Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш, бу борада амалга оширилаётган ишларни самарали йўлга қўйиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ПФ-6208-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармасини бошқариш, унинг маблағларини шакллантириш, улардан фойдаланиш йўналишлари ва сарфлаш тартибини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
(3-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 августдаги 493-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.08.2024 й., 09/24/493/0600-сон)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ПФ-6208-сон Фармонига мувофиқ ушбу Фармонда белгиланган Агентлик томонидан амалга ошириладиган харажатларни молиялаштириш учун 2021 йилда Агентликка Давлат бюджетидан қўшимча равишда ажратиладиган 100 млрд сўм маблағларнинг Жамғармага ўтказилишини ҳамда ушбу харажатларни молиялаштириш учун 2022 йилдан бошлаб ҳар йили Давлат бюджети параметрларида Агентликка етарли маблағлар ажратилишини;
2021 йилда Агентлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва Агентлик ҳузуридаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти фаолиятини молиялаштириш учун ажратилган маблағларнинг тадбирларга йўналтирилиши белгиланган қисми Жамғармага ўтказилишини ҳамда 2022 йилдан бошлаб Жамғармага ўтказиладиган маблағлар ҳисоб-китоби бюджет сўровида назарда тутилишини таъминласин;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг бино ва иншоотлари, шунингдек, мол-мулкларидан самарали фойдаланиш ва уларнинг сифатли сақланишини таъминлаш мақсадида амалдаги республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмаларининг бошқарув ва хизмат кўрсатувчи ходимлари сонининг нисбатини ҳисоблаш меъёрлари Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг ёшлар объектлари (ёшлар марказлари, ёшлар учун спорт, маданий-маърифий ва интеллектуал ўйинларни ўтказиш, ёшларни рақамли технологиялар соҳасига йўналтиришга мўлжалланган ёпиқ мажмуалар) учун татбиқ этилмайди.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 августдаги 493-сонли қарорига асосан тўртинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.08.2024 й., 09/24/493/0600-сон)
4. Агентлик манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 29 июнь,
400-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 июндаги 400-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1.Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) юридик шахс мақомига эга бўлмаган бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Жамғарма маблағлари Агентлик, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёшлар ишлари бошқармалари ва туман (шаҳар) ёшлар ишлари бўлимлари (кейинги ўринларда — ҳудудий бўлинмалари) ҳамда Агентлик ҳузуридаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти (кейинги ўринларда — Институт) учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида алоҳида очиладиган шахсий ғазна ҳисобварақларида юритилади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 августдаги 493-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.08.2024 й., 09/24/493/0600-сон)
2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш
4. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Агентлик орқали ажратиладиган маблағлар;
Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳузуридаги корхона, муассаса ва ташкилотлар ихтиёрида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қоладиган соф фойданинг бир қисми;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари, вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
5. Агентлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва Институт тегишлича жамғармаларга маблағлар келиб тушишининг тўлиқлигини назорат қилади.
3-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тартиби.
6. Жамғарманинг маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:
ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштириш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни кенг жорий этишга қаратилган тадбирларни молиялаштириш;
«Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатларининг 50 фоизи (бироқ, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваригача) ҳамда улар бўйича миллий сертификатлар олиш учун ўтказиладиган имтиҳонларни топшириш харажатларини компенсация қилиш;
«Меҳрибонлик» уйлари тарбияланувчилари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг ҳайдовчилик курсларида ўқиш харажатларини (базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача) ва сафарбарлик чақируви резервида хизматни ўташ учун тўланадиган тўловларни молиялаштириш;
хусусий корхона ва ташкилотларга ишга қабул қилинган ҳамда фаолият бошлаганига олти ойдан ошмаган «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни қайта тайёрлов курсларида ўқитиш билан боғлиқ харажатларни (базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача) мазкур хусусий корхона ва ташкилотларга компенсация сифатида қоплаб бериш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
АТ «Халқ банки», АТ «Алоқа банк» ва «Микрокредитбанк» АТБ томонидан «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида ўқув курсларини муваффақиятли тугатган ва сертификат олган, шунингдек, хорижий тилни билиш бўйича С1 даражасидаги сертификатга эга бўлган ёшларга компьютер (шу жумладан, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмаган) харидлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда ажратилган истеъмол кредитлари бўйича фоиз тўловларини компенсация қилиш;
(6-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 августдаги 493-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.08.2024 й., 09/24/493/0600-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(6-банднинг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 августдаги 493-сонли қарорига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.08.2024 й., 09/24/493/0600-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
«маҳалла еттилиги» тавсиясига асосан шакллантириладиган рўйхатга киритилган ҳамда электрон онлайн-аукцион савдолари орқали деҳқон хўжалигини юритиш учун ер майдонларини ижарага олган ёшларга мини-техника, уруғ ва кўчат харид қилиш учун бир йиллик кафиллик тақдим этиш;
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 3 августдаги 479-сонли қарорига асосан тўққизинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.08.2024 й., 09/24/479/0579-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган Агентлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва Институтнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари доирасидаги чора-тадбирларни молиялаштириш;
(6-банднинг тўққизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 августдаги 493-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.08.2024 й., 09/24/493/0600-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Агентлик директорининг буйруғига асосан фаол ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ёшларни қўллаб-қувватлашга доир харажатларни амалга ошириш;
(6-банднинг ўнинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 августдаги 493-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.08.2024 й., 09/24/493/0600-сон)
Агентлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва Институтнинг бино ва иншоотларини, ҳудудлардаги ёшлар объектларини (таълим, маданият, санъат, спорт объектлари, ёшлар марказлари ва бошқалар) қуриш, капитал ва жорий таъмирлаш ҳамда инвентарлар, мебель, компьютер техникаси ва бошқа ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;
мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, ўсиб келаётган ёш авлодни илм-фан ва инновацияларга кенг жалб этиш билан боғлиқ чора-тадбирларни молиялаштириш;
ёшларга оид дастурлар, лойиҳалар, танловлар ва бошқа тадбирлар учун нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларига ижтимоий буюртма ажратиш;
ҳудудларда банд бўлмаган ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида касб-ҳунарга ўргатиш ва уларда касбий кўникмаларни шакллантириш тадбирларини молиялаштириш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Меҳрибонлик» уйлари, Болалар шаҳарчалари ва оилавий болалар уйлари, шунингдек «SOS — Ўзбекистон болалар маҳаллалари» уюшмасининг болалар маҳаллаларидаги етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини ташкил этиш тадбирларини молиялаштириш, шу жумладан, ушбу муассасалар тарбияланувчиларининг турмушини яхшилаш, касб-ҳунар ва бизнес билан шуғулланиш орқали даромад топиш ҳамда уларга бундай фаолиятни йўлга қўйишнинг амалий жиҳатларини ўргатишга қаратилган «коучинг» видео материаллар, мотивацион роликлар ва дарсликлар тўпламлари билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштириш.
(6-банднинг ўн тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 25 октябрдаги 656-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.10.2021 й., 09/21/656/0996-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг «Халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) тўплаган ёшларга ўқиш ва имтиҳон топшириш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш тартибини жорий этиш тўғрисида» 2021 йил 13 апрелдаги 209-сон қарорига мувофиқ ёшларга ўқиш ва халқаро имтиҳон тизимлари бўйича энг юқори балл тўплаган иқтидорли ёшларга имтиҳон топшириш харажатларини қоплаб бериш;
(6-банднинг ўн олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 августдаги 493-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.08.2024 й., 09/24/493/0600-сон)
халқаро фан олимпиадаларида ўқувчи ёшларнинг юқори даражада тайёргарлик кўришлари учун ўқув базаси ташкил этиш, республика ва хорижий малакали мутахассислар жалб қилиш ҳамда улар учун барча зарур шароитларни таъминлаш харажатларини қоплаш;
халқаро фан олимпиадаларида ўқувчи ёшларнинг иштирокини ташкил этиш билан боғлиқ (суткалик, яшаш, транспорт, виза) харажатларни қоплаш;
ёш кадрларни, шу жумладан Агентлик тизимидаги ходимларни ўқитиш, малакасини ошириш, уларнинг стажировка ўташи, шу жумладан хорижий мамлакатларда ўтказиладиган конференция, семинарлар ва бошқа тадбирларда иштирок этишини ташкил этиш, Агентлик тизимидаги ходимларни жамоа шартномаларида назарда тутилган тартибда моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Агентликка юклатилган вазифаларни амалга оширишга маҳаллий ва хорижий илмий муассасалар, олим ва мутахассисларни, илмий-тадқиқот ташкилотлари, олий таълим муассасалари ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахсларни белгиланган тартибда шартнома асосида жалб қилиш;
(6-банднинг йигирманчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 декабрдаги ПҚ-455-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2024 й., 07/24/455/1092-сон. Кучга кириш санаси — 2025 йил 1 январь)
Агентлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва Институт вазифалари ва фаолиятининг асосий йўналишларини амалга оширишга қаратилган бошқа тадбирларни молиялаштириш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ёшларни замонавий касбга ўргатиш, ахборот технологиялари ва хорижий тилларга ўқитиш бўйича олти ойгача муддатли ўқув курслари учун ҳар ойда БҲМнинг 4 бараваригача миқдорда субсидия ажратиш;
ижтимоий ҳимояга муҳтож иқтидорли ёшларнинг илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги олти ойгача муддатли ўқув курслари учун ҳар ойда БҲМнинг 1 бараваригача миқдорда субсидия ажратиш;
ижтимоий ҳимояга муҳтож иқтидорли ёшларнинг илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги олимпиада, танлов ва мусобақаларнинг маҳаллий босқичларида қатнашиш харажатлари учун БҲМнинг 4 бараваригача ҳамда халқаро босқичларида қатнашиш харажатлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваригача миқдорда субсидия ажратиш;
ёшларни таълим, маданият ва санъат, спорт, ахборот технологиялари ва фанларни ўқитишга ихтисослашган ўқув марказларининг уч ой муддатгача нотурар жой ижара харажатлари учун БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда субсидия ажратиш;
«Хориждаги ёшлар баланси»ни шакллантириш ва юритиш, хорижда сайёр қабулларни ўтказиш вақтида аниқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган ёшларнинг муаммолари ва эҳтиёжларини ҳал қилиш бўйича харажатларни амалга ошириш;
ҳар чоракда маҳаллада ёшлар сиёсатини самарали амалга оширишда юқори натижадорликка эришаётган мамлакат бўйича энг илғор 100 нафар маҳалладаги ёшлар етакчиларини бир ойлик иш ҳақига тенг миқдорда бир марталик пул мукофоти билан, шунингдек, фаолият самарадорлиги кўрсаткичларидан келиб чиқиб, маҳалладаги ёшлар етакчиларини ҳар чорак якуни бўйича ойлик иш ҳақининг 50 фоизигача миқдорда пул мукофоти билан тақдирлаш;
фаолиятини самарали ташкил этаётган, ўзининг шахсий фазилатлари билан ёшларга намуна бўлаётган ва уларга етакчилик қилаётган маҳалладаги ёшлар етакчиларини «Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси» кўкрак нишони билан тақдирлаш;
йил якуни бўйича ўзига бириктирилган ҳудудда юқори натижаларга эришган маҳалладаги ёшлар етакчиларига ипотека кредити асосида сотиб олинаётган уй-жой қийматининг 50 фоизи миқдорида, бироқ қонунчилик ҳужжатларида белгиланадиган уй-жой ҳисобланган қийматининг 50 фоизидан юқори бўлмаган миқдорда субсидия ажратиш;
бошқа ҳудудлардан келиб ўз фаолиятини олиб бораётган маҳалладаги ёшлар етакчиларига базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваригача бўлган миқдорда турар жой ижара тўлови қоплаб бериш.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 июндаги 312-сонли қарорига асосан хатбошилар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.06.2022 й., 09/22/312/0493-сон)
7. Агентлик марказий аппаратининг шахсий ғазна ҳисобварағидан, зарур ҳолларда, ҳудудий бўлинмалар ва Институтнинг шахсий ғазна ҳисобварағига мазкур Низомнинг 6-бандида назарда тутилган харажатларни амалга ошириш учун мақсадли маблағлар ўтказиб берилади.
8. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси келгуси йилда келиб тушиши кутилаётган маблағлар прогнози ва амалга оширилиши белгиланган тадбирларни ўтказишдан келиб чиққан ҳолда тузилади.
Бунда, Агентлик марказий аппаратида Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси Жамғарма маблағларини сарфлаш йўналишлари ва амалга ошириладиган тадбирлар бўйича тузилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. Жамғарма маблағлари ҳисобидан харажатлар Агентлик марказий аппаратида — Агентлик директори томонидан, ҳудудий бўлинмаларда — ҳудудий бошқармалар ва туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари томонидан, Институтда — Институт директори томонидан тасдиқланган ҳамда тегишли молия органларидан ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтказилган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(9-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 августдаги 493-сонли қарорига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.08.2024 й., 09/24/493/0600-сон)
Ҳудудий бошқармалар ва Институт томонидан қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваридан, туман (шаҳар) бўлимлари томонидан қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан ортиқ бўлган харажатлар Агентлик директори билан келишилган ҳолда амалга оширилади, ушбу жамғармаларга аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўтказиб берилган ҳомийлик маблағларини сарфлаш бундан мустасно.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 июндаги 312-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.06.2022 й., 09/22/312/0493-сон)
10. Агентлик томонидан, истисно тариқасида, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига давлат ижтимоий буюртмаси шаклида маблағ ажратишда маблағларнинг 50 фоизигача қисми олдиндан аванс тариқасида, қолган қисми эса — аванс маблағларининг ўзлаштирилишига қараб ажратилиши мумкин.
11. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари (қолдиқ маблағлар) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига олиб қўйилмайди ва улардан кейинги йилда мазкур Низомда белгиланган тартибда фойдаланилади.
4-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши юзасидан ҳисоботлар тақдим этиш, назорат ва жавобгарлик
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. Агентлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва Институт белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига Жамғарма маблағларининг ишлатилиши тўғрисида ҳар чоракда тегишли ҳисоботларни тақдим этиб боради.
(12-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 августдаги 493-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.08.2024 й., 09/24/493/0600-сон)
Жамғарма маблағларининг ҳисоби ва ҳисоботи қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда юритилади ва тақдим этилади.
13. Жамғарма маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
14. Жамғарма маблағларидан тўғри ва мақсадли фойдаланиш юзасидан жавобгарлик Агентлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва Институтга юклатилади.
5-боб. Якунловчи қоида
15. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.06.2021 й., 09/21/400/0616-сон, 26.10.2021 й., 09/21/656/0996-сон; 07.06.2022 й., 09/22/312/0493-сон; 26.10.2022 й., 09/22/617/0960-сон; 06.08.2024 й., 09/24/479/0579-сон; 10.08.2024 й., 09/24/493/0600-сон; 30.12.2024 й., 07/24/455/1092-сон)