1.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.08.00.00 Иқтисодиёт, ижтимоий-маданий қурилиш соҳасидаги давлат бошқарувининг умумий масалалари / 02.08.06.00 Маъмурий тартиб-таомиллар / 02.08.06.04 Давлат хизматларини кўрсатиш;
2.12.00.00.00 Ахборот ва ахборотлаштириш / 12.03.00.00 Ахборот ресурслари. Ахборот ресурсларидан фойдаланиш / 12.03.03.00 Архив фонди. Архивлар]
[ТСЗ:
1.Давлат ва жамият қурилиши / Давлат хизмати. Архив иши]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Архив иши ва иш юритиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 июлдаги 393-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 24 июлдаги ПФ-6269-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда архив иши ва иш юритиш соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлаш бўйича давлат хизмати кўрсатиш, ариза бериш ва уни кўриб чиқиш, маълумотномани ариза берувчига тақдим этиш тартибини назарда тутувчи Яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлаш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти 1-иловага мувофиқ.
(1-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 ноябрдаги 612-сонли қарорига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.11.2023 й., 09/23/612/0874-сон)
2. Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги ўн кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда — ЯИДХП) электрон хизматларни жорий қилиш бўйича техник ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига тақдим этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги «Ўзархив» агентлиги ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда:
ушбу қарор билан тасдиқланаётган маъмурий регламентлар бўйича давлат хизматларининг ЯИДХП орқали жорий этилишини таъминласин;
ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатишнинг ҳар бир босқичида мурожаатлар кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини жорий этсин;
давлат хизматларини кўрсатиш учун йиғимларнинг Давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун тўланган давлат божлари ва йиғимлар суммаси ҳисобини юритувчи ягона биллинг тизими орқали электрон тарзда тўланишини таъминласин.
4. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги тизимидаги давлат архивлари томонидан давлат хизматларини кўрсатиш учун электрон маълумот алмашишни таъминловчи ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш, давлат архивларининг ахборот тизимини жорий этишда талаб этиладиган моддий-техник базани мустаҳкамлаш учун харажатлар «Ўзархив» агентлиги ҳузуридаги Архив ишини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 мартдаги 135-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги «Ўзархив» агентлиги тизимидаги давлат архивлари томонидан давлат хизматларининг белгиланган тартибда кўрсатилиши устидан, шу жумладан, ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатсин.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 сентябрдаги 541-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.09.2022 й., 09/22/541/0859-сон)
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида архив ишини такомиллаштириш тўғрисида» 2012 йил 5 апрелдаги 101-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2012 й., 15-сон, 168-модда) 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси — IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи О.М. Умаров ҳамда Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги директори У.М. Юсупов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 23 сентябрь,
597-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 сентябрдаги 597-сон қарорига 1-ИЛОВА
Яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлаш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Регламент жисмоний шахсларга ёки уларнинг яқин қариндошларига (эри ёки хотини, фарзандлари, неваралари, ака-ука ва опа-сингиллари) (кейинги ўринларда — ариза берувчи) яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги давлат архивларида сақланаётган ташкилотлар бўйича ёзувларни тасдиқлаш юзасидан давлат хизмати (кейинги ўринларда — давлат хизмати) кўрсатиш тартибини белгилайди.
2. Давлат хизмати давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали давлат архивлари томонидан кўрсатилади.
3. Давлат хизматлари марказлари ва давлат архивлари ўртасидаги ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони (кейинги ўринларда — ЭРИ) мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро электрон боғланиш ёрдамида амалга оширилади.
4. Давлат хизмати ушбу Регламентга 1-иловага мувофиқ схема бўйича кўрсатилади.
2-боб. Давлат хизматини кўрсатиш тартиби
5. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун ЯИДХПдан рўйхатдан ўтади.
6. Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса — мустақил равишда ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон тарзда тўлдиради. Ариза берувчи ишончнома асосида ҳаракат қилаётганда, сўровномага нотариал тасдиқланган ишончнома нусхаси илова қилинади.
7. Давлат хизматлари марказлари томонидан сўровнома тўлдирилгандан сўнг ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, сўровномани имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (ЭРИ, дактилоскопия, электрон имзо, Мобил-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 сентябрдаги 541-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.09.2022 й., 09/22/541/0859-сон)
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 сентябрдаги 541-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.09.2022 й., 09/22/541/0859-сон)
9. Ариза берувчилар ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
10. Давлат хизмати кўрсатилганлиги учун яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги 1 та ташкилотдаги ишга кирган ва ишдан бўшаганлиги бўйича ёзувларни тасдиқлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,08 баробари миқдорида йиғим ундирилади.
Бунда давлат хизматидан фойдаланиш учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.
11. Йиғим суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
а) давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат этилганда:
20 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;
(11-банд «а» кичик бандининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 сентябрдаги 541-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.09.2022 й., 09/22/541/0859-сон)
0,5 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига;
қолган маблағлар — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги тизимидаги давлат хизматини кўрсатган давлат архивининг ҳисобварағига ўтказилади.
(11-банд «а» кичик бандининг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 мартдаги 135-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)
б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:
10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;
(11-банд «б» кичик бандининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 сентябрдаги 541-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.09.2022 й., 09/22/541/0859-сон)
11,25 фоизи — Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;
0,5 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига;
қолган маблағлар — давлат хизматини кўрсатган давлат архивининг ҳисобварағига ўтказилади.
12. Ариза берувчи томонидан давлат хизматини кўрсатиш учун йиғимни тўламаслик давлат хизматини кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.
Давлат хизматини кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.
13. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўриб чиқилмасдан қолдирилади. Бунда давлат хизмати кўрсатилгани учун тўлов суммаси қайтарилмайди.
14. Ариза берувчи давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этган тақдирда, унинг сўровномаси давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, ариза берувчи томонидан тасдиқлангандан сўнг 10 дақиқа мобайнида, ЯИДХП орқали мурожаат этганда, автоматик тарзда тегишли давлат архивига электрон шаклда юборилади.
15. Сўровномада сўралаётган ташкилотлар ҳужжатлари тегишли давлат архивида мавжуд бўлмаганда, сўровномани қабул қилган давлат архиви бир иш куни мобайнида тегишли маълумот сақланаётган давлат архивини аниқлайди (ташкилотлар ҳужжатлари бошқа архивда мавжуд бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно) ва сўровномани тегишлилиги бўйича давлат архивларига юборади.
Тегишли давлат архиви сўровнома тушган вақтдан бошлаб йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлашга оид маълумотномалар учун 20 иш кунидан ошмаган муддатда тегишли QR-кодли (матрик штрихли код) маълумотномани шакллантиради ҳамда (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) тегишли давлат хизматлари марказига ёки (электрон шаклда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон шаклда ариза берувчига юборади. Бунда тўланган йиғим, агар мавжуд бўлса, банк хизмати тўловини айирган ҳолда, сўровномани қабул қилган архивдан сўровномани бажарган архивга ўтказилади.
16. Давлат хизматлари маркази маълумотнома тушгандан сўнг 10 дақиқа мобайнида уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва уни бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.
Ариза берувчи давлат хизматлари марказига келиб мурожаат қилган тақдирда, унинг сўровига кўра давлат хизматлари маркази унга маълумотномани электрон ёки қоғоз шаклда тақдим этиши мумкин.
3-боб. Якунловчи қоидалар
17. Давлат хизматлари марказлари ва давлат архивлари ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.
18. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ва давлат хизматлари марказлари ушбу Регламент талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини доимий назорат қилади ҳамда мониторинг олиб боради.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 сентябрдаги 541-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.09.2022 й., 09/22/541/0859-сон)
19. Ариза берувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддаси, «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддаси, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонун.
20. Ушбу Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2154-моддаси.
Яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлаш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентига 1-ИЛОВА
Яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлаш бўйича давлат хизматини кўрсатиш
СХЕМАСИ
Босқичлар
Субъектлар
Тадбирлар
Бажариш муддатлари
1-босқич
Ариза берувчи
Давлат хизматидан фойдаланиш учун давлат хизматлари марказига ўзи келган ҳолда мурожаат қилади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтади.
Хоҳишига кўра
2-босқич
1. Давлат хизматлари маркази
Сўровномани тўлдириб, тегишли давлат архивига юборади.
1. Сўровнома тўлдирилгандан кейин 10 дақиқа ичида
2. Ягона интерактив давлат хизматлари портали
2. Автоматик тарзда
3-босқич
Давлат архивлари
QR-код (матрик штрихли код) қўйилган маълумотномани расмийлаштиради ҳамда (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ЭРИ билан тасдиқланган ҳолда тегишли давлат хизматлари марказига ёки (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон шаклда юборади.
20 иш кунида
4-босқич
Давлат хизматлари маркази
1. Маълумотномани ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва уни бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 ноябрдаги 612-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.11.2023 й., 09/23/612/0874-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 сентябрдаги 597-сон қарорига 3-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида архив ишини такомиллаштириш тўғрисида» 2012 йил 5 апрелдаги 101-сон қарорига киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча
1. 1-илованинг 131-банди еттинчи хатбошисидаги «30 кундан» сўзлари «20 иш кунидан» сўзлари билан алмаштирилсин.
рухсатнома берилганлиги учун ариза берувчи томонидан махсус йиғим тўланмаслиги.
Тақдим этилган ҳужжатларнинг ишончлилигини (ёки ишончсизлигини) аниқлаш «Ўзархив» агентлиги томонидан амалга оширилади.
Тақдим этилган ҳужжатларнинг ёки маълумотларнинг ишончлилигини тасдиқловчи қўшимча материаллар талаб қилиш, агар қонун ҳужжатларида бундай талаб белгиланмаган бўлса, тақиқланади».