Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
«Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 22 июлда қабул қилинган
Сенат томонидан 2019 йил 11 октябрда маъқулланган
Сенат томонидан 2019 йил 11 октябрда маъқулланган
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 7 майда қабул қилинган «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги 841-ХII-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 11 декабрда қабул қилинган 556-II-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 йил, № 1-2, 6-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 йил, № 9, 330-модда; 2014 йил, № 9, 244-модда; 2015 йил, № 12, 452-модда; 2018 йил, № 7, 431-модда; 2019 йил, № 1, 5-модда) ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқлансин (илова қилинади).
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2019 йил 22 октябрь,
ЎРҚ-573-сон
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Валютани тартибга солиш тўғрисида
(янги таҳрири)
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади валюта операцияларини ва валюта назоратини амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2-модда. Валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонунчилик
Валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонуни билан махсус ҳуқуқий режим ўрнатилган ҳудудда валютага оид муносабатлар ушбу Қонунда белгиланганидан бошқача қоидалар билан тартибга солинади.
(2-модда Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 13 июлдаги ЎРҚ-1158-сонли Қонунига асосан иккинчи қисми билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.07.2026 й., 03/26/1158/0727-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 25 июль)
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
(2-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/00375-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Қонуни.
3-модда. Ушбу Қонуннинг қўлланилиш соҳаси
Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикасининг валютага оид ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги ПФ-5177-сонли «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони.
4-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
валюта курси — чет эл валютасининг Ўзбекистон Республикаси валютасига нисбатан курси;
Олдинги таҳрирга қаранг.
валютани назорат қилиш — валютани назорат қилувчи органларнинг валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига резидентлар ва норезидентлар томонидан риоя этилишини таъминлашга қаратилган фаолияти;
(4-модданинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/00375-сон)
валюта операциялари — валюта қимматликларига бўлган мулк ҳуқуқининг ва бошқа ҳуқуқларнинг ўтиши билан боғлиқ операциялар, валюта қимматликларидан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш, валюта қимматликларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, жўнатиш ва ўтказиш, шунингдек Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш, жўнатиш ва ўтказиш, резидентлар ва норезидентлар ўртасида Ўзбекистон Республикаси валютасидаги операциялар;
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 29 августдаги 18/5-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидалари (рўйхат рақами 3281, 31.08.2020 й.).
валютани тартибга солиш — валюта қимматликларининг муомалада бўлиш тартибини, валюта қимматликларига эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш қоидаларини белгилаш юзасидан валютани тартибга солиш органининг фаолияти;
валюта қимматликлари — чет эл валютаси, номинали чет эл валютасида ифодаланган қимматли қоғозлар ва тўлов ҳужжатлари, норезидентлар томонидан чиқарилган, номиналга эга бўлмаган қимматли қоғозлар, соф қуйма олтин;
чет эл валютаси — муомаладаги ҳамда чет давлат (чет давлатлар гуруҳлари) ҳудудида нақд тўловнинг қонуний воситаси бўлган пул белгилари, шунингдек муомаладан чиқарилаётган ёки муомаладан чиқарилган, аммо алмаштирилиши лозим бўлган пул белгилари, чет давлатларнинг (чет давлатлар гуруҳларининг) пул бирликларида ҳамда халқаро пул бирликларида ёки ҳисоб-китоб бирликларида банк ҳисобварақларида ва омонатларида турган маблағлар;
чет эл валютаси билан боғлиқ бўлган ҳосилавий молия воситалари (валюта деривативлари) — чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш бўйича шартномалар бўлиб, ушбу шартномалар бўйича мажбуриятларни бажариш муайян муддат ўтгач ёки чет эл валютасининг миқдорига ёхуд унинг курси ўзгаришига қараб амалга оширилади;
Ўзбекистон Республикаси валютаси (миллий валюта) — Ўзбекистон Республикасининг пул бирлиги (сўм).
5-модда. Ушбу Қонуннинг асосий принциплари
Ушбу Қонуннинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
валютани тартибга солиш ҳамда валютани назорат қилиш тизимининг ягоналиги;
валютани тартибга солиш ва валютани назорат қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иқтисодий чораларнинг устуворлиги;
резидентлар ва норезидентларнинг валюта операцияларига давлат органларининг қонунга хилоф равишда аралашувига йўл қўйилмаслиги.
6-модда. Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ва норезидентлари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шу жумладан хориждаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига эга бўлган фуқаролиги бўлмаган шахслар, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ ташкил этилган барча юридик шахслар, шунингдек уларнинг Ўзбекистон Республикасида ва ундан ташқарида жойлашган филиаллари ва ваколатхоналари, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик, савдо ва бошқа расмий ваколатхоналари, шу жумладан Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги дипломатик, савдо ва бошқа расмий ваколатхоналари, қароргоҳлари Ўзбекистон Республикасида жойлашган халқаро ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси резидентларидир (бундан буён матнда резидентлар деб юритилади).
(6-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/00375-сон)
Ушбу модданинг биринчи қисмига мувофиқ резидент тушунчаси доирасига кирмайдиган шахслар Ўзбекистон Республикаси норезидентларидир (бундан буён матнда норезидентлар деб юритилади).
2-боб. Валютани тартибга солиш
7-модда. Валютани тартибга солувчи давлат органи
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки валютани тартибга солувчи давлат органидир (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади).
Марказий банк ўз ваколатлари доирасида:
норезидентлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, шунингдек резидентлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида амал қилиниши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади;
валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларини белгилайди;
валюта биржалари фаолиятини лицензиялайди ва тартибга солади;
Қаранг: «Валюта биржаси фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида»ги низом (рўйхат рақами 2788, 18.05.2016 й.).
банклар учун очиқ валюта позициясининг лимитларини белгилайди;
Батафсил маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2005 йил 30 апрелдаги 8/1-сонли «Очиқ валюта позициясини юритиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 3301) қаранг.
умум эътироф этилган халқаро амалиётга мувофиқ валюта операцияларининг ва ташқи секторнинг статистикасини тайёрлайди ҳамда эълон қилади;
резидентлар ва норезидентлар томонидан амалга ошириладиган валюта операцияларини мониторинг қилиш тартибини белгилайди, шу жумладан валютани назорат қилувчи органлар билан биргаликда белгилайди;
Ўзбекистон Республикаси банклари учун валюта операциялари ҳисоби ва ҳисоботи шаклларини ҳамда уларни тақдим этиш тартиби ва муддатларини белгилайди;
ташқи сектор статистикасини тузиш учун барча резидентлар ва норезидентлар томонидан тақдим этилиши мажбурий бўлган валюта операцияларининг ҳисоби ва ҳисоботи шаклларини белгилайди;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси банкларининг валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонунчилигига риоя этишга доир фаолиятини тартибга солишни ва назорат қилишни амалга оширади.
(7-модда иккинчи қисмининг ўнинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/00375-сон)
Марказий банк Ўзбекистон Республикасида ва унинг ташқарисида валюта операцияларининг барча турларини амалга ошириш ҳуқуқига эга.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонуни.
8-модда. Валюта курси
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш бўйича операцияларда валюта курси чет эл валютасига бўлган талаб ва таклифдан келиб чиқиб, шартномавий асосда белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси валютасининг чет эл валютасига нисбатан курсини аниқлашда фақат бозор механизмларидан фойдаланилади.
Марказий банк чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш тартибини белгилашда чет эл валютасига бўлган талаб ва таклиф асосида валюта курсини аниқлаш учун шарт-шароитлар яратилишини назарда тутади.
Марказий банк валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистик ҳисоботлар ва бошқа ҳисоботлар мақсадлари учун, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида божхона ҳамда бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун валюта курсини мунтазам равишда белгилаб боради.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2018 йил 13 ноябрдаги 142-сон буйруғи билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (4-сонли БҲС) «Валюта курси ўзгаришининг таъсири» (рўйхат рақами 3100, 14.12.2018 й.).
9-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳисоб-китоблар ва тўловлар
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар (ишлар, хизматлар) учун барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар Ўзбекистон Республикаси валютасида амалга оширилади, бундан ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар (ишлар, хизматлар) учун тарифлар, нархлар, шу жумладан миллий электрон савдо майдончаларидаги шундай тарифлар, нархлар, шунингдек юридик шахсларнинг устав фондлари (устав капиталлари) миқдорларига доир талаблар фақат Ўзбекистон Республикаси валютасида белгиланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланишига йўл қўйилмайди. Алоҳида ҳолларда, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан инвестиция шартномалари доирасида жалб этиладиган чет эл инвестициялари иштирокида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланишига Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари асосида йўл қўйилади.
(9-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 22 январдаги ЎРҚ-669-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.01.2021 й., 03/21/669/0060-сон)
Давлат божлари, йиғимлари ва бошқа мажбурий тўловлар фақат Ўзбекистон Республикаси валютасида ундирилади, бундан консуллик йиғимлари мустасно.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунининг 14-моддаси.
10-модда. Резидентларнинг валюта қимматликлари ва улардан фойдаланилиши
Резидент жисмоний шахслар валюта операцияларини амалга ошириш мақсадида:
ўз мулкида Ўзбекистон Республикасига олиб кирилган, ўтказилган ёки жўнатилган, Ўзбекистон Республикасида олинган ёки сотиб олинган валюта қимматликларига эга бўлишга ва улардан ўз ихтиёрига кўра фойдаланишга;
носавдо тусидаги халқаро трансчегаравий пул ўтказмаларини амалга оширишга;
Олдинги таҳрирга қаранг.
валюта қимматликларини қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасига олиб киришга, ўтказишга ва жўнатишга, шунингдек Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишга, ўтказишга ҳамда жўнатишга ҳақли.
(10-модда биринчи қисмининг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/00375-сон)
Резидент юридик шахслар валюта операцияларини амалга ошириш мақсадида:
ўз мулкида валюта қимматликларига эга бўлишга;
Олдинги таҳрирга қаранг.
чет эл валютасини қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасига ўтказишга, шунингдек Ўзбекистон Республикасидан ўтказишга ҳақли.
(10-модда иккинчи қисмининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/00375-сон)
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 январдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси нақд валютаси ва нақд чет эл валютасини Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш қоидалари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 29 августдаги 18/5-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидалари (рўйхат рақами 3281, 31.08.2020 й.).
11-модда. Ташқи савдо операциялари бўйича активларни репатриация қилиш
Ташқи савдо операциялари бўйича активларни репатриация қилиш норезидент мажбуриятларининг қуйидагилар орқали тўлиқ ёки қисман бажарилишидир:
норезидентнинг мажбуриятлари бўйича пул маблағлари ёки товар келиб тушиши (ишлар бажарилиши, хизматлар кўрсатилиши);
норезидентнинг мажбуриятини бир турдаги қарши талабларни ҳисобга олиш йўли билан тугатиш;
норезидентнинг томонлар ўртасидаги мавжуд дастлабки мажбуриятини худди ўша шахслар ўртасидаги бошқа предметни ёки бажариш усулини назарда тутувчи ўзга мажбурият билан алмаштириш йўли билан тугатиш;
суғурта тўловларини олиш.
Агар резидент норезидентга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа резидент фойдасига воз кечса, репатриация қилиш тўғрисидаги талабнинг бажарилишини таъминлашга доир тегишли мажбурият талаб қилиш ҳуқуқини қабул қилган резидентга ўтади.
Резидент (норезидент) ташқи савдо операциялари бўйича активларнинг репатриация қилинишини таъминлаши шарт.
Ташқи савдо операциялари бўйича активларни репатриация қилиш муддати норезидентнинг мажбуриятлари юзага келган санадан эътиборан 180 кундан ошиб кетса, мазкур операция капитал ҳаракатининг операцияси сифатида баҳоланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ташқи савдо операцияларининг бажарилиши устидан назорат ва мониторингни амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
(11-модда Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 11 мартдаги ЎРҚ-758-сонли Қонунига асосан бешинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.03.2022 й., 03/22/758/0207-сон)
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги 283-сон қарори билан тасдиқланган Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низом.
Олдинги таҳрирга қаранг.
111-модда. Ташқи савдо операциялари бўйича активларнинг репатриация қилинишини таъминламаганлик учун жавобгарлик
Норезидентга тўлов ёки экспорт амалга оширилган санадан эътиборан бир юз саксон кун ўтганидан кейин кўпи билан қирқ беш кунда (кичик тадбиркорлик субъектлари учун тўқсон кунда) ташқи савдо операциялари бўйича активларни репатриация қилишни таъминламаган резидентлар республика бюджети даромадига:
активларни репатриация қилиш норезидентга тўлов ёки экспорт амалга оширилган санадан эътиборан уч юз олтмиш кунгача кечикканда — репатриация қилинмаган активлар суммасининг 5 фоизига тенг миқдорда;
активларни репатриация қилиш норезидентга тўлов ёки экспорт амалга оширилган санадан эътиборан уч юз олтмиш кундан беш юз қирқ беш кунгача кечикканда — репатриация қилинмаган активлар суммасининг 10 фоизига тенг миқдорда қўшимча равишда;
активларни репатриация қилиш норезидентга тўлов ёки экспорт амалга оширилган санадан эътиборан беш юз қирқ беш кун ва ундан ортиқ муддатга кечикканда — репатриация қилинмаган активлар суммасининг 35 фоизига тенг миқдорда қўшимча равишда жарима тўлайди.
Енгиб бўлмас куч таъсири юзага келганда активларни репатриация қилиш муддати енгиб бўлмас кучнинг таъсир муддатига узайтирилади. Енгиб бўлмас куч таъсири ҳолатлари юз берганлиги ушбу ҳодиса ўзида содир бўлган давлатнинг қонунчилигига мувофиқ ваколатли орган томонидан тасдиқланади.
Экспортга оид контрактнинг суғурта полиси бўйича суғурта товони суммаси резидентларнинг ҳисобварағига келиб тушганда (миллий ва (ёки) хорижий валюталарда) жарима қўллаш мақсадида мазкур экспортга оид контракт бўйича дебитор қарздорлик суммаси келиб тушган суғурта товони суммасига камайтирилади.
Ташқи савдо операциялари бўйича активларнинг репатриация қилинишини таъминламаганлик учун жарималар қуйидаги ҳолларда қўлланилмайди:
асбоб-ускуналарни ва (ёки) бутловчи қисмларни етказиб бериш муддатлари уларнинг техник тавсифларига ҳамда ўзига хос хусусиятига қараб бир юз саксон кундан ортиқ этиб белгиланган импортга оид контрактлар бўйича етказиб бериш муддати даврида;
транспортда ташиш ёки сақлаш чоғида тарафларга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра яроқсиз ҳолатга келган товарлар давлат органлари томонидан йўқ қилинганлигини ёхуд мусодара қилинганлигини тасдиқловчи ваколатли орган томонидан берилган ҳужжат тақдим этилган тақдирда;
агар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида тузилган импортга оид контрактларда ёки маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битимларни амалга ошириш доирасида бошқарувчи қўмита томонидан тасдиқланган импортга оид контрактларда белгиланган муддатлар бузилмаган бўлса;
агар экспорт операциялари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорликнинг умумий суммаси муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик юзага келган санадан олдинги ўттиз олти ой ичида таъминланган валюта тушумининг 10 фоизидан ортиқ бўлмаса;
жарима қўллаш тўғрисидаги иш бўйича суд томонидан ҳал қилув қарори чиқарилгунига қадар ушбу Қонун талабларига мувофиқ репатриация қилинган активлар суммасига нисбатан.
Жарима тўқсон кунлик муддат ичида ташқи савдо операциялари бўйича репатриация қилинган активлар суммасига мутаносиб равишда ўн кунлик муддатда ихтиёрий тарзда тўланган тақдирда, тўланган жарима суммаси резидентга қайтарилади.
Суд ҳужжати қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан тўқсон кун ичида ташқи савдо операциялари бўйича активлар тўлиқ репатриация қилинган тақдирда, тўланган жарима қайтарилади, жарима қўллаш тўғрисидаги ишни юритиш тугатилади ва мажбурий ундириш учун кўрилган барча чоралар бекор қилинади.
Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган юридик шахснинг охирги ҳисобот санасидаги жорий активлари суммасининг 20 фоизидан ортиқ бўлган жарималарни ундириш ундирилиши лозим бўлган суммани ундириш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан олти ой ичида тўловларни бўлиб-бўлиб ҳар ойда тўлаш имконияти берилган ҳолда амалга оширилади.
(111-модда Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 11 мартдаги ЎРҚ-758-сонли Қонунига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.03.2022 й., 03/22/758/0207-сон)
12-модда. Резидентларнинг ҳисобварақлари
Резидентлар Ўзбекистон Республикасининг банкларида чет эл валютасида ҳисобварақлар очишга ҳақли.
Резидент жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси банкларида ва Ўзбекистон Республикасидан ташқарида чет эл валютасида ҳисобварақлар ҳамда омонатлар очишга ҳақли.
Резидент юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очишга ҳамда улардан фойдаланишга, башарти Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг Ўзбекистон Республикаси валютасида ёки чет эл валютасида ҳисобварақлар очиш ва улардан фойдаланиш мақсадлари назарда тутилган қарорлари ёхуд Ўзбекистон Республикасининг шундай халқаро шартномалари мавжуд бўлса, йўл қўйилади.
Резидент юридик шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очганидан кейин рўйхатдан ўтган жойдаги солиқ органларини ҳамда Марказий банкни ҳисобварақлар очилганлиги (ёпилганлиги) тўғрисида ва ҳисобварақларнинг реквизитлари ўзгарганлиги ҳақида, шунингдек ушбу ҳисобварақлардаги қолдиқлар ва айланмалар тўғрисида Марказий банк томонидан белгиланган тартибда ҳар чоракда, ҳисобот чораги тугаганидан кейин бир ойдан кечиктирмасдан хабардор қилиши шарт.
Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ва бошқа ваколатхоналари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ташкилотларининг хўжалик фаолиятини ёки бошқа тижорат фаолиятини амалга оширмайдиган Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги ваколатхоналари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очишга ҳамда ушбу ҳисобварақлардан фойдаланишга уларнинг хорижда бўлиши ва фаолият кўрсатиши даврида йўл қўйилади. Уларнинг хорижда бўлиши ёки фаолият кўрсатиши тугагач, ҳисобварақлар ёпилиши лозим ва ҳисобварақлардаги маблағларнинг қолдиқлари Ўзбекистон Республикасига ўтказилади.
Резидентлар Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ёки Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги банклардаги ўз ҳисобварақларидан Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ўз ҳисобварақларига чет эл валютасини чекловларсиз ўтказиш ҳуқуқига эга.
13-модда. Норезидентларнинг ҳисобварақлари
Норезидентлар Ўзбекистон Республикаси банкларида чет эл валютасида ва Ўзбекистон Республикаси валютасида банк ҳисобварақларини очишга ва улардан фойдаланишга ҳақли.
Фаолиятни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга ошириш норезидент юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида банк ҳисобварақларини очиши ва улардан фойдаланиши учун мажбурий талабдир.
3-боб. Валюта операциялари
14-модда. Валюта операцияларининг турлари
Валюта операциялари ички ва халқаро (трансчегаравий) операцияларга бўлинади.
Ички валюта операциялари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўтказиладиган операциялардир.
Халқаро (трансчегаравий) валюта операциялари жорий халқаро операцияларга ва капитал ҳаракати (капитал ўтказмалари) операцияларига бўлинади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 29 августдаги 18/5-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидалари (рўйхат рақами 3281, 31.08.2020 й.).
15-модда. Жорий халқаро операциялар
Жорий халқаро операциялар жумласига қуйидагилар киради:
ташқи савдони, бошқа жорий фаолиятни юритиш, шу жумладан хизматлар кўрсатиш (ишлар бажариш) муносабати билан тўланиши лозим бўлган барча тўловлар;
фоизлар ва бошқа даромадлар шаклида, шу жумладан банк омонатлари, кредитлар, лизинг бўйича фоизлар ва бошқа даромадлар шаклида, шунингдек бошқа инвестициялардан олинадиган соф даромад шаклида тўланиши лозим бўлган тўловлар;
кредитни (қарзни) тўлаш даврида қарзнинг олинган, шартномада кўрсатилган тўлаш даврлари сонига нисбати сифатида ҳисоб-китоб қилинган қисмининг икки бараваридан ортиқ бўлмаган миқдордаги суммани тўлаш;
носавдо тусидаги пул ўтказмалари.
Носавдо тусидаги пул ўтказмалари жумласига қуйидагилар киради:
жисмоний шахслар ўртасида юз миллион сўм эквивалентигача бўлган миқдордаги пул ўтказмалари;
шахсий эҳтиёжлар учун товарларга (хизматларга, ишларга) ҳақ тўлаш;
иш ҳақи, стипендиялар, пенсиялар, алиментлар тўлаш;
ходимларни Ўзбекистон Республикасидан ташқарига хизмат сафарига юбориш билан боғлиқ харажатларни тўлаш;
таълим, даволаниш ва туризм учун ҳақ тўлаш;
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро ёки ҳукуматлараро ташкилотлар ҳузуридаги доимий ваколатхоналари таъминоти учун ҳақ тўлаш;
нотариал ва тергов ҳаракатлари билан боғлиқ тўловлар, шунингдек ишларни судларда кўриш муносабати билан давлат божи тўлаш;
суднинг, арбитражнинг, шунингдек тергов органларининг ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг қарорлари асосида пул маблағларини тўлаш;
халқаро конгрессларда, симпозиумларда, конференцияларда, спорт тадбирларида ва маданий тадбирларда, шунингдек бошқа халқаро учрашувларда, кўргазмаларда ва ярмаркаларда иштирок этиш учун тўловлар, бундан инвестицияга оид ва моддий харажатлар мустасно;
вафот этганни дафн қилиш билан боғлиқ тўловлар;
муаллифлик ҳақини тўлаш, патент божларини тўлаш ва интеллектуал мулк соҳасидаги лицензия шартномаларининг мажбуриятлари бўйича ҳақ тўлаш;
халқаро нотижорат ташкилотларга бадаллар.
Жорий халқаро операциялар ҳамда улар билан боғлиқ ҳолда чет эл валютасини резидентлар ва норезидентлар томонидан сотиб олиш ёки сотиш чекловларсиз амалга оширилади.
16-модда. Капитал ҳаракати операциялари
Капитал ҳаракати операциялари жумласига жорий халқаро операциялар бўлмаган барча халқаро (трансчегаравий) валюта операциялари, шу жумладан қуйидагилар киради:
инвестиция фаолиятини амалга ошириш, жумладан резидентлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлашган ўз филиалларини айланма маблағлар билан тўлдириш;
кредитлар (қарзлар) олиш ва бериш, лизинг операцияларини амалга ошириш;
кўчмас мол-мулкни сотиб олиш ва сотиш;
чет давлатлардан маблағларни жалб этиш ҳамда уларни чет давлатлардаги ҳисобварақлар ва омонатларга жойлаштириш;
интеллектуал мулк объектларига бўлган мутлақ ҳуқуқни тўлиқ олиш ёки сотиш.
Ўзбекистон Республикасига тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб этиш ва уларни репатриация қилиш, шунингдек тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини амалга ошириш муносабати билан олинган ҳуқуқлардан фойдаланиш чекловларсиз амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси дипломатик ва бошқа ваколатхоналарининг эҳтиёжлари учун Ўзбекистон Республикасидан ташқарида кўчмас мулк объектларини олиш ва қуриш бўйича капитал ҳаракати операциялари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар муомаласи, резидентлар томонидан чет эл валютасидаги қимматли қоғозларни сотиб олиш, шунингдек резидентлар чиқарган қимматли қоғозларни норезидентлар томонидан сотиб олиш тартиби қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан Марказий банк билан биргаликда белгиланади.
Батафсил маълумот учун қаранг: «Капитал ҳаракати билан боғлиқ айрим валюта операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги низом (рўйхат рақами 2536, 17.12.2013 й.).
Қаранг: Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази, Марказий банки бошқарувининг 2007 йил 4 апрелдаги 2007-04, 290-В-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар муомаласи, резидентлар томонидан чет эл валютасидаги қимматли қоғозларни сотиб олиниши, шунингдек резидентлар чиқарган қимматли қоғозларнинг норезидентлар томонидан сотиб олиниши тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 1692, 2007 йил 22 июнь).
17-модда. Резидентлар ўртасидаги валюта операциялари
Резидентлар ўртасидаги валюта операцияларига қуйидагилар амалга оширилаётганда йўл қўйилади:
божсиз савдо дўконларидаги ҳисоб-китоблар, шунингдек халқаро ташишларда транспорт воситаларининг қатнов йўлларида йўловчиларга товарларни реализация қилиш ва хизматлар кўрсатиш чоғидаги ҳисоб-китоблар билан боғлиқ операциялар;
воситачилар (вакиллар) томонидан норезидентлар билан товарларни топшириш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш, ахборот ва интеллектуал фаолият натижаларини, уларга бўлган мутлақ ҳуқуқларни бериш бўйича шартномалар тузиш ҳамда уларни бажариш билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш чоғида воситачилар (вакиллар) ва комитентлар (ишонч билдирувчилар) ўртасидаги операциялар, шу жумладан комитентларга (ишонч билдирувчиларга) пул суммаларини (бошқа мол-мулкни) қайтаришга доир операциялар;
тузилган шартномалар асосида транспорт-экспедиторлик хизматларини реализация қилишдан экспедиторлик компанияларининг ҳисобварағига хориждан келиб тушаётган чет эл валютасидаги маблағларни ҳисоб-китоб қилишни ва ўтказишни назарда тутувчи операциялар;
жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига хизмат сафарлари амалга оширилиши билан боғлиқ харажатларини тўлаш ва уларнинг ўрнини қоплаш бўйича операциялар, шунингдек хизмат сафарлари муносабати билан берилган, сарфланмай қолган бўнакни қайтаришга доир операциялар;
Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналарига, консуллик муассасаларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро ёки ҳукуматлараро ташкилотлар ҳузуридаги доимий ваколатхоналарига ҳисоб-китобларни ва ўтказмаларни бажаришни назарда тутувчи операциялар;
резидент жисмоний шахс томонидан Ўзбекистон Республикаси банкларида очилган ҳисобварақлардан бошқа резидент жисмоний шахслар фойдасига уларнинг Ўзбекистон Республикаси банкларида очилган ҳисобварақларига носавдо операциялар бўйича ўтказмалар;
транспорт ташкилотлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида турган жисмоний шахслар, шунингдек юридик шахсларнинг филиаллари, ваколатхоналари ва бошқа бўлинмалари ўртасида йўловчилар ташишга оид шартномалар бўйича ҳисоб-китоблар билан боғлиқ операциялар;
агар охирги харидор ёки сотувчи норезидент бўлса, воситачилар (вакиллар) томонидан мажбуриятлар клиринг натижалари бўйича бажарилиши лозим бўлган шартномаларни тузиш ва бажариш билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш чоғида воситачилар (вакиллар) ва комитентлар (ишонч билдирувчилар) ўртасидаги операциялар;
мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида валюта қимматликларидан фойдаланиш, шунингдек уларни ундириш билан боғлиқ операциялар;
юридик шахсларнинг устав фондига (устав капиталига) валюта қимматликларини киритиш ва қайтариш билан боғлиқ операциялар;
банк хизматларини амалга ошириш билан боғлиқ операциялар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
мижознинг (кредиторнинг) контрагенти норезидент бўлган тақдирда, кредит ташкилотлари томонидан пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш операциялари;
(17-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 17 апрелдаги ЎРҚ-1058-сонли Қонунига асосан ўн учинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.04.2025 й., 03/25/1058/0355-сон)
хайрия фаолияти билан боғлиқ операциялар;
мерос ҳуқуқи бўйича валюта қимматликларини олиш билан боғлиқ операциялар.
Резидентлар ўртасида ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилмаган валюта операциялари тақиқланади.
18-модда. Норезидентлар ўртасидаги валюта операциялари
Норезидентлар жорий халқаро операциялар билан боғлиқ ўтказмаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги банклардаги ҳисобварақларидан Ўзбекистон Республикаси банкларидаги банк ҳисобварақларига ёки Ўзбекистон Республикаси банкларидаги банк ҳисобварақларидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги банк ҳисобварақларига ўзаро амалга ошириш ҳуқуқига эга.
Норезидент жисмоний шахслар носавдо тусидаги ўтказмаларни Ўзбекистон Республикаси банкларида очилган ҳисобварақларидан бошқа норезидент жисмоний шахслар фойдасига уларнинг Ўзбекистон Республикаси банкларида очилган ҳисобварақларига амалга ошириши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Норезидентлар Ўзбекистон Республикасининг қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчилигида белгиланган талабларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ҳисобварақларидан Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ҳисобварақларига қимматли қоғозлар билан боғлиқ валюта операцияларини ўзаро амалга ошириши мумкин.
(18-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/00375-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 29 августдаги 18/5-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларининг 3-боби (рўйхат рақами 3281, 31.08.2020 й.).
19-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида резидентлар ва норезидентлар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш ҳамда сотиш фақат Ўзбекистон Республикаси банклари орқали амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасида банклараро валюта бозорида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш фақат Ўзбекистон Республикаси банклари ҳамда Марказий банк томонидан амалга оширилади.
20-модда. Валюта операцияларини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси банкларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Ўзбекистон Республикаси банклари Ўзбекистон Республикаси банкларида ҳамда хорижий банкларда вакиллик ҳисобварақларига ва бошқа ҳисобварақларга эга бўлишга, чет эл валютасини, шу жумладан валюта деривативларини бевосита ўзлари ўртасида, ўз мижозлари билан, шунингдек валюта биржаси орқали ҳамда халқаро бозорларда сотиш ва сотиб олиш операцияларини ўтказишга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси банклари валюта операцияларини, башарти валюта операцияларини бажариш учун банклар талаб этадиган тегишли ҳужжатлар резидентлар ва норезидентлар томонидан тақдим этилса, амалга ошириши шарт.
21-модда. Валюта операцияларини ўтказишга доир чекловлар
Марказий банк валюта операцияларини ўтказишга нисбатан:
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида;
тўлов балансининг барқарорлигига таҳдид мавжуд бўлган ҳолларда Халқаро валюта жамғармаси битимининг Моддалари доирасидаги мажбуриятларга риоя қилган ҳолда чекловлар жорий этиши мумкин.
Иқтисодий хавфсизликка таҳдид юзага келганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Марказий банк билан келишган ҳолда валюта операцияларини ўтказишга доир чекловлар жорий этиши мумкин.
Чекловларнинг амал қилиш муддати улар жорий қилинган пайтдан эътиборан бир йилдан ошиши мумкин эмас. Чекловлар белгиланган муддат ўтгач, бекор қилинган деб ҳисобланади. Чекловларнинг амал қилиши муддатидан аввал тўлиқ ёки қисман бекор қилиниши мумкин.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунининг 12-моддаси.
22-модда. Ўзбекистон Республикасининг нақд валютасини ва чет эл нақд валютасини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ҳамда Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш
Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг нақд валютасини ва чет эл нақд валютасини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш чекловларсиз амалга оширилади.
Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг нақд валютасини ва чет эл нақд валютасини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиш юз миллион сўм эквивалентдан ортиқ бўлмаган суммада амалга оширилади. Нақд валютани белгиланган эквивалентдан ортиқ суммада олиб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 январдаги 66-сон «Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси нақд валютаси ва нақд чет эл валютасини Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида»ги қарори.
Юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг нақд валютасини ва чет эл нақд валютасини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ҳамда Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш тақиқланади, бундан Ўзбекистон Республикаси банклари мустасно.
4-боб. Валюта назорати
23-модда. Валютани назорат қилувчи органлар
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси Ўзбекистон Республикасида валютани назорат қилувчи органлардир.
24-модда. Валютани назорат қилувчи органларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Валютани назорат қилувчи органлар Ўзбекистон Республикасида резидентлар ва норезидентлар томонидан ўтказиладиган валюта операцияларининг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқлигига тааллуқли қисми бўйича назоратни ўз ваколатлари доирасида амалга ошириши шарт.
(24-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/00375-сон)
Валютани назорат қилувчи органлар ўз ваколатлари доирасида:
Олдинги таҳрирга қаранг.
валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонунчиликка резидентлар ва норезидентлар томонидан риоя этилиши юзасидан текширувларни амалга оширишга;
(24-модда иккинчи қисмининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/00375-сон)
резидентлар ва норезидентларнинг валюта операциялари бўйича ҳисоб ва ҳисоботларининг тўлиқлиги ҳамда тўғрилигини текширишни белгиланган тартибда амалга оширишга;
валюта операцияларини амалга ошириш билан боғлиқ ҳужжатларни ва ахборотни сўраб олишга;
валюта операциялари бўйича ҳисоботларни тақдим этиш тартибини белгилашга;
аниқланган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида талабномалар тақдим этишга ҳамда Ўзбекистон Республикасидаги барча резидентлар ва норезидентлар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган бошқа чораларни кўришга ҳақлидир.
Валютани назорат қилувчи органлар фақат ўтказилаётган валюта операциясига бевосита тааллуқли бўлган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Валютани назорат қилувчи органлар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ ўз ваколатларини амалга ошириш чоғида ўзларига маълум бўлиб қолган тижорат, банк сирини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаши шарт.
(24-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/00375-сон)
Марказий банк Ўзбекистон Республикаси банклари томонидан ўтказиладиган валюта операциялари устидан валюта назоратини амалга оширади.
25-модда. Валютани назорат қилувчи органлар томонидан текширувлар ўтказиш чоғида резидентлар ҳамда норезидентларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга оширувчи резидентлар ва норезидентлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
валютани назорат қилувчи органлар томонидан ўтказилган текширув материаллари билан танишиш;
валютани назорат қилувчи органларнинг ҳаракатлари устидан шикоят қилиш;
валютани назорат қилувчи органлар ва улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида етказилган ҳақиқий зарарнинг ўрни қопланиши.
Валюта операцияларини амалга оширувчи резидентлар ва норезидентлар:
валютани назорат қилувчи органларга сўралаётган валюта операцияларини амалга ошириш тўғрисидаги барча ҳужжатларни ва ахборотни тақдим этиши;
валютани назорат қилувчи органларга текширувлар ўтказиш жараёнида, шунингдек уларнинг натижалари бўйича тушунтиришлар бериши;
валюта операцияларининг ҳисобини юритиши ва ҳисоботларни тузиши, шунингдек уларнинг сақланишини таъминлаши;
валютани назорат қилувчи органларнинг аниқланган қоидабузарликларни бартараф этишга доир талабларини (кўрсатмаларини, тақдимномаларини) бажариши;
валютани назорат қилувчи органларни текширувларни амалга ошираётган чоғда уларнинг ўз биноларига киришини, ҳужжатларидан ва автоматлаштирилган маълумотлар базаларидан фойдалана олишини таъминлаши шарт.
5-боб. Якунловчи қоидалар
26-модда. Валюта операциялари бўйича ҳисобдорлик
Валюта операциялари бўйича ҳисоботларни тақдим этиш тартиби, уларнинг турлари, тақдим этилиш шакли ва муддатлари Марказий банк томонидан валютани назорат қилувчи бошқа органлар билан биргаликда уларнинг ваколатлари доирасида белгиланади.
Жисмоний шахслар чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш юзасидан ҳисоботлар тақдим этмайди.
«Юридик ва жисмоний шахслар томонидан валюта операциялари амалга оширилишининг асосланганлиги юзасидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида»ги низомга (рўйхат рақами 2467, 12.06.2013 й.) қаранг.
27-модда. Низоларни ҳал этиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Валюта операцияларини ва валюта назоратини амалга ошириш соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
(27-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/00375-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
28-модда. Валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
(28-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/00375-сон)
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.10.2019 й., 03/19/573/3942-сон; 23.01.2021 й., 03/21/669/0060-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/00375-сон; 12.03.2022 й., 03/22/758/0207-сон; 18.04.2025 й., 03/25/1058/0355-сон; 14.07.2026 й., 03/26/1158/0727-сон)