1.12.00.00.00 Ахборот ва ахборотлаштириш / 12.08.00.00 Ахборот хавфсизлиги, ахборотни ва ахборот жараёнлари ҳамда ахборотлаштириш соҳаси субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш (шунингдек, 16.04.03.00 га қаранг))]
[ТСЗ:
1.Иқтисодиёт / Ахборот ва ахборотлаштириш. Электрон тижорат (ҳужжат айланиши)]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўзбекистон Республикасида ахборотни криптографик муҳофаза қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Ахборотлаштириш тўғрисида» ва «Давлат сирлари тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ, шунингдек, ахборотни муҳофаза қилишнинг криптографик воситалари ҳамда криптография тизимларидан фойдаланган ҳолда давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлар баён этилган ахборотни муҳофаза қилиш фаолиятини тартибга солиш мақсадида:
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 11 сентябрдаги ПФ-171-сонли Фармони таҳририда)
1. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ахборотни криптографик муҳофаза қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ва маҳсулотлар (хизматлар)ни сертификатлашни таъминловчи ваколатли орган ҳисобланади.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги ПФ-5456-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.06.2018 й., 06/18/5456/1316-сон)
2. Қуйидагилар Давлат хавфсизлик хизматининг ахборотни криптографик муҳофаза қилиш соҳасидаги асосий вазифалари этиб белгилансин:
(2-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги ПФ-5456-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.06.2018 й., 06/18/5456/1316-сон)
[ОКОЗ:
1.12.00.00.00 Ахборот ва ахборотлаштириш / 12.08.00.00 Ахборот хавфсизлиги, ахборотни ва ахборот жараёнлари ҳамда ахборотлаштириш соҳаси субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш (шунингдек, 16.04.03.00 га қаранг))]
ахборотни криптографик муҳофаза қилиш воситалари ва тизимларини ривожлантириш ҳамда фойдаланиш соҳасидаги стратегик устувор йўналишларни замонавий талаблар ва стандартларга мувофиқ равишда шакллантириш ва амалга ошириш;
ахборотни криптографик муҳофаза қилишни стандартлаштириш, сертификатлаш ва лицензиялаш, бу соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришни таъминлаш;
ахборотни криптографик муҳофаза қилиш соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш ва юқори малакали кадрларни тайёрлаш, ахборотни криптографик муҳофаза қилишнинг маҳаллий воситаларини ишлаб чиқиш.
давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлар баён этилган ахборотни;
(3-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 11 сентябрдаги ПФ-171-сонли Фармони таҳририда)
давлат ташкилотларининг мулки ҳисобланган махфий ахборотни;
ташкилотлар томонидан товарлар ва хизматларни давлат ташкилотлари эҳтиёжлари учун етказиб беришда уларнинг идоравий мансублиги ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, махфий ахборотини криптографик муҳофаза қилишда фойдаланиладиган ахборотни криптографик муҳофаза қилиш воситалари, шу жумладан хорижда ишлаб чиқарилган воситалари мажбурий равишда сертификатлаштирилиши шарт.
4. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикасида ахборотни криптографик муҳофаза қилиш тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикасида ахборотни криптографик муҳофаза қилиш воситаларини сертификатлаш тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Миллий хавфсизлик хизмати (Р. Иноятов) «Ўзстандарт» агентлиги (Р. Бўриев) билан биргаликда ахборотни криптографик муҳофаза қилиш соҳасида тегишли стандартлар, норматив ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқишни ташкил этсин.
6. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Р. Қосимов), МХХ билан келишилган ҳолда, ахборотни криптографик муҳофаза қилиш соҳасида давлат таълим стандартларини ишлаб чиқишни таъминласин.
7. «Ўзстандарт» агентлиги (Р. Бўриев) белгиланган тартибда МХХни ахборотни криптографик муҳофаза қилиш соҳасида маҳсулот (хизмат)ларни сертификатлаш ҳуқуқини олишга аккредитациядан ўтказсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборотни криптографик муҳофаза қилиш воситаларидан ёки криптотизимлардан фойдаланишни назарда тутувчи ахборот тизимларини яратиш бўйича лойиҳалар экспертизасини ўтказишда мазкур лойиҳаларнинг ДХХ билан келишиб олинишини таъминласин.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги ПФ-5456-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.06.2018 й., 06/18/5456/1316-сон)
9. Ахборотни криптографик муҳофаза қилиш маҳаллий воситаларини яратиш бўйича илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ўтказиш мақсадида харид қилинадиган дастурий ва техника воситалари, назорат-ўлчов ҳамда тадқиқот комплекслари, шунингдек фойдаланиш материаллари ДХХнинг тасдиқловчи хати бўлган тақдирда божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилсин.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги ПФ-5456-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.06.2018 й., 06/18/5456/1316-сон)
10. Миллий хавфсизлик хизмати (Р. Иноятов) Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ҳамда идоралар билан биргаликда икки ой муддатда амалдаги қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий хавфсизлик Кенгаши Котиби М. Атаев зиммаларига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 3 апрель,
ПҚ-614-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 3 апрелдаги ПҚ-614-сонли қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида ахборотни криптографик муҳофаза қилиш тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом ахборотни криптографик муҳофаза қилиш, жумладан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ муҳофаза қилинадиган ахборот (кейинги ўринларда — махфий ахборот) ёки давлат сирларини ўз ичига олган криптографик муҳофаза қилиш воситаларини ишлаб чиқиш, реализация қилиш, улардан фойдаланиш, мамлакатга олиб кириш ва олиб чиқиш тартибини белгилайди.
давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган ахборотларни;
(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 11 сентябрдаги ПФ-171-сонли Фармони таҳририда)
давлат ташкилотларига тегишли махфий ахборотларни;
идоравий мансублиги ва мулкчилик шаклидан қатъи назар ташкилотларда, давлат ташкилотлари эҳтиёжлари учун товарлар ва хизматларни етказиб беришдаги махфий ахборотларни.
Бошқа ҳолларда мазкур Низомнинг талаблари тавсиявий характерга эга ҳисобланади.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ахборотни криптографик муҳофаза қилиш — криптографик ўзгартиришлар алгоритми (криптоалгоритмлар) ёрдамида амалга оширилувчи ахборотларнинг бутлигини, очиқлиги ва махфийлигини таъминлашга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуаси;
криптографик алгоритм (криптоалгоритм) — ахборотни (маълумотларни) бузишни олдини олиш ва рухсатсиз фойдаланишдан ҳимоя қилиш мақсадида ахборотни (маълумотни) ўзгартиришнинг математик алгоритми;
ахборотни криптографик муҳофаза қилиш воситаси (АКМВ) — ахборотни хавфсизлигини таъминлаш учун уни криптографик ўзгартиришни амалга оширувчи аппарат, дастурий ёки аппарат-дастурий воситалар, жумладан:
а) шифрлаш воситалари — ахборот алмаштирилишида криптографик алгоритмларни қўлловчи ва ахборотни қайта ишлаш, сақлаш ва алоқа каналлари орқали узатишда унга рухсатсиз кириш (фойдаланиш)дан муҳофаза қилиш учун қўлланиладиган аппарат, дастурий ва аппарат-дастурий воситалар;
б) имитоҳимоялаш воситалари — ахборотни криптографик ўзгартириш ва ёлғон ахборот билан боғланишдан муҳофазалашни амалга оширувчи аппарат, дастурий ва аппарат-дастурий воситалар;
в) электрон рақамли имзо воситалари — электрон ҳужжатда электрон рақамли имзо яратилишини, электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлиги тасдиқланиши, электрон рақамли имзонинг очиқ ва ёпиқ калитлари яратилишини таъминлайдиган барча техникавий ва дастурий воситалар мажмуи;
г) кодлаш воситалари — ўзгартиришнинг айрим қисмини қўлда бажариладиган амаллар орқали ахборотни криптографик ўзгартириш алгоритмини амалга оширишда қўлланиладиган воситалар;
д) калит ҳужжатларни яратиш воситалари ва калит ҳужжатлари (калит ахборотларни ташиш туридан қатъи назар);
криптографик тизим (криптотизим) — ахборотни криптографик ўзгартиришни ва (ёки) бошқаришни, шу жумладан криптографик калитларни тайёрлаш ва тарқатиш жараёнини автоматлаштиришни таъминловчи ташкилий, техникавий ва дастурий воситалар мажмуи.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ахборотни криптографик муҳофаза қилиш соҳасида махсус ваколатли орган (кейинги ўринларда — Ваколатли орган) ҳисобланади.
5. Ахборот-коммуникация тизимларида (алоқа тизимларида, локал ва корпоратив компьютер тармоқларида) ахборотни криптографик муҳофаза қилиш уларни яратиш ва фойдаланишнинг таркибий қисми ҳисобланади.
6. АКМВ ва криптотизимларни лойиҳалаш, ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, олиб кириш, олиб чиқиш, реализация қилиш, фойдаланиш ва таъмирлаш, шунингдек ахборотни криптографик муҳофаза қилиш бўйича хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятни ахборотни криптографик муҳофаза қилиш соҳасидаги алоҳида фаолият турларини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензияга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари амалга оширишлари мумкин.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 январдаги ПҚ-30-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.01.2025 й., 07/25/30/0078-сон)
7. Махфий ахборотни криптографик муҳофаза қилиш воситалари ва криптотизимдан фойдаланиш ва таъмирлашга давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатнома берилган шахсларга рухсат этилади.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 11 сентябрдаги ПФ-171-сонли Фармони таҳририда)
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Давлат сирлари тўғрисида»ги Қонуни.
8. Ахборотни сифатли криптографик муҳофаза қилиш ахборотни хавфсизлиги бўйича АКМВга, АКМВдан фойдаланиладиган муҳим ҳужжатлар ва тизимларга нисбатан талабларни бажариш ҳамда сертификация синовларини тўлиқ ўтказиш орқали таъминланади.
[ОКОЗ:
1.12.00.00.00 Ахборот ва ахборотлаштириш / 12.02.00.00 Ахборот ва ахборотлаштириш соҳасида бошқарув. Электрон ҳукумат / 12.02.03.00 Ахборот ва ахборотлаштириш соҳасини лицензиялаш;
2.12.00.00.00 Ахборот ва ахборотлаштириш / 12.08.00.00 Ахборот хавфсизлиги, ахборотни ва ахборот жараёнлари ҳамда ахборотлаштириш соҳаси субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш (шунингдек, 16.04.03.00 га қаранг))]
9. Ахборотни криптографик муҳофаза қилиш мақсадида мувофиқлик сертификатига эга АКМВларидан, шунингдек фойдаланилиши Ваколатли орган билан келишилган криптотизимлардан фойдаланилади.
10. АКМВдан фойдаланишга рухсат олиш, сертификатлаш ҳамда АКМВдан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя қилинишини назорат қилиш тартиби тегишли низомлар асосида белгиланади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонуни.
11. Ўзбекистон Республикасининг таълим муассасаларида ахборотни криптографик муҳофаза қилиш соҳасида кадрлар тайёрлаш Ваколатли органнинг услубий раҳбарлиги остида ва криптология фанлари бўйича ўқув дастурларини у билан мажбурий келишган ҳолда амалга оширилади.
12. Мазкур Низомга мувофиқ вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар ва муассасалар ахборотни криптографик муҳофаза қилиш бўйича идоравий йўриқномаларни ишлаб чиқиб, тасдиқлайди.
Ахборотни криптографик муҳофаза қилиш бўйича идоравий йўриқномалар Ваколатли орган билан келишилиши лозим.
II. АКМВни ишлаб чиқиш тартиби
13. Янги АКМВни ишлаб чиқиш ёки фойдаланишда бўлганини модернизация қилиш (кейинги ўринларда — ишлаб чиқиш) ахборотни криптографик муҳофаза қилиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва стандартлари талабларига ва мазкур Низомга мувофиқ амалга оширилади.
14. АКМВни ишлаб чиқишда лицензияланган дастурий таъминотдан фойдаланилади.
15. АКМВни ишлаб чиқиш учун топшириқ Ваколатли орган билан келишган ҳолда буюртмачи томонидан тузилади.
16. АКМВни ишлаб чиқиш зарур илмий-тадқиқот ишларини (кейинги ўринларда — ИТИ) ва тажриба-конструкторлик ишланмалар (кейинги ўринларда — ТКИ) ўтказиш орқали амалга оширилади.
17. АКМВнинг янги намуналарини яратиш бўйича ИТИ (ТКИ) Ўзбекистон Республикасининг амалдаги меъёрий ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилган техник топшириқ (кейинги ўринларда — ТТ) асосида олиб борилади.
18. АКМВни ишлаб чиқишда ИТИни олиб бориш учун ТТни буюртмачи Ваколатли органга кўриб чиқиш учун юборади, у эса ўз навбатида ТТни олган вақтдан бошлаб бир ой давомида келишиши ёки асослантирилган рад жавобини бериши шарт.
19. Ваколатли орган билан келишилган ИТИни ўтказиш учун ТТ АКМВ буюртмачиси томонидан тасдиқланади.
20. ИТИ натижаси АКМВ ишлаб чиқиш бўйича ТКИни ўтказиш учун ТТ лойиҳаси ва мазкур ТКИнинг техник-иқтисодий асослари ҳисобланади.
21. ТКИни ўтказиш учун ТТда куйидаги қўшимча маълумотлар кўрсатилиши керак:
ишлаб чиқилаётган АКМВ бардош бериши керак бўлган юз бериши мумкин бўлган хатарларни белгиловчи, бузувчининг мўлжалланган ҳаракатлар модели тавсифини ўз ичига олган криптографик муҳофазанинг мақсади;
АКМВда бир вақтда фойдаланиладиган калитлар сони, уларнинг тахминий амал қилиш муддатлари, уларнинг алмашинувини ташкил этиш, калит ташувчининг тури, йўқ қилиш тартиби ва муддатлари;
калитлар ишлаб чиқариш тизимининг тури (АКМВга ўрнатилган ёки ташқи) қўлланиладиган калит ишлаб чиқариш (тарқатиш) тизими томонидан таъминланиши керак бўлган ахборот хавфсизлиги талаблари;
ишларни амалга ошириш, шу жумладан АКМВнинг эксперт криптографик, муҳандислик-криптографик, махсус тадқиқотларини ўтказиш ва АКМВ таркибига кирадиган техник воситаларда ахборотни яширинча олиш имкониятининг мавжудлигини аниқлаш, ТКИ босқичларини кўрсатган ҳолда асосий ҳужжатларга техник талабларни ишлаб чиқиш бўйича ишларни амалга оширишнинг режалаштирилган тартиби ва вақтига оид маълумот;
таркибида ишлаб чиқилаётган АКМВдан фойдаланиш режалаштирилган тизим, унинг асосий техник хусусиятлари, шунингдек ҳимояланаётган ахборот тури (нутқ, матн, график ва бошқа) ҳақида маълумот. АКМВни модернизация қилишда унинг тўлиқ номи ва индекси ҳам берилади;
мўлжалланаётган ишлаб чиқувчи (юридик шахснинг номи, унинг манзили, алоқа телефон рақами) ва биргаликда ишлаб чиқувчи (агар мавжуд бўлса), шунингдек, АКМВнинг ишлаб чиқарувчиси ёки ахборотни криптографик муҳофаза қилиш соҳасида фаолиятнинг айрим турларини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия рақамлари ва уларнинг амал қилиш муддатлари кўрсатилган асосий ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар;
[ОКОЗ:
1.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.03.00.00 Юридик шахслар / 03.03.01.00 Умумий қоидалар]
ахборотни криптографик муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятнинг айрим турларини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия рақамлари ва уларнинг амал қилиш муддатлари кўрсатилган ҳолда ишлаб чиқилаётган АКМВга хизмат (техник хизмат) кўрсатиши режалаштирилаётган юридик шахсларнинг рўйхати.
22. АКМВ буюртмачиси ТКИни ўтказиш учун ТТни Ваколатли органга кўриб чиқиш учун юборади, у эса ўз навбатида ТТни олган вақтдан бошлаб бир ой давомида келишиши ёки асослантирилган рад жавобини бериши шарт.
23. Ваколатли орган билан келишилган ТКИни ўтказиш учун ТТ буюртмачи томонидан тасдиқланади.
24. Ишлаб чиқилаётган АКМВдан фойдаланиш қоидалари ишлаб чиқувчи томонидан тузилади ва Ваколатли орган билан келишилади.
25. ТКИни амалга оширишда ишлаб чиқилаётган АКМВга конструкторлик ҳужжатлари (кейинги ўринларда — КҲ) яратилади.
26. ТКИни амалга ошириш учун ТТда баён этилган бузувчининг муайян ҳаракат модели томонидан аниқланган маълумотларнинг хавфсизлигига эҳтимолий таҳдидларга қарши кураш бўйича чора-тадбирларнинг етарлилигини баҳолаш учун АКМВни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ва ишлатиш жараёнида АКМВнинг криптографик, муҳандислик-криптографик ва махсус тадқиқотлари ўтказилади (кейинги ўринларда — АКМВ мавзули тадқиқотлари).
АКМВ мавзули тадқиқотлари ахборотни криптографик муҳофаза қилиш воситаларини ишлаб чиқиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган ташкилотлар томонидан ўтказилади.
(26-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 январдаги ПҚ-30-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.01.2025 й., 07/25/30/0078-сон)
27. Мавзули тадқиқотлари натижаларини экспертиза қилиш Ваколатли орган томонидан амалга оширилади АКМВ. Экспертиза натижаларига кўра АКМВни ишлатишга рухсат бериш имконияти аниқланади.
28. АКМВнинг мавзули тадқиқотлари ва уларнинг натижаларини экспертиза қилиш ТКИнинг алоҳида босқичи бўлиб, унинг ажралмас қисмини ташкил қилади ва ТКИни амалга оширишнинг бошқа босқичлари билан бирлаштирилиши мумкин эмас.
29. АКМВ бўйича КҲлари Ваколатли орган билан келишилади ва қуйидагилар мавжуд бўлганда ишлаб чиқаришга ўтказилади:
Ваколатли орган билан келишилган АКМВдан фойдаланиш қоидалари.
III. АКМВни ишлаб чиқариш тартиби
30. АКМВни ишлаб чиқариш тўғрисидаги қарор АКМВ бўйича КҲлар келишилганидан, АКМВнинг доимий фаолият юритишининг синови натижалари бўйича тажриба намуналари якунига етказилганидан ва уларнинг ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини баҳоланганидан сўнг қабул қилинади.
31. АКМВни ишлаб чиқариш Ваколатли орган билан келишилган техник шартларга мувофиқ амалга оширилади.
32. АКМВ доимий режимларда ишлаш учун синовдан ўтган ва АКМВ мавзули тадқиқотларининг ижобий эксперт хулосасига эга бўлган АКМВ тажриба намуналарини лойиҳалаш ва ишлаб чиқариш технологиясига тўлиқ мос равишда ишлаб чиқарилади.
33. АКМВ ишлаб чиқарувчиси АКМВ конструкциясини ва уларни ишлаб чиқариш технологиясини ўзгаришни Ваколатли орган билан келишиши керак. АКМВ конструкциясига ва уларни ишлаб чиқариш технологиясига ўзгаришлар киритишни келишиш АКМВ ишлаб чиқарувчиси томонидан Ваколатли органга киритилиши мўлжалланаётган ўзгаришлар рўйхатини тақдим қилиш ва тегишли ижобий хулосалар олиш орқали амалга оширилади.
34. Ташқи ишлаб чиқариш тизимидан фойдаланган ҳолда асосий ҳужжатларни ишлаб чиқариш Ваколатли органнинг ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган асосий ҳужжатларнинг ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги ижобий хулосаси мавжуд бўлганда амалга оширилади.
35. Ишлаб чиқариладиган АКМВ учун эксплуатация-техник ҳужжатлар ишлаб чиқувчи томонидан тузилади ва Ваколатли орган билан келишилади.
36. АКМВ ишлаб чиқаришда техник шартлар талабларига риоя этилишини назорат қилиш Ваколатли орган томонидан амалга оширилади.
IV. АКМВни реализация қилиш (тарқатиш) тартиби
37. АКМВ Ваколатли орган билан келишилган фойдаланиш қоидалари ва эксплуатация-техник ҳужжатлар билан биргаликда реализация қилинади (тарқатилади).
38. АКМВ ёки уларга КҲларни реализация қилиш (тарқатиш) ушбу фаолият турини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган юридик шахс томонидан амалга оширилади.
39. АКМВга КҲларни олиш (шу жумладан дастурий АКМВни кўпайтириш) АКМВни ишлаб чиқувчи ва/ёки ишлаб чиқарувчи юридик шахслар томонидан амалга оширилади.
40. АКМВ ва/ёки уларга КҲларни хорижий мамлакатлар резидентларига реализация қилиш (тарқатиш) ваколатли орган билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
V. АКМВдан фойдаланиш тартиби
41. Ахборотни криптографик муҳофаза қилиш мақсадида АКМВни сертификатлаш органи томонидан берилган мувофиқлик сертификатига эга бўлган АКМВ қўлланилади.
42. АКМВ фойдаланиш қоидаларига, Ваколатли органнинг кўрсатма ва тавсияларига мувофиқ эксплуатация қилинади. АКМВ фойдаланиш қоидаларида кўрсатилган АКМВдан фойдаланиш шартларидаги барча ўзгаришлар Ваколатли орган билан келишилган бўлиши керак.
43. Фойдаланишда бўлган АКМВ ўтказишнинг аниқ саналари буюртмачи томонидан ишлаб чиқарувчи ва Ваколатли орган билан келишилган ҳолда белгиланадиган мавзули назорат текширувидан ўтказилиши керак.
44. АКМВ, уларнинг тажриба намуналари ва алоҳида шифрлаш элементлари, шунингдек, АКМВ таркибига киритилмаган блоклар индекслар ёки шартли номлар ва рўйхатга олиш рақамлари ёрдамида бирма-бир ҳисобга олинади, дастурий АКМВ бундан мустасно. АКМВни бирма-бир ҳисобга олиш индекслари (шартли номлар) ва рўйхатга олиш рақамлари, шунингдек, АКМВ таркибига киритилмаган блоклар рўйхати Ваколатли орган томонидан белгиланади.
(44-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 январдаги ПҚ-30-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.01.2025 й., 07/25/30/0078-сон)
Дастурий АКМВдан давлат сирларини ҳимоялашда фойдаланишга қонунчилик ҳужжатлари ва миллий стандартлар, шунингдек, Ваколатли органнинг идоравий ҳужжатлари талаблари доирасида рухсат этилади. Бунда дастурий АКМВдан давлат сирларини ҳимоялашда фойдаланиш тўғрисида уларнинг нусхалари сони ва улардан фойдаланиш мақсадини кўрсатган ҳолда Ваколатли органни ёзма равишда хабардор қилиш шарт;
(44-банд Ўзбекистон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 январдаги ПҚ-30-сонли қарорига асосан иккинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.01.2025 й., 07/25/30/0078-сон)
АКМВ тажриба намуналарини бирма-бир ҳисобга олишни ташкил этиш АКМВ ишлаб чиқувчиси зиммасига юклатилади.
Ишлаб чиқарилган АКМВларни бирма-бир ҳисобга олишни ташкил этиш АКМВ ишлаб чиқарувчиси зиммасига юклатилади.
Ишлатилаётган АКМВларни бирма-бир ҳисобга олишни ташкил этиш АКМВнинг буюртмачиси ва охирги фойдаланувчиси зиммасига юклатилади.
45. АКМВ тажриба намуналарини, шунингдек, ишлаб чиқарилган ва ишлатилаётган АКМВни марказлаштирилган (миқдорий) бирма-бир ҳисобга олиш тартибини белгилаш ва ташкил этиш Ваколатли орган томонидан амалга оширилади.
(45-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 январдаги ПҚ-30-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.01.2025 й., 07/25/30/0078-сон)
46. АКМВнинг махфийлиги грифи, унга оид асосий ҳужжатлар, шунингдек, АКМВ бўйича ишлов бериладиган маълумотлар махфийлигининг энг юқори грифи АКМВ ишлаб чиқувчиси томонидан мавзули тадқиқотлар натижаларига кўра белгиланади ва Ваколатли орган билан келишилади.
(46-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 январдаги ПҚ-30-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.01.2025 й., 07/25/30/0078-сон)
47. Халқаро ахборот алмашиш чоғида АКМВдан фойдаланиш қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.
48. АКМВдан фойдаланиш қоидаларига, шунингдек калитларни ишлаб чиқариш ташқи тизимига асосий ҳужжатларни ишлаб чиқариш шартларига риоя этилишини назорат қилиш Ваколатли орган томонидан амалга оширилади.
49. Ишлаб чиқарилган ва фойдаланилаётган АКМВ, ишлаб чиқилаётган тажриба намуналар тўғрисидаги ҳисобот маълумотлари Ваколатли органга тегишли равишда ишлаб чиқувчи, ишлаб чиқарувчи ва фойдаланувчи томонидан йилига бир марта тақдим этилади.
VI. АКМВни Ўзбекистонга олиб кириш ва республикадан олиб чиқиб кетиш тартиби
50. Ўзбекистонга олиб кириш ва республикадан олиб чиқиб кетишга рухсат этилган АКМВ ва криптотизимлар рўйхати Ваколатли орган томонидан белгиланади.
51. Давлат органлари ва корхоналари, хўжалик бирлашмалари давлат сирларини муҳофаза қилишга мўлжалланган криптотизимларни ва ахборотни криптографик муҳофаза қилиш воситаларини (кейинги ўринларда — АКМВ) Ваколатли орган билан келишган ҳолда сотиб олади, Ўзбекистон Республикасига олиб киради, Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиб кетади.
52. Республикада аккредитациядан ўтган хорижий ваколатхоналар томонидан АКМВ ва криптотизимларни олиб кириш ва олиб чиқиш белгиланган тартибда Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюроси орқали Ваколатли органнинг рухсати билан амалга оширилади.
53. Республиканинг юридик шахслари томонидан чет элга вақтинча олиб чиқиб кетилган АКМВ ва криптотизимларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, улар экспорт қилинганда божхона органи томонидан расмийлаштирилган ушбу воситаларни қайтиб олиб кириш мажбуриятлари асосида амалга оширилади.
54. Олиб кириш ва олиб чиқишга рухсат этилган рўйхатга киритилмаган АКМВ ва криптотизимлар Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтаётганда божхона органлари томонидан кейинчалик Ваколатли органни хабардор қилган ҳолда олиб қўйилади.
55. АКМВларни олиб қўйиш, сақлаш ва утилизация тартиби Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги билан белгиланади.
VII. Якунловчи қоидалар
56. Вазирликлар ва идоралар, корхоналар ва ташкилотлар мазкур Низом талабларининг ўзларига қарашли корхоналар, муассасалар томонидан бажарилиши учун амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
57. Ахборотларнинг криптографик муҳофазасини амалга ошириш тартибига доир талаблар бузилган тақдирда, айбдор шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгар бўладилар.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 155-моддаси, Жиноят кодексинингXX1 боби.
LexUZ шарҳи
1-илова норасмий таржима.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 3 апрелдаги ПҚ-614-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида ахборотни криптографик муҳофаза қилиш воситаларини сертификатлаш тўғрисидаги
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, сертификатлаш ишларини ташкил этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида ахборотни криптографик муҳофаза қилиш воситаларини (кейинги ўринларда — АКМВ) сертификатлаш устидан давлат назоратини амалга ошириш тартибини белгилайди.
3. АКМВни сертификатлаш деганда, АКМВнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва давлат стандартлари талабларига белгиланган тартибда мувофиқлигини тасдиқлаш бўйича фаолият тушунилади.
4. Қуйидаги маълумотларни криптографик муҳофаза қилишда фойдаланиладиган, шу жумладан хорижда ишлаб чиқарилган АКМВ мажбурий сертификатланиши лозим:
давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган маълумотлар;
(4-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 11 сентябрдаги ПФ-171-сонли Фармони таҳририда)
давлат ташкилотларига тегишли бўлган махфий маълумотлар;
идоравий мансублигидан ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, ташкилотларда давлат ташкилотлари эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш ва хизматлар кўрсатишдаги махфий маълумотлар.
Бошқа ҳолларда, АКМВни сертификатлаш тавсиявий характерга эга.
5. Сертификатлаш АКМВни сертификатлаш тизими доирасида Миллий сертификатлаштириш тизими қоидаларига мувофиқ, белгиланган тартибда норматив ҳужжатларнинг амалдаги мезонларига (талабларига) мувофиқ амалга оширилади.
II. АКМВни сертификатлаш тизими
6. АКМВ сертификатлаш тизими ахборотни криптографик муҳофаза қилиш соҳасидаги Ваколатли орган томонидан яратилади ва уни белгиланган қоидаларга мувофиқ амалга оширадиган сертификатлаш иштирокчилари мажмуи ҳисобланади.
7. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ахборотни криптографик муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланади.
8. Сертификатлаш ишларини ташкил этиш ва бажариш, шунингдек, мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш Давлат хавфсизлик хизматининг тегишли бўлинмаси — қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган АКМВни сертификатлаш органи (кейинги ўринларда — Сертификатлаш органи) томонидан амалга оширилади.
9. Сертификатланган АКМВнинг давлат реестри берилган мувофиқлик сертификатлари асосида Сертификатлаш органи томонидан юритилади.
10. АКМВни сертификатлаш иштирокчилари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
Сертификатлаш органи;
АКМВни сертификатлаш синовларини (ёки алоҳида синов турларини) амалга оширадиган аккредитациядан ўтган синов марказлари (лабораториялар);
ариза берувчилар — АКМВни ишлаб чиқувчилар, ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар ва фойдаланувчилар.
11. Сертификатлаш мазкур Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
Сертификатлашнинг асосий схемалари қуйидагилар ҳисобланади:
АКМВнинг алоҳида намуналари учун — ушбу намунанинг ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини синовдан ўтказиш;
четдан олиб кириладиган ёки партияли чиқариладиган АКМВ учун — норматив ҳужжатларга мувофиқ танланган намуналарда ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини синовдан ўтказиш;
АКМВни серияли ишлаб чиқариш учун — ишлаб чиқаришни тасдиқланган дастур бўйича текширувдан (махсус текширишдан) ўтказган ҳолда, маҳсулот намуналарини ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги бўйича намунавий синовдан ўтказиш, келгусида ушбу талабларнинг бажарилишини таъминлайдиган (белгилайдиган) сертификатланган маҳсулот характеристикасининг барқарорлиги устидан даврий инспекция назоратни амалга ошириш.
Сертификатлаш схемалари ҳар бир алоҳида ҳолатда Сертификатлаш органи томонидан талабнома берувчининг таклифларини, маҳсулот ҳажмини, синов усулларини ва ишлаб чиқариш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда танланади.
Сертификатлаш органининг қарори билан халқаро тизимлар ёки шартномалар доирасида халқаро амалиётда қўлланиладиган бошқа сертификатлаш схемаларидан фойдаланиш мумкин.
12. Сертификатлаш ишлари учун ҳақ тўлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шартнома асосида амалга оширилади.
Сертификатлаш органи мувофиқлик сертификатининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин камида икки йил давомида сертификатлаштириш тартиб-таомилларини амалга ошириш натижаси бўйича барча материалларнинг сақланиши ва махфийлигини таъминлаши шарт.
13. Сертификатлаш органи ўз ваколатлари доирасида қуйидаги функцияларни амалга оширади:
сертификатлашни ташкил этади;
АКМВнинг алоҳида турларини сертификатлаш қоидаларини белгилайди;
талабнома берувчининг таклифларини инобатга олган ҳолда сертификатлаш схемасини белгилайди;
сертификатлаш синовларини ўтказиш дастурлари ва усулларини тасдиқлайди;
сертификатлаш синовлари учун АКМВ намуналарини саралайди;
мажбурий сертификатланиши лозим бўлган АКМВнинг рўйхати бўйича таклифлар тайёрлайди ва уларни Ваколатли орган орқали «Ўзстандарт» агентлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритади;
мувофиқлик сертификатлашдан ўтказиладиган ахборот хавфсизлиги бўйича меъёрий ҳужжатларни, сертификатлаш тартиб-таомилларини ўтказиш бўйича услубий ва маъмурий ҳужжатларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
сертификатлаш қоидаларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади, сертификатланган АКМВ устидан инспекция назоратини ўтказиш тартибини белгилайди;
сертификатланадиган АКМВни ишлаб чиқаришни текширишни белгиланган тартибда ташкил этади;
сертификатланган АКМВ устидан инспекция назоратини амалга оширади;
ариза берувчига сертификатлаш бўйича зарур ахборотни тақдим этади;
сертификатлаш учун зарур бўлган меъёрий-услубий ҳужжатлар фондини шакллантиради ва янгилайди, уларни ишлаб чиқишда иштирок этади;
АКМВ учун техник, эксплуатацион ҳужжатларни ва АКМВ сертификатлаш синовлари учун материалларни экспертизадан ўтказади;
мувофиқлик белгисидан фойдаланиш учун сертификатлар расмийлаштиради ва уларнинг ҳисобини юритади;
сертификатлашни тасдиқловчи ҳужжатларни сақлайди;
сертификатлаш масалалари бўйича апелляцияларни кўриб чиқади;
АКМВ учун техник, эксплуатацион ҳужжатларни экспертизадан ўтказади;
сертификатлаш бўйича эксперт хулосасини расмийлаштиради ва АКМВ мувофиқлик белгисидан фойдаланиш бўйича сертификатлар ва шартномалар берилишини, шунингдек ушбу сертификатлаш тизими сертификатларининг амал қилишини бекор қилишни (тўхтатиб туришни) таъминлайди;
сертификатланган ва рўйхатдан ўтган АКМВ тўғрисидаги маълумотларни белгиланган тартибда Миллий сертификатлаштириш органига юборади.
АКМВнинг алоҳида турлари бўйича сертификатлаш синовларини ўтказади, сертификатлаш синовларининг хулосалари ва баённомаларини, кейинчалик уларни Сертификатлаш органига тақдим этган ҳолда расмийлаштиради;
Сертификатлаштириш органининг таклифига биноан сертификатланадиган АКМВнинг ишлаб чиқарилишини текширишда иштирок этади;
сертификатлаш синовлари учун АКМВ намуналарини танлашда иштирок этади.
Аккредитация қилинган синов марказлари (лабораториялар) АКМВ синовларининг тўлиқлиги ва натижаларининг ишончлилиги учун жавобгардир.
15. Ариза берувчилар (ишлаб чиқувчилар, ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар ва АКМВ фойдаланувчилари):
ахборот хавфсизлигини белгиловчи АКМВ хусусиятларининг барқарорлигини таъминлайди;
қайта сертификатлаш тўғрисида қарор қабул қилиш учун сертификатланган АКМВ технологияси, конструкцияси (таркиби)даги барча ўзгаришлар тўғрисида Сертификатлаш органини хабардор қилади;
сертификатни қўллайди ва сертификатланган АКМВни АКМВ сертификатлаш тизими қоидаларида белгиланган тартибда мувофиқлик белгиси билан маркировка қилади;
АКМВ учун илова қилинган техник ҳужжатларда сертификатлаш тўғрисидаги маълумотларни, улар мувофиқ бўлиши керак бўлган меъёрий ва услубий ҳужжатларни кўрсатади; ушбу маълумотлар фойдаланувчига етказилишини таъминлайди;
АКМВнинг ахборот хавфсизлиги бўйича улар сертификатланган меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини таъминлайди;
Сертификатлаш органининг мансабдор шахслари ва сертификатланган АКМВ устидан инспекция назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминлайди;
мажбурий сертификатланиши лозим бўлган АКМВ, агар уларнинг мувофиқлиги сертификатланган меъёрий ҳужжатлар талабларига жавоб бермаса, сертификатнинг амал қилиш муддати тугагач, тўхтатиб қўйилган ёки бекор қилинган тақдирда амалга оширилишини тўхтатиб туради ёки тугатади;
сертификатланган АКМВнинг норматив, услубий ва эксплуатация ҳужжатлари талабларига номувофиқлиги аниқланганда, бу ҳақида дарҳол Сертификатлаш органига хабар берадилар;
заруратга қараб, Сертификатлаш органи билан келишилган ҳолда сертификатланган маҳсулотларнинг реклама брошюраларини (буклетларини) тайёрлайди.
16. АКМВни сертификатлаш ва сертификатланган АКМВ устидан инспекция назоратини амалга ошириш, шунингдек АКМВ ишлаб чиқаришни махсус текшириш қоидалари ва тартиби (схемаси) Сертификатлаштириш органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Миллий сертификатлаштириш тизимида белгиланган тартибда алоҳида норматив ҳужжатлар чиқариш орқали белгиланади.
17. Сертификатлаш иштирокчилари фаолиятида низоли масалалар юзага келган тақдирда манфаатдор томон Сертификатлаш органига ёки ахборотни криптографик муҳофаза қилиш соҳасидаги Ваколатли органга апелляция бериши мумкин. Мазкур ташкилотлар мурожаатни бир ой муддатда манфаатдор томонларни жалб қилган ҳолда апелляцияни кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор тўғрисида апелляция берувчини хабардор қилади.
18. Сертификатлаш қатнашчилари ўзларига юкланган вазифаларни бажариш, давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлар ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ муҳофаза қилиниши лозим бўлган маълумотларнинг муҳофаза қилинишини, ариза берувчи томонидан тақдим этилган моддий қимматликларнинг сақланишини таъминлаш, шунингдек АКМВни сертификатлаш синовлари пайтида ариза берувчининг муаллифлик ҳуқуқларига риоя қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар ҳисобланади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 14-моддаси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 155 ва 1771-моддалари ва Жиноят кодексининг 149-моддаси.
III. АКМВни сертификатлаш тартиби
19. Ушбу Низомга мувофиқ сертификатлаштириш учун ариза берувчи Сертификатлаш органига ушбу Низомнинг 2-иловасида келтирилган шаклда ариза юборади.
20. Сертификатлашни амалга ошириш учун ариза берувчи қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
ишлаб чиқарилаётган маҳсулот учун норматив ҳужжат нусхаси (мавжуд бўлса);
маҳсулот маркировкаси намунаси;
умумий хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
АКМВ қаерда ва қандай мақсадларда ишлатилиши ҳақида маълумот.
21. Сертификатлаш органи ушбу Қоидаларнинг 20-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўплами илова қилинган ариза топширилгандан сўнг уни кўриб чиқади, тақдим этилган ҳужжатларни таҳлил қилади ва ариза қабул қилинган ва кўриб чиқилгандан кейин икки кундан кечиктирмай ариза берувчига сертификатлашни ўтказиш ёки ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарори ҳақида хабар беради.
Қарорда сертификатлашнинг барча асосий шартлари, шу жумладан сертификатлаш схемаси ва мувофиқлиги юзасидан сертификатлаш ўтказиладиган зарур меъёрий ҳужжатлар, шунингдек синовлар ўтказиладиган аккредитация қилинган синов маркази (лаборатория) ёки сертификатлашни рад этиш сабаблари кўрсатилади.
Қарорнинг тавсия этилган шакли мазкур Низомнинг 3-иловасида келтирилган.
22. Сертификатлаш муддати ушбу маҳсулотлар ва / ёки синов усуллари учун меъёрий ҳужжатларда белгиланган синов муддатларига мос келиши, лекин сертификатлаш учун ариза Сертификатлаш органига топширилган кундан бошлаб бир ойдан ошмаслиги керак.
23. Ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини сертификатлаш учун АКМВ намуналарини танлаш ва идентификация қилиш Сертификатлаш органи томонидан ариза рўйхатга олинган кундан бошлаб икки кундан кечиктирмай жойига чиққан ҳолда амалга оширилади.
24. Намуна олиш пайтида сертификатлаш учун тақдим этилган маҳсулотларни идентификация қилиш бир хил маҳсулотларни сертификатлаш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади. Агар идентификациялаш натижаларига кўра ариза берувчи томонидан тақдим этилган намуналар аризада кўрсатилган меъёрий ҳужжатларга мос келмаслиги аниқланса, намуналар танлаб олинмайди ва аризачига асосланган рад жавоби берилади.
Агар сертификатлаш рад этилса, АКМВ маълумотларидан маълумотни муҳофаза қилиш учун фойдаланилмайди.
25. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлардан намуналар олиш проба ва намуналар олиш тўғрисидаги далолатнома билан икки нусхада расмийлаштирилади, улардан бири талабнома берувчига топширилади.
Давлат божхона қўмитасининг мажбурий сертификатланиши лозим бўлган товарларни (маҳсулотларни) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва унинг ҳудудидан олиб чиқиш тартибини белгиловчи меъёрий ҳужжатлари талабларига мувофиқ, божхона назорати остида сақланаётган импорт қилинадиган товарлардан сертификатлаш учун проба ва намуналар олиш божхона органининг рухсати билан Сертификатлаш органининг вакиллари томонидан товар эгаси ёки унинг вакили иштирокида амалга оширилади. Бунда, Сертификатлаш органининг вакили томонидан проба ва намуналар олиш тўғрисида 3 нусхада далолатнома тузилади, унинг учинчи нусхаси божхона органига топширилади.
26. Синов натижалари салбий бўлган тақдирда, шунингдек тўлиқ бўлмаган ҳужжатлар тўплами тақдим этилган тақдирда, Сертификатлаш органи ариза берувчига аниқ қонунчилик нормаларини кўрсатган ҳолда мувофиқлик сертификатини беришни рад этиш тўғрисида хулоса беради.
27. Сертификатланадиган, серияли ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг ишлаб чиқариш ҳолатини текшириш Сертификатлаш органи томонидан амалга оширилади. Текширув натижаларига кўра далолатнома тузилади ва у мувофиқлик сертификатини бериш тўғрисида қарор қабул қилишда ҳисобга олинади.
29. Ишлаб чиқаришни текшириш тўғрисидаги маълумотлар маҳсулотларга мувофиқлик сертификатида келтирилган.
30. Сертификатлаш органи синов, ишлаб чиқариш ҳолатини текшириш баённомасини ва ариза берувчи томонидан ариза билан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиққандан сўнг, мувофиқлик сертификатини беради ва АКМВни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказади, сертификатлаш натижалари салбий бўлганда, сертификат беришни ва АКМВни рўйхатдан ўтказишни рад этади.
31. Мувофиқлик сертификати ариза берувчига икки иш куни ичида, Сертификатлаш органи ишлаб чиқариш текширувини ўтказганда эса синов натижалари олинган кундан бошлаб беш иш куни ичида берилади.
32. Сертификатлаш органи томонидан берилган мувофиқлик сертификати Ўзбекистон Республикаси Миллий сертификатлаштириш тизимининг Давлат реестрида рўйхатга олинганидан кейин кучга киради.
(32-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 январдаги ПҚ-30-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.01.2025 й., 07/25/30/0078-сон)
33. Сертификатлаш органи махфий маълумотларни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқлиги юзасидан АКМВдан фойдаланиш устидан инспекция назоратини амалга оширади. Назорат меъёрий ҳужжатлар талабларини ҳисобга олган ҳолда махфий маълумотларни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқлик юзасидан АКМВнинг махсус текшириш дастурига мувофиқ амалга оширилади.
Инспекция назорати натижаларига кўра мувофиқлик сертификатининг амал қилиш тасдиқланиши, тўхтатилиши ёки бекор қилиниши мумкин.
34. Сертификатнинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг Сертификатлаш органи қайта синовдан ўтказиш ва махсус текшириш асосида унинг муддатини узайтиришни амалга оширади. Сертификатлаштириш органи ўтказилган инспекция назоратининг махсус текшируви натижалари бўйича сертификатнинг амал қилиш муддатини узайтириш ҳуқуқига эга.
35. Сертификатлаш материаллари (синов баённомаларининг нусхалари, текшириш далолатномалари) сертификатнинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин 2 йил давомида Сертификатлаш органида сақланиши керак. Баённомалар нусхаларини сақлаш тартиби ва муддатлари Сертификатлаш органи томонидан белгиланади. Ушбу ҳужжатларни сақлашнинг белгиланган муддати ўтганидан кейин улар архивга топширилади ёки белгиланган тартибда йўқ қилинади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сон қарори билан тасдиқланган Архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом.
36. Берилган мувофиқлик сертификати асосида даврий махсус текшириш ва инспекция назоратини ўтказиш шартлари тўғрисида битим тузилади.
37. Хорижий мувофиқлик сертификатларини тан олиш Ўзбекистон Республикаси Миллий сертификатлаштириш тизими тартиб-таомиллари билан белгиланган тартибда амалга оширилади. Хорижий мувофиқлик сертификатларини тан олиш тўғрисидаги ариза Сертификатлаш органига ушбу Низомнинг 4-иловасида келтирилган шаклда юборилади.
Аризага Ўзбекистон Республикаси Миллий сертификатлаш тизимида назарда тутилган ҳужжатлардан ташқари АКМВ техник хусусиятларининг батафсил тавсифи, АКМВни ишлаб чиқишда ва ишлаб чиқаришга қўйишда хорижий давлатларнинг аккредитациядан ўтган синов лабораторияларида ўтказилган синов баённомаларининг (ҳужжатларининг) тасдиқланган нусхалари илова қилиниши шарт.
(37-банд Ўзбекистон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 январдаги ПҚ-30-сонли қарорига асосан хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.01.2025 й., 07/25/30/0078-сон)
38. Сертификатланган АКМВ устидан давлат назорати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
39. Сертификатлаш органи давлат назорати, шунингдек сертификатланган АКМВ устидан инспекция назорати натижаларига кўра қонун ҳужжатларида белгиланган чораларни қўллайди.
40. Давлат назорати ва инспекция назорати натижалари бўйича кўрилган чора-тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар зудлик билан ишлаб чиқарувчилар, АКМВ истеъмолчилари ва Миллий сертификатлаштириш органи эътиборига етказилади.
Ўзбекистон Республикасида ахборотни криптографик муҳофаза қилиш воситаларини сертификатлаш тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Мувофиқликни сертификатлаш орқали маҳсулотлар мувофиқлигини тасдиқлаш
СХЕМАЛАРИ
Схема рақами
Аккредитация қилинган синов лабораторияларида синов ўтказиш ёки мувофиқликни исботлашнинг бошқа усуллари
Ишлаб чиқаришни
текшириш ёки сифат тизимини баҳолаш
Сертификатланган маҳсулот устидан
инспекция назорати
(сифат, ишлаб чиқариш тизимлари)
1.
Маҳсулот намунасини синовдан ўтказиш
-
-
3.
Маҳсулот намуналарини намунавий синовдан ўтказиш
Тасдиқланган дастур бўйича текшириш (аттестация) ўтказиш
Ишлаб чиқарувчидан олинган намуналарни синаш.
Ишлаб чиқаришни текшириш
7.
Маҳсулот тўпини синовдан ўтказиш
-
-
Ўзбекистон Республикасида ахборотни криптографик муҳофаза қилиш воситаларини сертификатлаш тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
______________________________________
(сертификациялаштириш органи номи)
_____________________________________
(сертификациялаштириш органи манзили)
Ахборотларни криптографик муҳофаза қилиш воситаларини сертификатлаштиришдан ўтказиш бўйича ТАЛАБНОМА
ва ушбу маҳсулотни кўрсатилган ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини қуйидаги схема бўйича сертификатлаштиришдан ўтказишни илтимос қилади____________________________