Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Хорижий давлатларда кўргазма тадбирларини ўтказиш учун мўлжалланган товарларни олиб чиқиш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ва ишлаб чиқарилаётган маҳаллий маҳсулотларнинг ташқи бозорларда рақобатбардошлигини ошириш Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини барқарор ривожлантиришнинг муҳим омилларидан биридир.
Салоҳиятли чет эллик шерикларни топиш ва маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш мақсадида 2017 йилда тадбиркорлик субъектлари 24 та хорижий давлатда ўтказилган 88 та халқаро кўргазма ва ярмаркада иштирок этди. Ушбу тадбирлар якунлари бўйича мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни етказиб бериш бўйича умумий қиймати 1,3 миллиард АҚШ долларидан ортиқ экспорт контрактлари тузилди.
Экспортга етказиб бериш ҳажмларини кўпайтириш ва кўламини кенгайтиришга доир амалга оширилаётган ишлар доирасида 2018 йилда мамлакатимиз экспорт қилувчиларининг 25 та хорижий давлатда ўтказиладиган 123 та халқаро кўргазма ва ярмаркада иштирок этиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, бу борадаги ўрганишлар шундан далолат берадики, реклама-кўргазма маҳсулотларини расмийлаштириш ва олиб чиқиш бўйича амалдаги тартиб тадбиркорлик субъектларининг кенг кўламли имкониятларини чеклаб қўймоқда, уларнинг халқаро кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этиш самарадорлигини пасайтирмоқда.
Хорижий давлатларда кўргазма тадбирларини ўтказиш учун мўлжалланган товарларни олиб чиқиш тартибини соддалаштириш, шунингдек, маҳаллий маҳсулотларни экспорт ҳажмларини кўпайтириш ва уларни кўламини кенгайтириш мақсадида:
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 мартдаги ПФ-57-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.04.2025 й., 06/25/57/0291-сон)
2. Белгилаб қўйилсинки, ушбу қарорнинг 1-бандига мувофиқ олиб чиқиладиган товарларни сотишда тадбиркорлик субъектлари уларни сотишдан тушадиган маблағларни Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларидаги ўз ҳисобрақамларига, шу жумладан банк ўтказмалари, шунингдек, хорижий валютадаги нақд пул шаклида киритиш ҳуқуқига эга.
3. Тадбиркорлик субъектлари хорижий давлатларда ўтказиладиган кўргазмаларда (ярмаркаларда) намойиш этиш учун мўлжалланган товарларни олиб чиқишда кесиб ўтиладиган чегара божхона постини хорижий давлатлардаги кўргазмада (ярмаркада) уларнинг иштирок этиш режалаштирилаётгани, тадбир ўтказиладиган жой, унинг муддати ва вақти, шунингдек, олиб чиқиладиган товарлар (номи, миқдори ва қиймати) тўғрисида хабардор қилади.
Божхона органига тақдим этиладиган маълумотларнинг ишончлилиги юзасидан тадбиркорлик субъектлари қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
Олдинги таҳрирга қаранг.
31. Тадбиркорлик субъектларига хорижий давлатларда ўтказиладиган кўргазма ва ярмаркаларда сотилмаган товарларнинг қайтариб олиш келиниши, шунингдек сотишдан тушган маблағларнинг тўлиқ келиб тушиши юзасидан жавобгарлик юклатилсин.
(31-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 майдаги ПФ-5721-сонли Фармонига асосан киритилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.05.2019 й., 06/19/5721/3149-сон)
4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банки ва бошқа манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ бошқаруви раиси Н.С. Отажонов, Ташқи савдо вазири Ж.А. Хўжаев ва Давлат божхона қўмитаси раиси М.В. Тоҳирий зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 29 декабрь,
ПҚ-3451-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.01.2018 й., 07/18/3451/0506-сон; 20.05.2019 й., 06/19/5721/3149-сон; 01.04.2025 й., 06/25/57/0291-сон)