МЕҲНАТ ОРГАНЛАРИДА РЎЙХАТГА ОЛИНГАН ВА ИШСИЗ ДЕБ ЭЪТИРОФ ЭТИЛГАН ШАХСЛАРНИ КАСБГА ТАЙЁРЛАШ ВА ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ, УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ДАВРИДА СТИПЕНДИЯЛАР ТЎЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 3 июлда 763-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
LexUZ шарҳи
Мазкур низом Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 2 декабрдаги 21-мҳ-сонли «Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестридан чиқариш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3340, 03.12.2021 й.) асосан давлат реестридан чиқарилган.
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 18 майдаги 233-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги тўғрисидаги Низом ва Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳририга киритилган ўзгартиришларга асосан ишлаб чиқилган бўлиб, у республикада ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш даврида стипендиялар тўлаш тартибини белгилаб беради.
2. Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган фуқароларга Меҳнат вазирлигининг касбга тайёрлаш Ўқув марказларида ва бошқа ўқув юртларида стипендиялар тўлаб янги касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш имкониятлари кафолатланади.
Агар пенсиянинг туридан қатъи назар, пенсия билан таъминланиш ҳуқуқига эга бўлганлар меҳнат органларида рўйхатдан ўтган ва касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини оширишга муҳтож бўлсалар уларга касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш даврида стипендия тўланмайди, лекин уларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган барча зарурий хизматлар кўрсатилиши лозим.
(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
3. Ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш меҳнат органларининг йўлланмалари бўйича ўқув юртларида Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармасининг ана шу мақсадлар учун назарда тутилган маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
4. Меҳнат органларида рўйхатдан ўтган ва ишсиз деб эътироф этилган, касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини оширишга муҳтож бўлган шахсларга ушбу органлар томонидан касбга ўқитиш юзасидан олдиндан келишиб олинган шаҳар (вилоят) касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини ошириш марказларига ва бошқа ўқув юртларига йўлланмалар берилади .
5. Касбга тайёрлаш учун ўқув марказларига йўлланганлар касбга ўқишга йўлланма (1-илова), паспорт, меҳнат дафтарчаси, касбини (мутахассислигини) ва малакасини тасдиқлайдиган ҳужжатларни, илгари ишлаган ва қисқартирилган бўлсалар, ўртача иш ҳақи тўғрисида маълумотнома тақдим қиладилар.
Касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошираётганларга стипендиялар ўқишни ташкил қилган ўқув юртида ёки Халқ банки бўлинмаларида ҳар ойда бир марта тўланади. Жойлардаги халқ банки бўлимлари томонидан ҳар ойнинг якуни бўйича тўлов варақасининг иккинчи нусхаси стипендия тўланганлиги тўғрисида тегишли ёзувлар билан тасдиқлаб қайтарилади.
Стипендиялар учун маблағлар меҳнат органи томонидан ҳар ойда ўқитилаётган ҳар бир ишсизга сарфланадиган маблағ миқдори суммасидан келиб чиққан ҳолда ўтказилади.
Стипендиянинг миқдори ҳар бир ўқувчига шахсий тартибда «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ белгиланади. Ушбу Қонуннинг 25-моддасида кўрсатиб ўтилган шахслардан ташқари, ишидан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган, меҳнат органларида рўйхатга олинган, қарамоғида вояга етмаган болалари ва бошқа кишилари бўлган шахсларга касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини ошириш даврида олдинги иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақининг камида 75 фоизи (қарамоғида болалари ва бошқа кишилари бўлмаганларга эса — 50 фоизи) миқдорида, бироқ қонунчилик ҳужжатларида белгилангандан энг кам иш ҳақи миқдоридан оз бўлмаган ва Ўзбекистон Республикасида таркиб топган ўртача иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда стипендия тўланади.
(5-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
Узоқ вақт (бир йилдан кўпроқ) ишламаётган, биринчи марта иш қидираётган ҳамда касбга тайёрлашга ва қайта тайёрлашга, малака оширишга муҳтож шахсларга аҳолининг шу тоифаси учун назарда тутилган ишсизлик нафақасидан оз бўлмаган ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда стипендия тайинланади.
(5-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
6. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар тугатилиши, ходимлар сони (штати) қисқартирилиши муносабати билан ишдан озод этилган, меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин ўн кун ичида меҳнат органларида рўйхатга олинган ҳамда касби бўйича қайта ўтилаётган ёки ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда малакасини ошираётган ходимларга меҳнатга оид муносабатлар тўхтатилган кундан бошлаб дастлабки уч ой давомида олдинги ишидаги ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда стипендия тўланади.
7. Ўқув машғулотларига сабабсиз қатнашмаётган, ўзлаштирмаётган ёки меҳнат ва жамоат тартибини бузаётган шахсларнинг ўқишни давом эттиришлари тўғрисидаги масала ўқув юртининг раҳбарияти ва меҳнат органлари вакиллари билан биргаликда ҳал қилинади. Сурункасига ва сабабсиз ўқув машғулотларига қатнашмаётган, ёки жамоат тартибини бузганлиги, жиноят содир қилганлиги туфайли ҳибсга олинган шахсларга стипендиялар тўлаш меҳнат органи ва ўқув муассасаси қабул қилган қарор асосида тўхтатиб қўйилади.
8. Ўқишни тугатган шахс ўқув дастурида кўзда тутилган малака синовларини (зачётларни) назарий ва амалий билим ва кўникмаларининг талабга жавоб бера олмаслиги туфайли топшира олмаса, унга стипендия тўланмасдан, қўшимча машғулотлар ўтказилади ва қайта имтиҳон олинади.
9. Ўқишни муваффақиятли якунлаган ва тегишли гувоҳнома олган битирувчи иш берувчи корхона билан тузилган шартнома асосида ишга жойлаштирилмаса, у меҳнат органларига келиши ва унга эгаллаган касби (мутахассислиги) бўйича ишга жойлашиш юзасидан ёрдам кўрсатилмоғи лозим.
10. Ишсиз деб эътироф этилган шахслар ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлашдан ўтгандан, малака оширишни тугатгандан кейин қонунчилик ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақидан оз бўлмаган миқдорда ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
11. Рухсат этилган энг катта муддат (6 ой) мобайнида касбий тайёргарлик ва қайта тайёргарлик, малакасини оширишдан ўтган шахслар ўзларига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра (шартнома бўйича ишга жойлаштирувчи корхонанинг тугатилиши, штатлар сонининг қисқартирилиши, технологияларнинг ўзгариши ва ҳ.к.) ишга жойлаша олмасалар, уларни жорий йил мобайнида меҳнат органларида яна ишсиз деб эътироф этиб, ўзлари танлаган касблар бўйича ўқишга юбориш мумкин. Бироқ битирувчилар узрсиз сабабларга кўра, танлаган касблари бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланмасдан, Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи Давлат жамғарма маблағлари ҳисобидан жорий йил мобайнида такроран касбга ўқиш истагини билдирсалар, бундай шахсларни касбий таълим якунидан кейин 6 ой ўтгандан сўнг қайтадан касбий тайёргарликка йўллаш мумкин.
Меҳнат вазирлигининг 1992 йил 26 июнь 45-сон буйруғи билан қабул қилинган «Қайта ўқитишга йўллаш ва иш билан таъминлаш хизмати рўйхатидан ўтган шахсларни касбга ўқитиш, малака ошириш ва қайта тайёрлаш даврида стипендия тўлаш тартиби тўғрисидаги»ги низоми ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.