Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларидаги нуфузли халқаро ва республика танловларида ижодкорларнинг иштирокини ошириш ҳамда қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида» 2026 йил 2 июндаги ПФ-103-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, маданият, санъат ва адабиёт соҳаларида ижодкорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 2 июндаги ПФ-103-сон Фармонига мувофиқ:
а) маданият, санъат ва адабиёт соҳаларидаги нуфузли халқаро ва республика танловлари ғолиб ҳамда совриндорлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги миқдорларда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилиши:
гран-при ва 1-ўрин соҳиби — нуфузли халқаро танлов бўйича 300 млн сўм, республика танлови бўйича 100 млн сўм миқдорида;
2-ўрин соҳиби — нуфузли халқаро танлов бўйича 200 млн сўм, республика танлови бўйича — 50 млн сўм миқдорида;
3-ўрин соҳиби — нуфузли халқаро танлов бўйича 100 млн сўм, республика танлови бўйича 25 млн сўм миқдорида;
б) танловларнинг ғолиб ва совриндорларини тайёрлаган ўқитувчи ва концертмейстернинг ойлик маошига бир йил давомида 100 фоизгача устама Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланиши;
в) нуфузли халқаро танловларнинг ғолиб (совриндор)лари ва уларнинг ўқитувчи (концертмейстер)ларининг танловларда иштирок этиши билан боғлиқ харажатлар тўлиқ Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланиши;
г) умумий ўрта таълим ташкилотлари ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчилари иш ҳақига ўқувчиларининг чолғуларни ижро этиши даражасидан келиб чиқиб, ҳар ойда 20 фоизгача устама тўлаш тартиби жорий этилиши белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларидаги нуфузли танловлар ғолибларини, уларнинг ўқитувчи ва концертмейстерларини рағбатлантириш ҳамда танловларда иштирок этиш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Умумий ўрта таълим ташкилотлари ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчиларига ўқувчиларининг чолғуларни ижро этиши даражасидан келиб чиқиб, ҳар ойда устама тўлаш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2027 йил 1 январдан бошлаб:
а) бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўтказиладиган маданият, санъат ва адабиёт соҳаларидаги танловлар мажбурий тартибда:
«ERP madaniyat» ягона бошқарув тизимининг Миллий танловлар платформаси (кейинги ўринларда — Платформа)га киритилади ва у барча учун очиқ манба ҳисобланади;
Платформада ҳар бир ижодкорнинг фаолияти, натижалари ва ривожланиш динамикаси тўғрисидаги маълумотларни назарда тутувчи электрон портфолио шакллантирилади;
б) хусусий сектор томонидан ва бюджетга тааллуқли бўлмаган манбалар ҳисобидан ўтказиладиган республика танловлари бўйича ҳам ушбу қарорда назарда тутилган қўллаб-қувватлаш чоралари татбиқ этилади. Бунда:
танлов ташкилотчиси томонидан танлов тўғрисидаги маълумотлар (танлов низоми, дастури ва ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтказилганини тасдиқловчи ҳужжат) Платформага жойлаштирилиши;
Платформага жойлаштирилган маълумотлар Маданият вазирлиги томонидан ушбу қарор билан тасдиқланган Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларидаги нуфузли танловлар ғолибларини, уларнинг ўқитувчи ва концертмейстерларини рағбатлантириш ҳамда танловларда иштирок этиш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом талаблари асосида кўриб чиқилиши;
танлов Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланган нуфузли халқаро ва республика танловлари рўйхатига киритилган бўлиши лозим.
4. Маданият вазирлиги бир ой муддатда:
Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда Платформа фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда унда ҳар бир ижодкорнинг фаолияти, натижалари ва ривожланиш динамикасини назарда тутувчи электрон портфолио шакллантирилишини ташкил этсин;
2026 йил учун, ҳар йили декабрь ойида келгуси йил учун нуфузли халқаро ва республика танловлари рўйхати (кейинги ўринларда — рўйхат)ни тасдиқлаб, эълон қилиб борсин.
Бунда рўйхатда келтирилган, шунингдек, рўйхатга киритилмаган, бироқ ушбу қарор билан тасдиқланган Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларидаги нуфузли танловлар ғолибларини, уларнинг ўқитувчи ва концертмейстерларини рағбатлантириш ҳамда танловларда иштирок этиш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ деб топилган танловларнинг ғолиб ва совриндорлари белгиланган тартибда рағбатлантирилади.
5. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига Маданият вазирлиги билан биргаликда халқаро танловлар ғолиблари ҳақида «Ижодий парвоз» рукнида медиаконтентлар тайёрлаш, ижодкорлар иштирокида онлайн чиқишлар, мастер-класслар ва тўғридан-тўғри эфирлар ташкил этиш орқали уларнинг ижодий фаолиятини кенг жамоатчиликка таништириш, ҳар бир ютуқ бўйича камида 100 тагача энг оммабоп медиаматериал тайёрлаш тавсия этилсин.
6. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 823-сон қарори билан тасдиқланган Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармасини ташкил этиш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-иловага мувофиқ қўшимча киритилсин.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маданият вазири О.А. Назарбеков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 11 ноябрь,
617-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 11 ноябрдаги 617-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларидаги нуфузли танловлар ғолибларини, уларнинг ўқитувчи ва концертмейстерларини рағбатлантириш ҳамда танловларда иштирок этиш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом маданият, санъат ва адабиёт соҳаларидаги нуфузли халқаро ва республика танловларининг (кейинги ўринларда — танлов) ғолиб ва совриндорларига бир марталик пул мукофоти тўлаш ҳамда ушбу ғолиб ва совриндорларни тайёрлаган ўқитувчи ва концертмейстерлар (кейинги ўринларда — ўқитувчи ва концертмейстер)нинг ҳар ойлик лавозим маошларига 100 фоизгача устама тўлаш, шунингдек, уларнинг нуфузли халқаро танловларда иштирок этиши билан боғлиқ харажатларини қоплаш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низомнинг мақсади Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдондаги нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшган ҳамда республикамизда юқори натижаларга эришган ижодкорлар ва ижрочиларни давлат томонидан тизимли рағбатлантиришдан иборат.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ариза берувчи — танлов ғолиб (совриндор)лари ёки уларнинг қонуний вакиллари;
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги (кейинги ўринларда — Маданият вазирлиги);
ишчи орган — Маданият вазирлиги ҳузуридаги «Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш маркази» давлат муассасаси;
йирик халқаро ташкилотлар — маданият, санъат ва адабиёт соҳаларидаги глобал маданий меросни асраш, санъат турларини ривожлантириш, ижодкорлар ва ёзувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда маданий мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган халқаро ташкилотлар;
танлов — бир нечта иштирокчиларнинг энг яхшиларини аниқлаш, саралаш ҳамда энг яхши ишни танлаш мақсадида маданият, санъат ва адабиёт соҳаларида ўтказиладиган танлов, мусобақа ёки беллашув тадбири;
ўқитувчи ва концертмейстер — танлов ғолиб (совриндор)ларини камида олти ой давомида тайёрлаган, ўқитувчи ва концертмейстер сифатида асосий меҳнат фаолиятини олиб бораётган жисмоний шахс.
4. Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларидаги нуфузли халқаро ва республика танловлари рўйхати Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланади ҳамда келгуси йил учун ҳар йили декабрь ойида янгилаб борилади.
2-боб. Бир марталик пул мукофотини олиш тартиби
5. Бир марталик пул мукофотига қуйидагилар киради:
танловларда ғолиб ва совриндор бўлганлик учун ушбу Низомнинг 9-бандида белгиланган миқдордаги пул мукофоти;
нуфузли халқаро танловларнинг ғолиб ва совриндорлари ҳамда уларнинг ўқитувчи ва концертмейстерларининг танловларда иштирок этиши билан боғлиқ сафар харажатлари.
6. Қуйидагилар бир марталик пул мукофотини олиш ҳуқуқига эга:
Ўзбекистон Республикаси номидан нуфузли халқаро танловларда иштирок этиб, ғолиб ва совриндор бўлган шахслар (жамоалар);
республика танловларида ғолиб ва совриндор бўлган шахслар (жамоалар);
танлов ғолиблари 16 ёшга тўлмаган бўлса, уларнинг қонуний вакиллари.
7. Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга киритилмаган нуфузли халқаро танловлар ғолиб ва совриндорларининг бир марталик пул мукофоти олиши учун улар иштирок этган танлов қуйидаги мезонларга тўғри келиши талаб этилади:
30 дан ортиқ мамлакатдан иштирокчи қатнашадиган;
20 дан ортиқ мамлакатнинг оммавий ахборот воситаларида танлов ҳақида маълумотлар эълон қилинадиган;
ЮНЕСКО ёки бошқа йирик халқаро ташкилотлар қўллаб-қувватлаган ёки тан олган;
камида 4 та саралаш босқичи мавжуд бўлган.
8. Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланадиган республика танловлари рўйхатига киритиладиган танловлар қуйидаги мезонлар асосида кўриб чиқилади:
14 та ҳудуддан иштирокчи мавжудлиги;
танлов низоми асосида камида 4 маротаба ёки 4 йил давомида кетма-кет ўтказилгани;
танлов низоми Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланган ёки келишилгани;
танловнинг мукофот жамғармаси 100 млн сўмдан кам эмаслиги;
очиқ ва рақамлаштирилган баҳолаш тизими ёки шаффоф эълон қилиб бориш механизмининг мавжудлиги;
камида 4 та саралаш босқичи мавжуд бўлиши.
9. Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга киритилган, шунингдек, ушбу Низомнинг 7 ва 8-бандларидаги мезонларга мувофиқ деб топилган танлов ғолиблари қуйидагича тақдирланади:
а) нуфузли халқаро танлов ғолиблари қуйидаги миқдорда тақдирланадилар:
гран-при соҳиблари учун — 300 млн сўм;
1-ўрин соҳиблари учун — 300 млн сўм;
2-ўрин соҳиблари учун — 200 млн сўм;
3-ўрин соҳиблари учун — 100 млн сўм.
Нуфузли халқаро танловларнинг ғолиб (совриндор)лари ва ўқитувчи ва концертмейстерларининг танловларда иштирок этиши харажатлари қопланади.
Жамоа ғолиб бўлган тақдирда, белгиланган пул мукофоти миқдорлари жамоа аъзолари ўртасида тенг миқдорда тақсимланади;
б) республика танловлари ғолиблари қуйидаги миқдорда тақдирланадилар:
гран-при соҳиблари учун — 100 млн сўм;
1-ўрин соҳиблари учун — 100 млн сўм;
2-ўрин соҳиблари учун — 50 млн сўм;
3-ўрин соҳиблари учун — 25 млн сўм.
Бир танловда ҳар бир ўрин учун ғолиб ва совриндорлар сони бир неча нафарни ташкил қиладиган бўлса, ўринлар учун белгиланган пул миқдори ғолиб ва совриндорлар ўртасида тенг миқдорда тақсимланади.
Жамоа ғолиб бўлган тақдирда, белгиланган пул мукофоти миқдорлари жамоа аъзолари ўртасида тенг миқдорда тақсимланади;
в) ғолиб ва совриндорларнинг ўқитувчи ва концертмейстерларига бир йил давомида лавозим маошига нисбатан қуйидаги миқдорларда ҳар ойлик устама тўлаб борилади:
нуфузли халқаро танловларда:
гран-прини қўлга киритган ижодкорларнинг ўқитувчи ва концертмейстерларига — 100 фоиз;
1-ўринни қўлга киритган ижодкорларнинг ўқитувчи ва концертмейстерларига — 90 фоиз;
2-ўринни қўлга киритган ижодкорларнинг ўқитувчи ва концертмейстерларига — 80 фоиз;
3-ўринни қўлга киритган ижодкорларнинг ўқитувчи ва концертмейстерларига — 70 фоиз;
республика танловларида:
гран-прини қўлга киритган ижодкорларнинг ўқитувчи ва концертмейстерларига — 70 фоиз;
1-ўринни қўлга киритган ижодкорларнинг ўқитувчи ва концертмейстерларига — 60 фоиз;
2-ўринни қўлга киритган ижодкорларнинг ўқитувчи ва концертмейстерларига — 50 фоиз;
3-ўринни қўлга киритган ижодкорларнинг ўқитувчи ва концертмейстерларига — 40 фоиз.
3-боб. Бир марталик пул мукофотини олиш учун ариза бериш ва уни кўриб чиқиш тартиби
10. Бир марталик пул мукофотини олиш учун ариза берувчи томонидан ишчи органга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
ариза;
шахсни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси (нуфузли халқаро танловлар ғолиблари учун);
танлов ғолиби бўлган 16 ёшга тўлмаган иштирокчиларнинг туғилганлик ҳақида гувоҳномаси ёки ID-картаси;
танлов ғолиби 16 ёшга тўлмаган бўлса, уларнинг қонуний вакилларининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари;
танлов ғолиблигини тасдиқловчи диплом, сертификат ёки бошқа расмий ҳужжат;
танлов ғолиб (совриндор)ларининг ўқитувчи ва концертмейстерлари тўғрисида маълумот;
нуфузли халқаро танловларнинг ғолиб (совриндор)лари ва уларнинг ўқитувчи ва концертмейстерларининг танловларда иштирок этиши харажатларини асословчи ҳужжатлар;
банк пластик картаси маълумотлари;
зарур ҳолларда танлов ташкилотчисининг расмий тасдиғи.
11. Ариза берувчилар томонидан бир марталик пул мукофотини олиш учун аризалар танлов якунлангандан сўнг 30 кун муддат ичида топширилади.
12. Ҳужжатлар шахсан, электрон шаклда ёки ваколатли вакил орқали тақдим этилиши мумкин.
13. Тақдим этилган ҳужжатлар ва уларда кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги учун ариза берувчи шахсан жавобгар ҳисобланади.
14. Ҳужжатлар келиб тушган кундан эътиборан беш иш куни ичида ишчи орган томонидан кўриб чиқилади.
15. Ҳужжатлар тўлиқ ва ишончли деб топилган тақдирда, ишчи орган бир марталик пул мукофотини тайинлаш тўғрисида ваколатли органга тегишли хулоса киритади.
4-боб. Бир марталик пул мукофотини тайинлаш, молиялаштириш ва тўлаш
16. Бир марталик пул мукофоти ваколатли органнинг буйруғи асосида тайинланади.
17. Бир марталик пул мукофоти Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
18. Бир марталик пул мукофоти ваколатли органнинг буйруғи қабул қилинган кундан бошлаб ўн иш куни ичида ариза берувчи (унинг қонуний вакили)нинг банк пластик картасига пул ўтказиш орқали тўланади.
19. Бир марталик пул мукофотини тўлаш билан боғлиқ ҳисоб-китоблар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
5-боб. Ғолиб ва совриндорларнинг ўқитувчи ва концертмейстерларига устама тўлаш
20. Танлов ғолибларини тайёрлаган ўқитувчи ва концертмейстерларга устама тўлаш қуйидагича расмийлаштирилади:
Маданият вазирлиги тизимидаги таълим ташкилотларида ишлайдиган ходимларга — маданият вазирининг буйруғи билан;
бошқа таълим ташкилотларида ишлайдиган ходимларга — Маданият вазирлиги томонидан уларнинг иш берувчисига (ёки юқори органига) юбориладиган тақдимнома асосида.
21. Маданият вазирлигининг буйруғи ёки тақдимномаси асосида танлов ғолибларини тайёрлаган ўқитувчи ва концертмейстерларга ушбу Низомнинг 9-банди «в» кичик бандига мувофиқ бир йил давомида устама тўлаб берилади.
22. Ариза берувчининг ўқитувчи ва концертмейстерига бир йил давомида бериладиган устама Давлат бюджети ҳисобидан қопланади.
23. Ариза берувчини тайёрлаган ўқитувчи ҳамда концертмейстерга бир йил давомида нечта ғолиб ёки совриндор тайёрлаганидан қатъи назар, жами тўланадиган устамалар миқдори лавозим маошининг 100 фоизидан ошмаслиги лозим.
24. Хусусий ёки бюджетдан молиялаштирилмайдиган таълим ташкилотларида таълим олаётган ариза берувчининг ўқитувчи ва концертмейстерига бир йил давомида бериладиган устама Маданият вазирлиги томонидан қопланади.
Устамани олиш учун лозим бўлган ҳужжатларни Маданият вазирлиги ушбу ташкилотлардан сўраб олишга ҳақли.
Хусусий ёки бюджетдан молиялаштирилмайдиган таълим ташкилотларида фаолият юритадиган ариза берувчининг ўқитувчиси ҳамда концертмейстерига устама давлат таълим ташкилотларидаги тегишли лавозим маошларига мутаносиб равишда белгиланади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
25. Сохта ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тақдим этилгани аниқланган тақдирда, бир марталик пул мукофотини тайинлаш рад этилади ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайтариб олинади.
26. Ушбу Низом талабларининг бажарилиши устидан назорат Маданият вазирлиги томонидан амалга оширилади.
27. Бир марталик пул мукофотини тайинлаш ва тўлаш билан боғлиқ низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 11 ноябрдаги 617-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Умумий ўрта таълим ташкилотлари ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчиларига ўқувчиларининг чолғуларни ижро этиши даражасидан келиб чиқиб, ҳар ойда устама тўлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом умумий ўрта таълим ташкилотлари ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчилари (кейинги ўринларда — ўқитувчилар)га ўқувчиларининг чолғуларни ижро этиш даражасидан келиб чиқиб, ҳар ойда лавозим маоши (базавий тариф ставкаси)нинг 20 фоизигача устама (кейинги ўринларда — устама) тўлаш тартибини белгилайди.
2. Устама шаффофлик, холислик, натижадорлик, баҳолашнинг ягона мезонларини ҳисобга олиш тамойиллари асосида тайинланади.
3. Устама тўловлари таълим ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
2-боб. Ўқитувчиларга устама белгилаш шартлари
4. Ўқувчиларнинг бир чорак давомида ижро этадиган асарлар (куйлар) рўйхати чорак бошланганда таълим ташкилоти директори томонидан тасдиқланади.
5. Ўқувчиларни чолғуларда ижро этиш даражасини баҳолашда жорий чорак учун тасдиқланган асарлар (куйлар) ижро этилганда, натижалар инобатга олинади.
6. Олдинги чоракда ижро этилган асарларнинг кейинги чоракда ижро этилишига йўл қўйилмайди.
7. Ўқувчиларни чолғуларда ижро этиш даражасини баҳолаш ҳар чоракда бир марта ўқувчиларнинг чолғуларда ижро этиш даражасини баҳолаш комиссияси (кейинги ўринларда — Комиссия) томонидан ўтказилади ҳамда кейинги чорак якунига қадар ўқувчининг ўқитувчиси учун устама миқдори белгиланади.
3-боб. Ўқувчиларнинг чолғуларда ижро этиш даражасини баҳолашни ташкил этиш
8. Ҳар бир таълим ташкилотида директор буйруғи билан камида 3 нафар аъзодан иборат таркибда Комиссия ташкил этилади.
9. Комиссия таркибига директор ёки унинг ўринбосари, юқори малакали чолғу ўқитувчилари, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маданият бошқармалари томонидан тавсия этилган малакали соҳа мутахассислари киритилади.
10. Баҳолаш жараёнида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмайди. Комиссия таркибига киритилган ўқитувчи (мутахассис) ўзи бевосита дарс берадиган ўқувчиларни, шунингдек, ўзининг яқин қариндошлари бўлган ўқувчиларни ёхуд яқин қариндошлари таълим берадиган ўқувчиларни баҳолашда иштирок этиши тақиқланади.
Бундай ҳолатларда комиссия аъзоси кўрилаётган масала бўйича шахсий манфаатдорлиги тўғрисида дарҳол Комиссия раисига ёзма равишда маълум қилиши ҳамда ўзини ўзи рад этиши (баҳолаш жараёнидан четлашиши) шарт. Ушбу ўқувчини баҳолаш Комиссиянинг қолган аъзолари томонидан амалга оширилади ёки мазкур ўқувчи учун комиссия таркибига бошқа мутахассис жалб этилади.
11. Комиссия қарорлари баённома билан расмийлаштирилади.
4-боб. Ўқувчиларнинг чолғуларда ижро этиш даражасини баҳолаш мезонлари
12. Ўқувчи ҳар чоракда бир марта мутахассислик фани бўйича имтиҳондан ўтади.
13. Имтиҳон жараёнлари тўлиқ видеотасвирга ёзиб олинади ва камида бир йил давомида таълим ташкилотида сақланади.
14. Комиссия аъзолари баҳолаш қайдномаларини алоҳида тўлдиради.
Баҳолаш қайдномасида баҳолаётган комиссия аъзоси ҳамда ўқувчилар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади. Баҳолаш қайдномаси тегишли комиссия аъзоси томонидан имзоланган ҳолда Комиссия баённомасига илова қилинади.
15. Ўқувчиларнинг чолғуларда ижро этиш даражаси 100 балли тизим асосида қуйидаги мезонларга мувофиқ баҳоланади:
а) техник ижро маҳорати | — | 30 баллгача; |
б) ритмга риоя қилиш | — | 20 баллгача; |
в) бадиий ифода ва мусиқий талқин | — | 20 баллгача; |
г) интонация ва созлаш | — | 15 баллгача; |
д) саҳна маданияти | — | 10 баллгача; |
е) асарни ёддан ижро этиш ва тайёргарлик | — | 5 баллгача. |
16. Ҳар бир ўқувчининг чолғуда ижро этиш даражасини аниқлаш учун Комиссия аъзолари мустақил балл қўяди.
17. Комиссия аъзоларининг ўқувчига қўйган балларининг ўртача арифметик кўрсаткичи ўқувчининг якуний балли ҳисобланади.
18. Ўқувчиларнинг чолғуларда ижро этиш маҳоратини баҳолаш натижалари таълим ташкилотининг электрон ахборот тизимига киритилади.
19. Ўқитувчининг рейтинги унинг барча ўқувчилари олган якуний балларнинг ўртача арифметик қиймати орқали аниқланади.
20. Агар ўқитувчида 10 нафар ва ундан ортиқ ўқувчи мавжуд бўлса, баҳолашда камида 70 фоиз ўқувчи иштирок этиши шарт. Ўқитувчида ўқувчилар сони 9 нафар ва ундан кам бўлган тақдирда, баҳолашда ўқитувчининг барча ўқувчилари иштирок этиши мажбурий ҳисобланади.
21. Чорак якунлари бўйича ўқувчини баҳолаш жараёнлари юқори турувчи ташкилот томонидан мониторинг қилинади.
5-боб. Ўқитувчига устама миқдорини белгилаш
22. Ўқувчиларнинг чолғуларда ижро этиш маҳорати бўйича жамланган ўқитувчининг рейтинги натижасига кўра қуйидагича устама белгиланади:
95 — 100 балл — 20 фоиз;
90 — 94 балл — 18 фоиз;
85 — 89 балл — 16 фоиз;
80 — 84 балл — 14 фоиз;
75 — 79 балл — 12 фоиз;
70 — 74 балл — 10 фоиз;
65 — 69 балл — 8 фоиз;
60 — 64 балл — 5 фоиз.
60 баллдан паст бўлганда устама белгиланмайди.
23. Устама ҳар чоракда директорнинг буйруғи билан навбатдаги чорак учун белгиланади.
24. Устама кейинги ойнинг иш ҳақи билан бир вақтда тўланади.
6-боб. Апелляция комиссияси фаолиятини ташкил этиш
25. Туман (шаҳар) маданият бўлими бошлиғи буйруғи билан Апелляция комиссияси ташкил қилинади. Бунда Апелляция комиссиясига туман (шаҳар) маданият бўлими бошлиғи раислик қилади.
Апелляция комиссияси таркиби 3 — 5 нафар соҳанинг етук мутахассислари ва малакали ўқитувчилардан иборат бўлади.
Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида баҳолаш комиссияси аъзолари ҳамда қариндошлик алоқалари мавжуд шахсларнинг Апелляция комиссияси таркибига киритилиши тақиқланади.
26. Комиссия қароридан норози бўлган ўқитувчи қарор эълон қилинган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида белгиланган тартибда Апелляция комиссиясига мурожаат қилиши мумкин.
27. Ўқитувчиларнинг шикоят аризалари келиб тушган кундан бошлаб беш иш кунида Апелляция комиссияси томонидан кўриб чиқилади.
Шикоят аризаларини кўриб чиқишда Апелляция комиссияси ўқувчининг имтиҳондаги овозли видеоёзувлари ёки ижодий ишларини тасдиқланган баҳолаш мезонлари асосида ҳар томонлама ўрганади.
Шикоят аризасини кўриб чиқишда ариза берувчи иштирок этишга ҳақли.
Шикоят аризаларини кўриб чиқиш натижаси бўйича Апелляция комиссияси овоз бериш орқали қўйилган балларни ўзгаришсиз қолдириши ёки қўйилган балларни қайта баҳолаш натижасига кўра ўзгартириш бўйича қарорлардан бирини қабул қилади.
7-боб. Якунловчи қоида
28. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 11 ноябрдаги 617-сон қарорига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 823-сон қарори билан тасдиқланган Умумий ўрга таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармасини ташкил этиш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган қўшимча
Қуйидаги мазмундаги 231 -банд билан тўлдирилсин:
«231. Умумий ўрта таълим ташкилотлари ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчиларига ўқувчиларининг чолғуларни ижро этиши даражасидан келиб чиқиб, ҳар ойда қуйидагича устама ҳақ белгиланади:
95 — 100 балл — 20%;
90 — 94 балл — 18%;
85 — 89 балл — 16%;
80 — 84 балл — 14%;
75 — 79 балл — 12%;
70 — 74 балл — 10%;
65 — 69 балл — 8%;
60 — 64 балл — 5%.
60 баллдан паст бўлганда устама қўлланилмайди.
Умумий ўрта таълим ташкилотлари ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчиларининг базавий тариф ставкаларига ҳар ойлик устамалар Жамғарма ҳисобидан ҳар чоракда директорнинг буйруғи билан навбатдаги чорак учун тайинланади.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.11.2026 й., 09/26/617/1121-сон)