Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларининг йиллик календарь режаларини шакллантириш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 26 майдаги ПФ-6000-сон Фармонига мувофиқ оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларининг календарь режалари асосида ўтказилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қуйидагиларни назарда тутувчи Оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларининг йиллик календарь режаларини шакллантириш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларини (кейинги ўринларда — тадбирлар) ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда уларда қатнашишнинг яхлит тизимини шакллантириш;
оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларининг йиллик календарь режаларини (кейинги ўринларда — календарь режалар) шакллантириш ва тасдиқлаш;
календарь режаларда назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш.
2. Белгилаб қўйилсинки:
календарь режа тегишлича Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг қарорлари билан тасдиқланади;
концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслар томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг буюртмаларига асосан барча хизматлар ёзма шаклда тузиладиган шартнома асосида ҳақ тўлаш эвазига кўрсатилади, концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи давлат муассасалари ходимлари билан тузилган меҳнат шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бундан мустасно;
Олдинги таҳрирга қаранг.
календарь режаларда назарда тутилган тадбирлар ушбу мақсадларга ажратилган маблағлар доирасида Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ва Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан, буюртмачи маблағлари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
(2-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:
2021 йилдан бошлаб календарь режаларда назарда тутиладиган тадбирларининг рўйхати ҳамда уларни ўтказиш билан боғлиқ йиллик харажатлар сметасини, асосланган ҳисоб-китобларни ва бошқа молиявий материалларни Молия вазирлигига тақдим этиб борсин;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси маданият вазири О.А. Назарбеков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 23 февраль,
98-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 февралдаги 98-сон қарорига
ИЛОВА
Оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларининг йиллик календарь режаларини шакллантириш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида халқаро ва республика миқёсидаги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси томонидан хорижий давлатларда оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларини (кейинги ўринларда — тадбирлар) ташкил этиш ва ўтказиш бўйича йиллик календарь режаларни (кейинги ўринларда — календарь режалар) шакллантириш ҳамда тасдиқлаш тартибини белгилайди.
2. Қуйидагилар календарь режаларни шакллантиришнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда уларда қатнашишнинг яхлит тизимини шакллантириш;
тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишга йўналтириладиган бюджет маблағларидан мақсадли ҳамда самарали фойдаланиш;
тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича аниқ маълумотларни оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчилик томонидан барвақт олиш имкониятини яратиш;
тадбирларга жалб этиладиган ижрочилар томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг буюртмаларига асосан барча хизматлар ёзма шаклда тузиладиган шартнома асосида ҳақ тўлаш эвазига кўрсатилишини жорий қилиш.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
буюртмачи — тадбирни ўтказиш истагини билдирган манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари;
ижрочи — тадбирнинг ташкилий, бадиий, расмий қисмларини шартнома асосида амалга оширувчи юридик ёки жисмоний шахс;
оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирлари (тадбирлар) — анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган умумхалқ байрамлари, давлат тадбирларининг бадиий қисмлари, касб байрамлари, атоқли намоёндаларнинг юбилей саналари, оммавий спорт ва бошқа халқаро тадбирларнинг тантанали очилиш ва ёпилиш маросимлари, фестиваллар, кўрик-танловлар, концертлар, халқ сайиллари ва бошқа тадбирлар.
4. Календарь режалар ушбу Низомга 1-иловадаги намунавий жадвалга мувофиқ шакллантирилади.
5. Тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият бошқармалари (кейинги ўринларда — Маданият вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари) билан келишилган ҳолда, мазкур Низом талаблари асосида ўтказилади.
2-боб. Календарь режаларни шакллантириш ва тасдиқлаш тартиби
6. Календарь режалар Маданият вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан буюртмачи таклифлари асосида республика, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда туман ва шаҳарлар миқёсида ишлаб чиқилади.
7. Тадбирлар юзасидан таклифлар тегишлилиги бўйича республика миқёсидаги давлат органлари ва ташкилотлари (буюртмачи) томонидан Маданият вазирлигига, ҳудудий давлат органлари ва ташкилотлари (буюртмачи) томонидан Маданият вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига қуйидаги ҳужжатлар билан биргаликда тақдим этилади:
тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича асословчи ҳужжатлар;
тадбир концепцияси;
тадбирнинг буюртмачи томонидан тасдиқланган молиялаштириш манбалари ва харажатлар сметаси лойиҳалари.
Таклифлар Маданият вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан мазкур Низом талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда тақдим этилган тақдирда қабул қилинади.
8. Календарь режалар қуйидагиларга бўлинади:
республика календарь режаси — республика миқёсидаги давлат органлари ва бошқа ташкилотлар (буюртмачилар)нинг таклифи бўйича Маданият вазирлиги томонидан шакллантирилади ва Вазирлар Маҳкамаси фармойиши билан тасдиқланади;
ҳудудий календарь режа — ҳудудий давлат органлари ва ташкилотлари (буюртмачилар)нинг таклифи бўйича Маданият вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан шакллантирилади ҳамда тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарори билан тасдиқланади.
9. Календарь режаларга умумхалқ байрамлари, давлат тадбирларининг бадиий қисмлари, касб байрамлари, атоқли намоёндаларнинг юбилей саналари, оммавий спорт ва бошқа халқаро тадбирларнинг тантанали очилиш ва ёпилиш маросимлари, фестиваллар, кўрик-танловлар, концертлар, халқ сайиллари ва бошқа тадбирлар киритилади.
10. Календарь режалар ушбу Низомга 2-иловадаги схемага мувофиқ ҳар йили қуйидаги тартибда ва муддатларда шакллантирилади ва тасдиқланади:
буюртмачи томонидан календарь режаларга киритиладиган тадбирлар рўйхатини шакллантириш — март ойи давомида;
буюртмачи томонидан календарь режаларга киритиладиган тадбирлар рўйхатини тегишлилиги бўйича Маданият вазирлиги ёки унинг ҳудудий бўлинмаларига тақдим этиш — апрель ойи давомида;
Маданият вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан календарь режаларга киритиладиган тадбирлар рўйхатини умумлаштириш — апрель ойи давомида;
Маданият вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан календарь режаларга киритиладиган тадбирлар рўйхатини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамаси ёки маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига тасдиқлаш учун киритиш — ҳар йили июнь ойига қадар;
Вазирлар Маҳкамаси ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан белгиланган тартибда календарь режаларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш — октябрь ойи давомида.
11. Тасдиқланган календарь режалар Маданият вазирлиги ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг расмий веб-сайтлари ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади.
12. Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг календарь режаларга киритилмаган тадбирларни ўтказишни назарда тутувчи қарорларида ушбу тадбирларни ташкил этиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар бўйича буюртмачилар ҳамда уларни молиялаштириш манбалари белгиланади.
3-боб. Тадбирларни молиялаштириш ва календарь режаларга ўзгартириш киритиш тартиби
13. Республика календарь режаси ҳамда ҳудудий календарь режаларда назарда тутилган тадбирлар:
Ўзбекистон Республикаси республика ва маҳаллий бюджет маблағлари;
буюртмачи маблағлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
(13-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
14. Календарь режаларнинг йиллик сметаларига тадбирлар ўтказиладиган вақтдаги хизматлар қийматининг ўзгариши инобатга олинган ҳолда, ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
15. Ижрочилар томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг буюртмаларига асосан барча хизматлар ёзма шаклда тузиладиган шартнома асосида ҳақ тўлаш эвазига кўрсатилади, концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи давлат муассасалари ходимлари билан тузилган меҳнат шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бундан мустасно.
16. Календарь режаларга қуйидаги ҳолларда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин:
тадбирларни ўтказиш муддатлари ва (ёки) жойлари ўзгарганда;
календарь режаларга қўшимча тадбир киритиш зарурати юзага келганда;
тадбирларнинг бадиий қисмига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганда;
тадбир қатнашчиларининг таркиби ёки сони ўзгарганда;
буюртмачининг молиявий имконияти ва шартлари ўзгарганда;
тадбирлар учун назарда тутилган маблағлар етишмаганда.
Маданият вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан тегишлича Вазирлар Маҳкамаси ёки маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан келишилган ҳолда, календарь режаларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
Бунда тадбир учун зарур бўладиган қўшимча харажатлар буюртмачи маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
17. Мазкур Низом талабларига риоя этиш Маданият вазирлиги томонидан назорат қилинади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
18. Ушбу Низом талабларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларининг йиллик календарь режаларини шакллантириш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА

Намуна

20___ йилда _________________________да ўтказиладиган оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларининг

(ҳудуд номи)

ЙИЛЛИК КАЛЕНДАРЬ РЕЖАСИ*

Т/р

Тадбир номи

Тадбир ўтказиш учун асос (ҳужжат рақами ва санаси)

Тадбир ўтказиладиган жой, сана ва вақти

Тадбир буюртмачиси

Тадбир ижрочиси

Тадбирни молиялаштириш манбаси

Талаб этиладиган маблағ миқдори (сўм)

Тадбир ижрочисининг тадбирдаги вазифалари

1.

Касб байрами

Бош бошқарманинг фаоллар зали 202__ йил

21 март

соат: 10.00

Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси

Ўзбекистон давлат филармонияси

Давлат бюджети, буюртмачининг бюджетдан ташқари маблағлари

200 млн

Ташкилий қисм,
Бадиий қисм,
Расмий қисм

...

...

...

...

...

...

...

...

* Республика миқёсидаги йиллик календарь режа Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши билан тасдиқланади.
Оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларининг йиллик календарь режаларини шакллантириш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларининг йиллик календарь режаларини шакллантириш ва тасдиқлаш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Амалга ошириладиган ишлар

Муддатлар

I босқич

Оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирини ўтказиш истагини билдирган юридик шахс (буюртмачи)

Календарь режага киритиладиган тадбирлар рўйхатини шакллантириш

ҳар йили март ойида

II босқич

Оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирини ўтказиш истагини билдирган юридик шахс (буюртмачи)

Календарь режага киритиладиган тадбирлар рўйхатини тегишлилиги бўйича Маданият вазирлиги ёки унинг ҳудудий бўлинмаларига тақдим этиш

ҳар йили апрель ойида

III босқич

Маданият вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари

Календарь режага киритиладиган тадбирлар рўйхатини умумлаштириш

ҳар йили май ойида

IV босқич

Маданият вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари

Календарь режага киритиладиган тадбирлар рўйхатини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамаси ёки маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига тасдиқлаш учун киритиш

ҳар йили июнь ойида

V босқич

Вазирлар Маҳкамаси ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари

Белгиланган тартибда календарь режаларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш

ҳар йили октябрь ойида

VI босқич

Маданият вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари

Тегишлилиги бўйича Вазирлар Маҳкамаси ёки маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан келишилган ҳолда календарь режага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш

заруратга кўра

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.02.2021 й., 09/21/98/0150-сон, Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)