|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 16.12.2025
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Буйрак ва (ёки) жигар бўлаги ҳамда гематопоэтик суяк кўмиги ўзак ҳужайраларини трансплантация қилиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида
(қарорнинг номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 июндаги 387-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.06.2021 й., 09/21/387/0585-сон)
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 декабрдаги 791-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Сурункали буйрак ва жигар ҳамда қон ҳосил қилиш тизими касалликларининг терминал босқичидаги беморларни юқори технологияли ихтисослаштирилган тиббий ёрдам билан таъминлаш, шунингдек, республикада трансплантация жарроҳлик амалиётларини кенг жорий этишни ташкил қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 июндаги 387-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.06.2021 й., 09/21/387/0585-сон)
1. Буйрак ва (ёки) жигар бўлаги ҳамда гематопоэтик суяк кўмиги ўзак ҳужайраларини трансплантация қилиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 июндаги 387-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.06.2021 й., 09/21/387/0585-сон)
2. Вақтинчалик низомнинг амал қилиш вақти — «Инсон органлари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини трансплантация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг кучга кириш кунигача деб белгилансин.
3. Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2017 йил 31 декабргача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига «Инсон органлари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини трансплантация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини белгиланган тартибда киритсин, унда жумладан трансплантация хизматини ривожлантиришнинг юридик механизмлари таъминланиши юзасидан қатъий назорат белгиланишини ҳамда трансплантациядан кейинги даврда беморларнинг доимий диспансер кузатуви амалга оширилишини назарда тутсин.
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги Қонуни.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К. Шодмонов зиммасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Соғлиқни сақлаш, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 23 октябрь,
859-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
(Буйрак ва (ёки) жигар бўлаги ҳамда гематопоэтик суяк кўмиги ўзак ҳужайраларини трансплантация қилиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом Ўзбекистон Республикасининг «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги Қонуни кучга кириши муносабати билан 2022 йил 11 майдан амал қилишини тўхтатган)
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.10.2017 й., 09/17/859/0156; 26.12.2019 й., 09/19/1035/4226-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.06.2021 й., 09/21/387/0585-сон; 08.02.2022 й., 09/22/62/0111-сон)