Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Жисмоний ва юридик шахслар марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2013 йил 27 июндаги ПҚ-1989-сон қарорига мувофиқ, жисмоний ва юридик шахслар тўғрисидаги ахборотнинг ягона марказлаштирилган манбаини шакллантириш, шунингдек давлат хизматларини кўрсатишда ва идоралараро электрон ҳамкорлик қилишда «Электрон ҳукумат» тизимининг фойдаланувчиларини ҳақиқий идентификациялашни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
«Электрон ҳукумат» тизимининг жисмоний ва юридик шахслар марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
«Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизими тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:
икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази билан биргаликда «Электрон ҳукумат» тизимининг жисмоний ва юридик шахслар марказий маълумотлар базаларини (кейинги ўринларда марказий маълумотлар базалари деб юритилади) шакллантириш ва юритиш жадвалини тасдиқласин;
бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази ва Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази тузилмаларида ходимларнинг белгиланган штатдаги сони доирасида «Электрон ҳукумат» тизимининг марказий маълумотлар базаларини ва тизимдан фойдаланувчиларни идентификациялашнинг ягона ахборот тизимини (кейинги ўринларда идентификациялашнинг ягона ахборот тизими деб аталади) техник қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича гуруҳларни ташкил этсин;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар ахборот тизимларининг марказий маълумотлар базалари ва идентификациялашнинг ягона тизими билан интеграциялашувига қўйиладиган техник талабларни икки ой муддатда тасдиқласин;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг ахборот тизимларида жисмоний ва юридик шахсларнинг ягона идентификаторларини жорий қилиш ҳамда уларнинг марказий маълумотлар базалари билан интеграциялашувига доир чора-тадбирлар режасини икки ой муддатда тасдиқлаш учун 2013 — 2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури амалга оширилишини мувофиқлаштириш Республика комиссиясига киритсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
4. Вазирликлар ва идоралар икки ой муддатда ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2015 йил 17 декабрь,
365-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 17 декабрдаги 365-сон қарорига
1-ИЛОВА
«Электрон ҳукумат» тизимининг жисмоний ва юридик шахслар марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Электрон ҳукумат» тизимининг жисмоний ва юридик шахслар марказий маълумотлар базаларини (кейинги ўринларда марказий маълумотлар базалари деб юритилади) шакллантириш, долзарблаштириш, юритиш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Марказий маълумотлар базалари давлат хизматларини кўрсатиш ва давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар (кейинги ўринларда ваколатли органлар деб юритилади) билан идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш учун зарур бўлган жисмоний ва юридик шахслар тўғрисидаги ахборот манбаи ҳисобланадиган давлат ахборот ресурсларидан иборат.
3. Марказий маълумотлар базалари қуйидаги вазифаларни таъминлаш мақсадида шакллантирилади ва юритилади:
давлат хизматлари кўрсатиш, шу жумладан электрон шаклда;
давлат хизматлари кўрсатиш жараёнини автоматлаштириш ва муддатларини қисқартириш;
давлат хизматлари кўрсатишда ва идоралараро электрон ҳамкорлик қилишда зарур бўлган жисмоний ва юридик шахслар тўғрисидаги ахборотни сақлаш;
самарали идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш, шу жумладан узатиладиган ахборотни қисқартириш ҳисобига;
давлат хизматлари кўрсатишда жисмоний ва юридик шахсларни идентификациялаш;
ваколатли органларнинг ахборот тизимларини «Электрон ҳукумат» тизимининг ягона инфратузилмасига интеграциялаш.
4. «Электрон ҳукумат» тизимининг жисмоний ва юридик шахслар марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва юритиш ушбу Низомга илова қилинган схемага мувофиқ амалга оширилади.
II. Марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва долзарблаштириш
5. Марказий маълумотлар базалари жисмоний ва юридик шахсларнинг ягона идентификаторларидан фойдаланиб ваколатли органлар томонидан шакллантирилади ва долзарблаштирилади.
6. Берилаётганда бир марта генерацияланадиган, ноёб ва ўзгартирилиши мумкин бўлмаган рақамлар жисмоний ва юридик шахсларнинг ягона идентификаторлари ҳисобланади.
7. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (кейинги ўринларда ЖШ ШИР деб аталади) жисмоний шахснинг ягона идентификатори ҳисобланади.
8. Солиқ тўловчининг идентификация рақами (кейинги ўринларда СТИР деб аталади) юридик шахснинг ягона идентификатори ҳисобланади.
9. Қуйидагилар жисмоний шахсларнинг марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва долзарблаштириш бўйича ваколатли органлар ҳисобланади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган манзили тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;
турган жойи бўйича рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотлар юзасидан.
(9-банднинг 1-кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 5 майдаги 224-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.05.2026 й., 09/26/224/0457-сон)
2) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси — СТИР тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;
Олдинги таҳрирга қаранг.
3) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Персоналлаштириш агентлиги:
(9-банд 3-кичик бандининг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 мартдаги 135-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)
ЖШ ШИР тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;
фамилияси, исми, отасининг исми тўғрисидаги маълумотлар юзасидан, давлат тилидаги ва агар мавжуд бўлса бошқа тиллардаги маълумотлар юзасидан;
жинси тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;
туғилган санаси ва жойи тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;
паспорт серияси, рақами, берилган жойи ва санаси тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;
паспорт муддатининг тугаш санаси тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;
миллати тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;
фуқаролиги тўғрисидаги маълумотлар юзасидан.
10. Қуйидагилар юридик шахсларнинг марказий маълумотлар базасини шакллантириш ва долзарблаштириш бўйича ваколатли органлар ҳисобланади:
1) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:
тўлиқ номи тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;
қисқартирилган номи тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;
СТИР тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;
давлат рўйхатига олинган сана ва рақами тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;
тугатиш санаси тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;
юридик манзили тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;
устав фонди миқдори тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;
раҳбарга тегишли СТИР тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;
юридик шахс фаолиятининг ҳолати тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;
мурожаат қилинадиган телефон рақами тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;
электрон почта тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;
Олдинги таҳрирга қаранг.
2) Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси:
(10-банд 2-кичик бандининг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 октябрдаги 627-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.10.2025 й., 09/25/627/0901-сон)
юридик шахснинг коди (КТУТ) тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;
мулкчилик шаклининг коди тўғрисидаги (МШ) маълумотлар юзасидан;
ташкилий-ҳуқуқий шакл коди (ТҲШ) тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;
жойлашган жой ҳудудининг коди тўғрисидаги (МҲОБТ) маълумотлар юзасидан;
Олдинги таҳрирга қаранг.
йиллик статистика ҳисоботи бўйича фаолият асосий турининг коди тўғрисидаги (ИФУТ) маълумотлар юзасидан.
(10-банд 2-кичик бандининг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 24 августдаги 275-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 34-сон, 405-модда)
11. Марказий маълумотлар базаларида мавжуд бўлмаган ва давлат хизматлари кўрсатиш, шунингдек идоралараро электрон ҳамкорлик учун зарур бўлган ахборот жисмоний ва юридик шахсларнинг ягона идентификаторлари асосида шакллантириладиган тегишли ваколатли органларнинг ахборот ресурсларида сақланади.
III. Марказий маълумотлар базаларини юритиш ва улардан фойдаланиш тартиби
12. Марказий маълумотлар базаларини юритиш Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан амалга оширилади. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:
марказий маълумотлар базалари дастурий-аппарат комплексининг ишлашини, техник кузатувини ва янада такомиллаштирилишини;
белгиланган тартибда марказий маълумотлар базаларидаги ахборотнинг сақланишини ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилишини;
ваколатли органлар билан келишган ҳолда марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва долзарблаштириш жадваллари тасдиқланишини;
марказий маълумотлар базаларида сақланадиган ахборот ваколатли органлар томонидан ўз вақтида долзарблаштирилиши устидан назорат қилинишини;
марказий маълумотлар базаларидаги маълумотларнинг тўлиқлиги текширилишини;
ваколатли органлар ахборот тизимларининг марказий маълумотлар базалари билан интеграциялашувига қўйиладиган техник талаблар тасдиқланишини;
марказий маълумотлар базаларида мавжуд бўлган ахборотнинг такрорланишини истисно этиш мақсадида ваколатли органларнинг янгидан ташкил қилинаётган ахборот ресурсларидаги маълумотларнинг таҳлили амалга оширилишини таъминлайди.
13. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги шакллантирилган марказий маълумотлар базаларининг нусхаларини улардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларга тақдим этиш ҳуқуқига эга эмас.
14. Ваколатли органлар томонидан марказий маълумотлар базаларига тақдим этиладиган маълумотлар тақдим этилаётган пайтда ишончли, тўлиқ ва долзарб бўлиши керак.
15. Ваколатли органлар марказий маълумотлар базаларига маълумотларни «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг ягона идентификаторларидан фойдаланиб тақдим этадилар.
16. Марказий маълумотлар базаларидан маълумотлар олиш жисмоний ва юридик шахсларнинг ягона идентификаторларидан фойдаланиш орқали амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
161. Давлат хизматлари кўрсатиш жараёнидаги идоралараро электрон ҳамкорлик қилишда жисмоний ва юридик шахсларнинг бошқа идентификаторларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
(161-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 ноябрдаги 934-сонли қарорига асосан киритилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.11.2018 й., 09/18/934/2197-сон)
17. Марказий маълумотлар базаларидаги маълумотлардан фойдаланганда жисмоний ва юридик шахсларни идентификациялаш фақат «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизими орқали амалга оширилади.
18. Давлат хизматлари кўрсатишда ва идоралараро электрон ҳамкорлик қилишда марказий маълумотлар базаларидаги маълумотлардан фойдаланиш «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси ёрдамида амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
19. Давлат хизматлари кўрсатишда жисмоний ва юридик шахслардан марказий маълумотлар базалари ва тегишли ваколатли органларнинг ахборот ресурсларида мавжуд бўлган маълумотларни ҳамда бошқа идентификаторли қўшимча ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.
(19-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 ноябрдаги 934-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.11.2018 й., 09/18/934/2197-сон)
20. Марказий маълумотлар базаларида мавжуд бўлмаган ахборотнинг сақланишини таъминловчи давлат ахборот ресурсларини яратишда тегишли равишда жисмоний ва юридик шахсларнинг ягона идентификаторларидан фойдаланилади.
IV. Якунловчи қоидалар
21. Марказий маълумотлар базаларидаги маълумотларнинг ишончлилиги ва долзарблиги учун ваколатли органлар жавоб беради.
Олдинги таҳрирга қаранг.
22. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб беради.
(22-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
«Электрон ҳукумат» тизимининг жисмоний ва юридик шахслар марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
«Электрон ҳукумат» тизимининг жисмоний ва юридик шахслар марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва юритиш
СХЕМАСИ
Олдинги таҳрирга қаранг.

Босқичлар

Хатти-ҳаракатлар

Субъектлар

Муддатлар

I. Ташкилий чора-тадбирлар

1-босқич

«Электрон ҳукумат» тизимининг жисмоний ва юридик шахслар марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва юритиш жадвалини тасдиқлаш

Рақамли технологиялар вазирлиги, ИИВ, Солиқ қўмитаси, Миллий статистика қўмитаси, ИИВ ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти

икки ҳафта муддатда

2-босқич

Ваколатли органлар ахборот тизимларининг марказий маълумотлар базалари билан интеграциялашувига қўйиладиган техник талабларни тасдиқлаш.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

икки ой муддатда

II. Техник чора-тадбирлар

3-босқич

«Электрон ҳукумат» тизимининг жисмоний ва юридик шахслар марказий маълумотлар базаларини юритиш, техник қўллаб-қувватлаш ва янада такомиллаштириш.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

жадвалга мувофиқ

4-босқич

«Электрон ҳукумат» тизимининг жисмоний шахслар марказий маълумотлар базаларини шакллантириш.

ИИВ, ДСҚ, ДПМ, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

жадвалга мувофиқ

5-босқич

«Электрон ҳукумат» тизимининг юридик шахслар марказий маълумотлар базаларини шакллантириш.

Солиқ қўмитаси, Миллий статистика қўмитаси, Рақамли технологиялар вазирлиги

жадвалга мувофиқ

6-босқич

Марказий маълумотлар базаларининг давлат хизматлари кўрсатиш учун ваколатли органларнинг ахборот тизимлари ва ресурслари билан интеграциялашуви.

Ваколатли органлар,
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

жадвалга мувофиқ

7-босқич

Давлат хизматлари кўрсатиш ва идоралараро электрон ҳамкорлик қилишда жисмоний ва юридик шахсларнинг ягона идентификаторларидан фойдаланиш орқали марказий маълумотлар базалари ахборотидан фойдаланиш.

Ваколатли органлар

доимо

8-босқич

«Электрон ҳукумат» тизими жисмоний шахсларининг марказий маълумотлар базаларини долзарблаштириш ва юритиш.

ИИВ, ДСҚ, ДПМ, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

доимо

9-босқич

«Электрон ҳукумат» тизими юридик шахсларининг марказий маълумотлар базаларини долзарблаштириш ва юритиш.

Солиқ қўмитаси, Миллий статистика қўмитаси, Рақамли технологиялар вазирлиги

доимо

(илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 октябрдаги 627-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.10.2025 й., 09/25/627/0901-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 17 декабрдаги 365-сон қарорига
2-ИЛОВА
«Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизими тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш ягона ахборот тизимининг (кейинги ўринларда идентификациялашнинг ягона тизими деб юритилади) вазифалари, функциялари, ишлаши ва ундан фойдаланиш тартибини белгилайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Жисмоний ва юридик шахсларнинг (кейинги ўринларда фойдаланувчилар деб аталади) «Электрон ҳукумат» тизими доирасида идоралараро электрон ҳамкорлик орқали интерактив давлат хизматларини ҳамда банк, молия ва бошқа субъектларнинг хизматларини кўрсатиш идентификациялашнинг ягона тизими ёрдамида амалга оширилади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30 октябрдаги 679-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.10.2020 й., 09/20/679/1444-сон)
II. Идентификациялаш ягона тизимининг вазифалари ва функциялари
3. Идентификациялашнинг ягона тизими қуйидаги вазифаларни бажаради:
интерактив давлат хизматлари кўрсатишда ва идоралараро электрон ҳамкорлик қилишда фойдаланувчиларнинг ҳақиқий идентификацияланишини таъминлаш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
банк, молия ва бошқа субъектларнинг хизматларини кўрсатишда фойдаланувчиларнинг ҳақиқий идентификацияланишини таъминлаш;
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 октябрдаги 679-сонли қарорига асосан учинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.10.2020 й., 09/20/679/1444-сон)
«Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини рўйхатга олиш, идентификациялаш, аутентификациялаш ва авторизациялашнинг ягона механизмини таъминлаш;
идоралараро электрон ҳамкорлик қилишда давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг (кейинги ўринларда ваколатли органлар деб аталади) ахборот тизимларидан рухсат этилган ҳолда фойдаланишни таъминлаш.
4. Юкланган вазифаларни бажариш учун идентификациялашнинг ягона тизими қуйидаги функцияларни амалга оширади:
фойдаланувчиларни рўйхатга олиш, идентификациялаш, аутентификациялаш ва авторизациялашни;
«Электрон ҳукумат» тизими жисмоний ва юридик шахсларининг марказий маълумотлар базалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиши;
фойдаланувчиларнинг ишончли шахсий маълумотларини идентификациялашнинг ягона тизимига уланган ваколатли органларнинг ахборот тизимларига рухсат этилган ҳолда узатиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
давлат хизматлари кўрсатишда банк молия ва бошқа субъектларнинг хизматлари ва идоралараро электрон ҳамкорлик қилишда фойдаланувчиларнинг ваколатларини сақлаш ва бошқариш.
(4-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30 октябрдаги 679-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.10.2020 й., 09/20/679/1444-сон)
III. Идентификациялаш ягона тизимининг ишлаши ва ундан фойдаланиш тартиби
5. Идентификациялаш ягона тизимининг ишлаши Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан амалга оширилади, ушбу Вазирлик қуйидагиларни таъминлайди:
идентификациялаш ягона тизимининг дастурий-аппарат комплексини техник қўллаб-қувватлаш ва янада такомиллаштириш;
белгиланган тартибда фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари сақланиши ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриш;
ваколатли органлар ахборот тизимларининг идентификациялашнинг ягона тизими билан интеграциялашувига қўйиладиган техник талабларни тасдиқлаш;
давлат органлари ахборот тизимларининг идентификациялашнинг ягона тизими билан интеграциялашувига кўмаклашиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
банк, молия ва бошқа субъектлар ахборот тизимларини идентификациялашнинг ягона тизими билан интеграциялашувига кўмаклашиш;
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 октябрдаги 679-сонли қарорига асосан олтинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.10.2020 й., 09/20/679/1444-сон)
ваколатли органлар ахборот тизимларини идентификациялашнинг ягона тизимига улаш (рўйхатга олиш);
идентификациялашнинг ягона тизимида фойдаланувчилар ҳаракатларини қайд қилиш ва доимий мониторингини олиб бориш;
ушбу Низом талаблари бузилган тақдирда фойдаланувчилар ва ваколатли органлар ахборот тизимларининг идентификациялаш ягона тизимидан фойдаланишини блокировка қилиш.
6. Идентификациялаш ягона тизимининг ишлаши ушбу Низомга илова қилинган схемага мувофиқ амалга оширилади.
7. Фойдаланувчиларни идентификациялашнинг ягона тизимида рўйхатга олиш бепул асосда амалга оширилади.
8. Фойдаланувчиларни идентификациялашнинг ягона тизимига уланган ваколатли органларнинг ахборот тизимларида идентификациялаш жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами ва юридик шахснинг солиқ тўловчининг идентификация рақами асосида амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. Фойдаланувчиларни идентификациялашнинг ягона тизимида аутентификациялаш электрон рақамли имзо (кейинги ўринларда ЭРИ деб аталади) воситалари, мобил телефон рақамлари, шахсларнинг биометрик маълумотлари, шунингдек бошқа усуллар билан белгиланган тартибда амалга оширилади.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30 октябрдаги 679-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.10.2020 й., 09/20/679/1444-сон)
10. ЭРИ қуйидаги мақсадларда қўлланилади:
интерактив давлат хизматларидан фойдаланиш учун, шунингдек идоралараро электрон ҳамкорлик қилишда фойдаланувчилар аризасининг юридик кучини таъминлаш;
фойдаланувчилар интерактив давлат хизматларидан фойдаланиш учун ариза берганда ахборотни бузиб кўрсатишдан ҳимоя қилиш;
фойдаланувчиларнинг интерактив давлат хизматларидан фойдаланиш учун берган аризасини рухсатсиз кўришдан ҳимоя қилиш.
11. Фойдаланувчиларнинг интерактив давлат хизматларидан фойдаланиш учун берган аризасидаги ЭРИ бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя қилинганда:
ЭРИ ҳақиқийлиги тасдиқланганда;
ЭРИ ҳақиқийлигини тасдиқлаш вақтида ёхуд имзолаш вақтини белгиловчи исботлар мавжуд бўлганда электрон аризани имзолаш вақтида ЭРИ калитининг сертификати амал қилганда қоғоз кўринишдаги ёзма аризага қўл билан қўйилган имзо билан бир хил аҳамиятга эга.
12. Фойдаланувчи интерактив давлат хизматларидан фойдаланиш учун идентификациялашнинг ягона тизими орқали авторизацияланиши керак.
13. Фойдаланувчи тўғрисидаги маълумотлар ваколатли органларнинг тегишли ахборот тизимларига муваффақиятли аутентификацияланишдан сўнг юборилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
14. Идентификациялашнинг ягона тизимидан олинган фойдаланувчилар тўғрисидаги маълумотлар ишончли ҳисобланади ва давлат хизматларини кўрсатиш, банк молия ва бошқа субъектларнинг хизматлари ҳамда идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш учун мўлжалланган.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30 октябрдаги 679-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.10.2020 й., 09/20/679/1444-сон)
15. Фойдаланувчиларнинг ахборотни рухсатсиз фойдаланишдан ҳимоя қилишга доир белгиланган чораларни бузишга қаратилган хатти-ҳаракатларига йўл қўйилмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
16. Давлат хизматларидан ва бошқа хизматлардан фойдаланишда фойдаланувчига хизматларни кўрсатиш ва тегишли хизматлардан фойдаланиш учун аризаларни юбориш тартиби ва талаблари билан танишиш имконияти берилади.
(16-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30 октябрдаги 679-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.10.2020 й., 09/20/679/1444-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
17. Давлат хизматидан ва бошқа хизматлардан фойдаланиш учун фойдаланувчи аризасининг юборилиши фойдаланувчининг унинг тегишли хизматларни кўрсатиш учун зарур бўлган шахсий маълумотларини юбориш ва улардан фойдаланишга розилиги бўлиб ҳисобланади.
(17-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30 октябрдаги 679-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.10.2020 й., 09/20/679/1444-сон)
IV. Ваколатли органларнинг ахборот тизимларини идентификациялашнинг ягона тизимига улаш
Олдинги таҳрирга қаранг.
18. Муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган шахсга доир маълумотларни учинчи шахсларга тақдим этиш Ўзбекистон Республикасининг «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ амалга оширилади.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30 октябрдаги 679-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.10.2020 й., 09/20/679/1444-сон)
19. Ваколатли органларнинг ахборот тизимларини идентификациялашнинг ягона тизимига улаш интеграциялашувга қўйиладиган техник талабларга мувофиқ амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
191. Идентификациялашнинг ягона тизими орқали шахсларни идентификациялаш (аутентификациялаш) хизматлари давлат хизматлари кўрсатувчи ваколатли органларга бепул асосда, қолган хўжалик юритувчи субъектларга ўрнатилган тартибда тўлов-шартнома асосида кўрсатилади.
(191-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30 октябрдаги 679-сонли қарорига асосан киритилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.10.2020 й., 09/20/679/1444-сон)
V. Идоралараро электрон ҳамкорликни амалга ошириш
20. Ҳужжатлар ва ахборот билан автоматлаштирилган тарзда айирбошлаш мақсадида ваколатли органлар ахборот тизимларининг интеграциялашуви «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали амалга оширилади.
21. «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформасига уланадиган ваколатли органларнинг ахборот тизимлари ҳам ҳужжатлар ва ахборотни тақдим этиш учун мурожаат қилган маълумотларни етказиб берувчилар, ҳам ҳужжатлар ва ахборотни сўраган маълумотларнинг истеъмолчилари бўлиши мумкин.
22. Идоралараро электрон ҳамкорлик қилишда фойдаланувчиларнинг фойдаланишини ва ваколатларини таъминлаш устидан назорат қилиш идентификациялашнинг ягона тизими орқали амалга оширилади.
VI. Якунловчи қоидалар
23. Идентификациялашнинг ягона тизимида фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларидан рухсатсиз фойдаланганлик учун ваколатли органлар — ахборот тизимларининг эгалари ва Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги жавоб беради.
Олдинги таҳрирга қаранг.
24. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб беради.
(24-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
«Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизими тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Идентификациялаш ягона тизимининг ишлаш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Хатти-ҳаракатлар

Субъектлар

Муддатлар

I. Ташкилий чора-тадбирлар

1-босқич

Ваколатли органлар ахборот тизимларининг «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизими билан интеграциялашувининг техник талабларини тасдиқлаш.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, ДСҚ

икки ой муддатда

2-босқич

Ваколатли органларнинг ахборот тизимларида жисмоний ва юридик шахсларнинг ягона идентификаторларини жорий этиш бўйича тадбирлар режасини тасдиқлаш учун 2013 — 2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастурининг амалга оширилишини мувофиқлаштириш Республика комиссиясига киритиш.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, ДСҚ, ДПМ

икки ой муддатда

II. Идентификациялаш ягона тизимининг ишлаши

3-босқич

«Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона тизимини яратиш, жорий этиш ва ишлашини таъминлаш

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, ДСҚ, ДПМ

уч ой муддатда

4-босқич

Фойдаланувчиларни идентификациялашнинг ягона тизимида рўйхатга олиш.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, ДСҚ

сўровга кўра

5-босқич

Давлат хизматлари кўрсатишда ва идоралараро электрон ҳамкорлик қилишда фойдаланувчиларни ҳақиқий идентификациялаш.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, ваколатли органлар

сўровга кўра

6-босқич

Давлат хизматлари кўрсатишда ва идоралараро электрон ҳамкорлик қилишда фойдаланувчиларни ЭРИ воситасида идентификациялаш ягона тизимида аутентификациялаш.

ДСҚ, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, ваколатли органлар

сўровга кўра

7-босқич

Интерактив давлат хизматларидан фойдаланиш, шунингдек идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш учун фойдаланувчиларни идентификациялашнинг ягона тизимида авторизация қилиш.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, ваколатли органлар

сўровга кўра

8-босқич

Идоралараро электрон ҳамкорлик қилишда давлат хизматларини кўрсатувчи ваколатли органларнинг ахборот тизимларидан рухсат этилган фойдаланиш.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, ваколатли органлар

сўровга кўра

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 17 декабрдаги 365-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ахборотлаштириш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш тўғрисида» 2005 йил 22 ноябрдаги 256-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Қарорлари тўплами, 2005 йил, 11-сон, 62-модда):
11-банддаги «Компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашнинг» сўзлари «2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури амалга оширилишини мувофиқлаштириш Республика комиссиясининг» сўзлари билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги иккинчи ва учинчи хатбошилар қўшилсин:
«Яратиладиган давлат ахборот ресурслари давлат органларининг бошқа давлат ахборот ресурслари ва ахборот тизимларидан ахборот олишни назарда тутмаслиги керак, агар ушбу ахборот «Электрон ҳукумат» тизими жисмоний ва юридик шахсларининг марказий маълумотлар базаларида мавжуд бўлса.
«Электрон ҳукумат» тизими жисмоний ва юридик шахсларининг марказий маълумотлар базаларида мавжуд бўлмаган жисмоний ва юридик шахслар тўғрисидаги ахборот сақланишини таъминлайдиган давлат ахборот ресурслари тегишли равишда жисмоний ва юридик шахсларнинг ягона идентификаторларидан фойдаланишлари керак»;
иккинчи хатбоши тўртинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши қўшилсин:
«очиқ маълумотлар тўпламларини генерация қилиш имкониятини»;
тўртинчи — саккизинчи хатбошилар тегишли равишда бешинчи — тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
13-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«13. Давлат органлари ахборот тизимларининг техник ҳужжатлари 2013 — 2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури амалга оширилишини мувофиқлаштириш Республика комиссиясининг ишчи органи — Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига экспертизага тақдим этилади.
Давлат органлари ахборот тизимларининг техник ҳужжатлари автоматлаштириш ва электрон шаклга ўтказиш режалаштириладиган, бажариладиган маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги ахборот, ишлаб чиқувчи билан буюртмачи томонидан биргаликда автоматлаштириладиган фаолият соҳасининг функционал ва операцион жараёнларини қайта ташкил қилиш ва мақбуллаштириш ўтказилганлиги ёки ўтказиш режалаштирилганлиги тўғрисидаги ахборот, шунингдек уни ўтказиш якунлари бўйича самарадорлик кўрсаткичларини ўз ичига олиши керак»;
14 ва 18-бандлардаги «Компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашнинг» сўзлари «2013 — 2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури амалга оширилишини мувофиқлаштириш Республика комиссиясининг» сўзлари билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши қўшилсин:
«жараёнларни электрон шаклга ўтказиш учун йўналтирилган давлат хизматларини тақдим этишда функционал ва операцион жараёнларнинг қайта ташкил қилиниши ва мақбуллаштирилишини ўтказиш зарурати, муддатлар ва асосланмаган харажатларни қисқартириш ва бошқалар;
учинчи — бешинчи хатбошилар тегишли равишда тўртинчи — олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
17-бандга қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«Давлат органларининг яратиладиган ахборот тизимлари давлат органларининг бошқа давлат ахборот ресурсларидан ва ахборот тизимларидан ахборот олишни назарда тутмаслиги керак, агар ушбу ахборот «Электрон ҳукумат» тизими жисмоний ва юридик шахсларининг марказий маълумотлар базаларида мавжуд бўлса».
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат буюртмасини шакллантириш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги Низомни ва вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш учун масъул бўлган ихтисослаштирилган таркибий бўлинмаларининг штатдаги ходимларини моддий рағбатлантириш тўғрисидаги Намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида» 2013 йил 25 январдаги 18-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Қарорлари тўплами, 2013 йил, 1-сон, 4-модда):
24-банддаги «февралгача» сўзи «августгача» сўзи билан алмаштирилсин;
иккинчи хатбошидаги «1 августидан 1 октябригача» сўзлари «1 сентябригача» сўзлари билан алмаштирилсин;
учинчи хатбошидаги «20 октябригача» сўзлари «1 октябригача» сўзлари билан алмаштирилсин;
тўртинчи хатбошидаги «10 ноябридан» сўзлари «15 октябридан» сўзлари билан алмаштирилсин;
тўққизинчи хатбошидаги «15 ноябридан» сўзлари «20 октябридан» сўзлари билан алмаштирилсин;
ўнинчи хатбошидаги «декабридан» сўзи «ноябридан» сўзи билан алмаштирилсин;
28-банднинг иккинчи хатбошидаги «етказиб берувчилар ҳамда тизим интеграторлари» сўзлари «тизим интеграторлари ва/ёки товарларни (ишлар ва хизматларни) етказиб берувчилар» сўзлари билан алмаштирилсин;
илова матни қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
Ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат буюртмасини шакллантириш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Тадбирлар

Муддатлар

Масъуллар

1-босқич

Ишчи орган давлат буюртмасига киритиш учун таклифларни тайёрлаш бўйича методик кўрсатмаларни давлат органларига юборади.

ҳар йили

1 августгача

Ишчи орган

2-босқич

Лойиҳа ташаббускорлари лойиҳалар бўйича таклифлар ва дастлабки ахборотни тайёрлайдилар, йиллик давр учун давлат буюртмасига киритиш учун ишчи органнинг кўриб чиқиши учун киритадилар.

1 сентябргача



Лойиҳалар ташаббускорлари, ишчи орган

3-босқич

Ишчи орган ахборотлаштириш соҳасида ривожлантириш устуворликларига мувофиқ лойиҳаларни ўрганиб чиқади ва уларни Комиссиянинг кўриб чиқиши учун тақдим этади.

1 октябргача


Ишчи орган, Комиссия

4-босқич

Комиссия давлат буюртмаси лойиҳаларини белгиланган тартибда кўриб чиқади, танлаб олинган ва бутланган лойиҳалар давлат буюртмасининг манзилли қисмига киритиш учун тақдим этилади.

15 октябргача


Комиссия

5-босқич

Ишчи орган давлат буюртмасининг лойиҳасини тасдиқлаш учун Республика комиссиясига киритади.

20 октябргача


Ишчи орган, Республика комиссияси

6-босқич

Давлат буюртмасининг лойиҳаси Республика комиссиясининг протоколи қарори билан тасдиқланади.

1 ноябргача


Республика комиссияси

7-босқич

Давлат буюртмасини амалга оширишнинг биринчи йилига киритиладиган янги бошланадиган лойиҳалар бўйича танлов (тендер) савдолари ўтказилади.

ноябрь — январь


Ишчи орган, лойиҳалар ташаббускорлари

8-босқич

Тасдиқланган давлат буюртмаси ва ўтказилган танлов (тендер) савдоларига мувофиқ белгиланган тартибда лойиҳаларни амалга ошириш учун шартномалар тузилади.

январь-февраль

Ишчи орган, лойиҳалар ташаббускорлари, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги тизим интеграторлари, товарларни (ишлар ва хизматларни) етказиб берувчилар

б) 2-илованинг 8-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«8. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган ихтисослаштирилган бўлинмаларнинг штатдаги ходимларига устамалар ходим лавозим маошининг 50 фоизигача миқдорда белгиланади. Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш учун масъул бўлган бошқа ташкилотлар ўзларининг молиявий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда штатдаги ходимларига устамаларни мустақил белгилайдилар».
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 50-сон, 628-модда; 2016 й., 34-сон, 405-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.11.2018 й., 09/18/934/2197-сон; 29.09.2020 й., 09/20/593/1340-сон, 31.10.2020 й., 09/20/679/1444-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон; 07.10.2025 й., 09/25/627/0901-сон; 06.05.2026 й., 09/26/224/0457-сон)