Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Илғор «яшил» технологиялар асосида иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ва аҳоли томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Иссиқхона хўжаликларида замонавий, энергия тежамкор ва экологик тоза «яшил» технологияларни кенг жорий этиш, иссиқхона хўжаликларининг барқарор фаолият юритиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, аҳоли томорқа ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда аҳоли даромадларини кўпайтириш мақсадида қарор қиламан:
I. Иссиқхона хўжаликларига имтиёзлар ва қўллаб-қувватлаш чоралари
1. Солиқ кодексига мувофиқ:
(а) қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига қўшилган қиймат солиғи ставкаси ноль фоиз этиб;
(б) қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ва балиқ хўжалиги корхоналари учун ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган фойда бўйича фойда солиғи ставкаси ноль фоиз этиб;
(в) иссиқхона фаолиятидан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромадининг камида 60 фоизини ташкил этган иссиқхона хўжаликлари учун ижтимоий солиқ ставкаси 2026 йил 1 январдан 2029 йил 1 январга қадар 1 фоиз этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Иссиқхона фаолиятидан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромадининг камида 60 фоизини ташкил этган тадбиркорлик субъектларига 2027 йил 1 январдан 2030 йил 1 январга қадар:
(а) юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича ставкалар 50 фоизга камайтирилсин;
(б) айланмадан олинадиган солиқдан озод қилиш тарзидаги солиқ имтиёзи берилсин.
3. 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб 2030 йил 1 апрелга қадар иссиқлик энергиясини тежовчи махсус қоплама «кўрпа» билан қопланган ва (ёки) энергия самарадор ва экологик тоза «яшил» иситиш воситаларидан (иссиқлик насослари, геотермал иситиш тизимлари, қуёш иссиқлик тизимлари, электр энергияси асосидаги юқори самарали иситиш тизимлари) фойдаланаётган иссиқхона хўжаликларига октябрь — март ойларида иссиқхона фаолияти учун истеъмол қилинган электр энергияси қийматининг 50 фоизи миқдорида Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан субсидия ажратилсин.
II. Аҳоли томорқаларидаги иссиқхоналарни энергия тежамкор технологияларга ўтказиш ва экологик барқарорлигини таъминлаш
4. Энергия самарадорлиги миллий агентлиги 2030 йил 1 январга қадар Тошкент вилоятининг Тошкент, Зангиота, Қибрай, Янгийўл ва Юқори Чирчиқ туманларида аҳоли томорқаларидаги иссиқхоналарни иситиш учун қуёш панеллари, иссиқлик насослари, инфрақизил иситиш мосламалари ва бошқа энергия тежамкор ускуналарни харид қилиш ҳамда ўрнатиш харажатларининг 40 фоизи, бироқ 100 миллион сўмдан ошмаган миқдорда бир марталик субсидия ажратсин. Бунда:
(а) қуёш панеллари учун субсидия улар иссиқлик насослари, инфрақизил иситиш мосламалари ёки бошқа энергия тежамкор ускуналар билан биргаликда ўрнатилганда ажратилади;
(б) қуёш панеллари, иссиқлик насослари, инфрақизил иситиш мосламалари ва бошқа энергия тежамкор ускуналарни харид қилиш ва ўрнатиш Энергия самарадорлигини ошириш рақамли платформаси орқали амалга оширилади.
5. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги 2026 йил 1 декабрга қадар Тошкент вилоятининг Тошкент, Зангиота, Қибрай, Янгийўл ва Юқори Чирчиқ туманларидаги иссиқхоначиликка ихтисослашган 50 та маҳаллада:
(а) «маҳалла еттилиги» тавсияси асосида Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан Ижтимоий реестрга киритилган биттадан оиланинг хонадонида майдони 4 сотихдан кам бўлмаган, иссиқлик энергиясини тежовчи махсус қоплама «кўрпа» билан қопланган ҳамда энергия самарадор «яшил» иситиш воситалари билан жиҳозланган иссиқхоналарни ташкил этиш учун ҳар бир оилага 200 миллион сўмгача миқдорда субсидия ажратсин;
(б) туман ҳокимликлари билан биргаликда мазкур хонадонларда ташкил этилган иссиқхоналардан аҳоли учун кўргазмали ўқув-тажриба майдонлари сифатида самарали фойдаланишни таъминласин.
6. Марказий банк оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида Тошкент вилоятида тажриба тариқасида томорқа ва деҳқон хўжалигига мўлжалланган ер майдонларига эга жисмоний шахсларга қуйидаги мақсадлар учун имтиёзли кредит ажратиш тартибини амалиётга киритсин:
(а) «яшил» технологияларга асосланган иссиқхона барпо этиш учун — 300 миллион сўмгача;
(б) мавжуд иссиқхоналарни «яшил» технологиялар асосида қайта жиҳозлаш ва реконструкция қилиш учун — 150 миллион сўмгача;
(в) мазкур бандда назарда тутилаётган кредитларнинг:
(i) 100 миллион сўмгача бўлган қисмини гаров таъминотисиз;
(ii) ҳар бир сотих учун 5 миллион сўм қисмини нақд пул шаклида ажратиш.
III. Молиявий ресурслар
7. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
(а) ушбу қарорнинг 3-бандида назарда тутилган субсидияни молиялаштириш учун Аграр соҳада тўловлар агентлигининг талабномасига асосан зарур маблағларни ажратсин;
(б) икки ҳафта муддатда ушбу қарорнинг 4-бандида белгиланган мақсадлар учун Энергия самарадорлигини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармасига республика бюджетининг 2026 йил III чораги якуни бўйича даромадлар прогнозининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан 50 миллиард сўм ажратсин;
(в) масъул вазирлик ва идораларнинг ҳисоб-китобларига асосан 2027 йилдан бошлаб ушбу қарорда назарда тутилган субсидияларни молиялаштириш учун зарур маблағларни Давлат бюджети параметрларида кўзда тутсин.
IV. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
8. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги:
(а) Энергия самарадорлиги миллий агентлиги билан биргаликда 2026 йил 1 декабрга қадар мазкур қарорнинг 5-бандига асосан иссиқхона ташкил этиладиган 50 та хонадоннинг девор ва томларини изоляция қилиш, энергия тежамкор дераза ва эшиклар ҳамда гелиоколлекторлар билан жиҳозлаш ишларини ташкил этсин;
(б) мазкур банддаги тадбирларни амалга ошириш учун «Ижтимоий дафтарлар» жамғармалари маблағларини тенг улушларда туман ҳокимликларининг «Инфратузилма ва ижтимоий барқарорлик» жамғармаларига йўналтирсин.
9. Тижорат банклари «Uzagrostar xolding» компанияси ва Тошкент вилояти ҳокимлиги билан биргаликда олти ой муддатда Тошкент вилоятининг Тошкент, Зангиота, Қибрай, Янгийўл ва Юқори Чирчиқ туманларида:
(а) камида 1 гектардан ер майдонларида «яшил» технологиялар (қуёш панеллари, иссиқлик насослари, инфрақизил иситиш мосламалари ва бошқа энергия тежамкор ускуналар) асосида замонавий иссиқхоналарни ташкил этсин;
(б) ташкил этиладиган иссиқхоналардан аҳолини иссиқхоначиликда «яшил» технологияларни қўллаш кўникмаларига ўргатиш, энергия ва сув тежовчи ускуналарни амалиётга жорий этиш ҳамда юқори даромадли қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш бўйича ўқув-тажриба майдонлари сифатида фойдаланишни таъминласин.
10. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда:
(а) икки ҳафта муддатда ушбу қарорнинг 3-бандида назарда тутилган субсидияни ажратиш тартибини;
(б) бир ой муддатда Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармаси томонидан томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларининг иссиқхоналарида етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг йўқотилиши (нобуд бўлиши) хавфларини суғурта қилиш бўйича таклифларни;
(в) икки ой муддатда ушбу қарорнинг 2-банди «б» кичик бандидан келиб чиқиб Солиқ кодексига ўзгартириш киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
11. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсан жавобгар этиб қишлоқ хўжалиги вазири И.Ю. Абдураҳмонов, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Э. Захидов ҳамда Энергия самарадорлиги миллий агентлиги директори З.Б. Бадриддинов белгилансин.
12. Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров ва Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 13 октябрь,
ПҚ-371-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.10.2026 й., 07/26/371/1028-сон)