Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида «Наманган вилоятида сув таъминоти ва канализация тизимларини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Наманган шаҳри аҳолиси ва хўжалик юритувчи субъектларини сифатли ичимлик сув билан таъминлашни янада яхшилаш, шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
а) Европа тикланиш ва тараққиёт банки (кейинги ўринларда ЕТТБ деб аталади) билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида 2018 йил 8 октябрда «Наманган вилоятида сув таъминоти ва канализация тизимларини модернизация қилиш» лойиҳасини (кейинги ўринларда лойиҳа деб аталади) амалга ошириш учун 4 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган 15 йил мобайнида қайтариш муддати билан 60,0 млн АҚШ доллари миқдорида қарз бериш тўғрисида қарз битими имзоланганлиги;
б) лойиҳанинг умумий қиймати 74,61 млн АҚШ долларини, шу жумладан:
ЕТТБ қарзи — 60,0 млн АҚШ долларини ташкил этиши;
лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг ҳиссаси — солиқ ва божхона имтиёзлари бериш, ЕТТБ кредити бўйича фоизлар ва инвестиция даврида мажбуриятлар бўйича воситачилик ҳақи тўлаш тарзида — 14,61 млн АҚШ долларига тенг эканлиги;
Олдинги таҳрирга қаранг.
в) лойиҳани амалга ошириш даври 8 йилни (2019 — 2026 йиллар) ташкил этиши маълумот учун қабул қилинсин.
(1-банднинг «в» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 июлдаги ПФ-140-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2026 й., 06/26/140/0792-сон)
2. Қуйидагилар:
«Наманган вилоятида сув таъминоти ва канализация тизимларини модернизация қилиш» лойиҳасининг техник-иқтисодий асосланишининг асосий техник-иқтисодий параметрлари 1-иловага* мувофиқ;
«Наманган вилоятида сув таъминоти ва канализация тизимларини модернизация қилиш» лойиҳаси бўйича Европа тикланиш ва тараққиёт банки қарзини қайтариш ва фоизларни тўлашнинг прогноз жадвали 2-иловага* мувофиқ;
«Наманган вилоятида сув таъминоти ва канализация тизимларини модернизация қилиш» лойиҳаси бўйича Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг қарзига хизмат кўрсатиш харажатларини қоплаш юзасидан улушларни тақсимлаш прогнози 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1 — 3-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
3. Белгилаб қўйилсинки:
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти (кейинги ўринларда «Ўзсувтаъминот» АЖ деб аталади) лойиҳа амалга оширилиши, ЕТТБнинг қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъул бўлган ижро этувчи агентлик ҳисобланади;
(3-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 декабрдаги 786-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2021 й., 09/21/786/1216-сон)
қарз умумий суммасининг 1 фоизи миқдорида ЕТТБ қарзининг бирйўла воситачилик ҳақини тўлаш ЕТТБнинг қарз маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Ўзбекистон Республикаси молия вазирига ЕТТБ қарзини Ўзбекистон Республикаси, «Ўзсувтаъминот» АЖ, «Наманган сув таъминоти» МЧЖ ва Наманган вилояти ҳокимлиги ўртасида қайта кредитлаш тўғрисидаги битимни имзолаш ваколати берилсин.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 декабрдаги 786-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2021 й., 09/21/786/1216-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси ва ЕТТБ ўртасидаги қарз битими ҳамда ЕТТБ қарзини Ўзбекистон Республикаси ва «Ўзсувтаъминот» АЖ, «Наманган сув таъминоти» МЧЖ ва Наманган вилояти ҳокимлиги ўртасида қайта кредитлаш тўғрисидаги битим бўйича белгиланган тартибда юридик хулоса берсин.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 декабрдаги 786-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2021 й., 09/21/786/1216-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сон «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори.
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ва Наманган вилояти ҳокимига:
(6-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 декабрдаги 786-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2021 й., 09/21/786/1216-сон)
лойиҳанинг тасдиқланган техник-иқтисодий асосланиши асосий техник-иқтисодий параметрларига мувофиқ лойиҳа ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлайдиган ташкилий-техник тадбирлар амалга оширилиши;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ЕТТБ қарзини қайта кредитлаш тўғрисидаги битимга мувофиқ ЕТТБ қарзини қайтариш ва у бўйича фоизларни тўлаш учун зарур бўлган маблағлар «Наманган сув таъминоти» МЧЖ томонидан ўз вақтида жамланиб борилишини таъминлаш учун шахсий жавобгарлик юклансин.
(6-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 декабрдаги 786-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2021 й., 09/21/786/1216-сон)
7. Наманган вилояти ҳокимлиги:
сув қувурлари иншоотлари ва тармоқларини қуриш учун зарур бўлган ер участкалари белгиланган тартибда ажратилишини таъминласин;
Олдинги таҳрирга қаранг.
2020 йилдан бошлаб Наманган вилояти маҳаллий бюджети параметрларида ЕТТБнинг қарзи бўйича фоизларни тўлашга, асосий қарзни қайтаришга «Наманган сув таъминоти» МЧЖнинг ушбу мақсадларга йўналтириладиган ўз маблағларига қўшимча равишда маблағларни назарда тутсин.
(7-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 декабрдаги 786-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2021 й., 09/21/786/1216-сон)
8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги лойиҳа 2020 йил ва кейинги йиллар учун мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурларига белгиланган тартибда киритилишини таъминласин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — транспорт вазири А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Э.М. Ғаниев ва Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири М.Х. Салиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 7 май,
384-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 08.05.2019 й., 09/19/384/3104-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2021 й., 09/21/786/1216-сон; 20.08.2024 й., 09/24/517/0632-сон; 28.07.2026 й., 06/26/140/0792-сон)