Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Янги Ўзбекистон юлдузлари» маданият ва санъат миллий мукофоти тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022 — 2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида» 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони ҳамда «Маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 2 февралдаги ПҚ-112-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 2 февралдаги ПҚ-112-сон қарори 10-бандига мувофиқ маданият ва санъат соҳасидаги ижодкорларни ҳар йили бир маротаба тақдирлаш мақсадида Маданият ва санъат миллий мукофоти таъсис этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин, шунингдек, Маданият вазирлигининг ушбу Миллий мукофотни «Янги Ўзбекистон юлдузлари» деб номлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи «Янги Ўзбекистон юлдузлари» маданият ва санъат миллий мукофоти тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
«Янги Ўзбекистон юлдузлари» маданият ва санъат миллий мукофоти (кейинги ўринларда — Миллий мукофот) билан тақдирлашни ҳар йили анъанавий тарзда бир марта ижодкорлар ўртасида ўтказиш;
Миллий мукофот номинацияларини (жами 20 та номинация) Миллий мукофот комиссияси хулосаси ва кенг жамоатчилик танлови асосида ҳар йили 10 январдан 10 февралгача танлаб олиш;
танлаб олинган Миллий мукофот номинацияларини ҳар йили 1 мартгача оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилиш;
мукофотлаш учун номзодларни ҳар йили 1 ноябргача Маданият вазирлиги (ишчи орган)га тақдим этиш;
ишчи орган томонидан ҳар йили 1 — 10 ноябрь кунлари номзодларга оид ҳужжатларни кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш учун Комиссияга тақдим этиш;
Комиссия томонидан ҳар йили 10 — 15 ноябрь кунлари номзодларга оид ҳужжатларни кўриб чиқиб, энг яхши натижа кўрсатган 3 нафар номзодларни (ҳар бир номинация бўйича) саралаш;
энг яхши натижа кўрсатган 3 нафар номзодлар рўйхатини (ҳар бир номинация бўйича) Миллий мукофот ғолибини аниқлаш учун ҳар йили 15 декабрдан келгуси йилнинг 10 январь кунига қадар ижтимоий тармоқларга кенг жамоатчилик овоз бериши учун жойлаштириш;
жорий йил ғолибларининг Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг буйруғи асосида тақдирланишини келгуси йил 25 январь куни ташкил этиш.
3. «Янги Ўзбекистон юлдузлари» маданият ва санъат миллий мукофотига тақдим этилган номзодларни кўриб чиқиш бўйича комиссия таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ўзбекистон Бадиий академияси ва Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда 2022 йил 1 ноябрга қадар Миллий мукофотнинг статуэткаси ва сертификатлар намунасини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
5. Белгилаб қўйилсинки, мукофотлаш ва сертификат бланкасини тайёрлаш учун зарур маблағлар 2022 йил учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда Маданият вазирлигига ажратилган бюджет маблағлари доирасида, шунингдек, Маданият вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ажратилади.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири А.А. Абдухакимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири О.А. Назарбеков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 14 октябрь,
594-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 594-сон қарорига
1-ИЛОВА
«Янги Ўзбекистон юлдузлари» маданият ва санъат миллий мукофоти тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом мамлакатимиз маданияти ва санъатини юксалтириш, унинг халқаро миқёсдаги нуфузини оширишда салмоқли, серқирра ижоди билан катта ҳисса қўшган истеъдодли ижодкорларни «Янги Ўзбекистон юлдузлари» маданият ва санъат миллий мукофоти (кейинги ўринларда — Мукофот) билан тақдирлаш тартибини белгилайди.
2. Мукофот билан тақдирлаш ҳар йили анъанавий тарзда бир марта ижодкорлар ўртасида ўтказилади.
3. Мукофотга театр, цирк, мусиқа соҳасининг эстрада, анъанавий, академик, фольклор, бастакорлик, композиторлик, рақс, шунингдек, тасвирий ва амалий санъат, бадиий ижод ҳамда маданият ва санъатнинг бошқа йўналишларида фаолият юритаётган соҳа вакиллари орасидан номзодлар кўрсатилиши мумкин.
4. Мукофотга муносиб номзодлар «Янги Ўзбекистон юлдузлари» маданият ва санъат миллий мукофоти комиссияси (кейинги ўринларда — Комиссия) хулосаси ҳамда кенг жамоатчилик танлови асосида танлаб олинади.
Комиссия жамоатчилик асосида фаолият юритади.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Комиссиянинг ишчи органи (кейинги ўринларда — ишчи орган) ҳисобланади.
Комиссия томонидан ишчи орган тақдим этган номзодлар ҳақидаги ҳужжатлар ва маълумотлар пухта кўриб чиқилиб, Мукофотга тавсия этиш бўйича қарор қабул қилинади.
Комиссия қарори йиғилиш баёни билан расмийлаштирилади.
5. Мукофот учун номзодларни танлаб олиш жами 20 та тегишли номинациялар асосида ташкил этилади ҳамда уларни аниқлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
а) ҳар йили 10 январдан 10 февралга қадар маданият ва санъатнинг барча йўналишларидаги номинациялар кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилади ҳамда жамоатчилик томонидан энг кўп овоз тўплаган 15 та номинация ҳар йилги Мукофотга тавсия этилади;
б) жамоатчилик томонидан оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали очиқ овоз бериш натижасига кўра Комиссия 10 кун муддатда тегишли қарор асосида қолган 5 та номинацияни танлаб олади.
Аниқланган номинациялар рўйхатига Комиссиянинг тегишли тавсиясига кўра қўшимча номинациялар киритилиши мумкин.
6. Жамоатчилик ва Комиссия томонидан аниқланган номинациялар ҳақидаги тегишли маълумотлар ҳар йили 1 мартга қадар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда хабарлар жойлаштириш орқали эълон қилинади.
7. Номзодларни кўриб чиқиш ва танлаб олиш қуйидаги икки босқичда амалга оширилади:
биринчи босқич — маданият ва санъат соҳасидаги ижодкорларни йил якуни бўйича ижодий фаолиятида эришган ютуқларидан келиб чиққан ҳолда номзодларни кўриб чиқиш ва танлаб олиш Комиссия томонидан амалга оширилади;
иккинчи босқич — Комиссия хулосасига асосан энг юқори баҳоланган ижодкорлар жамоатчилик танловидан ўтказилади.
8. Мукофот билан тақдирлаш ушбу Низомнинг иловасида келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. Мукофот билан тақдирлаш учун номзодларни танлаб олиш мезонлари
9. Мукофот билан тақдирлаш учун тавсия этилаётган номзодлар қуйидаги мезонлар асосида танлаб олинади:
жаҳон миқёсидаги кўрик-танлов ва фестивалларда юқори ўринларни эгаллаганлиги;
ўзбек санъати ва маданиятини дунё саҳналарида мунтазам равишда муваффақиятли намойиш этиб келаётганлиги;
муносиб ижодий кадрларни тайёрлаганлиги, ўзининг ўқув адабиётлари, илмий ишлари, катта амалий тажрибаси билан уларни тарбиялашга салмоқли ҳисса қўшганлиги;
ижодий асарлар маданиятимизнинг ўзига хослиги, юксак даражадаги маҳорати ва савияси, миллий санъатимизнинг юксак намуналаридан бохабарлиги билан алоҳида ажралиб турганлиги, халқимиз маънавиятини юксалтириш, мустақиллик ғояларини, жамиятимизда амалга оширилаётган маданий-маърифий ислоҳотлар моҳиятини санъат воситасида тарғиб этишга хизмат қилаётган юксак даражада яратилган ижодий асарлиги;
йил давомида ижодий асарнинг оммалашганлиги;
йил давомида ижодкорларни турли маҳаллий ва тарғибот-ташвиқот тадбирларида қўлга киритган ютуқлари ёки эътироф этилганлиги;
ижодий асарларга юксак бадиий дид билан ёндашилганлиги.
3-боб. Мукофотга номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартиби
10. Санъат соҳасидаги ижодкорлар (номзод) ўзи (қонуний вакили) ёки фаолият юритаётган ташкилоти орқали ҳар йили 1 ноябрга қадар аризаларни белгиланган тартибда ишчи органга қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда тақдим этади:
номзоднинг маълумотнома-объективкаси (анкета);
маълумоти тўғрисидаги ҳужжат (диплом) нусхаси (мавжуд бўлса);
номзодга берилган ижодий тавсифнома (тасдиқланган);
оммавий ахборот воситаларида номзод ҳақида берилган телекўрсатув ва радиоэшиттиришларнинг ёки мамлакатимизда ва чет элларда чоп этилган мақолалар ҳаволаси (мавжуд бўлса);
номзоднинг ижодий ишлари, фаолияти ва эришган ютуқларини акс эттирувчи ҳужжатлар (муаллифлик асарлари ёки репертуар рўйхати, видео ва аудио альбомлари, турли тадбирларда қўлга киритган совринли ўринлар учун сертификат ва дипломлар нусхаси) тўплами.
Белгиланган муддатдан кеч тақдим этилган ҳужжатлар қабул қилинмайди.
11. Тақдим этилган ҳужжатларнинг ушбу Низомнинг 10-бандига мувофиқлиги ишчи орган томонидан ҳар йили 1 — 10 ноябрь кунлари ўрганилади ҳамда кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш учун Комиссияга тақдим этилади.
12. Комиссия ҳар йили 10 — 15 ноябрь кунлари ҳар бир номинациядан энг юқори натижаларга эришган 3 нафар номзодларни саралайди.
13. Комиссия номинациялар бўйича тақдим этилган номзодларнинг ижодий ва меҳнат фаолияти самарадорлиги мазкур Низомнинг 9-бандида кўрсатилган мезонларга тўлиқ мос келмаган тақдирда, ушбу номинацияларга ғолибларни аниқланмаслик юзасидан хулоса қабул қилиши мумкин.
14. Комиссиянинг тегишли қарори билан Мукофотга муносиб деб топилган уч нафар номзодлар тўғрисидаги маълумотлар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг жамоатчилик орасида овоз берилиши учун жойлаштирилади.
Ҳар бир номинация бўйича номзодларга жамоатчилик томонидан берилган жами овозлар сонидан 30 фоизи инобатга олиниб, Комиссиянинг якуний хулосасига қўшилади ва натижалар умумлаштирилади.
15. Овоз бериш жараёни ижтимоий тармоқларда ҳар йили 15 декабрдан келгуси йилнинг 10 кунига қадар ўтказилади.
16. Ишчи орган Комиссия хулосаси ва жамоатчилик овоз бериш натижаларини умумлаштиради ҳамда Мукофотга муносиб деб топилган номзодлар Мукофотни тантанали топшириш маросимига қадар жамоатчиликка эълон қилинмайди.
17. Номзодларнинг умумий натижалари тенг бўлиб қолган ҳолатда Комиссия раиси ҳал қилувчи овозга эга.
18. Мукофотга сазовор бўлган ижодкорларни рағбатлантириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг тегишли буйруғи асосида ушбу буйруқ қабул қилинган кунда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида Маданият вазирлигига ажратилган бюджет маблағлари доирасида, шунингдек Маданият вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан бир марталик пул мукофоти билан моддий рағбатлантирилади ва уларга Мукофот махсус статуэткаси ҳамда сертификати топширилади.
4-боб. Тақдирлаш маросимини ташкил этиш ва ўтказиш
19. Мукофотни топшириш маросими жорий йил ғолибларини тақдирлаш келгуси йил январь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилади.
20. Мукофот билан тақдирланадиган маданият ва санъат вакиллари рўйхати республика оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
5-боб. Якунловчи қоида
21. Ушбу Низом талаблари бузилиши бўйича келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
«Янги Ўзбекистон юлдузлари» маданият ва санъат миллий мукофоти тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
«Янги Ўзбекистон юлдузлари» маданият ва санъат миллий мукофоти билан тақдирлаш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

«Янги Ўзбекистон юлдузлари» маданият ва санъат миллий мукофотига тақдим этилган номзодларни кўриб чиқиш бўйича комиссия, кенг жамоатчилик

Мукофот номинацияларини аниқлайди

Ҳар йили 10 январдан 10 февралгача

2-босқич

Комиссия

Номинацияларни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилади

Ҳар йили 1 мартгача

3-босқич

Маданият вазирлиги тизимидаги ташкилотлар ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар ёки номзодлар

Ариза ва ҳужжатларни Маданият вазирлиги — ишчи органга тақдим этади

Ҳар йили 1 ноябргача

4-босқич

Маданият вазирлиги — ишчи орган

Тақдим этилган номзодлар ҳужжатларини ўрганади ҳамда тегишли қарор қабул қилиш учун Комиссияга тақдим этади

Ҳар йили 1 — 10 ноябрь кунлари

5-босқич

Комиссия

Тақдим этилган номзодларни саралайди

Ҳар йили 10 — 15 ноябрь кунлари

6-босқич

Комиссия, кенг жамоатчилик

Ҳар бир номинация бўйича энг юқори натижаларга эришган 3 нафар номзодлар рўйхатини ижтимоий тармоқларга жойлаштиради ҳамда кенг жамоатчилик орасида овоз берилади

Ҳар йили 15 декабрдан келгуси йилнинг 10 январь кунига қадар

7-босқич

Маданият вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг тегишли буйруғи асосида мукофотланади ва уни тантанали равишда топширилади

Жорий йил ғолибларини тақдирлаш келгуси йил январь ойида

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 594-сон қарорига
2-ИЛОВА
«Янги Ўзбекистон юлдузлари» маданият ва санъат миллий мукофотига тақдим этилган номзодларни кўриб чиқиш бўйича комиссия
ТАРКИБИ

1.

А. Абдухакимов

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Комиссия раиси

2.

О. Назарбеков

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири, Комиссия раиси ўринбосари

3.

М. Ҳожиматов

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари

4.

А. Нуридинов

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси

5.

С. Сайидов

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси

6.

Р. Абдуллаев

Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси

7.

М. Йўлчиева

Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти

8.

Ф. Зокиров

Ўзбекистон халқ артисти

9.

А. Исмоилов

Юнус Ражабий номидаги Мақом ансамбли бадиий раҳбари, Ўзбекистон халқ артисти

10.

З. Мадраҳимова

«Баҳор» давлат рақс ансамбли бадиий раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист

11.

О. Матёқубов

Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти доценти, бахши, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист

12.

К. Ўринбоев

Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист

13.

И. Юлдашев

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори

14.

Ш. Тохтасимов

Ўзбекистон давлат хореография академияси ректори

15.

А. Мансуров

Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти ректори

16.

Б. Абдулпаттаев

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Кадрлар бошқармаси бошлиғи, Комиссия масъул котиби

Изоҳ. Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.10.2022 й., 09/22/594/0922-сон)