Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Нурли наволар» халқаро фольклор фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида
Миллий қўшиқчилик санъатининг дурдонаси бўлган фольклор санъатини кенг тарғиб этиш, турли халқларнинг қўшиқ, рақс, мусиқа ва саҳна кўринишлари каби жанрларини ўзида мужассам этган, уларнинг турмуш тарзи, урф-одатлари ва қадриятларини ҳамда маънавий дунёсини бойитиб келаётган фольклор санъати ижодкорлари ўртасида ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзбек фольклор санъатини янада тараққий эттириш, халқ ижодиёти анъаналарини жаҳонга тараннум қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Навоий вилояти ҳокимлигининг «Нурли наволар» халқаро фольклор фестивалини (кейинги ўринларда Фестиваль деб аталади) 2018 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта ташкил этиш, якуний босқичини Навоий вилоятининг Нурота туманида ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Қуйидагилар:
«Нурли наволар» халқаро фольклор фестивалини ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби (кейинги ўринларда Ташкилий қўмита деб аталади) 1-иловага;
«Нурли наволар» халқаро фольклор фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ташкилий қўмитага:
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва ҳомийлик хайрияларини жалб этиш чораларини кўриш;
Фестиваль совриндорларига топшириладиган диплом, сертификат, ҳайкалча намуналарини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этиш вазифалари юклансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Навоий вилояти ҳокимлиги Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш бўйича масъул этиб белгилансин.
5. Навоий вилояти ҳокимлиги Нурота туманидаги Фестиваль ўтадиган жойларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилишини, Фестиваль ўтказиладиган саҳна майдонлари талаб даражасида тайёрланишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Фестивалга ташриф буюрувчи иштирокчилар учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг виза буюртманомаларига биноан Ўзбекистон Республикасига кириш визалари Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари ҳамда консуллик муассасаларида, зарур ҳолларда, И. Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортида консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Навоий вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, Республика «Ҳунарманд» уюшмаси билан биргаликда:
Фестивалга бағишланган эсдалик буюмлари лойиҳалари ишлаб чиқилишини ва Фестиваль доирасида турли кўргазмалар, миллий созлар ва либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, бадиий ва ҳужжатли фильмлар, аудио ва видео дисклар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиши ва уларнинг сотуви ташкил этилишини;
Фестиваль тадбирлари дастури ишлаб чиқилишини ва унинг Фестивалдан уч ой аввал туристик ташкилотларга тақдим этилишини, Интернет жаҳон ахборот тармоғида, жумладан, ижтимоий тармоқларда жойлаштирилишини таъминласин.
8. Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ташкилий қўмита томонидан ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган смета асосида қуйидаги манбалар ҳисобига молиялаштирилади:
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг харажатлар сметасида маданий тадбирларни ўтказиш учун ҳар йили назарда тутиладиган бюджет маблағлари;
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Навоий вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.
(8-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Бунда, Фестивалга хориждан ташриф буюрадиган ҳайъат аъзолари ва иштирок этувчи делегацияларнинг яшаш, овқатланиш ва ички транспорт харажатлари, шунингдек, совриндорларни тақдирлаш билан боғлиқ пул мукофотлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига қопланади.
9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2018 йилда ушбу қарор талабларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан зарур маблағларни ажратсин, 2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар учун зарур маблағлар ажратилишини назарда тутсин.
10. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, «Дунё» ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиш тавсия этилсин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.С. Сайфуллаев, Навоий вилояти ҳокими К.Б. Турсунов зиммасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 27 июнь,
486-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 июндаги 486-сон қарорига
1-ИЛОВА
«Нурли наволар» халқаро фольклор фестивалини ўтказиш бўйича ташкилий қўмита
ТАРКИБИ

Б. Сайфуллаев

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири, Ташкилий қўмита раиси

К. Турсунов

Навоий вилояти ҳокими, Ташкилий қўмита раисининг ўринбосари

О. Назарбеков

Маданият вазирининг биринчи ўринбосари

Б. Юсупалиев

Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари

Д. Назармухаммедов

Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари

О. Касимов

Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари

Қ. Юлдашев

Ахбороттехнологияларивакоммуникациялариниривожлантиришвазиринингўринбосари

Ш. Шорахметов

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари

А. Нуридинов

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси

А. Ходжаев

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси в.б.

А. Кучимов

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори

У. Абдуллаев

«Ҳунарманд» уюшмаси раиси

А. Ҳайдаров

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази директори, Ташкилий қўмита котиби

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 июндаги 486-сон қарорига
2-ИЛОВА
«Нурли наволар» халқаро фольклор фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида
НИЗОМИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Нурли наволар» халқаро фольклор фестивалини (кейинги ўринларда Фестиваль деб аталади) ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Фестиваль қуйидагиларни назарда тутган ҳолда ўтказилади:
фольклор санъатини кенг тарғиб этиш, турли халқларнинг қўшиқ, рақс, мусиқа ва саҳна кўринишлари каби жанрларини ўзида мужассам этган, уларнинг турмуш тарзи, урф-одатлари, анъана ва қадриятларини ҳамда маънавий дунёсини бойитиб келаётган фольклор санъати ижодкорлари ўртасида ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш;
хорижий давлатлар билан миллий маданиятлар уйғунлиги ва турфа хиллигини сақлаш ва ривожлантириш, номоддий маданий мероснинг энг яхши намуналарини кенг тарғиб қилиш, муҳофаза қилиш ва ривожлантириш;
анъанавий бадиий санъатни оммалаштириш ва замонавий ҳаёт тарзига сингдириш, юртимиз ва қўшни мамлакатлардаги энг яхши фольклор жамоалари ўртасида тажриба алмашишни йўлга қўйиш, гўзаллик, ватанпарварлик, бағрикенглик, дўстлик ва бошқа чин инсоний қадриятларни тараннум этиш;
миллий анъаналарни асраб-авайлаш, ёшларда санъатга бўлган муҳаббат туйғуларини камол топтириш, халқаро миқёсида ижодий алоқалар доирасини кенгайтириш, тинчлик ва бирдамлик ғояларини улуғлаш, ўзаро маданий-маънавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш;
турли миллат вакилларини маънавий мулоқотга жалб этиш, миллий анъаналар ва эстетик идеаллар умумийлиги асосида халқаро маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, маданий туризмни ривожлантириш.
3. Фестиваль 2018 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта ушбу Низомга мувофиқ уч босқичда ўтказилади.
Фестивални ўтказишнинг аниқ санаси ва муддати «Нурли наволар» халқаро фольклор фестивалини ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда Ташкилий қўмита деб аталади) томонидан белгиланади.
4. Фестивалнинг асосий ташкилотчилари — Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Навоий вилояти ҳокимлиги, Ташкилий қўмитанинг ишчи органи — Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳисобланади.
2-боб. Фестивални ўтказиш тартиби ва шартлари
5. Фестивалда қуйидаги номинациялар бўйича танловлар ўтказилади:
фольклор санъати (алла, ўлан, лапар, рақс, терма, маросим қўшиқлари, халфачилик ва ҳоказо);
қўғирчоқбозлик томоша санъати.
6. Фестивалда Ўзбекистон Республикасидан иштирок этувчилар учун қуйидаги тартиблар белгиланади:
Фестивалининг I босқичи жойларда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ва Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида ва Тошкент шаҳрида ўтказилади;
I босқич натижаларига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ва Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси Фестивалнинг кейинги босқичларида қатнашишга тавсия этилганларга оид ариза, ижодий тавсифнома, тадбир ҳақида баённома, фотосуратлар ҳамда видеотасвирлардан иборат ҳужжатлар ва материалларни Фестиваль ўтказиладиган йилнинг 25 мартига қадар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига тақдим этадилар;
Фестивалнинг II босқичи Тошкент шаҳрида Фестиваль ўтказиладиган йилнинг апрель ойининг биринчи ярмида Фестивалнинг I босқич натижаларига кўра кейинги босқичда иштирок этиш учун тавсия этилганларнинг ҳужжатлари ва материаллари асосида алоҳида номинациялар бўйича сиртдан танлов шаклида ўтказилади ва унинг натижаларига кўра Фестиваль финал босқичи афишаси шакллантирилади.
Фестивалнинг якуний босқичи Навоий вилоятининг Нурота туманида ўтказилади.
7. Фестивалга хорижий давлатлардан келадиган иштирокчилар учун қуйидаги тартиблар белгиланади:
Фестивалнинг хорижий давлатлардан келадиган иштирокчилари ҳужжатлари ва материаллари тегишли давлатлардаги мутасадди ташкилотлар ва муассасалар томонидан Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги элчихоналари орқали тақдим этилади;
хорижий давлатлардан келадиган иштирокчилар Фестивалнинг II босқичидан бошлаб иштирок этадилар.
8. Фестивалнинг якуний босқичи, ғолибларнинг гала концерти ҳамда тақдирлаш маросими Ташкилий қўмита томонидан белгиланадиган муддатларда ўтказилади.
9. Фестиваль доирасида илмий-ижодий конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари, сайиллар, концертлар, кўргазмалар ва бошқа тадбирлар ташкил этилади.
10. Фестивалда идоравий мансублигидан қатъи назар турли ҳаваскор фольклор жамоалари, ашула, мусиқа ва рақс ансамбллари, яккахон ижрочилар иштирок этишлари мумкин.
11. Фестиваль иштирокчиларининг сони фольклор санъати бўйича — 12 нафардан, қўғирчоқбозлик-томоша санъати йўналишида — 4 нафардан ошмаслиги лозим.
12. Номинация бўйича ҳар бир иштирокчининг чиқиш дастурлари ижроси 15 дақиқадан ошмаслиги керак.
13. Фестивалда иштирок этишда фонограммадан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
3-боб. Фестиваль иштирокчиларини баҳолаш шартлари ва халқаро ҳайъат фаолиятини ташкил этиш
14. Фестивалнинг I ва II босқичларида ҳудудларда фаолият кўрсатиб келаётган таниқли санъат ва маданият арбоблари, фольклоршунос олимлар иштирокида етти кишидан иборат ҳакамлар ҳайъати аъзолари рўйхати шаклантирилади ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ва Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси томонидан тасдиқланади.
15. Фестивалнинг якуний босқичи иштирокчиларининг чиқишларини баҳолаш учун Ташкилий қўмита томонидан етти кишидан иборат халқаро ҳайъат тузилади.
Халқаро ҳайъат таркибига юқори малакали мутахассислар, таниқли санъат ва маданият арбоблари, олимлар, тадқиқотчилар, амалиётчилар, шунингдек, иштирокчи давлатлардан тегишли соҳалар намояндалари киритилади.
16. Баҳолаш жараёнида:
репертуарнинг бадиий қиймати (этнографик аниқлик ва асар қайта ишланиши ёки стилизациясидаги афзалликлар), материалда ҳудудий ўзига хосликларининг акс этиши;
маҳорат ва артистизм савияси, халқ ижрочилиги усулларини эгаллаганлик даражаси;
оғзаки, мусиқий, ашулачилик ва рақс миллий анъаналари ижроси услублари ва йўлларининг мутаносиблиги;
безакнинг бадиий савияси (кийимлар, реквизит) ва унинг миллий анъаналарга мослиги, анъанавий мусиқа асбобларидан фойдаланиш;
декоратив-амалий ижод асарлари бадиий савияси асосий мезон ҳисобланади.
17. Фестиваль халқаро ҳайъати коллегиаллик, эркин фикрлилик ва профессионализм нормаларидан келиб чиқиб якуний босқич барча иштирокчиларининг дастурлари, асарлари ва ишлари билан танишиб чиқади, улар бўйича алоҳида номинациялар бўйича мустаҳкам асосли, ҳар томонлама мулоҳазали, мутлақо холис баҳо беради.
18. Якуний босқич Фестиваль иштирокчиларини бир неча гуруҳга бўлган ҳолда Фестиваль ўтказиладиган ҳудуддаги турли жойларда ташкил этилади. Халқаро ҳайъат кўригидан ўтган ёки ўз навбатини кутаётган гуруҳлардаги иштирокчилар Ташкилий қўмита томонидан тузиладиган махсус жадвал бўйича жойларда ташкил этиладиган концерт дастурлари ва кўргазмаларда қатнашадилар.
4-боб. Мукофотлаш тартиби
19. Фестиваль ғолиблари қуйидаги пул мукофотлари билан тақдирланадилар:
1-ўрин (ҳар бир номинация) — 3 500 АҚШ доллари;
2-ўрин (ҳар бир номинация) — 2 500 АҚШ доллари;
3-ўрин (ҳар бир номинация) — 1 500 АҚШ доллари.
20. Фестивалнинг якуний босқичи ғолибларига Ташкилий қўмита томонидан дипломлар, совринлар ва Фестиваль рамзлари туширилган эсдалик совғалари топширилади.
Халқаро ҳайъат қарори билан энг яхши деб топилган иштирокчилар ҳар бир номинация бўйича биттадан Лауреат дипломлари билан тақдирланадилар.
Бундан ташқари, ҳар бир номинацияда биттадан I, II ва III даражали дипломлар, Фестиваль иштирокчиси дипломлари ҳамда ҳар бир қатнашчига махсус диплом берилади.
21. Халқаро ҳайъатнинг қарорлари қатъий ва қайта кўриб чиқилмайди.
22. Фестиваль муассислари, давлат ташкилотлари ва нодавлат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари, корхоналар, муассасалар, жамғармалар, ижодий уюшмалар ва бошқа ташкилотлар иштирокчилар учун махсус мукофотлар, совринлар, эсдалик совғалари ва махсус мукофотлар таъсис этишлари мумкин.
5-боб. Ташкилий-молиявий шартлар
23. Фестивалнинг якуний босқичи иштирокчилари ва меҳмонлари, шунингдек, халқаро ҳайъат аъзолари Ташкилий қўмита томонидан Фестиваль ўтказиладиган давр ва ҳудудда ётоқхона, овқатланиш ва белгиланган йўналиш бўйича транспорт билан таъминланадилар.
24. Фестивалнинг I босқичида иштирок этиш ҳамда якуний босқич ўтказиладиган ҳудудга жойлардан келиб-кетиш билан боғлиқ харажатлар иштирокчиларни юборувчи ташкилот ва муассасалар ёки иштирокчилар ҳамда ҳомийлар томонидан қопланиши мумкин.
25. Хорижий меҳмонларнинг Ўзбекистон ҳудудидаги алоҳида меҳмонхона ва транспорт харажатлари уларни таклиф этган мезбон ташкилот ва муассасалар ёки меҳмонларнинг ўзлари томонидан қопланади.
Бунда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Фестивалнинг барча хорижий иштирокчилари ва меҳмонлари учун ички қатновлар бўйича авиа ва темир йўл чипталари белгиланган тартибда сотилади, меҳмонхона ҳақи сўмда қабул қилинади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
26. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ маданият ва кўрик-танлов ғолибларига бериладиган бир марталик пул мукофотларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди, шунингдек, ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари бўйича солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.
27. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорат бош бошқармаси Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш учун ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли ишлатилиши ва тўғри тўланишини назорат қилади.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.06.2018 й., 09/18/486/1414-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)