Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ АТАМАШУНОСЛИК ҚЎМИТАСИНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТУГАТИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика давлат бошқаруви органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида» 2003 йил 9 декабрдаги ПФ-3358-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамашунослик қўмитаси белгиланган тартибда тугатилсин.
2. Атамашуносликка оид ишларни тартибга солишни мувофиқлаштириш ва илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқиш вазифаси «Давлат тили ҳақида»ги Қонунни жорий этиш комиссияси зиммасига юклансин.
3. Атамашунослик қўмитасининг фаолиятини тугатиш комиссияси таркиби иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Илова берилмайди.
Комиссияга бир ой муддатда Атамашунослик қўмитасининг тугатилиши билан боғлиқ масалаларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқиш ва ҳал этиш вазифаси топширилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Атамашунослик қўмитасини тугатиш комиссияси фаолияти якунига қадар қўмитани тугатиш билан боғлиқ қонунда белгиланган харажатларни молиялаштиришни таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамашунослик қўмитасининг тугатилаётганлиги муносабати билан бўшаётган ходимларни белгиланган тартибда иш жойи билан таъминлаш чора-тадбирларини кўрсин.
6. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1989 йил 26 декабрдаги 405-р-сон фармойиши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 30 мартдаги 119-ф-сон ва 1994 йил 26 августдаги 334-ф-сон фармойишлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Азизхўжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2003 йил 23 декабрь,
562-сон