|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Собиқ «Чорсу» меҳмонхонаси негизида замонавий меҳмонхона комплекси ташкил этиш лойиҳасини амалга оширишни тугаллаш чора-тадбирлари тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Республиканинг туризм салоҳиятини янада ошириш, Тошкент шаҳрининг меҳмонхона хўжалигини ривожлантиришга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Daegeon Global Co.Ltd» компанияси (Корея Республикаси) билан 2007 йил 28 сентябрда тузилган олди-сотди шартномасига мувофиқ, инвестор томонидан 18,0 млн АҚШ доллари миқдорида қўшимча инвестиция мажбуриятлари қабул қилинган ҳолда, «Чорсу» меҳмонхона комплекси 7,0 млн АҚШ долларига сотилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат мулки қўмитаси, «Ўзбектуризм» миллий компанияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва «Daegeon Global Co.Ltd» компаниясининг собиқ «Чорсу» меҳмонхонаси негизида тегишли инфратузилмага эга бўлган замонавий меҳмонхона комплексини ташкил этиш лойиҳасини қуйидаги қўшимча шартларда амалга оширишни жадал тугаллаш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин:
«Daegeon Global Co.Ltd» компанияси 2012 йил 1 сентябрдан кечикмаган муддатда меҳмонхона комплекси объектларини реконструкция қилиш ва қуриш бўйича қурилиш-монтаж ишлари тугалланишини таъминлаш мажбуриятини олади;
илгари сотиб олиш тўловлари, жарималар ва пенялар ҳисобига тўланган маблағлар, шунингдек ташкил этиладиган меҳмонхона комплексига жалб этилган инвестициялар ҳамда масъулияти чекланган жамият шаклидаги «Daegeon Global Korea» хорижий корхонаси ҳисоб рақамларидаги маблағларнинг жорий қолдиғи, кейинчалик олди-сотди шартномаси инвестор айбига кўра бекор қилинган тақдирда, тўлиқ миқдорда Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси фойдасига ушлаб қолинади;
инвестиция мажбуриятларининг ўз вақтида бажарилмаганлиги натижасида вужудга келган пенялар меҳмонхона комплекси объектларини реконструкция қилиш ва қуриш бўйича қурилиш-монтаж ишларини тугаллаш тарзида қабул қилинган мажбуриятлар «Daegeon Global Co.Ltd» компанияси томонидан ўз вақтида ва тўлиқ бажарилган тақдирда ҳисобдан чиқарилган ҳисобланади.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси «Ўзбектуризм» миллий компанияси билан биргаликда ўн кун муддатда, ушбу қарорнинг 2-бандида назарда тутилган қўшимча шартларни ҳисобга олган ҳолда, илгари «Daegeon Global Co.Ltd» компанияси билан тузилган олди-сотди шартномасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин.
4. Ташкил этилаётган меҳмонхона комплекси объектларини лойиҳалашни ва лойиҳа-смета ҳужжатларини тасдиқлашни бирга бажарган ҳолда 2011 йил 1 январгача ишчи чизмалар бўйича реконструкция қилиш ва қуришга истисно тартибида рухсат берилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси белгиланган тартибда лойиҳа-смета ҳужжатларини эксперт хулосаси билан бирга ишлаб чиқишни ва амалга оширилаётган қурилиш-монтаж ишлари сифати юзасидан назоратни таъминласин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2010 йил 7 июль,
139-сон