Ҳужжат кучини йўқотган " " 25.12.2021
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ РЕКТОРЛАРИНИ ДАВЛАТ АТТЕСТАЦИЯСИДАН ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 декабрдаги ПҚ-60-сонли «Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Кадрлар тайёрлаш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш ҳамда олий таълим муассасалари ректорларининг узлуксиз таълим тизимидаги ислоҳотларни амалга оширишдаги ўрнини, касбий, маънавий ва ташкилотчилик сифатларини аниқлаш, уларнинг ташаббускорлиги ва ижодий фаоллигини ривожлантириш, шунингдек, жорий йилнинг 21 июлида Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида олдинга қўйилган кадрлар тайёрлаш ва уларни жой-жойига қўйиш вазифасини амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалга оширишдаги ҳиссаларини аниқлаш, олий таълим муассасаларидаги ўқув-тарбия жараёни ва илмий-услубий ишларни ташкил этиш ишлари ҳолатини баҳолаш учун олий таълим муассасалари ректорлари давлат аттестациясидан ўтказилсин.
2. Олий таълим муассасаларининг ректорларини давлат аттестациясидан ўтказиш Республика комиссиясининг таркиби ҳамда аттестация ўтказиш тўғрисидаги Низом 1 ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
3. Республика комиссияси:
бир ҳафта муддатда олий таълим муассасалари ректорларини давлат аттестациясига оид меъёрий ҳужжатлар билан таништирсин;
ўн кун муддатда иқтидорли ёш олимлар тўғрисида маълумотлар захирасини яратсин;
олий таълим муассасалари ректорларининг давлат аттестациясини Низом талабларига риоя қилган ҳолда 2000 йилнинг август-сентябрь ойларида ўтказсин ва ўз хулосаларини Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.
4. Аттестация жараёнини адолатли ва холисона ўтказиш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази билан биргаликда ҳар йили август ойида олий таълим муассасалари рейтинги ҳақидаги маълумотни Республика комиссиясига тақдим этсин.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 821-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.09.2019 й., 09/19/821/3833-сон)
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Х.С. Кароматов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2000 йил 16 август,
325-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 16 августдаги 325- сон қарорига
1-ИЛОВА
Олий таълим муассасалари ректорларини аттестациядан ўтказиш Республика комиссияси
ТАРКИБИ
1.‎ Кароматов Ҳ.С.‎ Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, комиссия раиси‎‎
2.‎ Рисқиев Т.Т.‎ —‎ Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, раис ўринбосари (келишув бўйича)‎
3.‎ Қурбонов Ш.Э.‎ —‎ Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг бош инспектори‎
4.‎ Ворисов А.К.‎ —‎ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг бош мутахассиси, масъул котиб‎
5.‎ Ғуломов С.С.‎ —‎ Олий ва ўрта махсус таълим вазири‎
6.‎ Жўраев Р.Ҳ.‎ —‎ Халқ таълими вазири‎
7.‎ Полвон-зода А.А.‎ —‎ Адлия вазири‎
8.‎ Иброҳимов Ш.‎ —‎ Меҳнат вазири‎
9.‎ Назиров Ф.Ғ.‎ —‎ Соғлиқни сақлаш вазири‎
10.‎ Жўраев Х.Р.‎ —‎ Маданият ишлари вазири‎
11.‎ Ҳабибуллаев П.Қ.‎ —‎ Фан ва техника давлат қўмитаси раиси‎
12.‎ Абдуллаев Ф.С.‎ —‎ Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги бош директори‎
13.‎ Зоҳидов Р.К.‎ —‎ «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси раиси‎
14.‎ Махситов Б.М.‎ —‎ Давлат спорт қўмитаси раиси‎
15.‎ Қўзиев Т.К.‎ —‎ Бадиий академия раиси‎
16.‎ Абдуллаев Ш.Ю.‎ —‎ Молия вазирининг ўринбосари‎
17.‎ Жўраев А.М.‎ —‎ Қишлоқ ва сув ҳўжалиги вазирининг ўринбосари‎
18.‎ Каримов А.А.‎ —‎ Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони етакчи консультанти‎
19.‎ Муҳиддинов М.М‎ —‎ Давлат тест маркази директори‎
20.‎ Убайдуллаева Р.А.‎ —‎ «Ижтимоий фикр» маркази директори‎
Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 16 августдаги 325-сон қарорига
2-ИЛОВА
Олий таълим муассасалари ректорларини давлат аттестациясидан ўтказиш тўғрисида
НИЗОМ
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Олий таълим муассасалари ректорларининг давлат аттестацияси «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Меҳнат кодекси, амалдаги қонун ҳужжатлари ҳамда мазкур Низом асосида ўтказилади.
2. Давлат аттестацияси:
ректорларнинг касбий сифатларини ва ўзлари раҳбарлик қилаётган олий таълим муассасасида таълимни ташкил этишда уларнинг ўрнини;
давлат таълим стандартлари, таълим даражаси ҳамда кадрлар тайёрлаш сифатига бўлган талаблар бажарилишининг таъминланишини;
маънавий-маърифий ишлар ҳолатини;
таълим жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларининг жорий этилиши, замонавий ўқув ва ўқув-услубий адабиётларнинг йўлланишини;
фан ва ишлаб чиқаришнинг таълим жараёни билан интеграциясини;
халқаро ҳамкорлик амалга оширилишини;
моддий-техник базанинг мустаҳкамланиши ва бошқа ишларнинг йўлга қўйилишини холисона баҳолаш мақсадида ўтказилади.
3. Олий таълим муассасалари ректорларининг давлат аттестацияси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ташкил этилган Республика комиссияси томонидан амалга оширилади.
4. Давлат аттестацияси, идоравий бўйсунишидан қатъи назар, барча турдаги олий таълим муассасалари ректорлари учун мажбурийдир.
5. Олий таълим муассасалари ректорларининг аттестацияси камида 5 йилда бир марта ўтказилади. Зарур ҳолларда ваколатли давлат органлари ташаббуси билан навбатдан ташқари давлат аттестацияси ўтказилиши мумкин.
II. АТТЕСТАЦИЯНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ
6. Республика комиссиясининг иш муддати ва жадвали унинг раиси томонидан белгиланади.
7. Олий таълим муассасалари ректорлари давлат аттестацияси ўтказилишидан камида ўн кун олдин хабардор қилинади.
8. Аттестациядан ўтказиладиган ректор аттестацияга узрли сабаб билан келмаган тақдирда комиссия аттестацияни бошқа муддатга кўчириши мумкин. Аттестацияга узрсиз сабаб билан қатнашмаган ректор аттестациядан ўтмаган ҳисобланади.
9. Республика комиссиясининг мажлиси комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Аттестация тўғрисидаги қарор очиқ овоз бериш йўли ва мажлисда қатнашаётган комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда комиссия раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.
10. Давлат аттестацияси якуни тўғрисидаги ҳужжатларни расмийлаштириш баённома кўринишида амалга оширилади.
Баённомага аттестация стенограммаси ҳамда мажлисга алоқадор барча ҳужжатлар илова қилинади.
11. Ҳар бир ректорга шахсий ҳужжатлар йиғмажилди расмийлаштирилади. Мазкур жилдга ректор тўғрисида батафсил маълумот, олий таълим муассасаси бўйича маълумотлар, аттестация ўтказилиши ва унинг якунлари бўйича барча зарур ҳужжатлар тикилади.
12. Олий таълим муассасалари ректорларининг Давлат аттестацияси якуни тўғрисидаги хулосани расмийлаштириш комиссия томонидан белгиланган шаклларга биноан амалга оширилади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилади.
13. Республика комиссияси ўз фаолиятига вазирлик ва идоралар ходимларини ва мутахассисларини жалб этади, олий таълим муассасасидаги таълим-тарбия ва илмий-услубий ишларнинг ҳолатини атрофлича кўриб чиқади, социологик тадқиқотлар ва сўровлар ўтказади.
14. Давлат аттестацияси тўғрисидаги хулоса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
15. Давлат аттестация комиссиясининг хулосасига кўра олий таълим муассасаси ректори:
— эгаллаб турган лавозимига лойиқ;
—эгаллаб турган лавозимига нолойиқ;
—аттестациядан шартли ўтган деб эътироф этилади.
16. Аттестациядан шартли ўтган ректор 6 ойдан сўнг қайта аттестациядан ўтказилади.
Аттестациядан ўтувчи эгаллаб турган лавозимига нолойиқ деб эътироф этилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан лавозимидан озод қилинади.
17. Лавозимга янги тайинланган олий таълим муассасаси ректорининг аттестацияси унинг меҳнат фаолияти бошланганидан камида бир йилдан сўнг ўтказилади.
18. Олий таълим муассасаларининг ректорлари давлат аттестацияси якунлари бўйича низолар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ кўриб чиқилади.