|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 03.07.2026
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Тошкент давлат техника университетининг ташкилий тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июндаги 353-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Вазирлар Маҳкамаси махсус ташкил этилган комиссия томонидан Тошкент давлат техника университети фаолиятини ўрганиш натижасида бир қатор жиддий камчиликлар ва бузилишлар аниқланганлигини қайд этади. Хусусан, университет тузилмасида асоссиз тарзда ўқув-тарбия жараёни билан бевосита боғлиқ бўлмаган сунъий бошқарув бўлинмалари — институтлар ташкил этилган.
Академик гуруҳлари бўлмаган ва ихтисос мутахассисликлари бўйича талабалар тайёрламайдиган факультетлар, таркибига кўра кам сонли ва бир-бирини такрорловчи кафедралар ташкил этилган. Университет бакалавриатига қабул қилиш қоидаларининг қўпол равишда бузилишига йўл қўйилган, пул эвазига ўзига оғдириб олиш ва порахўрлик ҳоллари мавжуд.
Ректорат томонидан педагоглар жамоаси ва талабалар, айниқса, ётоқхоналарда яшовчи талабалар билан ишлаш сусайтириб юборилган. Ёшларни маънавий-маърифий жиҳатдан тарбиялашда жиддий камчиликлар мавжуд. Буларнинг ҳаммаси университет фаолияти сусайиб кетишига ҳамда жамоада маънавий вазиятнинг жиддий ёмонлашувига олиб келди.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш, Тошкент давлат техника университетининг унга юкланган бош вазифа — мамлакат иқтисодиёти тармоқлари учун олий техник маълумотга эга бўлган юқори малакали кадрлар тайёрлаш вазифасини ҳал этишни таъминловчи ташкилий тузилмасини шакллантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун Тошкент давлат техника университетининг ректори Қ.Р. Аллаев, ўқув ишлари бўйича проректор Ф.С. Абдуллаев, иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича проректор А.А. Низаметдинов ишдан бўшатилганлиги, шунингдек университет факультетлари ва кафедраларининг айрим раҳбарлари вазифасидан озод этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 11 августдаги 182-сонли қарорига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 33-сон, 319-модда)
Тошкент давлат техника университети деканатларининг намунавий ташкилий тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Тошкент давлат техника университетининг «Компьютер технологиялари» факультети тугатилсин.
Кўрсатиб ўтилган факультетда таълим олаётган талабалар, шунингдек «Ахборотларни тайёрлаш ва бошқарув компьютер тизимлари», «Телематика (дастурий таъминот)», «Муҳандислик тайёргарлиги ахборот технологиялари» кафедралари 2005/2006 ўқув йилидан бошлаб Тошкент ахборот технологиялари университети таркибига ўтказилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги икки ой муддатда:
Тошкент давлат техника университетининг ташкилий тузилмасини 1-иловага мувофиқ тасдиқланган тузилмага тўлиқ мувофиқлаштирсин;
факультетлар деканатларини шакллантирсин, кафедралар сонини мақбуллаштирган ҳолда уларнинг рўйхати ва номини қайта кўриб чиқсин;
университетнинг профессор-ўқитувчилар таркибини аттестациядан ўтказсин ва уни амалий иш тажрибасига эга бўлган юқори малакали мутахассислар билан танлов асосида мустаҳкамласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 80-А ва 80-Б талабалар ётоқхоналарини Тошкент давлат техника университети балансидан Тошкент ахборот технологиялари университети балансига тўловсиз ўтказсинлар.
5-бандга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 24 ноябрдаги 261-сонли қарорига асосан ўзгартириш киритилган. Ҳужжатнинг рус тилидаги матнига қаранг.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Қосимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2005 йил 18 май,
123-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 11 августдаги 182-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 33-сон, 319-модда)
Вазирлар Маҳкамасининг
2005 йил 18 майдаги 123-сон қарорига
2-ИЛОВА
2005 йил 18 майдаги 123-сон қарорига
2-ИЛОВА
Тошкент давлат техника университети деканатининг намунавий ташкилий тузилмаси
Изоҳ: Факультетда кундузги бўлим талабаларининг сони 1000 кишидан ошганда қўшимча равишда яна биттадан штат бирлиги киритилади:
деканнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари;
ўқув жараёни диспетчери;
катта инспектор (ЭҲМ оператори).
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 19-20-сон, 141-модда; 2008 й., 33-сон, 319-модда)