|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
|
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ҲУЗУРИДАГИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРОКУРАТУРАСИ ТУЗИЛМАСИДА ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТ СОҲАСИДАГИ ПОРАХЎРЛИК, ЎҒИРЛИКЛАР ВА БОШҚА СУИИСТЕЪМОЛЧИЛИКЛАРГА ҚАРШИ КУРАШ БОШҚАРМАСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Давлат, қўшма ва хусусий корхоналар, турли биржалар ва тижорат банкларининг ташқи иқтисодий фаолиятлари ривожланаётганлиги туфайли Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларига жиддий зарар етказувчи жиноятлар сони кўпайиб бормоқда.
Иқтисодий фаолият соҳасида порахўрликка, ўғирликлар ва бошқа суиистеъмолчиликларга қарши кураш самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси марказий аппарати тузилмасида — Ташқи иқтисодий фаолият соҳасида порахўрликка, ўғирликлар ва бошқа суиистеъмолчиликларга қарши кураш бошқармаси;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокуратураларида ва Ўзбекистон транспорт прокуратурасида — ташқи иқтисодий фаолият соҳасида порахўрликга, ўғирликлар ва бошқа суиистеъмолчиликларга қарши кураш бўйича тегишли бўлинмалар ташкил этилсин.
2. Ташқи иқтисодий фаолият соҳасида порахўрликка, ўғирликлар ва бошқа суиистеъмолчиликларга қарши кураш бошқармаси ва бўлимларнинг тузилмалари ва штатлар сони иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати юқори малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда, ташқи иқтисодий фаолият соҳасида порахўрликка, ўғирликлар ва бошқа суиистеъмолчиликларга қарши кураш бўйича ишларни мувофиқлаштириш учун доимий ишлайдиган тезкор-тергов гуруҳини тузсинлар.
Ўн кун муддат ичида ушбу гуруҳ таркиби Ҳукумат тасдиғига тақдим этилсин.
4. Ташқи иқтисодий фаолиятга дахлдор бўлган вазирликлар, идоралар, бирлашмалар, корхоналар, қўшма корхоналар, барча ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати талабларига биноан зарур материалларни ўз вақтида тақдим этсинлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (ўртоқ Э.Ж. Боқибоев) Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси тузилмасида ўзгаришлар бўлганлиги муносабати билан уни маблағ билан таъминласин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 3 март,
96-сон
Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси марказий аппарати ҳузуридаги ташқи иқтисодий фаолият соҳасида порахўрликка, ўғирликлар ва бошқа суиистеьмолчиликларга қарши кураш Бошқармасининг
ТУЗИЛИШИ ВА ШТАТЛАРИ СОНИ
Бошқарма бошлиғи — 1
Бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари — 2
Ўзбекистон Республикаси Прокуратурасининг алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчилари — 4
Ўзбекистон Республикаси Прокуратурасининг алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчилари — 5
Жами: 12
Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда, Тошкент шаҳрида ва Ўзбекистон транспорт прокуратурасида тегишли тузилмага ва 3 нафардан штатга эга бўлган бўлинмалар тузилади.