LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2020 йил 25 январдаги 2/4-сонли «Ўзбекистон Республикаси тижорат банклари автоматлаштирилган банк тизимларида ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига (рўйхат рақами 3224, 10.03.2020 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
«Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2003 йил 11 декабрь 563–II сонли «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида»ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 26 сентябрдаги 215-сонли «Электрон рақамли имзодан фойдаланиш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Марказий банк Бошқаруви қарор қилади:
1. «Ўзбекистон Республикаси банк тизимида электрон рақамли имзо ва шифрлаш калитларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг 10 кундан кейин кучга киритилсин.
3. Мазкур қарор кучга киритилиши билан Марказий банк Бошқарувининг 2000 йил 2 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси банк тизимида электрон архив ишларини юритиш тўғрисида»ги йўриқнома ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Тижорат банкларида ва Марказий банк Ҳисоб-китоб касса марказларида электрон имзо ва шифрация калитларидан фойдаланиш тартиби»ни тасдиқлаш тўғрисидаги 16/4-сонли қарори билан тасдиқланган 478-сонли (2000 йил 16 сентябрь, рўйхат рақами 991) «Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида ва Марказий банк Ҳисоб-китоб касса марказларида электрон имзо ва шифрация калитларидан фойдаланиш тартиби» ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Марказий банк Бошқарувининг 2000 йил 2 сентябрдаги 16/4-сонли қарорининг номи ва 1-бандидан «Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида ва Марказий банк Ҳисоб-китоб касса марказларида электрон имзо ва шифрация калитларидан фойдаланиш тартиби» сўзлари чиқариб ташлансин.
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида», «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида», «Ахборотлаштириш тўғрисида», «Электрон рақамли имзо тўғрисида», «Электрон тўловлар тўғрисида»ги қонунлари, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 26 сентябрдаги 215-сонли «Электрон рақамли имзодан фойдаланиш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори ва бошқа қонун ҳужжатлари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси банк телекоммуникация тармоғи орқали электрон ҳужжатларни узатилиши ва қабул қилинишида электрон маълумотларни муҳофаза қилиш, электрон рақамли имзо ва шифрлаш калитларидан фойдаланиш ва уларни сақланишини тўғри ташкил этиш тартибини белгилайди.
Барча банк телекоммуникация тармоғи иштирокчилари мазкур Низом талабларига амал қилишлари мажбурийдир.
банк телекоммуникация тармоғи иштирокчиси — Марказий банкнинг мулки ҳисобланган банк телекоммуникация тармоғи орқали шартнома асосида электрон ҳужжатларни узатиш, қабул қилиш ва қайта ишлаш ҳуқуқи берилган молия ташкилотлари;
электрон рақамли имзо — электрон ҳужжатдаги мазкур электрон ҳужжат ахборотини электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитидан фойдаланган ҳолда махсус ўзгартириш натижасида ҳосил қилинган ҳамда электрон рақамли имзонинг очиқ калити ёрдамида электрон ҳужжатдаги ахборотда хатолик йўқлигини аниқлаш ва электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгасини идентификация қилиш имкониятини берадиган имзо;
электрон рақамли имзонинг ёпиқ калити — электрон рақамли имзо воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳосил қилинган, фақат имзо қўювчи шахснинг ўзига маълум бўлган ва электрон ҳужжатда электрон рақамли имзони яратиш учун мўлжалланган белгилар кетма-кетлиги;
электрон рақамли имзонинг очиқ калити — электрон рақамли имзо воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳосил қилинган, электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитига мос келувчи, ахборот тизимининг ҳар қандай фойдаланувчиси фойдалана оладиган ва электрон ҳужжатдаги электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш учун мўлжалланган белгилар кетма-кетлиги;
электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш — электрон рақамли имзонинг электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгасига тегишлилигини ва электрон ҳужжатдаги ахборотда хатолик йўқлиги текширилгандаги ижобий натижа;
электрон ҳужжат — электрон шаклда қайд этилган, электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳамда электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имконини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган ахборот;
бош бухгалтер электрон рақамли имзоси — банк тизимида электрон ҳужжатларни тасдиқлаш учун доимий қўлланиладиган электрон рақамли имзо;
бош бухгалтер захира электрон рақамли имзоси — доимий электрон рақамли имзо (электрон идентификатор)ни қўллашда техник носозликлар келиб чиққан вазиятларда вақтинча қўлланиладиган электрон рақамли имзо;
электрон рақамли имзо калитининг сертификати — электрон рақамли имзонинг очиқ калити электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитига мослигини тасдиқлайдиган ва электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгасига рўйхатга олиш маркази томонидан берилган ҳужжатдир;
2. Электрон рақамли имзо ва шифрлаш калитлари электрон ҳужжатларнинг аслига тўғрилигини таъминлаш ва ташқи муҳит таъсиридан муҳофазалаш мақсадида қўлланилади.
3. Бош бухгалтернинг электрон рақамли имзоси электрон идентификаторда ёки бошқа турдаги махсус қурилмаларда ёзилган бўлиши мумкин.
4. Банк телекоммуникация тармоғи орқали узатилаётган электрон ҳужжат махсус техник-дастурий муҳофазалаш қурилмаси ёрдамида электрон рақамли имзо ва шифрлаш калитлари қўлланилган ҳолда муҳофазаланади.
Электрон рақамли имзо калитларини яратиш ҳамда электрон рақамли имзо очиқ калитларини фойдаланувчиларига тақдим этиш ишлари Рўйхатга олиш маркази томонидан амалга оширилади.
6. Рўйхатга олиш маркази Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган тартибда ташкил этилади.
Тижорат банклари ушбу Рўйхатга олиш маркази томонидан берилган электрон рақамли имзо сертификатларига асосан электрон ҳужжат ахборотларини муҳофазалаш ишларини ташкил қиладилар.
7. Марказий банк ва унинг Ҳудудий Бош бошқармалари, Ҳисоб-китоб касса марказлари, тижорат банклари, Ўзбекистон республика валюта биржаси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Республика Инкассация хизмати давлат унитар корхонаси, «Давлат белгиси» давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси Рўйхатга олиш марказининг фойдаланувчилари ҳисобланади.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2014 йил 6 сентябрдаги 31/1-сонли қарори (рўйхат рақами 1553-1, 23.09.2014 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 39-сон, 493-модда)
8. Электрон рақамли имзо калитлари Рўйхатга олиш маркази ёки фойдаланувчи томонидан сертификатланган махсус техникавий ва дастурий воситалар мажмуи ёрдамида яратилади.
9. Электрон рақамли имзо калитлари сертификатларини бериш Рўйхатга олиш маркази томонидан амалга оширилади.
10. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Рўйхатга олиш маркази томонидан электрон рақамли имзо калитлари сертификатининг реестри юритилади.
11. Тижорат банклари, Марказий банк Ҳудудий Бош бошқармалари Ҳисоб-китоб касса маркази, Ўзбекистон республика валюта биржаси, «Давлат белгиси» давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Республика Инкассация хизмати давлат унитар корхонаси Марказий банк Рўйхатга олиш марказига яратилган электрон рақамли имзо калитларининг сертификатларини олиш учун ҳужжатлар тўпламини тақдим этади.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2014 йил 6 сентябрдаги 31/1-сонли қарори (рўйхат рақами 1553-1, 23.09.2014 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 39-сон, 493-модда)
12. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Рўйхатга олиш марказининг ваколатли ходими электрон рақамли имзо калитлари сертификатларини умумлаштиради.
13. Электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилиш муддати электрон рақамли имзо рўйхатга олинган вақтдан бошлаб 24 ойдан ошмаслиги керак. Кейинчалик электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилиш муддати шартнома билан узайтирилади, бироқ икки мартадан ортиқ узайтирилмайди.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2014 йил 6 сентябрдаги 31/1-сонли қарори (рўйхат рақами 1553-1, 23.09.2014 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 39-сон, 493-модда)
14. Электрон ҳужжат шаклидаги электрон рақамли имзо калити сертификати рўйхатга олиш маркази ваколатли ходимининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.
15. Қоғоз кўринишидаги электрон рақамли имзо калити сертификати икки нусхада расмийлаштирилади. Бундай сертификатнинг нусхалари рўйхатга олиниб, ваколатли ходим томонидан имзоланади ва муҳр билан тасдиқланади. Электрон рақамли имзо калити сертификатининг бир нусхаси электрон рақамли имзонинг ёпиқ калити эгасига берилади, бошқа нусхаси эса Марказий банкнинг Рўйхатга олиш марказида сақланади.
агар электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгаси юридик шахснинг вакили бўлса, шу юридик шахснинг номи;
электрон рақамли имзонинг очиқ калитидан фойдаланишда ёрдам бериши мумкин бўлган электрон рақамли имзо воситаларининг номи;
17. Электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгаси ташаббуси билан электрон рақамли имзо калити сертификатига бошқа маълумотлар ҳам киритилиши мумкин.
18. Рўйхатга олиш маркази томонидан берилган электрон рақамли имзо очиқ калитлари сертификатлар реестрига киритилиб, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ахборотлаштириш Бош маркази давлат унитар корхонаси ҳамда тижорат банкларига юборилади ва белгиланган кундан бошлаб ишга туширилади.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2014 йил 6 сентябрдаги 31/1-сонли қарори (рўйхат рақами 1553-1, 23.09.2014 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 39-сон, 493-модда)
19. Бош тижорат банклари томонидан иш куни бошида Марказий банк Рўйхатга олиш маркази томонидан юборилган сертификатлар реестри белгиланган тартибда янгиланади.
20. Электрон рақамли имзони яратган (электрон ҳужжатга имзо қўйган) ва рўйхатга олиш маркази томонидан унинг номига электрон рақамли имзо калити сертификати берилган жисмоний шахс электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгаси бўлади.
электрон рақамли имзо калити сертификатини берган рўйхатга олиш марказига электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитидан фойдаланиш режими бузилганлиги ёки бузилиши эҳтимоли борлиги тўғрисида хабар қилиши ва электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туришни ёхуд мазкур сертификатни бекор қилишни талаб қилиши;
ўзи вакил бўлган юридик шахснинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши тўғрисида рўйхатга олиш марказига хабар қилиши шарт.
21. Электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгаси ўз мажбуриятларини бажармаслиги оқибатида электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитидан рухсатсиз фойдаланиш туфайли етказилган зарар учун тегишли электрон рақамли имзо очиқ калитининг фойдаланувчиси олдида жавобгар бўлади.
22. Электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш учун электрон рақамли имзонинг очиқ калитидан фойдаланаётган юридик ёки жисмоний шахс электрон рақамли имзо очиқ калитининг фойдаланувчиси бўлиши мумкин.
23. Электрон рақамли имзо очиқ калитининг фойдаланувчиси электрон рақамли имзонинг ёпиқ калити эгасига тегишлилигини ва электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлигини аниқлаш мақсадида Марказий банкнинг Рўйхатга олиш марказига мурожаат этиши мумкин.
24. Электрон рақамли имзо очиқ калитининг фойдаланувчиси электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлиги тасдиқланмаган ҳолларда электрон рақамли имзонинг ёпиқ калити эгасига хабар беради.
25. Электрон рақамли имзо калитининг сертификати электрон рақамли имзо ёпиқ калити эгасининг аризаси асосида рўйхатга олиш маркази томонидан бекор қилиниши мумкин.
26. Рўйхатга олиш маркази, электрон рақамли имзо ёпиқ калити эгасининг розилигидан қатъи назар, қуйидаги ҳолларда электрон рақамли имзо калитининг сертификатини бекор қилиши шарт, агар:
электрон рақамли имзо калитининг сертификати берилишига асос бўлган ҳужжатнинг амал қилиши тугатилганлиги аниқ маълум бўлса;
электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгаси Ўзбекистон Республикасининг «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги Қонунининг 10-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ўз мажбуриятларини бажармаган ҳоллар аниқланган бўлса.
27. Электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриш муддати тугаган ва электрон рақамли имзо ёпиқ калити эгасининг уни қайта тиклаш ҳақида аризаси бўлмаган тақдирда ҳам электрон рақамли имзо калитининг сертификати бекор қилиниши керак.
28. Электрон рақамли имзо калитининг сертификатини бекор қилиш электрон рақамли имзо ёпиқ калити эгасининг аризаси олинган ёки ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида баён қилинган ҳолатлар юзага келган кунда рўйхатга олиш маркази томонидан амалга оширилади.
29. Электрон рақамли имзо калитининг сертификатини бекор қилиш тўғрисидаги ёзув рўйхатга олиш маркази томонидан электрон рақамли имзолар калитлари сертификатларининг реестрига киритилиб, бу ҳақда электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгаси хабардор қилинади.
30. Банк телекоммуникация тармоғи орқали узатилаётган электрон ҳужжатлар электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва шифрланган бўлиши шарт.
Электрон рақамли имзо билан тасдиқланмаган ва шифрлаш жараёнидан ўтмаган электрон ҳужжатлар қайта ишлаш учун қабул қилинмайди.
31. Банк телекоммуникация тармоғи иштирокчиси ўзи жўнатган электрон ҳужжат электрон рақамли имзосиз ёки электрон рақамли имзоси мос келмаганлиги тўғрисида маълумот олганида, зудлик билан муаммони ҳал этиши ва электрон ҳужжатни қайтадан жўнатиши лозим.
32. Марказий банк аппарати, Марказий банк Ҳудудий Бош бошқармалари раҳбар ходимлари томонидан электрон рақамли имзонинг ёпиқ калити ҳужжатлар айланмаси (документ оборот) учун ишлатилади.
33. Бош бухгалтер электрон рақамли имзосининг ёпиқ калити ва электрон рақамли имзосининг захира ёпиқ калити сейфда сақланиши шарт ҳамда уни бошқа ходимларга фойдаланиш учун берилиши қатъиян ман қилинади.
34. Рўйхатга олиш марказининг электрон архив ишлари учун жавобгар ходими муддати тугаган ва ўз кучини йўқотган электрон рақамли имзоларнинг очиқ калитларини архивлаштириб, ташқи сақловчи воситаларга кўчириши шарт.
35. Электрон ҳужжатни электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш жараёнида муаммолар келиб чиққан вазиятларда (электрон имзо ёки электрон имзо қўювчи техник восита бузилганида) электрон рақамли имзо калити сертификати эгаси Марказий банкка ёзма равишда маълумот беради. Ушбу маълумотда муаммонинг сабаблари аниқ кўрсатилади ва «захира электрон рақамли имзо»дан фойдаланишга рухсат сўралади.
37. Тижорат банкларида электрон рақамли имзо (электрон рақамли имзо калити бузилганда, йўқотилганда ва шу каби бошқа ҳолатларда) белгиланган даврдан илгари янгилаши учун Марказий банкнинг Рўйхатга олиш марказига аввал телефон орқали, сўнгра ёзма равишда маълумот берилади. Ушбу маълумотда электрон рақамли имзонинг янгиланиш сабаблари батафсил кўрсатилади.
38. Мазкур Низом талаблари асосида электрон рақамли имзодан фойдаланиш ва уни сақланиши учун банк телекоммуникация тармоғи иштирокчиси раҳбарияти жавобгардирлар.