Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ҲАКАМЛИК СУДЛАРИ ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
«Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ҳакамлик судлари ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 июндаги 384-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.06.2020 й., 09/20/384/0770-сон)
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Р.А. Муҳитдинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2008 йил 30 октябрь,
235-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 30 октябрдаги 235-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ҳакамлик судлари ҳисобини юритиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон. Республикаси Қонунига мувофиқ доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари ҳисобини рўйхатдан ўтказиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муваққат ҳакамлик судлари ҳисобини юритиш тартибини белгилайди.
2. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари ҳисобини рўйхатдан ўтказиш ҳакамлик суди мақомини ва унинг ваколатларини расмий тасдиқлаш усули ҳисобланади. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари реестри электрон шаклда юритилади ҳамда доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари ҳисобини рўйхатдан ўтказиш мазкур Реестрга ҳакамлик суди тўғрисидаги маълумотларни киритиш ва ҳисобини рўйхатдан ўтказиш тўғрисида гувоҳнома бериш орқали амалга оширилади.
Муваққат ҳакамлик судларини ҳисобга олиш муваққат ҳакамлик суди мақомини ва ваколатларини расмий ҳисобга олиш усули ҳисобланади. Муваққат ҳакамлик судлари реестри электрон шаклда юритилади ҳамда муваққат ҳакамлик судлари мазкур Реестрга ҳакамлик суди тўғрисидаги маълумотларни киритиш ва уларга ҳисобга олинганлиги тўғрисида хабарнома юбориш орқали ҳисобга олинади.
Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари ҳисобини рўйхатдан ўтказишда ва муваққат ҳакамлик судларини ҳисобга олишда ҳакамлик судини ташкил этишнинг мақсадга мувофиқлиги кўриб чиқилмайди, унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.
3. Қуйидагилар доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари ҳисобини рўйхатдан ўтказиш ва муваққат ҳакамлик судларини ҳисобга олишнинг мақсади ҳисобланади:
ҳакамлик судлари ташкил этилганлигини ва уларнинг фаолияти тугатилганлигини тасдиқлаш, ҳакамлик судлари тўғрисидаги маълумотларни тизимлаштириш;
ҳакамлик судлари фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш, шунингдек доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари таркибига кирадиган ҳакамлик судьялари тўғрисидаги ахборотни эълон қилиш.
4. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари ҳисобини рўйхатдан ўтказиш ва муваққат ҳакамлик судлари ҳисобини юритиш тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (кейинги ўринларда — адлия органлари) томонидан мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
5. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари ҳисобини рўйхатдан ўтказиш ва муваққат ҳакамлик судларини ҳисобга олиш учун тўловлар ундирилмайди.
2-боб. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари ҳисобини рўйхатдан ўтказиш
6. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахс вакили (кейинги ўринларда — ариза берувчи) унинг ҳисобини рўйхатдан ўтказиш учун доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб ўн иш куни мобайнида давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилади ёки давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун Нодавлат нотижорат ташкилотларининг электрон платформаси (кейинги ўринларда — Платформа) ёхуд Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда — ЯИДХП) рўйхатдан ўтади.
Аризалар ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин.
Бунда аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари тушганда, навбатдаги иш куни аризаларнинг ваколатли органга тушган ва ваколатли орган томонидан қабул қилинган кун ҳисобланади.
Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда — Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, Платформа ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилган тақдирда эса-мустақил равишда ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон шаклда тўлдиради.
Сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
юридик шахснинг ваколатли органи томонидан доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судини ташкил этиш тўғрисида қабул қилинган қарори нусхаси;
юридик шахснинг ваколатли органи томонидан тасдиқланган доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди низоми ва унинг иш тартиби нусхаси;
ҳакамлик судьялари рўйхати;
вакилнинг ваколатини тасдиқлайдиган ҳужжат (ишончнома).
Қуйидаги ҳужжатлар «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олинади:
ҳакамлик судьяларининг идентификация ID-картаси (паспорт) маълумотлари;
ҳакамлик судьяларининг дипломлари (олий юридик маълумоти бўлганда). Ҳакамлик судлари ҳисобини рўйхатдан ўтказиш учун камида битта ҳакамлик судьясининг олий юридик маълумоти бўлиши керак;
ҳакамлик судьяларининг меҳнат дафтарчалари (мавжуд бўлганда);
доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома.
Сўровнома тўлдирилгандан сўнг ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, сўровномани идентификация қилишнинг замонавий воситалари (Mobile-ID тизими, электрон рақамли имзо, дактилоскопия ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
Ариза берувчи ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, сўровномани электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
7. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахс тақдим қилинган ҳужжатларнинг ишончлилиги ва қонунчиликка мувофиқлиги учун жавоб беради.
8. Тақдим қилинган ҳужжатларга асосан адлия органи белгиланган тартибда ҳакамлик судьялари рўйхатига киритилган шахсларнинг «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқлигини ўрганиб чиқади.
Тақдим қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиш ва доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ҳисобини рўйхатдан ўтказиш ўн иш кунидан ошмайдиган муддатда амалга оширилади.
Ҳакамлик судьялари рўйхатига киритилган шахслар кўрсатиб ўтилган талабларга мувофиқ бўлган тақдирда, адлия органи доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ҳисобини рўйхатдан ўтказади. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ҳисобини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги маълумотлар ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шакл бўйича Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари реестрига киритилади ҳамда ҳакамлик суди ҳисоби рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида 4-иловага мувофиқ шаклда QR-код (матрик штрихли код) қўйилган гувоҳнома Давлат хизматлари марказига, Платформа ёки ЯИДХП орқали мурожаат этилганда — ариза берувчига юборилади.
9. Ҳакамлик судьялари рўйхатига киритилган шахслар белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган ёки ариза берувчи томонидан зарур даражада расмийлаштирилмаган ёхуд тўлиқ бўлмаган ҳужжатлар тақдим қилинган тақдирда адлия органи аниқланган камчиликларни ва тегишли ҳужжатларни тақдим қилиши мумкин бўлган муддатни кўрсатган ҳолда Давлат хизматлари марказига, Платформа ёки ЯИДХП орқали мурожаат этилганда — ариза берувчига хабарнома юборади.
Камчиликларни бартараф этиш бўйича хабарнома юборилган тақдирда, аризани кўриб чиқиш муддати хабарномада кўрсатилган муддатга тўхтатиб турилади.
10. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг фаолияти тугатилган, шунингдек доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди низомига ёки иш тартибига ўзгартиришлар ёки қўшимчалар киритилган тақдирда, юридик шахс ўн иш куни мобайнида Мазкур Низомнинг 6-бандида белгиланган тартибда мурожаат қилади. Адлия органи барча зарур ҳужжатлар тақдим қилинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари реестрига тегишли ёзувни киритади ва бу тўғрисида Давлат хизматлари марказига, Платформа ёки ЯИДХП орқали мурожаат этилганда — ариза берувчига хабарнома юборади.
3-боб. Муваққат ҳакамлик судлари ҳисобини юритиш
11. Муваққат ҳакамлик судлари ҳисоби мазкур Низомга 5-иловага мувофиқ схема бўйича юритилади.
12. Муваққат ҳакамлик судига раислик қилувчи (низо ҳайъатда кўриб чиқилаётганда) ёхуд ҳакамлик судьяси (низо якка кўриб чиқилаётганда) ҳакамлик муҳокамаси бошлангунга қадар мазкур Низомнинг 6-бандида белгиланган тартибда мурожаат қилади ҳамда Низомга 6-иловага мувофиқ шакл бўйича сўровномани тўлдиради.
Сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
ҳакамлик битими нусхаси;
ҳакамлик судьялари рўйхати (низо ҳайъатда кўриб чиқилаётганда).
Қуйидаги ҳужжатлар «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олинади:
ҳакамлик судьяларининг идентификация ID-картаси (паспорт) маълумотлари;
ҳакамлик судьялари дипломлари (олий юридик маълумоти бўлганда).
ҳакамлик судьялари меҳнат дафтарчалари (мавжуд бўлганда).
Ҳисобга олиш учун камида битта ҳакамлик судьясининг олий юридик маълумоти бўлиши керак.
13. Адлия органи тақдим қилинган ҳужжатларга асосан белгиланган тартибда ҳакамлик судьялари рўйхатига киритилган шахсларнинг «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқлигини ўрганиб чиқади.
Ҳакамлик судьялари рўйхатига киритилган шахслар кўрсатиб ўтилган талабларга мувофиқ бўлган тақдирда, адлия органи муваққат ҳакамлик судини ҳисобга олади. Муваққат ҳакамлик судини ҳисобга олиш тўғрисидаги маълумотлар ушбу Низомга 7-иловага мувофиқ шакл бўйича муваққат ҳакамлик судлари реестрига киритилади.
Тақдим қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиш ва муваққат ҳакамлик судини ҳисобга олиш беш иш кунидан ошмайдиган муддатда амалга оширилади.
Муваққат ҳакамлик судини ҳисобга олиш тўғрисида тегишли адлия органи томонидан муваққат ҳакамлик судлари реестрига маълумотлар киритилганда Давлат хизматлари марказига, Платформа ёки ЯИДХП орқали мурожаат этилганда муваққат ҳакамлик судига хабарнома юборилади.
14. Ҳакамлик судьялари белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган ёки зарур даражада расмийлаштирилмаган ёхуд тўлиқ бўлмаган ҳужжатлар тақдим қилинган тақдирда, адлия органи аниқланган камчиликларни тегишли ҳужжатларни тақдим қилиши мумкин бўлган муддатни кўрсатган ҳолда Давлат хизматлари марказига, Платформа ёки ЯИДХП орқали мурожаат этилганда муваққат ҳакамлик судига хабарнома юборади.
4-боб. Ҳакамлик суди таркибини ўзгартириш
15. Ҳакамлик суди таркиби ўзгартирилган тақдирда, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахс ёки мазкур Низомнинг 12-бандида кўрсатилган шахслар (кейинги ўринларда — ариза берувчи) бу тўғрисида Давлат хизматлари марказига ёки Платформа ёхуд ЯИДХП орқали мурожаат қилади.
Бунда қуйидаги ҳужжатлар «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олинади:
ҳакамлик судьяларининг идентификация ID-картаси (паспорт) маълумотлари;
ҳакамлик судьялари дипломлари (олий юридик маълумоти бўлганда). Бунда камида битта ҳакамлик судьясининг олий юридик маълумоти бўлиши тўғрисидаги талабга риоя қилиниши керак;
ҳакамлик судьяларининг меҳнат дафтарчалари (мавжуд бўлганда).
16. Адлия органи ҳакамлик судьяларининг «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқлигини ўрганиб чиқади.
Ҳакамлик судьялари кўрсатиб ўтилган талабларга мувофиқ бўлган тақдирда, адлия органи Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик Судлари реестрига ёки Муваққат ҳакамлик судлари реестрига тегишли ўзгартиришларни киритади.
17. Ҳакамлик судьялари белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган ёки зарур даражада расмийлаштирилмаган ёхуд тўлиқ бўлмаган ҳужжатлар тақдим қилинган тақдирда, адлия органи аниқланган камчиликларни ва ариза берувчи тегишли ҳужжатларни тақдим қилиши мумкин бўлган муддатни кўрсатган ҳолда Давлат хизматлари марказига, Платформа ёки ЯИДХП орқали мурожаат этилганда ариза берувчига хабарнома юборади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
18. Агар адлия органи ҳакамлик судлари ҳисоби рўйхатдан ўтказилгандан ёки ҳисобга олингандан кейин тегишли равишда Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари реестрига ёки Муваққат ҳакамлик судлари реестрига киритилган, «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлмаган ҳакамлик судьяларини аниқлаган тақдирда, у доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахсга ёки муваққат ҳакамлик судини ташкил этган ҳакамлик битими томонларига номувофиқликни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома юборади.
19. Адлия органи тақдимномаси бажарилмаганда, «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддаси талабларига мувофиқ бўлмаган ҳакамлик судьялари Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари реестри ёки Муваққат ҳакамлик судлари реестридан чиқарилади. Бир вақтнинг ўзида адлия органи бу ҳақида ваколатли судга хабарнома юборади.
20. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ёки муваққат ҳакамлик суди тегишли равишда доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ҳисобини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномани ва муваққат ҳакамлик судини ҳисобга олиш тўғрисидаги хабарномани олгандан кейин ҳакамлик ишини кўришга киришадилар.
21. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини тугатиш, муваққат ҳакамлик судларини ташкил этиш, шунингдек, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари таркибига кирувчи ҳакамлик судьялари ҳақидаги ахборот ҳудудий адлия органлари томонидан даврий равишда, лекин ҳар чоракда камида бир марта умумлаштириш ва тизимлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига юборилади.
Ушбу ахборот Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тизимлаштирилади ва «Ўзбекистон Республикаси қонунчилик тўплами»да нашр этилади.
Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини тугатиш, шунингдек, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари таркибига кирадиган ҳакамлик судьялари тўғрисидаги ахборот Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг расмий сайтига жойлаштирилади.
22. Мазкур Низом қоидаларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
Ҳакамлик судлари ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ҳисобини рўйхатдан ўтказиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Ариза берувчилар

Давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига шахсан келиб ёки Нодавлат нотижорат ташкилотларининг электрон платформаси (кейинги ўринларда — Платформа) ёхуд Ўзбекистон Республикаси ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали мурожаат қилади.

Ўз хоҳишига кўра

2-босқич

1. Давлат хизматлари маркази

1. Давлат хизматлари маркази ходими сўровномани тўлдириб, ваколатли органга юборади.

1. Сўровнома тўлдирилгандан кейин 10 дақиқада

2. Платформа ёки ЯИДХП

2. Тўлдирилган сўровнома автоматик тарзда ваколатли органга юборади.

2. Реал вақт режимида

3-босқич

Адлия органи

1. Ҳакамлик судьялари рўйхатига киритилган шахсларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини ўрганиб чиқади.

2. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ҳисобини рўйхатдан ўтказади ва Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари реестрига киритади.

3. Ҳакамлик суди ҳисоби рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган гувоҳномани Давлат хизматлари марказига, Платформа ёки ЯИДХП орқали мурожаат этилганда — ариза берувчига юборади.

4. Рўйхатдан ўтказишни рад этади.

10 иш куни ичида

4-босқич

Давлат хизматлари маркази

QR-код (матрик штрихли код) қўйилган гувоҳномани ариза берувчиларга тақдим этади.

10 дақиқа ичида

Ҳакамлик судлари ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ҳисобини рўйхатдан ўтказиш тўғрисида
СЎРОВНОМА

I. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди тўғрисида маълумот:

1. Ташкилот номи:

2. Жойлашган жойи (почта манзили):

3. Солиқ тўловчининг идентификация рақами:

4. Телефон рақами:

II. Ҳакамлик суди вакили:

1. Ф.И.О.

2. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР):

III. Сўровномага илова қилинадиган ҳужжатлар:

доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судини ташкил қилган юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси*;

юридик шахснинг ваколатли органи томонидан доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судини ташкил этиш тўғрисида қабул қилинган қарори нусхаси;

юридик шахснинг ваколатли органи томонидан тасдиқланган доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди низоми ва унинг иш тартиби нусхаси;

ҳакамлик судьялари рўйхати;

ҳакамлик судьяларининг идентификация ID-картаси (паспорт) маълумотлари*;

ҳакамлик судьялари дипломларининг (олий юридик маълумоти бўлганда) нусхалари*;

ҳакамлик судьялари меҳнат дафтарчаларининг (мавжуд бўлганда) нусхалари*;

вакилнинг ваколатини тасдиқлайдиган ҳужжат (ишончнома).

Изоҳ. * Ушбу маълумотлар «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олинади.
Ҳакамлик судлари ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА
Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари реестри

Т/р

Ариза тушган сана ва вақт

Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судини ташкил қилган юридик шахснинг номи

Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судини ташкил қилган юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтган тартиб рақами ва санаси

Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судини ташкил қилиш тўғрисидаги қарорнинг тартиб рақами ва санаси

Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ҳисобини рўйхатдан ўтказиш тартиб рақами ва санаси

Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди судьялари (Ф.И.О.)

Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик. суди фаолиятини тугатиш ёки унинг ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиб рақами ва санаси

1.

Ҳакамлик судлари ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга
4-ИЛОВА

Oʻzbekiston Respublikasi

Adliya vazirligi

Doimiy faoliyat koʻrsatuvchi hakamlik sudi hisobini roʻyxatdan oʻtkazish toʻgʻrisida

GUVOHNOMA

____________-son

Reyestrga kiritilgan sana: ________________________

Kun, oy, yil: __________________________________

Yuridik shaxs nomi: ____________________________

Tashkiliy-huquqiy shakli: _______________________

Pochta manzili: _______________________________

STIR: ______________________________________

____________________

Hududiy adliya organi

Hujjatning

haqiqiyligini

tasdiqlovchi

QR-kod

Mazkur hujjat Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 15-sentabrdagi 728-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq shakllantirilgan elektron hujjatning nusxasi hisoblanadi.
Elektron hujjatning nusxasida ko'rsatilgan maʼlumotlar toʻgʻriligini tekshirish uchun edoc.gov.uz veb-saytiga oʻting va elektron hujjatning noyob raqamini kiriting yoki mobil telefon yordamida QR-kodni skaner qiling.
Diqqat! Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 15-sentabrdagi 728-son qaroriga muvofiq elektron hujjatlardagi maʼlumotlar qonuniy hisoblanadi. Davlat organlariga Yagona portalda shakllantirilgan elektron hujjatlarning nusxalarini qabul qilishni rad etishlari qatʼiyan taqiqlangan.
Ҳакамлик судлари ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга
5-ИЛОВА
Муваққат ҳакамлик судини ҳисобга олиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Ариза берувчи

Давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига шахсан келиб ёки Нодавлат нотижорат ташкилотларининг электрон платформаси (кейинги ўринларда — Платформа) ёхуд Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали мурожаат қилади.

Ўз хоҳишига кўра

2-босқич

1. Давлат хизматлари маркази

1. Давлат хизматлари маркази ходими сўровномани тўлдириб, ваколатли органга юборади.

1. Сўровнома тўлдирилгандан кейин 10 дақиқада

2. Платформа ёки ЯИДХП

2. Тўлдирилган сўровнома автоматик тарзда ваколатли органга юборилади.

2. Реал вақт режимида

3-босқич

Адлия органи

1. Ҳакамлик судьялари рўйхатига киритилган шахсларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини ўрганиб чиқади.

2. Муваққат ҳакамлик судларини ҳисобга олади ва Муваққат ҳакамлик судлари реестрига киритади.

3. Муваққат ҳакамлик судлари ҳисобга олинганлиги тўғрисида хабарнома Давлат хизматлари марказига, Платформа ёки ЯИДХП орқали мурожаат этилганда — ариза берувчига юборилади.

4. Рўйхатдан ўтказишни рад этади.

5 куни ичида

Ҳакамлик судлари ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга
6-ИЛОВА
Муваққат ҳакамлик судини ҳисобга олиш тўғрисида
СЎРОВНОМА

I. Муваққат ҳакамлик суди тўғрисида маълумот:

1. Ташкилот номи:

2. Жойлашган жойи (почта манзили):

3. Солиқ тўловчининг идентификация рақами:

4. Телефон рақами:

II. Муваққат ҳакамлик судининг раислик қилувчиси ёки ҳакамлик судьяси:

1. Ф.И.О.

2. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами:

III. Сўровномага илова қилинадиган ҳужжатлар:

ҳакамлик битими нусхаси;

ҳакамлик судьялари рўйхати (низо ҳайъатда кўриб чиқилаётганда);

ҳакамлик судьялари паспорт маълумотлари*;

ҳакамлик судьялари дипломлари (олий юридик маълумоти бўлганда). Ҳисобга олиш учун камида битта ҳакамлик судьясининг олий юридик маълумоти бўлиши керак*;

ҳакамлик судьялари меҳнат дафтарчалари (мавжуд бўлганда)*.

Изоҳ. * Ушбу маълумотлар «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олинади.
Ҳакамлик судлари ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга
7-ИЛОВА
Муваққат ҳакамлик судлари реестри

Т/р

Хабарнома тушган сана ва вақт

Ҳакамлик битими томонларининг номи

Муваққат ҳакамлик судини ташкил қилиш тўғрисидаги қарор санаси

Муваққат ҳакамлик судини ҳисобга олиш тартиб рақами ва санаси

Муваққат ҳакамлик судлари судьялари (Ф.И.О.)

1.

(1-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 сентябрдаги 553-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.09.2024 й., 09/24/553/0704-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 июндаги 384-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.06.2020 й., 09/20/384/0770-сон)
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 44-45-сон, 443-модда; 2012 й., 37-сон, 429-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.12.2017 й., 10/17/1001/0447-сон; 16.06.2020 й., 09/20/384/0770-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 12.09.2024 й., 09/24/553/0704-сон)