Ҳужжат кучини йўқотган " " 28.09.2020
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
РЕСПУБЛИКА ИҚТИСОДИЁТИ ТАРМОҚЛАРИНИ 2012/2013 ЙИЛЛАР КУЗ-ҚИШ ДАВРИДА БАРҚАРОР ИШЛАШГА ТАЙЁРЛАШНИ ТАЪМИНЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Республика иқтисодиёти тармоқлари ҳамда ташкилотларини 2012/2013 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга ўз вақтида тайёрлашни таъминлаш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
республика иқтисодиёти тармоқларини 2012/2013 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича тадбирлар 1 -иловага* мувофиқ;
* 1-илова берилмайди.
асосий муҳандислик коммуникациялари ва технологик ускуналарни, шунингдек ижтимоий соҳа объектларини ҳудудлар бўйича 2012/2013 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш ҳамда капитал ва жорий таъмирлаш топшириқлари 2 ва 4-иловаларга* мувофиқ;
* 2 ва 4-иловалар берилмайди.
кўмир, мазут ва техник туз, шунингдек суюлтирилган газни ҳудудлар бўйича 2012/2013 йиллар куз-қиш даври учун етказиб бериш ва тайёрлаш топшириқлари 5-иловага* мувофиқ;
* 5-илова берилмайди.
Республика иқтисодиёти тармоқларини 2012/2013 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш Республика комиссияси таркиби 6-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 6-илова берилмайди.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг раҳбарлигида айнан шундай ҳудудий комиссиялар тузсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари зиммасига иқтисодиёт тармоқларининг 2012/2013 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашини таъминлайдиган тадбирлар ҳамда ишларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.
3. Республика комиссияси (Ш.М.Мирзиёев):
коммунал соҳа корхоналари, қозонхоналар, кўп квартирали турар-жой бинолари, мактабгача таълим, умум таълим мактаблари, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа ижтимоий соҳа объектларини 2011/2012 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича жойлардаги ишларнинг аҳволини танқидий ўрганиб чиқсин ва шу йилнинг 20 июлидан кечикмай ушбу масала бўйича комиссиянинг мажлисини ўтказсин;
ўрганиб чиқиш натижалари бўйича республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳа муассасаларини 2012/2013 йиллар куз-қиш даврида тайёрлаш ва уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича ушбу қарор билан тасдиқланган чора-тадбирлар ва топшириқларни бажариш юзасидан ташкилий тадбирлар комплекси амалга оширилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва «Узбекнефтгаз» Миллий холдинг компаниясининг компанияга тегишли корхоналарида аҳолига суюлтирилган газни етказиб беришни ташкил этиш учун 65 400 дона маиший газ балонларини ишлаб чиқариш, шунингдек 15 000 дона газ балонлари ва 80 400 дона редукторларни импорт бўйича харид қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
«Ўзтрансгаз» АК ва унинг унитар корхоналари томонидан аҳолига суюлтирилган газни етказиб беришни ташкил этиш учун олиб келинадиган маиший газ балонлари ҳамда редукторлар, шунингдек «Ўзнефтгазмаш» АК заводларида маиший газ балонларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган метал ва бутловчи буюмлар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича истисно тариқасида божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилсин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М.Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ушбу қарорнинг бажарилиши ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида танқидий кўриб чиқилсин
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.
2012 йил 20 июнь,
ПҚ-1778-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 й., 6-сон, 160-модда)