Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
РЕСПУБЛИКА МЕҲМОНХОНА ХЎЖАЛИГИ ВА ТУРИЗМ ЎЗБЕКИСТОН-ТУРКИЯ ЛИЦЕЙИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
«Ўзбектуризм миллий компанияси туристик комплекслари ва ташкилотларини Ўзбекистон Республикаси отель ва меҳмонхоналари ишларини жаҳон талаблари даражасида ташкил эта оладиган малакали мутахассислар билан таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, «Ўзбектуризм» миллий компанияси ва Туркия Республикаси Миллий таълим вазирлигининг 1993/94-ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳридаги 24-ўрта ҳунар билим юрти негизида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Республика меҳмонхона хўжалиги ва туризм Ўзбекистон-Туркия лицейини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:
мазкур ўқув юрти фаолиятини ташкил этиш ва бошқаришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон-Туркия лицейлари фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида» 1993 йил 27 майдаги 255-сон қapoрига ҳамда шу қарор билан тасдиқланган лицей тўғрисидаги низомга амал қилсин;
ўқув юртини таъминлаш, ўқувчиларнинг озиқ-овқати ва кийим-кечаги, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасидан ишга қабул қилинган раҳбар, муҳандис-педагог ва техник ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш учун амалдаги нормативларга мувофиқ ҳар йилги бюджет маблағлари ажратсин.
3. «Ўзбектуризм» миллий компанияси:
Республика меҳмонхона хўжалиги ва туризм Ўзбекистон-Туркия лицейи билан, республика туристик комплекси эҳтиёжларига мувофиқ, малакали кадрлар тайёрлашда ҳамкорлик қилиш тўғрисида узоқ муддатли шартнома тузсин;
Ўзбекистон Республикасининг меҳмонхона комплексларида ва чет мамлакатларда ишлаб чиқариш практикасини сифатли ўтказишни, кейинчалик уларни эгаллаган ҳунари ва малакасига мувофиқ ишга жойлаштиришни таъминласин;
лицейнинг ўқув-моддий негизини янгилаб бориш, педагог кадрларни рағбатлантириш учун хap йили қўшимча маблағлар ажратсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва «Ўзбектуризм» миллий компанияси:
2 ой муддатда Туркия Республикасининг Миллий таълим вазирлиги ва Туризм вазирлиги билан мазкур лицейни услубий, кадрлар ва моддий-техникавий таъминлашда ўзаро ҳамкорлик қилиш, ушбу ўқув юрти ўқувчиларининг Туркиянинг юқори классли отелларида тажриба ўрганишини ташкил этиш тўғрисида битим тузсинлар;
1993/94-ўқув йили бошлангунгача лицейнинг ўқув кабинетлари ва лабораторияларини таъмирлашни ҳамда зарур техника воситалари, лаборатория асбоб анжомлари билан жиҳозлашни таъминласинлар;
мазкур лицейда қўлланиш учун Туркия томонидан берилган ўқув-дастурий ҳужжатни бир ой муддатда ўргансинлар, зарурат бўлганда уни Ўзбекистоннинг миллий хусусиятлари ва анъаналарини ҳисобга олган ҳолда қайта ишласинлар ҳамда унга тузатишлар киритсинлар;
«Ўзбектуризм» миллий компаниясининг минтақавий бўлинмалари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаси органлари иштирокида ҳар йили хизмат кўрсатиш соҳаси касбларига мойил ва зарур базавий маълумотга эга бўлган ёшларни Республика меҳмонхона хўжалиги ва туризм Ўзбекистон-Туркия лицейида ўқишга юбориш учун танлашни амалга оширсинлар.
5. Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда Республика меҳмонхона хўжалиги ва туризм Ўзбекистон-Туркия лицейи биноси ва хоналарини у ерда жойлашган бошқа ташкилотлардан бўшатсин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари минтақа эҳтиёжларига мувофиқ Республика меҳмонхона хўжалиги ва туризм Ўзбекистон-Туркия лицейида ўқишга юбориш учун иқтидорли ёшларни танлашга амалий ёрдам кўрсатишда фаол қатнашсинлар.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Халқ таълими вазирлиги «Ўзбектуризм миллий компанияси билан биргаликда иқтидорли ёшларнинг замонавий меҳмонхона хўжалиги ҳамда туристик комплекслар мутахассисликлари бўйича касб маълумотини узлуксиз давом эттиришлари учун Республика меҳмонхона хўжалиги ва туризм Ўзбекистон-Туркия лицейини тамомлаганларни олий ва ўрта махсус ўқув юртларига қабул қилиш шартлари ва тартибини белгиласинлар.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг ижтимоий масалалар, фан ва маданият бўлимига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. МУТАЛОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 5 октябрь,
480-сон