Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ҳузурида Қутқарувчиларни тайёрлаш техникумини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2026 йил 3 апрелдаги ПҚ-123-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, фавқулодда вазиятлардан ишончли муҳофаза қилиш соҳасида фаолият кўрсатувчи қутқарувчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2026 йил 3 апрелдаги ПҚ-123-сон қарорида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ҳузурида Қутқарувчиларни тайёрлаш техникуми (кейинги ўринларда — Техникум) фаолиятини йўлга қўйиш белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
Техникум Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясининг (кейинги ўринларда — Академия) умумий чекланган штат бирликлари доирасида, ягона таълим кампусида алоҳида юридик шахс мақомида ташкил этилади;
Техникум фаолияти 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб йўлга қўйилади;
Техникумнинг таркибий тузилмаси Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири томонидан тасдиқланади;
Техникум ҳарбий хизматчи лавозимларини жамлаш Академия бошлиғининг тавсиясига асосан Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ҳамда хизматчи лавозимлари Академия томонидан амалга оширилади;
Техникумга умумий ўрта таълим ташкилотларининг битирувчилари белгиланган тартибда давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади ҳамда ўқув жараёни бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари асосида ташкил этилади;
2029 йилдан бошлаб Техникумнинг касбий таълим йўналишларини тамомлаган битирувчилар таркибидан фавқулодда вазиятлар органлари учун кадрлар захираси шакллантирилади;
Техникумда ички ва ташқи меҳнат бозори эҳтиёжлари, иш берувчи ташкилотларнинг таклифлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги буюртмаси асосида касбга ўқитишга мўлжалланган қисқа муддатли курслар ташкил этилади;
Техникумга республиканинг йирик иқтисодиёт ва тоифаланган объектлари ҳамда хавфли ишлаб чиқариш корхоналарида фаолият юритаётган қутқарувчилар ушбу ташкилотларнинг буюртмаси асосида тўлов-контракт асосида касбий таълим йўналишларига имтиёзли ўқишга қабул қилинади;
Техникумда давлат таълим стандарти талабларига риоя қилиниши Академия томонидан назорат қилинади;
ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш бўйича қабул комиссияси раиси ва таркиби Академия бошлиғи томонидан тасдиқланади;
фавқулодда вазиятлар органларида қутқарувчи лавозимларида хизмат қилаётган ходимлар Техникумга ўқишга қабул қилинганда, ўқиш даврида уларнинг ойлик маоши тенг миқдорда сақланиб қолади;
Техникумнинг фаолияти амалдаги касбий таълим ташкилотларини молиялаштириш тартиби асосида ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан Академия томонидан молиялаштирилади.
3. Қуйидагилар Техникумнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
фавқулодда вазиятлар органларига касбий таълим йўналишлари бўйича замон талабларига жавоб берадиган, назарий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлган қутқарувчиларни тайёрлаш;
ўқув жараёнини симуляция, имитация ва виртуал лабораториялар (полигон)ни ташкил этиш орқали назария ва амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш;
ўқув дастурларини жаҳонда ва мамлакатда содир бўлаётган ўзгаришлар ҳамда янгиликлар, фан ва техникада эришилган ютуқларни инобатга олган ҳолда такомиллаштириб бориш;
ўқувчиларда давлат таълим стандартлари талабларига кўра қутқарувчи эгаллаши лозим бўлган малака ва кўникмаларни шакллантириш;
ўқувчиларда ватанпарварлик, миллий ўзликни англаш, халқнинг миллий, маданий, тарихий анъаналарига ҳурмат, Ватан билан ғурурланиш ва ифтихор туйғусини шакллантириш;
таълим жараёни учун зарур моддий-техник, ўқув-методик базани яратиш ва ўқув жараёнига юқори иш тажрибасига эга бўлган амалиётчи мутахассисларни жалб этиб бориш.
4. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги:
икки ой муддатда Техникумнинг уставини тасдиқласин ҳамда унинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги билан биргаликда уч ой муддатда Техникум касбий таълим йўналишлари бўйича ўқув режа ва дастурларини ишлаб чиқиб, тасдиқласин;
ҳар йили 1 февралга қадар фавқулодда вазиятлар органлари, республиканинг йирик иқтисодиёт ва тоифаланган объектлари ҳамда хавфли ишлаб чиқариш корхоналарининг реал эҳтиёжларини ўрганган ҳолда, келгуси ўқув йили учун қабул параметрлари бўйича таклифларни Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлигига тақдим этиб борсин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ва фавқулодда вазиятлар вазири А.И. Икрамов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 6 ноябрь,
611-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.11.2026 й., 09/26/611/1105-сон)