Ҳужжат кучини йўқотган " " 28.09.2020
ЎЗБЕКИСТОН СОВЕТ СОЦИАЛИСТИК РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
Фармони
ЎЗГАЛАР ПАРВАРИШИГА МУҲТОЖ ЁЛҒИЗ ПЕНСИОНЕРЛАРНИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯЛАШ ЮЗАСИДАН ҚЎШИМЧА ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
1. Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерларнинг турмуш даражаси пастлигини ҳисобга олиб, инсонпарварлик, меҳр-мурувват туйғусидан келиб чиқиб ва шу тоифадаги пенсионерлар ижтимоий жиҳатдан ҳимояланишини таъминлаш мақсадида уларга қуйидаги имтиёзлар берилсин:
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 17 апрелдаги ПФ-2832-сон Фармони билан ўз кучини йўқотди — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 4-сон, 69-модда)
— умумий фойдаланишдаги шаҳар йўловчи ташиш транспортида (таксидан ташқари) ва қишлоқ жойларда ўзлари яшайдиган маъмурий район ҳудудида умумий фойдаланишдаги автотранспортда бепул юриш ҳуқуқи берилсин;
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикасининг «Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуни билан шаҳар йўловчи ташиш транспортидан фойдаланишга тааллуқли қисми амалда ўз кучини йўқотди.
— шифокорлар рецепти билан бериладиган дорилар учун ҳақ тўлашдан озод қилинсин;
— белгиланган миқдордаги энг зарур моллар бепул берилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар пенсия гувоҳномасининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимлари берадиган махсус қўшимча варақаси биринчи бандда кўрсатилган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат деб белгилансин.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 мартдаги ПФ-4209-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 13-сон, 92-модда)
3. Ўзбекистон ССР Ижтимоий таъминот вазирлиги, Ўзбекистон ССР Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон ССР Автомобиль транспорти вазирлиги, Ўзбекистон ССР Савдо вазирлиги, Ўзбекбирлашув, Ўзбекистон ССР Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 1-бандда кўрсатилган имтиёзларни бериш тўғрисида низом тайёрласин.
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон ССР Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 28 майдаги 145-сон қарори «Ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз пенсионерларни ижтимоий ҳимоя қилиш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарори билан тасдиқланган Ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз пенсионерларга имтиёзлар бериш тартиби тўғрисида Низомга қаранг.
4. Ўзбекистон ССР Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг мазкур Фармонни амалга ошириш юзасидан қарор қабул қилсин.
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон ССР Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 28 майдаги 145-сон «Ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз пенсионерларни ижтимоий ҳимоя қилиш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига қаранг.
5. Ўзбекистон ССР вазирликлари ва идоралари, совет ва хўжалик идоралари жойлардаги ёлғиз пенсионерларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш ишини кучайтирсинлар, жамоат ташкилотларининг, корхоналарнинг, муассасаларнинг ва фуқароларнинг муҳтож пенсионерларга ёрдам бериш борасидаги хайрия фаолияти қўллаб-қувватлансин ва ривожлантирилсин.
6. Мазкур Фармон 1991 йил 1 июлдан бошлаб кучга киритилсин.
Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1991 йил 27 май,
ПФ-212-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1991 й., 7-сон, 134-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 й., 4-сон, 69-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 13-сон, 92-модда)