ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТРАНСПОРТ ВАЗИРИНИНГ
буйруғи
«Урганч-Хива» пулли автомобиль йўлидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 30 сентябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3949]
Ўзбекистон Республикасининг «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ буюраман:
1. «Урганч — Хива» пулли автомобиль йўлидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлиги билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
4. Ушбу буйруқ пулли автомобиль йўлларидан фойдаланиш тартибини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилиниб, кучга киргунга қадар амал қилади.
Вазир И. МАХКАМОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 28 сентябрь,
1-сон
Келишилди:
Иқисодиёт ва молия вазири Ж. КУЧКАРОВ
2026 йил 15 сентябрь
Ички ишлар вазири А. ТАШПУЛАТОВ
2026 йил 28 август
Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг 2026 йил 28 сентабрдаги 1-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
«Урганч — Хива» пулли автомобиль йўлидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги
ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ
Мазкур вақтинчалик низом «Урганч — Хива» пулли автомобиль йўлидан (бундан буён матнда пулли йўл деб юритилади) фойдаланишнинг вақтинчалик тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу вақтинчалик низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
муқобил бепул ҳаракатланиш йўли — пулли йўл билан боғлиқ ҳудудлар ўртасида автотранспорт воситаларининг тўловсиз ҳаракатланишини таъминлайдиган автомобиль йўли;
назорат аркаси — автотранспорт воситаларини қайд этиш, давлат рақами белгисини таниш, тўловни ҳисоблаш учун ўрнатиладиган муҳандислик-техник иншооти;
оператор — пулли йўлнинг эгаси томонидан ўз зиммасига пулли йўлни таъмирлаш, сақлаш ва ундан фойдаланиш, шунингдек тўловларни йиғиш ҳамда пулли йўлдан фойдаланувчиларга бошқа хизматлар кўрсатиш мажбуриятлари юклатилган юридик шахс;
пулли йўл — тўлов асосида фойдаланиладиган автомобиль йўли (автомобиль йўлининг участкаси);
тариф – автотранспорт воситаси тоифаси ва йўл масофасидан келиб чиқиб белгиланган тўлов миқдори;
тўлов пункти — пулли йўлнинг жиҳозлаш элементи бўлиб, у ўтказиш пунктларини ва хизмат кўрсатиш иншоотларини, муҳандислик ускуналарини ва автомобиль йўлидан ҳаракатланиш учун тўлов олишнинг техник воситаларини, шунингдек тезликни ўзгартиришнинг қатнов тасмаларини ҳамда транспорт воситалари учун қўриқланадиган тўхтаб туриш жойларини ўз ичига олади;
тўлов ундириш тизими — автотранспорт воситаларини идентификация қилиш, ҳаракатни қайд этиш, тўловни ҳисоблаш, қабул қилиш, қарздорликни шакллантириш, маълумотларни сақлаш ва узатишга мўлжалланган дастурий-техник воситалар, қурилмалар, маълумотлар базалари мажмуи;
тўсиқли тўлов ундириш тизими — пулли йўлга кириш, чиқиш ёки тўловни амалга ошириш шлагбаумлар ва тўлов пунктлари орқали ташкил этиладиган тизим;
тўсиқсиз тўлов ундириш тизими — автотранспорт воситаси ҳаракатини тўхтатмасдан, давлат рақами белгисини автоматик таниш, фото ва видео қайд этиш воситалари орқали тўловни ҳисоблайдиган тизим;
фойдаланувчи — пулли йўлдан фойдаланадиган жисмоний ёки юридик шахс;
кечиктирилган тўлов усули — автотранспорт воситаси пулли йўлдан ҳаракатлангандан кейин белгиланган муддатда тўловни амалга ошириш усули;
қайта ҳисоблаш — тўлов миқдори нотўғри ҳисобланган, автотранспорт воситасининг тоифаси нотўғри аниқланган ёки техник носозлик сабабли тўлов нотўғри амалга оширилган ҳолларда тўлов миқдорини қайта ҳисоблаш жараёни;
қарздорлик — пулли йўлдан фойдаланилган, бироқ белгиланган муддатда тўланмаган тўлов суммаси;
электрон шахсий ҳисоб — мобил илова орқали фойдаланувчига очиладиган ҳамда тўловлар, автотранспорт воситаларининг ўтишлари, қарздорлик ва ўзаро ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотлар юритиладиган шахсий ҳисоб.
2-боб. Пулли йўлдан фойдаланишни ташкил этиш
2. Пулли йўлда ҳаракатланиш бошланишидан олдин оператор томонидан пулли йўлнинг техник жиҳатдан, тўловларни ундириш тизими ҳамда ахборот таблоларининг фойдаланишга тайёрлиги таъминланади.
3. Оператор пулли йўлдан фойдаланишни ташкил этишдан олдин пулли йўлнинг тарифлари ва шартлари, тўлов усуллари ҳамда муқобил бепул ҳаракатланиш йўли тўғрисидаги ахборотларни оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва пулли йўлга кириш жойларида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг (бундан буён матнда Автомобиль йўллари қўмитаси деб юритилади) расмий веб-сайтида эълон қилади.
4. Пулли йўлда тўловни тўламаган ҳолда ҳаракатланиш Ўзбекистон Республикасининг «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги Қонунининг 47-моддасига мувофиқ амалга оширилади.
3-боб. Оператор ва фойдаланувчи ўртасидаги муносабатлар
5. Пулли йўлдан фойдаланиш оператор ва фойдаланувчи ўртасидаги оммавий шартнома асосида амалга оширилади.
Оператор оммавий шартнома шартларини ўзининг расмий веб-сайти ва мобил иловасида эълон қилади.
6. Фойдаланувчи пулли автомобиль йўлига кириш, ҳаракатланиш учун тўловни тўлов пунктида тўлаш ёки йўл талонини сотиб олиш орқали операторнинг оммавий шартнома шартларини қабул қилган ва оператор билан оммавий шартнома тузган ҳисобланади.
7. Пулли йўлдан ҳаракатланиш учун тўлов миқдори барча фойдаланувчилар учун бир тоифадаги транспорт воситаларига нисбатан тенг белгиланади.
8. Оммавий шартномада қуйидагилар назарда тутилади:
а) оператор ва фойдаланувчининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;
b) пулли йўлнинг номи, чегаралари ва фойдаланиш шартлари;
c) тарифлар ва тўлов усуллари;
d) тўловни тўламаслик, қарздорлик ва қайта ҳисоблаш тартиби;
e) шахсий маълумотларни қайта ишлаш ва ҳимоя қилиш шартлари;
f) техник носозлик ва фавқулодда ҳолатларда пулли йўлдан фойдаланиш тартиби;
g) мурожаатлар ва шикоятларни кўриб чиқиш тартиби.
9. Оператор фойдаланувчининг шахсга доир маълумотларини учинчи шахсларга фақат қонунчиликда ёки оммавий шартномада назарда тутилган ҳолларда, шунингдек фойдаланувчининг розилиги асосида тақдим этади.
Фойдаланувчининг шахсга доир маълумотлари пулли йўлдан фойдаланишни таъминлаш, фойдаланиш учун тўловларни ҳисоблаш ва ундириш, қарздорлик ҳисобини юритиш, шунингдек қонунчиликда белгиланган назорат ва ҳисобот вазифаларини амалга ошириш мақсадларида қайта ишланади.
4-боб. Пулли йўлда ҳаракатланиш
10. Пулли йўлдан фойдаланувчи йўл ҳаракати қоидаларига, операторнинг ҳаракатланишни ташкил этиш бўйича кўрсатмаларига риоя этиши шарт.
11. Пулли йўлда ҳаракатланиш белгиланган тезлик режимига мувофиқ амалга оширилади.
Пулли йўлда автотранспорт воситасининг тўхтаб туришига фақат йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган ёки автотранспорт воситасида носозлик юзага келган ҳолларда, бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Хоразм вилояти ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамда операторни зудлик билан қисқа рақам орқали хабардор қилиш шарти билан йўл қўйилади.
12. Тўсиқли тўлов ундириш тизимида фойдаланувчи йўл белгилари ва йўл чизиқларига мувофиқ тўлов йўлагига кириши, белгиланган жойда тўхташи, тўловни амалга ошириши ҳамда шлагбаум очилганидан кейин ҳаракатни давом эттириши шарт.
13. Тўсиқсиз тўлов ундириш тизимида фойдаланувчи тўхтамасдан ҳаракатланади, автотранспорт воситасининг давлат рақами белгиси ва ҳаракат вақти автоматик техник воситалар орқали қайд этилади ҳамда тўлов электрон шахсий ҳисоб ёки кечиктирилган тўлов усулида амалга оширилади.
14. Пулли йўлда оғир вазнли, йирик габаритли ва хавфли юк ташувчи автотранспорт воситалари, қишлоқ хўжалиги техникалари, махсус қурилиш техника ва механизмлари, велосипед, двигателнинг иш ҳажми 25 см3 ёки қуввати 0,25 киловаттдан кам бўлган мопед ва скутерлар, пиёдалар ҳамда автотранспорт воситаларининг шатакка олган ҳолда ҳаракатланишига йўл қўйилмайди.
Бунда оператор пулли йўлда ҳаракатланиши тақиқланган автотранспорт воситалари ва техникалар тўғрисидаги маълумотларни ўзининг расмий веб-сайтида, мобил иловада, ижтимоий тармоқларда, шунингдек Автомобиль йўллари қўмитасининг расмий веб-сайтида жойлаштиради.
5-боб. Фойдаланувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
15. Фойдаланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
а) оммавий шартнома ва пулли йўлдан фойдаланиш шартлари, тарифлар, тўлов усуллари ва муқобил бепул ҳаракатланиш йўли ҳақидаги ахборот билан танишиш;
б) операторга алоқа маркази ва бошқа каналлар орқали мурожаат қилиш;
в) тўлов тарихи ва қарздорликни текшириш, хато ҳисоб-китоб бўйича қайта ҳисоблашни талаб қилиш;
г) тўловсиз ҳаракатланиш ҳуқуқи мавжуд бўлса, ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш;
д) оператор кўрсатмалари ва ҳаракатлари устидан Автомобиль йўллари қўмитасига ёки судга мурожаат қилиш.
16. Фойдаланувчи қуйидагиларга мажбур ҳисобланади:
а) пулли йўлдан фойдаланиш учун белгиланган тўловни ўз вақтида ҳамда тўлиқ амалга ошириш;
б) пулли йўлда белгиланган ҳаракатланиш тартиби, йўл ҳаракати қоидалари ва тезлик режими талабларига риоя қилиш;
в) тўлов пунктларида оператор кўрсатмаларига риоя қилиш;
г) йўл инфратузилмаси, тўлов тизими ва бошқа техник воситаларга зарар етказмаслик, зарар етказилган тақдирда ушбу зарарни қонунчиликда белгиланган тартибда қоплаш;
д) техник носозлик, йўл-транспорт ҳодисаси ёки фавқулодда ҳолат юзасидан оператор ва тегишли хизматларга зудлик билан хабар бериш;
е) қарздорлик юзага келган тақдирда белгиланган муддатда уни қоплаш.
17. Фойдаланувчига қуйидаги ҳаракатлар тақиқланади:
а) тўлов пунктини, назорат аркасини ёки белгиланган кириш ва чиқиш жойларини четлаб ўтиш;
б) давлат рақами белгисини қасддан яшириш, сунъий ўзгартириш ёки техник воситалар томонидан ўқилишини қийинлаштириш;
в) шлагбаумни ўзбошимчалик билан очиш, шикаст етказиш ёки бошқача тарзда ўтишга ҳаракат қилиш;
г) тўлов пунктида тўловни тўлаш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда тўхтаб туриш, ҳаракат йўлагини тўсиб қўйиш ёки бошқа автотранспорт воситалари ҳаракатига халақит бериш.
6-боб. Операторнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
18. Оператор қуйидаги ҳуқуқларга эга:
а) пулли йўлдан фойдаланганлик учун белгиланган тартибда тўлов ундириш;
б) тарифларни ҳисоблаш ва қайта кўриб чиқиш;
в) автотранспорт воситасини, унинг давлат рақами белгисини, ўтиш вақти ва жойини техник воситалар орқали қайд этиш;
г) тўловни амалга оширмаган ёки қарздорлиги мавжуд бўлган фойдаланувчидан қарздорликни талаб қилиш;
д) тўсиқли тўлов ундириш тизимида белгиланган муддатга тўловни амалга оширмаган фойдаланувчини пулли йўлдан ҳаракатланишини чеклаш;
е) ваколатли давлат органларига улардан зарур маълумотларни олиш бўйича сўровлар киритиш;
ж) операторлик вазифаларининг айрим функцияларини бошқа шаҳсларга топшириш;
з) йўл ҳаракати хавфсизлиги ёки фавқулодда ҳолатлар юзага келганда ваколатли давлат органлари билан келишган ҳолда ҳаракатни вақтинча чеклаш ёки қайта йўналтириш.
19. Оператор қуйидагиларга мажбур ҳисобланади:
а) пулли йўлни ва йўл инфратузилмасини техник соз ҳолда сақлаш ҳамда таъмирлаш;
б) пулли йўлда ҳаракатни ташкил этиш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашиш;
в) тўлов ундириш тизимини жорий этиш, техник хизмат кўрсатиш ҳамда модернизация қилиш;
г) фойдаланувчи билан оммавий шартнома асосида муносабатларни ташкил этиш;
д) тарифлар, тўлов усуллари, муқобил бепул ҳаракатланиш йўли ва хизматлар ҳақида очиқ ахборотлар бериш;
е) пулли йўлда ҳаракатланиш учун тўловларни ҳисоблаш, ундириш, ҳисобга олиш, қарздорликни юритиш ва тўлов тасдиқномаларини бериш;
ж) электрон тўлов ва шахсий ҳисоб, давлат рақами белгиси, фото-видео қайд ва назорат аркаларини ишлатиш;
з) фойдаланувчилар мурожаатлари ва қайта ҳисоблаш талабларини кўриб чиқиш;
и) авария, фавқулодда ҳолат ва техник носозликларда тезкор чоралар кўриш, эвакуация ва техник ёрдамни ташкил этиш;
к) шахсий маълумотлар, тижорат сирлари, тўлов маълумотлари ва ахборот тизимлари хавфсизлигини таъминлаш;
л) пулли йўлдан нормал фойдаланишга тўсқинлик қилувчи носозликларни бартараф этиш, шунингдек техник носозлик, шу жумладан йўл-транспорт ҳодисаси натижасида ҳаракатланишни тўхтатган ва бошқа автотранспорт воситаларининг ҳаракати учун хавф туғдирувчи автотранспорт воситасини энг яқин хавфсиз жойга кўчириш;
м) фойдаланувчиларни пулли йўлдаги авария ёки фавқулодда ҳолат, йўл-транспорт ҳодисалари юзага келиш хавфини оширувчи ноқулай об-ҳаво шароитлари ва пулли йўлда йўл ҳаракати хавфсизлигига таъсир кўрсатувчи бошқа ҳолатлар тўғрисида, шу жумладан ахборот таблоси орқали хабардор қилиш;
н) фойдаланувчилар ҳақидаги маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ва сақланишини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ таъминлаш;
о) пулли йўлдаги носозликлар туфайли автотранспорт воситаларига етказилган зарарни фойдаланувчига белгиланган тартибда қоплаш.
20. Оператор томонидан пулли йўлга кириш ва ундан чиқиш жойларида фойдаланувчилар танишиши учун ўрнатилган ахборот таблоларида ҳамда ўзининг расмий веб-сайтида қуйидаги маълумотлар жойлаштирилади:
пулли ҳамда муқобил бепул ҳаракатланиш йўли схемаси;
ҳаракатланиш учун тўлов миқдори, тартиби, усуллари (шакллари);
ҳаракатланиш учун тўловларни тўламаган ҳолда ҳаракатланиш ҳуқуқига эга бўлган фойдаланувчиларнинг рўйхати;
фойдаланувчиларнинг мурожаатларини қабул қилувчи оператор бўлимининг манзили ва алоқа маълумотлари;
операторнинг авария хизмати манзили ва алоқа маълумотлари;
пулли йўлда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Хоразм вилояти ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг манзили ва алоқа маълумотлари.
7-боб. Тўловни амалга ошириш
21. Пулли йўлдан фойдаланиш учун тўловлар электрон шахсий ҳисоб, тўлов пунктида тўлов ёки кечиктирилган тўлов усулида амалга оширилади.
22. Тўловни тўламаслик ҳолати фото-видео қайд этиш воситалари, давлат рақами белгисини автоматик таниш, тўлов пункти ёзуви, назорат аркаси маълумоти ёки операторнинг ахборот тизимидаги бошқа ишончли далиллар асосида қайд этилади.
23. Тўлов амалга оширилмаганлиги аниқланган тақдирда, оператор фойдаланувчига қарздорлик миқдори, уни тўлаш усули ва муддати, шикоят қилиш тартиби ҳамда қарздорликни тўламаслик оқибатлари тўғрисида хабарномани юборади.
24. Фойдаланувчи пулли йўлдан фойдаланганлик учун тўловларни амалга ошириш мақсадида операторнинг ахборот тизимида электрон шахсий ҳисоб очиши мумкин.
25. Электрон шахсий ҳисобда фойдаланувчининг идентификация маълумотлари, автотранспорт воситалари, амалга оширилган тўловлар, пулли йўлдан ҳаракатланишлар, қарздорлик ва мурожаатлар тарихи юритилади.
26. Электрон шахсий ҳисобга маблағ киритилганда, фойдаланувчининг мавжуд қарздорлиги биринчи навбатда қопланади, қолган маблағ эса пулли йўлдан кейинги фойдаланиш учун ҳисобга олинади.
27. Пулли йўлдан ҳаракатланиш учун тўлов мазкур вақтинчалик низомнинг иловасида келтирилган миқдорлардан ошмаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги Қонунининг 46-моддасига мувофиқ оператор томонидан белгиланган миқдорда амалга оширилади.
8-боб. Тўловни тўламаслик, қарздорлик ва мажбурий ундириш
28. Тўсиқсиз тўлов тизимида кечиктирилган тўлов усули қўлланилганда, оператор фойдаланувчига тўловни беш иш куни ичида амалга ошириш зарурлиги тўғрисида хабарнома юборади.
Хабарномада автотранспорт воситасининг давлат рақами белгиси, пулли йўлдан ҳаракатланилган сана ва вақт, тўлов миқдори ва усули, шикоят билдириш тартиби ҳамда тўловни амалга оширмаслик оқибатлари кўрсатилади.
Фойдаланувчи тўловни хабарнома юборилган кундан бошлаб беш иш куни ичида амалга оширмаган тақдирда, оператор қарздорликни ундириш тўғрисида қонунчиликда белгиланган тартибда судга мурожаат қилади.
29. Фойдаланувчи қарздорлик бўйича эътироз билдирган тақдирда, оператор шикоят келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни ичида тегишли маълумотларни қайта текширади ҳамда шикоят асосли деб топилганда, қарздорлик бекор қилинади ёки қайта ҳисоб-китоб амалга оширилади.
30. Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда оператор қарздорлик мавжуд бўлган автотранспорт воситасини техник кўрикдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш, бошқа шахсга ўтказиш, Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш ёки унга нисбатан бошқа юридик ҳаракатларни амалга оширишга чеклов қўйиш мақсадида ваколатли давлат органлари билан ахборот алмашиши мумкин.
9-боб. Ундирилган маблағларни тасарруф этиш
31. Пулли йўлдан фойдаланганлик учун ундирилган тўловлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармасининг алоҳида ҳисобварағида жамланади.
32. Пулли йўлни таъмирлаш ва сақлаш, қишки қаровдан ўтказиш, кўкаламзорлаштириш, табиий офатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш, технологик асбоб-ускуналар ҳамда махсус машина ва механизмларни харид қилиш, оператор ходимларини сақлаш, ахборот тизимини техник қўллаб-қувватлаш, уни бошқа ахборот тизимлари ва ресурслари, тўлов ҳамда SMS-шлюзлари билан интеграция қилиш, шунингдек сервер ва тармоқ қурилмалари ҳамда маълумотлар узатиш тармоқларига техник хизмат кўрсатиш ва уларни модернизация қилиш (бундан буён матнда пулли йўлни сақлаш деб юритилади) харажатлари сметаси оператор томонидан ишлаб чиқилади.
Харажатлар сметаси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан тасдиқланади.
33. Пулли йўлни сақлаш билан боғлиқ харажатлар тасдиқланган смета доирасида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармасининг алоҳида ҳисобварағи маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
34. Пулли йўлни сақлаш билан боғлиқ харажатлардан ортган маблағлар пулли йўлни қуриш лойиҳаси доирасида жалб қилинган кредит ва ссуда маблағларини қоплашга йўналтирилади.
10-боб. Якуний қоида
35. Мазкур вақтинчалик низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
«Урганч — Хива» пулли автомобиль йўлидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомга
ИЛОВА
ИЛОВА
Пулли йўлдан ҳаракатланиш учун тўлов
МИҚДОРЛАРИ
Т/р | Автотранспорт воситаси тоифаси | «Урганч — Хива» ва «Хива — Урганч» йўналишида (35 км) | «Янгиариқ — Хива» ва «Хива — Янгиариқ» йўналишида (28 км) |
Базавий ҳисоблаш миқдорининг баравари: | |||
1. | Енгил автотранспорт ва мототранспорт воситалари (М1 ва Л тоифалари) | 0,04 | 0,033 |
2. | Микроавтобус (М2 тоифа) | 0,10 | 0,08 |
3. | Автобуслар (М3 тоифа) | 0,15 | 0,12 |
4. | Икки ва уч ўқли юк автотранспорт воситалари (Н1, Н2, О1, О2 ва О3 тоифалари) | 0,20 | 0,16 |
5. | Тўрт ва ундан ортиқ ўқли юк автотранспорт воситалари, автопоездлар (Н3 ва О4 тоифалари)* | 0,30 | 0,24 |
* Изоҳ: мазкур тоифадаги автотранспорт воситаларининг ҳаракатланишига пулли йўлнинг юқори қатлам қопламалари тўлиқ якунлангандан сўнг рухсат берилади.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.10.2026 й., 10/26/3949/0989-сон)