|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 12.10.2009
|
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
ЖИНОИЙ ФАОЛИЯТДАН ОЛИНГАН ДАРОМАДЛАРНИ ЛЕГАЛЛАШТИРИШГА ВА ТЕРРОРИЗМНИ МОЛИЯЛАШТИРИШГА ҚАРШИ КУРАШИШ СОҲАСИДАГИ АЙРИМ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ ТЎХТАТИБ ТУРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 12 октябрдаги ПФ-4148-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолининг ва хўжалик юритувчи субъектларнинг банк тизимига ишончини мустаҳкамлашга оид кейинги чора-тадбирлар тўғрисида» 2007 йил 12 январдаги ПҚ-565-сонли қарорига мувофиқ:
1. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги айрим қонун ҳужжатларининг амал қилиши иловага* мувофиқ 2013 йилнинг 1 январига қадар тўхтатиб турилсин.
* Илова рус тилидаги матнда берилган.
2. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бир ҳафта муддатда мазкур қарор иловаларида кўрсатилган қонун ҳужжатларининг амал қилишини вақтинча тўхтатиб туришдан келиб чиққан ҳолда идоравий норматив ҳужжатларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти марказий аппарати, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари таркибий тузилмалари тўғрисидаги низомларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин.
3. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 20 февраль,
ПҚ-586-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 7-8-сон, 62-модда)