Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
2019 — 2023 йилларда Бухоро вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
[Кўчирма]
Сўнгги ўн йил давомида бошқарув усулларининг эскириши оқибатида Бухоро вилояти иқтисодиётида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли ҳаёт даражасини ошириш учун минерал-хом ашё ва меҳнат ресурсларини, тадбиркорлик қобилияти, аҳолининг юқори билим даражаси ва меҳнат малакасини, табиий-иқлим шароитлари ҳамда ноёб тарихий меросни ўз ичига олган мавжуд бой ресурс салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш имконини бермайдиган барқарор номутаносибликлар юзага келди.
2018-2019 йилларда мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий туб ўзгаришлар доирасида Бухоро вилоятида қиймати 1,5 триллион сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиши ҳисобидан 235 та янги корхона ишга туширилди. Йилига 8 миллиард куб метр газни қайта ишлаш қувватига эга бўлган Қандим газни қайта ишлаш заводи қурилиши якунланди, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида 22 та қишлоқ ва 4 та маҳаллани ободонлаштириш орқали 90 минг нафардан зиёд аҳолининг уй-жой шароити яхшиланди, 65 та тиббиёт муассасаси, 80 та умумтаълим мактаби, 106 та мактабгача таълим муассасаси, узунлиги 1 806,3 километр ичимлик сув қувурлари ва 727 километр автомобиль йўллари қурилди ҳамда реконструкция қилинди.
Шу билан бирга, мамлакат аҳолиси умумий сонининг 6 фоизини Бухоро вилояти аҳолиси ташкил этишига қарамасдан, ҳудуднинг республика саноат ишлаб чиқаришидаги улуши атиги 3,7 фоизни ташкил қилади. Ялпи ҳудудий маҳсулотнинг атиги беш қисми саноат ишлаб чиқариши соҳасида шаклланади, ундаги хорижий инвестициялар улуши эса 8 фоизни ташкил этади.
Мамлакат умумий экспорт ҳажмида ҳудудий экспорт улуши бор-йўғи 2,2 фоизни ташкил қилади. Республика бўйича экспорт ҳажми аҳоли жон бошига 433 АҚШ долларини ташкил этсада, вилоятда бу кўрсаткич 86 долларга тенг. Вилоят инфратузилмани, биринчи навбатда, аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлашни яхшилаш, канализация, электр энергияси тармоқлари ва автомобиль йўлларини ривожлантиришга кескин эҳтиёж сезмоқда.
7,3 минг гектардан ортиқ ер қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқарилган, суғориладиган ерларнинг 83 фоизидан фақат икки турдаги маҳсулот — фермер хўжаликлари учун зарур даражадаги ҳосилдорлик ва рентабелликни таъминлай олмайдиган пахта ва ғалла етиштириш учун фойдаланилмоқда.
Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, бошқарув, ресурс ва инвестиция салоҳиятини ҳудуднинг устувор соҳаларига йўналтиришни назарда тутувчи ривожланишнинг янги стратегиясини ишлаб чиқиш каби ҳудуд олдида турган вазифаларни ҳал этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар 2019 — 2023 йилларда Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгилансин:
а) саноат салоҳиятини қуйидагилар ҳисобидан ривожлантириш ва 2023 йилда унинг ўсишини 3 бараварга ошириш:
қўшилган қийматларнинг ўзаро боғлиқ занжирини яратиш орқали барча турдаги қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва турли минерал хом ашёни чуқур қайта ишлаш, хусусан, замонавий технологиялар, шу жумладан хорижий шерикларнинг маблағлари ва технологияларидан фойдаланган ҳолда тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш;
қўшилган қийматлар занжирини ривожлантиришнинг инновацион, технологик ва логистик самарадорлигини таъминлайдиган ҳудудий, тармоқ ва тармоқлараро ресурс-саноат кластерларини ташкил қилиш;
вилоятнинг барча пахтачилик комплексини юқори сифатли пахта хом ашёси етиштиришдан экспортбоп тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришгача бўлган бутун жараённинг технологик боғлиқлигини таъминлайдиган ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг кластер шаклига босқичма-босқич ўтказиш;
қишлоқ хўжалиги хом ашёсини, жумладан, қоракўл тери, мўйна, чарм, гўшт ва сут, балиқ маҳсулотлари, мева-сабзавот хом ашёси ва техник экинларни чуқур қайта ишлаш бўйича йўқотилган ишлаб чиқаришларни қайта тиклаш, янгиларини ташкил қилиш ва фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқаришни кенгайтириш;
кичик саноат зоналари корхоналарини ҳар бир туман ва шаҳарда, шунингдек, «Ғиждувон» эркин иқтисодий зонасида (кейинги ўринларда ЭИЗ деб аталади) ташкил этилаётган кичик саноат зоналарида ҳудудий жойлаштириш орқали самарали ривожлантиришни таъминлаш;
нефть ва газ соҳасида йирик лойиҳаларни амалга ошириш, шу жумладан қиш мавсумида аҳолини табиий газ билан барқарор таъминлаш ва уни экспортга етказиб бериш, шунингдек, MTО технологияси асосида газ хом ашёсини чуқур қайта ишлаш ҳамда якуний маҳсулотлар — полистирол, полиэтилентерефталат, синтетик каучуклар, спандекс, полиуретан, акрилонитал-бутадиен-стирол ва бошқа полимер маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун «Газли» ер ости газни сақлаш омборини кенгайтириш;
б) аграр секторни қуйидагилар ҳисобидан жадаллаштириш ва диверсификация қилиш, ҳар бир гектардан олинадиган маҳсулотни айни вақтдаги 1,2 минг АҚШ долларидан 6 минг АҚШ долларигача кўпайтириш:
йилига 2-3 марта ҳосил олиш, пахтачилик ва ғаллачиликда ҳосилдорликни камида 1,3 бараварга, мева-сабзавотчиликда 1,5 — 2 бараварга, чорвачиликда маҳсулдорликни 1,2-1,3 бараварга оширишни ва ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг юқори сифатини ҳамда нархлари рақобатбардошлигини таъминлайдиган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини юритишнинг илғор усулларини жорий қилиш;
фаолият кўрсатаётган тармоқларни ривожлантириш, лимонлар, ёнғоқнинг турли навларини етиштириш, ипакчилик ва балиқчилик, мўйнали ҳайвонларни кўпайтириш каби янги тармоқлар ҳамда кичик тармоқларни ташкил қилган ҳолда қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш;
аввал фойдаланишдан чиқарилган 7,3 минг гектар ерни қишлоқ хўжалиги оборотига босқичма-босқич киритиш ва 17,3 минг гектар янги ерларни ўзлаштириш, шунингдек, 50 минг гектар ерда тупроқни қайта ишлаш ва суғориш, қишлоқ хўжалиги экинларини оптимал жойлаштиришнинг замонавий усулларини жорий этиш;
давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан кўмаклашишнинг янги механизмларини жорий қилиш орқали фуқароларнинг шахсий ёрдамчи хўжаликлари ерларидан самарали фойдаланиш;
в) ишлаб чиқариш инфратузилмасини, жумладан, хизмат кўрсатадиган корхоналар ташкил этилгунига қадар шакллантириладиган сув таъминоти, канализация, электр энергия таъминоти ва автомобиль йўллари тизимларини қуйидагилар ҳисобидан жадал ривожлантириш:
кичик саноат зоналарида, «Ғиждувон» ЭИЗ ва «Бухоро агро» эркин иқтисодий зонасида (кейинги ўринларда «Бухоро агро» ЭИЗ деб аталади), инфратузилмани ташкил этиш харажатларни камайтирадиган саноат ва индустриал-аграр ишлаб чиқаришларни жойлаштириш;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг маблағлари билан бир қаторда халқаро молия институтлари (кейинги ўринларда ХМИ деб аталади) ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг (кейинги ўринларда ХҲМТ деб аталади) арзон узоқ муддатли имтиёзли кредит ресурсларини жалб қилиш, давлат-хусусий шерикликни кенг ривожлантириш;
г) туризмдан вилоят иқтисодиётини ривожлантиришнинг муҳим омили сифатида фойдаланиш, ҳудудни қуйидагилар ҳисобидан республика туристик марказига айлантириш:
халқаро даражадаги меҳмонхоналарни жадал ривожлантириш 2023 йилда йилига 1 миллион туристларнинг ҳудудга қулай ташриф буюришини, уларнинг сонини 3 — 3,5 бараварга ошириш, бир нафар туристдан олинадиган ўртача фойдани ҳозирги 200 АҚШ долларидан 400 АҚШ долларгача кўпайтириш, Бухоро шаҳри иқтисодиётида туризм улушини 50 фоизга етказишни таъминлайдиган зарур шарт-шароитлар яратиш;
хорижий авиакомпанияларга жануби-шарқий Осиё шаҳарларидан тўғридан-тўғри парвозларни амалга оширишга рухсатномалар бериш, республиканинг йирик шаҳарлари ўртасида автомобиль ва темир йўл қатновларини йўлга қўйиш ҳамда кўпайтириш орқали Бухоро халқаро аэропортининг транспорт логистикасини жадал ривожлантириш;
чуқур ўйланган зиёрат туризми ва вилоятдаги 7 та муқаддас қадамжоларни боғловчи логистик транспорт йўналишларини ривожлантириш;
юқори сифатли умумий овқатланиш тизимини, жумладан, «ҳалол» стандарти бўйича жорий қилиш;
д) Бухоро вилоятида қуйидагилар ҳисобидан урбанизация жараёнини жадаллаштириш:
2019 — 2030 йилларда Когон шаҳри, Ғиждувон, Пешку, Қоракўл туманларини ва вилоят аҳамиятидаги шаҳар бўлган Газли шаҳарчасини босқичма-босқич ривожлантириш, жумладан:
Когон шаҳрини — Когон (Когон шаҳри ва Когон тумани) ҳудудида юқори технологияли ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришлар, инновацион стартап-ғояларни амалга ошириш, хорижий инвестицияларни фаол жалб этишни рағбатлантириш ва тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароитларни яратиш орқали;
Ғиждувон туманини — «Ғиждувон» ЭИЗ ҳудудларини кенгайтириш, зиёрат туризми ҳамда савдо-тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш орқали;
Пешку туманини — қурилиш материаллари ишлаб чиқариш учун мавжуд минерал-хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, шунингдек, графитни чуқур қайта ишлаш бўйича саноат-қурилиш кластерини ташкил этиш орқали;
Қоракўл туманини — таълим ва туризмни ривожлантириш, гўшт, сут, чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича хом ашёни қайта ишлайдиган чорвачилик кластерини ташкил этиш орқали;
Газли шаҳарчасини — табиий газни сақлаш ва чуқур қайта ишлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш орқали;
е) вилоят аҳолисининг билими ва касбий салоҳиятини талаб этилган кадрларни тайёрлаш учун ривожланишнинг барча соҳалари ҳамда тармоқларида амалга оширилаётган дастурлар билан боғлиқ бўлган мактабгача, мактаб, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим тизимида, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимида халқаро миқёсдаги рақобатбардош даражагача ошириш.
2. Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш доирасида қуйидагилар:
2019 — 2023 йилларда Бухоро вилоятини, шунингдек, унинг туманлари ва шаҳарларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг мақсадли параметрлари 1, 1а, 1б, 1с, 1д ва 1д-иловаларга* мувофиқ;
2019 — 2023 йилларда Бухоро вилояти иқтисодий ривожлантиришнинг асосий параметрлари 2-иловага* мувофиқ;
2019 — 2023 йилларда Бухоро вилоятида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг рўйхати 3-иловага* мувофиқ;
2019 — 2023 йилларда кейинчалик Бухоро вилоятида амалга ошириш учун ишлаб чиқиладиган истиқболли инвестиция лойиҳаларининг рўйхати 3а-иловага* мувофиқ;
2019-2020 йилларда Бухоро вилоятида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг рўйхати 4-иловага* мувофиқ;
Олдинги таҳрирга қаранг.
инвесторларга харид қийматида сотиладиган, шунингдек, давлат органларига кейинчалик самарали фойдаланиш учун бериладиган Бухоро вилоятидаги бўш турган давлат мулки объектларининг рўйхати 5-иловага* мувофиқ;
(2-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 майдаги 282-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.05.2024 й., 09/24/282/0347-сон)
2020 — 2022 йилларда Бухоро вилоятида амалга ошириладиган ижтимоий соҳа лойиҳаларининг рўйхати 6-иловага* мувофиқ;
2019 — 2023 йилларда Бухоро вилоятида, жумладан, ХМИ ва ХҲМТ қарз маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган инфратузилма лойиҳаларининг рўйхати 7-иловага* мувофиқ;
2019 — 2023 йилларда Бухоро вилоятида туризмни янада ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури 8-иловага* мувофиқ;
Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги элчихоналари томонидан Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича кўмаклашиш ишлари 9-иловага* мувофиқ;
2019 — 2023 йилларда Бухоро вилояти шаҳар ва туманларининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш прогнозлари 10-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
3. Қуйидагилар:
а) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Бухоро вилояти ҳокимлигининг:
қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган саноат зонаси — Пешку туманида қурилиш саноати кластерини ва чорвачилик маҳсулотларини саноат усулида қайта ишлашга ихтисослаштирилган саноат зонаси — Қорақўл туманида чорвачилик кластерини;
Бухоро вилоятида фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва давлат мулки объектлари негизида 11-иловага* мувофиқ рўйхат бўйича кичик саноат зоналарини (кейинги ўринларда КСЗ деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси ва Бухоро вилояти ҳокимлиги ташкил этиладиган КСЗлар ҳудудидаги, шунингдек, уларнинг иштирокчилари ишлаб чиқариш майдонларига ташқи йўл-транспорт ҳамда муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари кафолатли ўтказилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ваколатли органлар билан биргаликда Бухоро шаҳрининг бош режасини 2019 йил охиригача ва Когон шаҳри, Ғиждувон, Қоракўл, Пешку туманлари марказлари ҳамда Газли шаҳарчасининг бош режаларини 2020 йил охиригача Бухоро вилоятида урбанизация стратегияси билан боғлаган ҳолда тасдиқлаш учун киритсин.
6. Осиё инфратузилма инвестициялари банки Бухоро вилоятининг сув таъминоти ва канализация тизимини ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш, автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун қарз маблағларини жалб этиш тўғрисида келишувларга эришилгани маълумот учун қабул қилинсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси:
2019 йил 31 декабргача бўлган муддатда мазкур қарорга 7-иловада* назарда тутилган инвестиция лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини (кейинги ўринларда ТИА деб аталади) ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини;
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда мазкур қарор билан тасдиқланган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида ХМИ ва ХҲМТнинг зарур молиявий маблағлари жалб қилинишини таъминласин.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси билан биргаликда мазкур қарорга 7-иловада* назарда тутилган инфратузилма инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича гуруҳларни бир ой муддатда ташкил қилсин.
8. Белгилансинки, лойиҳалар ТИА ва ишчи ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун маблағлар:
ХМИ ва ХҲМТ маблағлари иштирокида амалга ошириладиган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2019 ва 2020 — 2022 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурлари доирасида умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш учун назарда тутилган капитал қўйилмалар лимитлари доирасида ажратилади;
хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш бўйича Бухоро вилоятининг маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан ажратилади;
ХМИ ва ХҲМТ маблағлари иштирокида амалга ошириладиган сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2019 ва 2020 — 2022 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан назарда тутилган капитал қўйилмалар лимитлари доирасида ажратилади.
9. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси ва Бухоро вилояти ҳокимлиги қуриладиган, реконструкция қилинадиган ҳамда таъмирланадиган умумий фойдаланишдаги автомбиль йўллари, хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларининг участкаларини бир ой муддатда белгиланган тартибда аниқласин.
Ушбу банднинг биринчи хатбошига мувофиқ қуриладиган, реконструкция қилинадиган ҳамда таъмирланадиган участкалар рўйхатига ҳақиқий ҳолати фойдаланиш шартларига мос келадиган, шунингдек, қайд этилган мақсадларга ажратилган маблағлар ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг аввал тасдиқланган қарорларига биноан барпо этилаётган ва қурилиши тугалланган автомбиль йўлларини киритиш қатъиян ман этилади.
10. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда вилоятнинг шаҳар ҳамда туманларида саноат, қишлоқ хўжалиги ва туризмни комплекс ривожлантиришни таъминлайдиган 2020 — 2024 йилларда Бухоро вилоятида муҳандислик ва сув инфратузилмасини жадал ривожлантириш дастури лойиҳасини 2019 йилнинг 1 декабргача бўлган муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
11. Бухоро вилояти ҳокимлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги манфаатдор вазирликлар, идоралар ва тармоқ хўжалик бирлашмалари билан биргаликда 12-иловада* кўрсатилган давлатга ҳамда хўжалик бирлашмаларига тегишли бўлган бўш турган ва фойдаланилмаётган объектлар, шунингдек, ер майдонлари хўжалик фаолиятига жалб қилинишини таъминласин.
* 1 — 12-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
12. Бухоро вилояти ҳокимлигига:
а) ваколатли давлат органлари билан биргаликда КСЗларни ташкил этишнинг барча ташкилий тартиботларини икки ойлик муддатда якунига етказсин;
КСЗ ва ЭИЗларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишнинг самарадорлигини ошириш чораларини кўрсин;
б) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ва Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда бошқа йўналишлар қаторида қуйидагилар назарда тутилган 2019 — 2023 йилларда Бухоро вилоятида инновацияларни жорий этиш, аграр секторни жадаллаштириш ва диверсификация қилиш дастури лойиҳасини икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
тупроқни лазер ёрдамида режалаштиришга тўлиқ ўтиш, 50 минг гектардан кам бўлмаган майдонда томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш;
ҳосилдорлиги юқори бўлган сифатли уруғликлар, ниҳоллар ва кўчатларни жорий этиш, қишлоқ хўжалиги ўсимликлари зараркунандалари ҳамда ҳайвонлар касалликларига қарши самарали курашиш;
7,3 минг гектар ерни қишлоқ хўжалигида фойдаланишга қайтариш, шунингдек, янги 17,3 минг гектар ерни ўзлаштириш ҳамда қайтарилаётган ва янги ўзлаштирилаётган ерларни истиқболли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига танлов асосида ижарага ажратиш, гектаридан камида 4 — 7 минг АҚШ доллари эквивалентида даромад олиш мажбурияти билан жойлаштириладиган қишлоқ хўжалиги экинларини мустақил белгилаш ҳуқуқини, шунингдек, экспорт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига устувор ҳуқуқлар бериш;
в) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда Бухоро вилоятининг барча ҳудудларида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришларни ташкил этишнинг кластер шаклини босқичма-босқич жорий қилиш ва пахта-тўқимачилик секторида ишлаб-чиқариш занжирини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари тўғрисидаги таклифларни уч ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
г) Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва бошқа ваколатли вазирликлар ҳамда идоралар билан биргаликда шахсий ёрдамчи хўжаликлар ерларидан самарали фойдаланишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича Қоровулбозор туманида жорий қилинган тажрибани 2019-2020 йилларда вилоятнинг барча туманларида жорий этсин;
д) автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун ер участкаларини ўз вақтида ажратиш бўйича барча зарур тадбирлар белгиланган тартибда амалга оширилишини таъминласин.
13. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Бирлашган Араб Амирликларининг илғор тажрибалари асосида 2020-2021 йилларда Бухоро шаҳрида Президент мактабини ташкил қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Бухоро вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда Президент мактаби 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб фаолият кўрсатишни бошлаши учун барча зарур ташкилий-молиявий тадбирларни амалга оширсин.
14. Белгилансинки, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасидан 2 км радиусда тадбиркорлик фаолияти учун ер участкалари ажратилганда, инфратузилма тармоқларини қуриш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар қуйидаги маблағлар ҳисобидан қопланади:
ЭИЗ учун — Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети (сув ва канализация учун) ва маҳаллий бюджет маблағлари тенг улушларда (50:50);
КСЗ учун — тегишли туман (шаҳар) бюджети маблағлари.
2 километргача масофадаги муҳандислик тармоқларини қуриш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар, ЭИЗдан ташқари, лойиҳа ташаббускори — тадбиркорлик субъектлари маблағлари ҳисобидан қопланади.
15. Бухоро вилояти ҳокимлиги билан биргаликда қуйидагиларнинг масъул эканлиги белгилаб қўйилсин:
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги — жадал ижтимоий, ишлаб чиқариш, йўл ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмани ташкил этиш лойиҳаларининг самарали ҳамда ўз вақтида амалга оширилиши учун;
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги — MTО лойиҳаларининг ўз вақтида амалга оширилиши ва назарда тутилган муддатларда «Газли» ер ости газни сақлаш омборининг қуввати оширилиши учун;
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги — йўл-коммуникация инфратузилмасини ташкил қилиш лойиҳаларининг назарда тутилган муддатларда самарали ҳамда ўз вақтида амалга оширилиши учун;
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги — Когон ҳудудида «Ғиждувон» ЭИЗ қувватларини 2023 йилгача тўлиқ иш билан таъминлаш мақсадида юқори технологияли ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришга хорижий инвестицияларни жалб қилиш орқали унинг фаолияти самарали этилиши учун;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги — «Бухоро агро» ЭИЗ ҳудудида 3,0 минг гектар ер ўз вақтида ўзлаштирилиши ва уларда 2023 йилгача иссиқхона хўжаликлари ҳамда интенсив боғлар оптимал жойлаштирилиши, Бухоро вилоятида мева-сабзавот экспорти 280 млн АҚШ долларигача етказилиши учун;
«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси — 2020 йилдан бошлаб пахта толасини ва 2023 йилдан бошлаб ип-калавани қайта ишлашни тўлиқ ўзлаштириш мақсадида лойиҳаларнинг ўз вақтида амалга оширилиши ҳамда Бухоро вилоятида тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 260 млн АҚШ долларигача етказилиши учун;
«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси — Пешку туманида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича хом ашё ресурслари ўзлаштирилиши ва қурилиш саноати кластери фаолиятининг самарали ташкил этилиши учун;
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Ўзчармсаноат» уюшмаси ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги — чарм-пойабзал ва гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг тугалланган жараёнлари (чорвачилик кластерлари) ташкил этилиши учун;
(15-банднинг тўққизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 декабрдаги 766-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.12.2021 й., 09/21/766/1182-сон)
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси — 2023 йилда хорижий туристлар оқимини 1 миллион кишига етказилишига эришиш ва ҳар бир туристдан олинадиган даромадни 400 АҚШ долларигача етказиш бўйича зарур чоралар кўрилиши учун.
16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — транспорт вазири А.Ж. Раматов, Бош вазир ўринбосари Э.М. Ганиев ҳамда Бухоро вилояти ҳокими Ў.И. Барноев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 21 сентябрь,
794-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.09.2019 й., 09/19/794/3791-сон; 23.04.2021 й., 09/21/234/0366-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.12.2021 й., 09/21/766/1182-сон, 29.12.2021 й., 09/21/786/1216-сон; 28.09.2023 й., 09/23/500/0732-сон; 15.05.2024 й., 09/24/282/0347-сон)