Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг
қарори
Сиёсий партиянинг ваколатли вакили тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14 ва 16-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Сиёсий партиянинг ваколатли вакили тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг айрим қарорлари 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари М. Истамов зиммасига юклансин.
Раис М. АБДУСАЛОМОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 11 сентябрь,
935-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 11 сентябрдаги 935-сон қарорига
1-ИЛОВА
Сиёсий партиянинг ваколатли вакили тўғрисида
НИЗОМ
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 34-моддасига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, сиёсий партиялар томонидан ваколатли вакил тайинлаш ва уни рўйхатга олиш тартибини, ваколатли вакилнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.
I. Умумий қоидалар
1. Сиёсий партия сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ваколатли вакил тайинлашга ҳақли.
2. Сиёсий партия аъзоси ёки тарафдори ёхуд сиёсий партияга хайрихоҳ бўлган Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқароси сиёсий партиянинг ваколатли вакили бўлиши мумкин.
II. Ваколатли вакил тайинлаш ва уни рўйхатга олиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Марказий сайлов комиссиясининг, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, вилоят, Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссияси (бундан буён матнда ҳудудий сайлов комиссияси деб юритилади), туман, шаҳар сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда иштирок этиш учун сиёсий партиянинг раҳбари сайлов кампанияси бошланганлиги расман эълон қилинган кундан бошлаб беш кунлик муддатда ўз ваколатли вакилини тайинлайди ҳамда уни рўйхатдан ўтказиш учун тегишли сайлов комиссиясига ҳужжатларни (мурожаатнома, номзоднинг паспорти ёки идентификация ID-картасининг нусхаси, 2 дона 3 х 4 ҳажмдаги фотосурати) тақдим этади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Марказий, ҳудудий, туман, шаҳар сайлов комиссияси сиёсий партия томонидан тавсия этилган ваколатли вакил номзодига тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиб, уч кунлик муддатда уни рўйхатга олади ва мазкур Низомнинг иловасида белгиланган шаклда унга мандатни беради.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
41. Ваколатли вакилликка номзодларни рўйхатдан ўтказиш учун тегишли сайлов комиссиясига тавсия этиш ҳамда сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олиш жараёнлари «E-saylov» ахборот тизими орқали амалга оширилиши мумкин.
Ваколатли вакилларга мандатлар электрон шаклда «E-saylov» ахборот тизими орқали берилганда мандат тегишли сайлов комиссияси раиси томонидан электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.
(41-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сонли қарорига асосан киритилган)
5. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиянинг ҳудудий органлари сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун сайлов участкалари тузилган кундан эътиборан ўз ваколатли вакилларини тайинлайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. Сиёсий партиянинг ҳудудий органи раҳбари сайловга камида ўн кун қолганида ариза билан тегишли сайлов комиссиясига сиёсий партиянинг ваколатли вакиллари рўйхатини (исми-фамилияси, лавозими, яшаш манзили ва телефон рақами кўрсатилган ҳолда) тақдим этади. Бунда ариза:
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловларида — ҳудудий сайлов комиссиясига;
бўшаб қолган ўринларга халқ депутатлари туман, шаҳар (бундан Тошкент шаҳри мустасно) Кенгашлари депутатлари сайловида — туман, шаҳар сайлов комиссиясига;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайлови бир вақтда ўтказилган тақдирда — ҳудудий сайлов комиссиясига тақдим этилади.
Аризага ваколатли вакилликка номзоднинг паспорти ёки идентификация ID-картасининг нусхаси, 2 дона 3 х 4 см ҳажмдаги фотосурати илова қилинади.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Тегишли сайлов комиссияси сиёсий партиянинг ваколатли вакиллари рўйхати келиб тушган вақтдан бошлаб, беш кун ичида ваколатли вакилларни рўйхатга олади ва уларга мазкур Низомнинг иловасида белгиланган шаклда мандатлар беради.
(7-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сонли қарори таҳририда)
Мандатда сиёсий партияни бошқа сиёсий партиядан фарқлаш учун алоҳида белгилар (ранги ёки бошқа) акс эттирилиши мумкин.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 16 июндаги 1073-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Қуйидаги ҳолларда ваколатли вакилга мандат бериш рад этилиши мумкин:
(8-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 16 июндаги 1073-сонли қарори таҳририда)
номзод 18 ёшга тўлмаган бўлса ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаса;
Олдинги таҳрирга қаранг.
сайловга ўн кундан кам муддат қолганда мурожаат этилса;
(8-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 16 июндаги 1073-сонли қарори таҳририда)
тегишли сайлов округи бўйича сиёсий партиядан номзод рўйхатга олинмаган бўлса (сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этадиган ваколатли вакилларга нисбатан қўлланилади);
мазкур Низомнинг 3 ва 6-бандларида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаса.
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. Сиёсий партия сайловга қадар истаган вақтда тегишли сайлов комиссиясини ёзма равишда хабардор қилган ҳолда ваколатли вакилни ваколатидан маҳрум қилиши мумкин. Бундай ҳолларда сайлов комиссияси ваколатли вакилни рўйхатдан чиқаради ва унга берилган мандатни бекор қилади.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 16 июндаги 1073-сонли қарори таҳририда)
III. Ваколатли вакилнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
10. Сиёсий партиянинг ваколатли вакили:
сайлов комиссиясининг мажлисларида, сайлов комиссияларига ҳужжатларни, шу жумладан тўпланган имзо варақларини топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этишга;
участка сайлов комиссиясининг баённомаси билан танишиш, шу жумладан участка сайлов комиссияси баённомасининг тасдиқланган кўчирма нусхасини олишга ҳақли.
Сиёсий партиянинг ваколатли вакили такрорий овоз бериш пайтида ҳам сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда ҳозир бўлиши мумкин.
11. Сиёсий партиянинг ваколатли вакили участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан сайлов қутиларини муҳрлашга, очишга, овозларни санаб чиқишга аралашиши мумкин эмас.
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. Сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, сиёсий партия томонидан берилган ҳужжатни ва тегишли сайлов комиссиясининг мандатини ўз ёнида олиб юриши шарт.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 16 июндаги 1073-сонли қарори таҳририда)
IV. Якуний қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
13. Сиёсий партиянинг ваколатли вакили сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан қонунда белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 16 июндаги 1073-сонли қарори таҳририда)
14. Cиёсий партия ваколатли вакилининг ваколат муддати сайлов якунлари тўғрисидаги ахборот матбуотда эълон қилинган кундан эътиборан тугаган ҳисобланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Сиёсий партиянинг ваколатли вакили тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
СИЁСИЙ ПАРТИЯ ВАКОЛАТЛИ ВАКИЛИНИНГ
МАНДАТ НАМУНАСИ
Изоҳ: 140 х 100 мм. ўлчамдаги мандат бир тарафли ўзбек тилида намунавий бланкда расмийлаштирилади.
(илова Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган)
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 11 сентябрдаги 935-сонли қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг ўз кучини йўқотган деб топилаётган қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг «Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сайловини ўтказиш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари тўғрисида» 2009 йил 17 сентябрдаги 417-сон қарори 2-банди ва 2-иловаси.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов ўтказиш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2014 йил 11 сентябрдаги 618-сон қарори 1-бандининг ўн биринчи хатбошиси ва 10-иловаси.