилик / 09.01.02.00 Тадбиркорлик субъектлари. Тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш]
[ТСЗ:
1.Фуқаролик қонунчилиги. Тадбиркорлик / Тадбиркорлик фаолияти субъектларини рўйхатга олиш]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
МУЛКЧИЛИК ВА ХЎЖАЛИК ЮРИТИШНИНГ БАРЧА ШАКЛЛАРИДАГИ КОРХОНАЛАР ВА ТАШКИЛОТЛАРНИНГ ЯГОНА ДАВЛАТ РЕГИСТРИ ТЎҒРИСИДА
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 25 сентябрдаги 274-сонли «Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Республиканинг эҳтиёжларига ва халқаро реестрларини шакллантириш принципларига мувофиқ мулкчилик ва хўжалик юритишнинг барча шаклларидаги корхоналар ва ташкилотларнинг Ягона давлат регистрларини ишлаб чиқиш ва юритиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Мулкчилик ва хўжалик юритишнинг барча шаклларидаги корхоналар ва ташкилотларнинг Ягона давлат регистри (КТЯДР) тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. «Ўзистиқболстат» давлат қўмитасининг Бош ҳисоблаш маркази корхоналар ва ташкилотларнинг Ягона давлат регистрининг бош ишлаб чиқувчиси ва эгаси деб белгилансин.
3. Мазкур қарор қабул қилингунга қадар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ рўйхатга олинган мулкчилик ва хўжалик юритишнинг барча шаклларидаги корхоналар ва ташкилотлар икки ой муддатда улар фаолият кўрсатаётган жойлардаги тегишли давлат статистика органида уларнинг корхоналар ва ташкилотлар Ягона давлат регистрига киритилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани олсинлар.
4. Белгилаб қўйилсинки, янгидан ташкил этилган хўжалик объектларига ҳисоб-китоб счётлари очиш банк муассасалари томонидан статистика органининг унинг корхоналар ва ташкилотларнинг Ягона давлат регистрига киритилганлиги тўғрисида гувоҳномаси бўлган тақдирдагина амалга оширилади.
5. Хўжалик юритувчи субъект тегишли статистика органларида корхоналар ва ташкилотларнинг Ягона давлат регистрига ўз вақтида киритилиши учун шахсий жавобгарлик вазирликлар, идоралар, концернлар, уюшмалар, бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотларнинг раҳбарлари зиммасига юклатилсин.
6. Молия вазирлиги республика бюджетини шакллантиришда харажатлар сметасига мувофиқ мулкчилик ва хўжалик юритишнинг барча шаклларидаги корхоналар ва ташкилотларнинг Ягона давлат регистрини юритиш учун зарур маблағлар ажратилишини назарда тутсин.
7. Давлат матбуот қўмитаси «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда рўйхатга олиш карточкалари чиқарилишини ҳамда мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналар, ташкилотларни улар билан таъминлашни ташкил этсин.
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Республика ҳудудида жойлашган хўжалик субъектларини давлат рўйхатига киритиш ҳақида» 1992 йил 10 июлдаги 318-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Умумиқтисодиёт бўлимига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 17 ноябрь,
555-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 17 ноябрдаги 555-сон қарори билан ТАСДИҚЛАНГАН
Мулкчилик ва хўжалик юритишнинг барча шаклларидаги корхоналар ва ташкилотларнинг Ягона давлат регистри тўғрисида
НИ3ОМ
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Мазкур Низом «Давлат статистикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган Низом Ўзбекистон Республикасининг мулкчилик ва хўжалик юритишнинг барча шаклларидаги корхоналари ва ташкилотларининг Ягона давлат регистри (КТЯДР)ни ташкил этиш ва унинг амал қилиши мақсадларини, регистрнинг хўжалик юритувчи субъектлари таркибини, регистр ахборот фонди мазмунини, КТЯДРдан фойдаланувчиларнинг ўзаро муносабатлари тартибини, КТЯДРни яратишда ва уни юритишда қатнашувчи ташкилотларнинг ваколатларини белгилаб беради.
2. Мулкчилик ва хўжалик юритишнинг барча шаклларидаги корхоналар ва ташкилотларнинг Ягона давлат регистри Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги барча хўжалик субъектларини қайд этувчи асосий комплекс автоматлаштирилган регистр ҳисобланади.
II. КТЯДРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА УНИНГ ФАОЛИЯТ КЎРСАТИШИ МАҚСАДЛАРИ
3. КТЯДРни ташкил этиш ва уни жорий этишнинг мақсадлари қуйидагилар ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикасида корхоналар ва ташкилотларни ягона давлат ҳисобига олишни таъминлаш;
КТЯДРда назарда тутилган аниқ мўлжалли ва иқтисодий кўрсаткичлар негизида ялпи кузатишни юритиш, шунингдек, бир йўла ва танлаб ўтказиладиган тадқиқотлар ва рўйхатга олишларни ташкил этиш;
республика ва ҳудудий бошқарув органларининг ахборот алмашишида ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларнинг бир-бирига тўғри келишини ва таққосланишини таъминлаш;
хўжалик юритувчи субъектларнинг республика ахборот макони доирасида ўзаро ҳамкорлик қилишларида уларни идентификациялаштиришнинг ягона принципларини таъминлаш;
ишончли статистика ахбороти тўплаш ва улар билан бошқарув органларини ва бошқа фойдаланувчиларни таъминлаш.
III. КТЯДРНИНГ ХЎЖАЛИК ЮРИТУВЧИ СУБЪЕКТЛАРИ ТАРКИБИ
4. Юридик шахс мақомига эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган корхона, ташкилотлар, муассасалар, корхоналарнинг бирлашмалари, корхона ва муассасаларнинг алоҳида бўлинмалари, барча ташкилий-ҳудудий шакллардаги бошқа хўжалик юритувчи субъектлар КТЯДР субъекти ҳисобланадилар*.
* Кейинги ўринларда корхона ва ташкилотлар деб аталади.
IV. КТЯДР АХБОРОТ ФОНДИНИНГ МАЗМУНИ
5. КТЯДР ахборот фонди қуйидагиларни ўз ичига олади:
идентификациялаштириш кўрсаткичи — субъектнинг рўйхатга олиш коди;
классификация кўрсаткичлари — субъектнинг тармоқ, ҳудудий жиҳатдан кимга тегишлилигини, бўйсунишини, мулкчилик ташкилий — ҳуқуқий шаклини тавсифлайди;
маълумотнома тусидаги кўрсаткичлар — манзиллар, телефон рақамлари, муассислар тўғрисидаги маълумотлар ва бошқалар;
иқтисодий кўрсаткичлар — субъектни тавсифловчи алоҳида маълумотлар.
КТЯДР ахборот фондининг кўрсаткичлари таркиби рўйхатга олиш картасида келтирилган (1-илова).
Маълумотлар таркибига барча ўзгартиришлар «Ўзистиқбол» давлат қўмитаси томонидан белгиланган тартибда киритилади.
6. Корхоналар ва ташкилотларнинг умумреспублика классификатори (КТУТ), тармоқ (ХХТУТ) ва ҳудудий (МХОБТ) қарашлилик классификаторлари, мулкчилик шакллари (МШТ) ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ташкилий-ҳудудий шакллари (ТҲШТ) идентификациялаштирувчи ва классификациялаш кўрсаткичлари шакллантириш манбалари ҳисобланади, маълумотнома ва иқтисодий кўрсаткичлар— рўйхатга олиш картаси маълумотлари.
7. КТЯДРнинг амалдаги дастурий технологик ва ахборот муҳити қуйидагиларни амалга ошириш имконини беради:
субъектларни бир ёки бир нечта ахборот белгилари бўйича исталган жамликда танлаш ва гуруҳларга ажратиш;
бошқа идораларнинг регистрлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;
КТЯДР маълумотларини қоғозда, дискетда, алоқа воситалари орқали танлаш ва бериш;
КТЯДР маълумотларини янгилаш ва долзарблаштириш;
КТЯДР маълумотларини ҳимоя қилиш ва уларнинг махфийлигини таъминлаш.
V. КТЯДРНИНГ ТУЗИЛИШ ПРИНЦИПЛАРИ
8. КТЯДР хўжалик субъектлари тўғрисидаги ахборот-маълумотнома тусидаги вақти-вақти билан янгиланадиган маълумотлардан иборат бўлган автоматлаштирилган тизим ҳисобланади ҳамда зарур ахборотни шакллантириш, сақлаш, янгилаш, долзарблаштириш ва тақдим этишнинг ягона методологик ва дастурий-технологик принциплари асосида тузилади.
9. Республика ва минтақавий даражаларда ишловчи классификаторларнинг автоматлаштирилган маълумотлар банки КТЯДР таркибидаги корхоналар ва ташкилотларни автоматлаштирилган ҳисобга олишнинг ахборот асоси ҳисобланади.
10. Классификаторларнинг автоматлаштирилган маълумотлар банки бўлган ягона дастурий-технологик муҳит КТЯДРни ташкил этишнинг асосий принципи ҳисобланади.
VI. КТЯДРНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ
11 Янгидан ташкил этилган корхоналар, ташкилотлар КТЯДР эгасига ўзларининг тегишли органда рўйхатга олинганликлари тўғрисидаги ҳужжатнинг нусхасини ва манзил ва иқтисодий кўрсаткичларга тегишли қисми тўлдирилган рўйхатга олиш картасини тақдим этадилар.
Янгидан ташкил этилган корхоналар, ташкилотлар маълумотлар мавжуд бўлмаган тақдирда рўйхатга олиш картасининг 35-38-бандларини тўлдирмайдилар.
КТЯДР шаклланаётган пайтда мавжуд бўлган корхоналар, ташкилотлар КТЯДР эгасига фақат рўйхатга олиш картасини тўлдирадилар ва тақдим этадилар.
12. КТЯДР эгаси томонидан корхона, ташкилот регистрга киритилаётганда КТУК коди ва унинг тармоқ ва ҳудудий жиҳатдан кимга тегишлилигини, бўйсунишини, мулкчилик, ташкилий-ҳуқуқий шаклини белгиловчи кодларни беради ҳамда материаллар тақдим этилгандан кейин бир ҳафта муддатда статистика органининг раҳбари томонидан имзоланган ва муҳр босилган КТЯДРга киритилганлиги тўғрисида гувоҳнома берилади (2-илова).
13. Рўйхатга олиш картасига киритилган кўрсаткичлар ўзгартирилганда корхоналар ва ташкилотлар ўн кун муддатда бу ҳақда КТЯДР эгасига маълум қилишга мажбурдирлар.
14. Юридик шахс тугатилаётганда тугатиш комиссияси ёки уни тугатишга вакил қилинган бошқа орган ўн кун муддатда бу ҳақда КТЯДР эгасини хабардор қилиши керак.
Тадбиркорлик субъекти — юридик шахс ихтиёрий равишда тугатилган тақдирда КТЯДР эгаси юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказадиган орган томонидан:
юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказадиган орган томонидан ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор нусхаси олинган кундан кейинги кундан кечикмай — юридик шахс тугатиш жараёнида эканлиги;
тугатиш тўғрисида Давлат реестрига ёзув қайд этилгандан кейин бир ҳафта муддатда — юридик шахс тугатилганлиги тўғрисида хабардор қилинади.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 6июндаги 109-сонли қарори асосида иккинчи — тўртинчи хатбошилар билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 23-сон, 237-модда)
15. КТЯДРга тузатишлар киритиш ахборотнинг тушишига қараб ўзгартирилган маълумотларни олиш эса йилнинг ҳар чорагида амалга оширилади.
16. КТЯДРга киритилиши керак бўлган маълумотларни тақдим этмаслик, тақдим этиш муддатларига риоя қилмаслик, уларни бузиш, шунингдек, рўйхатдан ўтишдан бош тортиш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
( 16 - банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 14 сентябрдаги 427-сонли қарори таҳририда)
VII. КТЯДР БИЛАН УНДАН ФОЙДАЛАНУВЧИЛАРНИНГ ЎЗАРО МУНОСАБАТЛАРИ ТАРТИБИ
17. Бундай ахборотдан манфаатдор бўлган юридик ва жисмоний шахслар КТЯДРдан фойдаланувчилар бўлишлари мумкин.
Маълумотлардан фойдаланиш тартибини амалдаги қонунчилик асосида Ўзбекистон Республикаси Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитаси белгилайди.
18. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар КТЯДРдан бошқа фойдаланувчиларнинг КТЯДР эгаси билан ўзаро муносабатлари ва ахборотни тақдим этиш шакли шартнома асосида белгиланади. Фойдаланувчиларга КТЯДРдан олинган ахборотни учинчи шахсларга бериш тақиқланади.
VIII. КТЯДРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА УНИ ЮРИТИШДА ҚАТНАШУВЧИ ТАШКИЛОТЛАРНИНГ ФУНКЦИЯЛАРИ
19. Ўзбекистон Республикаси Истиқболни белгилаш ва статистика қўмитасининг Бош ҳисоблаш маркази КТЯДР эгаси, КТЯДРнинг вилоят ва туман (шаҳар) даражаларидаги эгаси эса «Ўзистиқболстат» давлат қўмитасининг тегишли органи ҳисобланадилар.
20. Ўзбекистон Республикаси Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитаси:
КТЯДР субъектларини давлат рўйхатига олишга услубий раҳбарлик қилишни, мувофиқлаштириш ва уни назорат этишни ҳамда унинг юритилишини таъминлайди;
иқтисодий кўрсаткичларнинг таркибини, уларни олиш тартиби ва манбаларини, уларни ҳисоблаб чиқиш методологиясини янгилаш, натижали ахборотни долзарблаштириш ва шакллантириш тартибини белгилайди.
21. Ўзбекистон Республикаси Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитасининг Бош ҳисоблаш маркази:
тўлиқ ҳажмда КТЯДР маълумотлари базаси эгаси функциясини амалга оширади (янгилаш, долзарблаштириш, ишончлилигини, сақланишини таъминлаш, ижозат берилганда таништириш);
давлат рўйхатидан ўтган КТЯДР субъектларини ягона давлат рўйхатига олишни ташкил этади;
республика даражасида давлат рўйхатидан ўтган янгидан ташкил этиладиган корхоналар ва ташкилотларга КТУТ идентификациялаштириш кодларини беради;
КТЯДРнинг ахборот асоси сифатида корхоналар ва ташкилотларнинг умумреспублика классификатори (КТУТ), шунингдек, бошқа классификаторларнинг давлат эталонининг автоматлаштирилган тартибда юритилишини таъминлайди;
давлат статистикасининг минтақавий органларидан КТЯДРга киритиладиган ўзгартиришлар тўғрисидаги маълумотларни тўплашни ҳамда мана шунинг асосида умуман республика бўйича КТЯДР маълумотларининг янгиланиши ва долзарблаштирилишини таъминлайди;
рўйхатга олувчи органлар билан ўзаро ҳамкорликда КТЯДР юритилишни таъминлайди;
давлат бошқаруви минтақавий органларининг регистрлари ва маълумот базалари билан КТЯДРнинг ўзаро муносабатларини таъминлайди;
белгиланган тартибга мувофиқ КТЯДРдан фойдаланувчиларга маълумотнома хизмати кўрсатишни амалга оширади.
22. Давлат статистикасининг минтақавий органлари қуйидагиларни амалга оширадилар:
ҳокимиятнинг минтақавий органларида рўйхатдан ўтган КТЯДР субъектларини давлат ҳисобига олиш;
минтақада давлат рўйхатидан ўтган янгидан ташкил этилган корхоналарга КТУТ идентификациялаштириш кодларини бериш;
КТЯДР кўрсаткичлари таркиби бўйича статистика ахбороти тўплаш ва шакллантириш;
минтақавий даражада КТЯДРга ўзгартиришлар киритиш ва улар, белгиланган тартибда «Ўзистиқболстат» давлат қўмитасининг Бош ҳисоблаш марказига юбориш;
КТЯДР субъектлари бўйича маълумотларни долзарблаштириш;
тегишли ҳудудда давлат рўйхатига олишни амалга оширувчи органлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;
КТЯДРдан фойдаланувчиларга белгиланган тартибда ахборот хизмати кўрсатиш.
IX. ХЎЖАЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИ ДАВЛАТ РЕГИСТРИДАН ЎТКАЗИШ БИЛАН БОҒЛИҚ МАСАЛАЛАРДА ДАВЛАТ СТАТИСТИКА ОРГАНЛАРИНИНГ ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ВА БОШҚАРУВ ОРГАНЛАРИ БИЛАН ЎЗАРО ҲАМКОРЛИГИ
23. КТЯДР тақсимланган, интеграция қилинган регистр субъектлари тўғрисидаги маълумотлар банки сифатида барча маъмурий-ҳудудий даражаларда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Давлат мулки қўмитаси, Молия вазирлиги, Марказий банки регистрлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади. Томонларнинг ўзаро муносабатлари тегишли икки томонлама битимлар асосида амалга оширилади.
X. КТЯДРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА УНИ ЮРИТИШНИ МАБЛАҒ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ
24. КТЯДРни ташкил этиш ва юритиш, шунингдек, фойдаланувчиларга регламент хизмати кўрсатиш давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
XI. КТЯДРНИ ТУГАТИШ
25. КТЯДРни тугатиш Ўзбекистон Республикаси норматив ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
КТЯДР тугатилаётганда ундаги мавжуд маълумотлар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат архивига топширилади.